29-БОБ. Мусулмонларнинг ҳожатларини адо этиш баёни
- Шанба, Окт 15 2022
- 72 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Яхшилик қилингиз – шоядки, нажот топсангизлар», деб айтган (Ҳаж сураси, 77-оят).
245/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Зулм ҳам қилмайди ва бошқага зулм қилиши учун топшириб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ҳожатини чиқаради. Кимки мусулмондан бирор ғамни енгиллатса, Аллоҳ таоло ҳам ундан Қиёмат ғамларини енгиллатади. Кимки мусулмоннинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло ҳам Қиёмат куни унинг айбини ёпади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
246/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мўминдан дунё ғамларини енгиллатса, Аллоҳ таоло ҳам ундан Қиёмат ғамларини енгиллатади. Ким қийинчиликда қолган биродарини осонликка чиқарса, Аллоҳ таоло ҳам уни дунё ва охиратда осонликка чиқаради. Кимки мусулмоннинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло ҳам дунё ва охиратда унинг айбини ёпади. Аллоҳ бандасининг ёрдамида бўлади, модомики, бандаси биродарининг ёрдамида бўлса. Кимки илм талабида бир йўлга қадам қўйса, Аллоҳ таоло жаннат йўлини унга осон қилади. Бирор жамоа Аллоҳнинг уйларидан бирига Аллоҳнинг китобини тиловат қилиш ҳамда ўзаро ўрталарида дарс қилиш мақсадида жамланадиган бўлишса, уларга хотиржамлик тушиб, раҳмат қоплаб ва фаришталар ўраб олишади. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги (фаришталар) билан буларни эслайди. Кимки амали (хатти-ҳаракати)ни сусайтириб қўйса, насаби хатти-ҳаракатини тезлата олмайди (яъни, унинг амали ноқис бўлса, насаби амал қилувчилар мартабасига олиб чиқмайди)», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.