28-БОБ. Мусулмонларнинг айбларини ёпиш, уни заруратсиз ёйишдан қайтариш баёни
- Шанба, Окт 15 2022
- 87 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир», деб айтган (Нур сураси, 19-оят).
241/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор банда бошқа бир банданинг айбини дунёда беркитадиган бўлса, Аллоҳ таоло Қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
242/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимдан ҳар бири авф қилингандир. Фақат мужоҳирлар (ошкора қилувчилар) бундай эмас. Мужоҳир шундай бир кишики, у кечасида бир амални қилади-да, сўнгра тонг оттиради. Аллоҳ эса унинг гуноҳини беркитган эди. Бас, у: «Эй фалончи, ундай ва бундай қилдим», дейди. Ваҳоланки, Раббиси уни беркитган эди. У эса Аллоҳнинг ёпиб қўйган пардасини очиб юборади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
243/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир чўри зино қилса ва зино қилганлиги равшан, собит бўлса, унга дарра урсин. Лекин айбситиб койилмасин. Иккинчи марта яна зино қилса, унга дарра урсин. Лекин айбситиб койилмасин. Сўнгра учинчи марта яна зино қилса, уни агар қилдан тўқилган арқонга бўлса ҳам, сотиб юборсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
244/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга ароқ ичган бир киши олиб келинди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Буни уринглар», дедилар. Абу Ҳурайра айтадилар: «Баъзимиз қўл билан, баъзимиз кавуш билан ва баъзимиз кийим билан ароқ ичган кишини урдик». Қачонки, бу киши кетаётган эди, қавмдан бўлган бир киши: «Аллоҳ сени шарманда қилсин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бундай деб айтманглар. Бу кишининг зарари учун шайтонга ёрдам берманглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.