close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

185-БОБ. Таҳоратнинг фазилати тўғрисида

Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, қачон намозга турганингизда юзларингиз ҳамда қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача (ювингиз!)» Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз – чўмилингиз.! Агар бемор ё мусофир бўлсангизлар ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёки хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқни таяммум қилингиз – яъни юзингиз ва қўлларингизни (покиза тупроқ) билан силангиз. Аллоҳ сизларни бирор танглик-машаққатга соллмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва сизларга ўз неъматини комил қилиб беришни истайди. Шоядки, шукур қилсаларингиз», деб айтган (Моида сураси, 6-оят).

1023/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни умматимнинг таҳоратда ювадиган аъзолари ялтирашидан таниб чақирилади. Кимки ўша ялтироқни узун қилишга қодир бўлса, бажараверсин, яъни таҳорат қилаётганида аъзоларининг кўпроқ қисмига сув етказаверсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
 
1024/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Дўстим Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин бандага (жаннатда) кийгизиладиган тақинчоқ таҳоратда сув теккизган еригача етказилади. Яъни қаеригача ювган бўлса, ўша еригача тақинчоқ тақилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1025/3. Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки таҳорат қилса ва уни чиройли тарзда адо этса, унинг жасадидан хатолари чиқиб кетади. Ҳаттоки тирноқлари остидан чиқиб кетади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1026/4. Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам мен каби таҳорат қилганларини кўрдим. Сўнгра у зот: «Кимки мана шу тарзда таҳорат қилса, аввалги гуноҳлари кечирилади. Энди ўқиган намози ва масжидга юриб боргандаги савоби эса ёнига қолади», дедилар», деди. Имом Муслим ривоятлари.  

1027/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилиб юзини ювса, кўзи билан қилган барча хатолари юзидан сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади. Агар қўлини ювса, қўли орқали қилган барча хатолари қўлидан сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади. Ҳаттоки, гуноҳлардан покиза ҳолда чиқади. Агар икки оёғини ювса, оёғи билан қилган барча хатолари сув билан бирга ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади, ҳаттоки у гуноҳлардан покиза ҳолда чиқади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1028/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Бақийъ қабристонига келиб: «Ассалому алайкум дора қавмин муминийн, ваинна иншааллоҳу бикум лоҳиқун» (яъни мўминлар қавми ҳовлисидагилар, сизларга салом бўлсин. Аллоҳ хоҳласа, бизлар ҳам сизларга қўшиламиз), деб, яна у зот: «Биродарларимни кўргим келаяпти», дедилар. Шунда атрофларидагилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сиз саҳобаларимсиз. Биродарларимиз ҳали дунёга келишмади», дедилар. Атрофларидагилар: «Эй Расулуллоҳ, ҳали дунёга келмаган умматингизни қандоқ қилиб танийсиз?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир кишининг қора отлар ичида оқ қашқали оти бўлса, ўша отини таний оладими?» дегандилар, улар: «Албатта, танийди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Қиёмат куни таҳоратлари сабаб пайдо бўладиган ялтироқ оқ қашқалари билан келишади. Мен ҳавзу Кавсарда уларга пешвоз чиқиб кутиб оламан», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1029/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» деганларида, саҳобалар: «Ҳа», дейишди. Шунда у зот: «Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал қилиш ва масжидга қадамни (боришни) кўпайтириш ҳамда намоздан кейин намозни кутиш. Мана шу нарсалар Аллоҳга марғуб нарсалардир Мана шу нарсалар Аллоҳга марғуб нарсалардир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1030/8. Абу Молик ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Бу ҳадис узун ҳолатида «Сабр» бобида келган. Ҳамда «Умид қилиш» боби охирида Амр ибн Абасадан қилинган ривоятда ҳам келган. Бу улуғ ҳадислардан бўлиб, кўп яхшиликларни ўзида мужассам қилгандир.

1031/9. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таҳорат қилиб бўлиб: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳу», деса, унга жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан кираверади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Термизий: «Аллоҳуммажъалний минат таввабийна важъалний минал мутатоҳҳирийн» калимасини зиёда қилганлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase