close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

199-боб. Пешиннинг суннати ҳақида

1112/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга пешиннинг фарзидан олдин ва кейин икки ракат намоз ўқидим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
(Ҳанафия мазҳабида бунинг муқобилидаги 1114-рақамли саҳиҳ ҳадисга амал қилинади. Яъни фарзидан олдин тўрт ракат, кейин икки ракат суннат ўқилади. -Тарж...)

1113/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракат суннат ўқишни ҳеч тарк қилмас эдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

1114/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракат суннат уйимда ўқиб, кейин одамларга тўрт ракат фарзини ўқиб берардилар. Сўнгра яна кириб икки ракат суннат ўқирдилар. Ва шом намозини ҳам одамларга ўқиб бериб, кейин уйимга кириб, икки ракат суннатини ўқирдилар. Ва хуфтон намозини ҳам одамларга ўқиб бериб, икки ракат суннатини ўқирдилар. Имом Муслим ривоятлари.

1115/4. Умму Ҳабибадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки пешин фарзидан олдин тўрт ракат суннат ва кейин тўрт ракат суннат ўқишда бардавом бўлса, Аллоҳ унинг дўзахда абадий қолишини ҳаром қилади», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
(Ҳанафия мазҳабида бу ҳадиснинг ўрнига бундан олдинги саҳиҳ ҳадис ихтиёр қилинган. – Тарж.)

1116/5. Абдуллоҳ ибн Соибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қуёш заволга келганидан кейин пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракат суннат ўқирдилар. Ва яна у зот: «Албатта, бу бир фурсатки, бунда осмон эшиклари очилади. Менинг солиҳ амалларим мана шу пайтда кўтарилишини яхши кўраман», дердилар. Имом Термизий ривоятлари.

1117/6. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракат суннат ўқимаган бўлсалар, кейин ўқиб олардилар. Имом Термизий ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase