1966 йилда Time журнали ўзининг бош мақоласида “Худо ўлдими?” деган саволни ўртага ташлади. Кўпчилик илоҳий таълимотлар эскирди, илм-ривожланган сари Коинотни тушуниш ва тушунтириш учун “Худо” тушунчасига нисбатан эҳтиёж борган сари камайиб бормоқда, деган тассавурнинг фаол равишда сингдириб борилишига рози бўлдилар. Бироқ “Худо”нинг ўлими тўғрисидаги миш-мишлар бир-оз эртароқ ёйилиб кетган экан. Қизиғи шундаки, Илоҳнинг мавжудлиги борасидаги энг янги далиллар кутилмаган жойда пайдо бўлди – уларни илм-фаннинг ўзи кўрсата бошлади.
Бунинг тарихи эса қуйидагича. Time журнали ўша машҳур бўлиб кетган мақолани чоп этган йилнинг ўзида астроном Карл Саган (Carl Sagan) Ердан бошқа сайёраларда ҳаёт мавжуд бўлиши учун икки муҳим омил бор, дея билдирди. Бунинг учун фақат қаердадир тўғри юлдуз ва ундан тўғри масофада ҳаёт учун қулай сайёра жойлашган бўлиши лозим, холос. Коинотда жами тахминан октиллион дона (ёнида 24 та ноль жойлашган бирлик) сайёра борлиги эътиборга олинса, унда ҳаёт учун қулай бўлган сайёралар сони септиллионга яқин бўлиши керак (21 та нолли бирлик).
1960-йилларда муваффақиятга эришиш бўйича улкан имкониятларга юксак ишонч ила қандайдир натижалар тез орада эришиш эҳтимоли катта бўлган ташқи дунё цивилизацияларини қидириш бўйча қимматбаҳо хусусий ва давлат лойҳалари ҳаётга татбиқ этила бошланди. Олимлар коинотнинг олис бурчакларидан кодлаштирилган ва тасодифий бўлмаган бирорта сигнал келиб қолармикан, деган илинж билан кенг тармоқли радиотелескоплар орқали коинотга қулоқ тутиб ўтирардилар. Шунча йиллар ўтганига қарамай, коинот сукунати шу чоққача қулоқни қоматга келтирмоқда. Конгресс 1993 йилда ташқи дунё цивилизацияларининг қидируви бўйича дастурни молиялаштиришни тўхтатиб қўйди, бироқ қидирувлар хусусий маблағлар эвазига давом эттирилмоқда. 2014 йилгача ҳам олимларнинг топгани роппа-роса ноль бўлди.
Хўш, нега шундай бўлди? Коинот ҳақидаги билимлар кўпайган сари, ҳаёт учун Саган санаб ўтгандан анча кўпроқ омиллар кераклигини англай бошладик. У таъкидлаб ўтган иккита параметр аввалига ўнтага, кейин 20 тага ва ундан сўнг эса 50 тага етди. Ҳаёт учун яроқли сайёралар сони ҳам мос равишда бир неча минггача камайди ва бу камайиш давом этаверди.
Бу муаммони ҳатто ўзга дунё тамаддунларининг фаол қидирувчилари ҳам тан олдилар. Питер Шенкель (Peter Schenkel) 2006 йилда Skeptical Inquirer журнали учун мақола ёзиб, қуйидагиларни қайд этиб ўтди: “Янги кашфиётлар ва таҳлилий хулосалар қабатида ҳаддан ошиб кетган эйфорияни жиловлаш ўринлироқ бўларди... бугунга келиб аввалги баҳолар ўз кучини йўқотиб қўйганини хотиржамлик билан тан олишимиз зарур”.
Параметрлар сони ўсишда давом этар экан, ҳаёт мавжудлигига номзод сайёраларнинг сони аввалига нолга ва ундан кейин эса ундан ҳам пастга тушиб кетди. Бошқача қилиб айтганда, коинот бўйлаб ҳаёт учун яроқли сайёраларнинг мавжудлиги имкониятсизлиги, боз устига, ҳатто бизнинг сайёрамизда ҳам ҳаёт бўлиши мумкин эмаслиги маълум бўлди. Эҳтимоллар назарияси таъкидлашича, аслида биз ҳам бўлмаслигимиз керак экан.
Бугунги кунда бошқа сайёраларда ҳаёт мавжудлигининг тахминан 200 та аломатлари маълум бўлиб, бордию жонли махлуқлар яшайдиган қандайдир сайёра бўлса, унда шу аломатларнинг мутлақо ҳаммаси намоён бўлиши керак, акс ҳолда ундаги ҳаёт тизими парчаланиб кетади. Агар Ер сайёрасидан унчалик узоқ бўлмаган масофада метеорларни ўзига тортувчи Юпитер каби улкан сайёра бўлмаганида, Ерга тушаётган осмон жисмларининг сони минг баробар кўпайиб кетган бўларди. Коинотда ҳаёт мавжудлиги учун имкониятлар кишини лол қолдирадиган даражада оз.
