280-боб. Мусулмонларнинг уч кундан ортиқ аразлашиб юришларининг ҳаромлиги, лекин бидъатчи ёки фосиқлиги очиқ бўлган киши билан аразлашишнинг зарари йўқлиги ҳақида
- Душанба, Окт 24 2022
- 16193 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!» (Ҳужурот сураси, 10-оят);
«Гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз» (Моида сураси, 1-оят), деб айтган.
1590/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзаро алоқаларни узманг. Бир-бирингизга орқа ўгириб муносабатларни бузманглар. Ҳамда ғазаб қилманглар. Ва бир-бирингизга ҳасадлашманглар. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон кишининг биродари билан уч кундан кўп аразлашиб юриши ҳалол эмас», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1591/2. Абу Айюбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кишининг биродари билан уч кундан кўп аразлашиб юриши ҳалол эмас. Кўришганда у юзини ўгириши ёки буниси юзини буриши яхши эмас. Балки саломни аввал бошлагани яхшисидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1592/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар душанба ва пайшанба куни амаллар Аллоҳга тақдим қилинади. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмаган кишининг гуноҳлари кечирилади. Аммо биродари билан адовати бўлган кишига нисбатан: «Бу икковини то ярашгунларича тек қўйинглар», дейилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1593/4. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта шайтон Араб ярим оролида намозхонларни ўзига ибодат қилдиришдан умидини узди. Лекин ораларини бузиб, бир-бирларига мухолиф қилишдан умидини узгани йўқ», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1594/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон киши биродари билан уч кундан кўп аразлашиши ҳалол эмас. Ким уч кундан кўп аразлашиб вафот этса, дўзахга киради», дедилар. Абу Довуд Имом Бухорий ва Муслим шартларига биноан ривоят қилганлар.
1595/6. Абу Хирош Ҳадрад ибн Абу Ҳадраддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким биродари билан бир йил аразлашиб юрса, гўёки унинг қонини тўкибди», дедилар. Абу Довуд ривояти.
1596/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши бошқа бир мўмин киши билан уч кундан кўп аразлашиб юриши ҳалол эмас. Агар уч кундан кўп ўтиб кетса, аразлаган кишиси билан йўлиқиб, унга салом берсин. Агар у саломга алик олса, савобда шерикдир. Агар алик олмаса, аразлашишнинг гуноҳи ўша алик олмаган кишига бўлади. Салом берган киши эса алоқа узиш гуноҳидан қутулади», дедилар. Абу Довуд ривояти.
Абу Довуд: «Аллоҳ йўлидаги алоқа узиб аразлашиш юқоридаги сўзларга ўхшаш эмасдир», деб айтдилар.