198-БОБ. Бомдоднинг икки ракат суннатидан кейин ўнг томонга ёнбошлаш ҳамда хоҳ тунги таҳажжуд намози, хоҳ бошқа намоз бўлсин, шу нарсани тарғиб этиш маҳбублиги ҳақида
- Шанба, Окт 22 2022
- 13253 марта кўрилди
1109/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар бомдод намозининг икки ракат суннатини ўқиб олсалар, ўнг томонларига ёнбошлаб олардилар. Имом Бухорий ривоятлари.
1110/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хуфтон билан бомдоднинг орасида ўн бир ракат намоз ўқир эдилар. Ва ҳар икки ракатида салом бериб, охирида бир ракат Витр ўқирдилар. Агар муаззин келиб, бомдод азонини айтса, тонг киргани аниқ бўлса, икки ракат енгил суннатини ўқиб, то муаззин такбир айтиб бўлгунича ўнг томонларига ёнбошлаб олардилар. Имом Муслим ривоятлари.
(Юқорида айтганимиздек, Витрни бир ракат ўқиш ҳадиси бизнинг Ҳанафия мазҳабимизда олинмаган. Балки унинг муқобилидаги бошқа бир саҳиҳ ҳадис олинган. – Тарж.)
1111/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз бомдоднинг икки ракат суннатини ўқиб бўлса, ўнг томонига ёнбошлаб олсин», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.