Бироқ биз бу ерда нафақат ҳаёт кечирмоқдамиз, балки боз устига, ҳаётнинг мавжудлиги ҳақиида тафаккур қиляпмиз ҳам. Кўп сонли омил ва параметрларнинг шу даражада мос келиши наҳотки тасодиф бўлса? Илм-фан бизнинг қандайдир тасодифий вазиятларнинг бир-бирига тўғри келиб қолишининг маҳсули бўлиб қолишимиз имкониятсизлиги ҳақида асосли равишда қачон далиллаб бера олади? Ерда ҳаёт учун қулай вазиятлар тасодифан пайдо бўлган, деган фикрларга қараганда бунақа шароитлар фақат Олий онг томонидан яратилганига ишончнинг нимаси ёмон?
Аммо бу хали ҳаммаси эмас. Сайёрамизда ҳаётнинг мавжудлиги учун зарур бўлган юксак даражадаги аниқ созловлар коинотнинг мавжудлиги учун зарур бўлган созловлар олдида ҳеч нарса эмас. Мисол учун, астрофзиклар бугунги кунда “катта портлаш” оқибатда секунднинг миллиондан бир улуши мобайнида шаклланган тўртта фундаментал ўзаро таъсир – гравитациявий, электромагнит, ҳамда кучли ва заиф ядровий ўзаро таъсирларнинг аҳамиятини жуда яхши биладилар. Ушбу ўзаро таъсирларнинг ақалли бир қиймати арзимаган даражада ўзгариб қолганида, ҳозирги коинот мавжуд бўлмас эди. Мисол учун, кучли ядровий ўзаро таъсир билан электромагнит таъсири ўртасидаги мутаносиблик энг арзимас улушнинг энг арзимас улушига, мисол учун, ақалли 1/100 000 000 000 000 улушига ўзгариб қолганида нафақат осмонда юлдузлар, балки Осмоннинг ўзи ҳам бўлмас эди! Ҳар қанча оҳ-воҳ қилишингизга қарамай...
Энди ана шу биргина ва ягона параметрни математика йўли билан қолган барча зарур шарт-шароитларга кўпайтирсангиз, коинотнинг мавжудлик имконияти астрономик прогрессия бўйича камайиб кетишини кўрасиз. Демак, ҳамма нарса тасодифан пайдо бўлгани ҳақидаги ғояга ақл бовар қилмас экан. Тасаввур қилинг, ҳудди ошиқни 10 квинтиллион марта ташлаганингизда, ҳаммасида “олчи” чиққандек гап бу. Бунақаси ҳеч бўлиши мумкинми?
“Катта портлаш” атамасининг муаллифи, астроном Фред Хойлнинг (Fred Hoyle) айтишича, мазкур маълумотлар унинг аттеистик эътиқодига жиддий тарзда футур етказган. Кейинчалик у қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирди: “Мазкур фактларнинг соғлом фикрга таяниб талқин этилиши Олий Онгнинг физика билан, шунингдек, кимё ва биология билан ҳудди ўйнашаётгандек кўрсатмоқда... Ушуб фактларга асосланган ҳисоб-китоблар кишини шунчалик довдиратиб қўядики, бунақанги хулосалар эътирозга ўрин қолдирмайди, деб ўйлайман”.
Назариётчи физик Пол Дэвис (Paul Davies) айтишича, “содир бўлаётган ишларнинг онгли равишда режалаштирилгани тўғрисидаги далиллар кишини ҳайратга солади”, Оксфорд университетининг профессори Жон Ленокс (John Lennox) эса “коинот ҳақидаги билимларимиз кўпайган сари, бизнинг мавжудлигимиз сабаби сифатида Яратгон Холиқнинг мавжудлиги тўғрисидаги фараз шунчалик ишонарли бўлиб қоляпти”, дея билдирди.
Коинот барча даврлар учун энг буюк мўъжиза бўлиб қолмоқда. Бу – юлдузлар ёғдусининг бор кучи билан бизга коинотдан ташқари Кимнингдир мавжудлигига ишора қилаётган мўжизалар мўъжисидир.
Метаксаснинг сўнгги китоби “Miracles: What They Are, Why They Happen, and How They Can Change Your Life” (Мўъжизалар: Улар нима, нега содир бўлади ҳамда ҳаётингизни қандай ўзгартириши мумкин).
Эрик Метаксас (Eric Metaxas)
NGC 4258 спираль галактикаси
© East News NASA/eyevine
Мақоланинг асли Science Increasingly Makes the Case for God нашрида чоп этилган.
Рус тилидан Аббос Асад ўзбек тилига ўгирди