281-боб. Уч кишидан иккиси учинчисидан изн олмай махфий гаплашишдан қайтарилгани ҳақида

Аллоҳ таоло: «(Яҳудий ва мунофиқларнинг) ўзаро шивир-шивирлари фақат шайтон томонидандир» (Мужодала сураси, 10-оят), деб айтган.

1597/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар уч киши турган бўлса, бирларини қолдириб икки киши пичирлаб махфий гаплашмасин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Довуд ҳам бу ҳадисни ривоят қилиб қуйидагиларни зиёда қилганлар: «Абу Солиҳ розияллоҳу анҳу Ибн Умарга розияллоҳу анҳу: «Агар тўрт киши турганда икки кишини қолдириб гаплашса бўладими?» деганларида, Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Зарари йўқ», деб айтдилар».

Имом Молик ҳам «Муватто» китобларида қуйидагиларни ривоят қилганлар: «Абдуллоҳ ибн Динор: «Мен ва Ибн Умар розияллоҳу анҳу Холид ибн Уқбанинг бозор яқинидаги уйи олдида турганимизда, бир киши келиб Ибн Умар билан махфий гаплашишни хоҳлади. Ўшанда Ибн Умар розияллоҳу анҳу билан мендан бошқа бирор киши йўқ эди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу эса тўрт киши бўлишимиз учун яна бир кишини чақириб, менга ва ҳалиги чақиртирган кишига: «Бир оз тўхтаб туринглар, чунки мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар уч киши бўлса, бир кишини қолдириб гаплашмасин», деб айтганларини эшитдим», дедилар», деб айтдилар».

1598/2. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар уч киши бўлсангиз, бир кишининг ўзини қолдириб иккитангиз гаплашманг. Қачонки, у бошқаларга қўшилиб кетса, унда зарари йўқ. Чунки бир кишини қолдириб, икки киши алоҳида гаплашса, ҳалиги бир киши хафа бўлиб қолади», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Долзарб мавзу