45-БОБ. Яхши зотларни зиёрат қилиш, уларнинг суҳбатларида бўлиш, дўст тутиниш ва дуо қилишларини талаб этиш ҳақида
- Якшанба, Окт 16 2022
- 17298 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ замонлар кезмагунча юришдан тўхтамайман», деган пайтини эслангиз». (Тоинки) «Мусо унга (Хизрга): «Сенга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?» деди» (Каҳф сураси, 60–66-оятлар);
«Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорининг юзини – розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг» (Каҳф сураси, 28-оят), деб айтган.
360/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умарга розияллоҳу анҳу: «Юргин, худди Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Умму Айманни зиёрат қилганларидек, биз ҳам уни зиёрат қиламиз», дедилар. Кейин икковлари унинг ҳузурига боришганида Умму Айман йиғлаб юборди. Шунда икковлари: «Нимага йиғлаяпсан? Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга (бу дунёдан кўра) Аллоҳ ҳузуридаги нарса яхши эканини билмайсанми?!» дейишганида, Умму Айман: «Мен бунинг учун йиғламадим. Албатта мен Аллоҳ ҳузуридаги нарса Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга яхши эканини биламан. Лекин мени йиғлатаётган нарса (бу зот вафот этишлари билан) осмондан ваҳий тушиши тўхтаб қолганидир», деди. Умму Айманнинг йиғиси икковларини ҳаяжонга солиб, улар ҳам йиғлаб юборишди. Имом Муслим ривоятлари.
361/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши бошқа бир қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ таоло унинг йўлига кузатувчи қилиб бир фариштани юборди. Фаришта унинг олдига келиб: «Қаерга боришни хоҳлайсан?» деганида, ҳалиги киши: «Мана бу қишлоқдаги биродаримникига», деди. Фаришта: «Сенинг унда парваришлаб турган бирор мол-мулкинг борми?» деганида, «Йўқ, лекин мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўраман», деди. Шунда ҳалиги фаришта: «Мен сенга юборилган Аллоҳнинг элчисиман. Албатта Аллоҳ сени худди уни яхши кўрганингдек яхши кўради», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
362/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: «Яхши инсон бўлдинг, юришинг ҳам яхши бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг», деб нидо қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
363/4. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдошнинг мисоли худди мушк (атир) кўтариб юрувчи билан темир босқонини пурковчига ўхшайди. Мушк кўтариб юрувчига (яқин бўлсанг) ё сенга мушкидан беради ёки мушкидан сотиб оласан. Ёки ҳеч бўлмаганда унинг хушбўй ҳидидан сенга келиб туради. Аммо темир босқонини пурковчисига (яқин бўлсанг) ё кийимингни куйдирасан ёки сассиқ (қўланса) ҳиди сенга келиб туради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
364/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинлар тўрт нарсанинг бири учун никоҳга олинади: мол-дунёси, насл-насаби, чирой-жамоли ва дин-диёнати учун. Сен дин-диёнати учун никоҳингга олиб муваффақият қозонгин, эй қўлинг тупроққа белангур!» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бунинг маъноси шуки: «Одатда, кишилар хотинларнинг мана шу хислатларини қасд қилишади. Лекин сени у аёлнинг диндорлиги кўпроқ қизиқтирсин».
365/6. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга: «Бизни бундан-да кўпроқ зиёрат қилишдан сизни нима ман қилади?» деганларида, қуйидаги оят нозил бўлди:
«(Эй Муҳаммад), биз ёлғиз Парвардигорингизнинг амри – фармони билангина нозил бўлурмиз, олдимиздаги (охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё ва охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам ёлғиз Уникидир» (Марям сураси, 64-оят). Имом Бухорий ривоятлари.
366/7. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат мўминлар билан суҳбатда бўл. Ва таомингни фақат тақводорларгина есин», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
367/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши дўстининг динидадир. Шундай бўлгандан кейин ким билан дўстлашаётганингга қара», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар саҳиҳ иснод ила ривоят қилишган.
(Бунинг маъноси худди ўзбек мақолидаги «Дўстинг кимлигини айтсанг, ўзингнинг кимлигингни айтиб бераман»га ўхшаш... – тарж.)
368/9. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши яхши кўрган кишиси билан (Қиёмат куни) бирга бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга «Киши бир жамоани яхши кўради-да, лекин уларнинг мартабаларига ета олмайди», дейилганда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши (Қиёмат куни) яхши кўрган кишиси билан бирга бўлади», дедилар.
369/10. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир бадавий Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан: «Қиёмат куни қачон?» деб сўраганида, у зот: «Қиёмат учун нима тайёрладинг?» дедилар. Ҳалиги бадавий: «Аллоҳ ва Унинг расули муҳаббатини», деб жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен (Қиёмат куни) яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бу ҳадис Имом Муслимнинг ривоятларидаги лафздир. Лекин икковларидан қилинган бошқа ривоятда: «У кунга кўпгина рўза, намоз ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўраман», дейилган.
370/11. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули! Киши бир жамоани яхши кўради-ю, лекин уларнинг мартабаларига ета олмайди (Ибн Ҳиббон ривоятларида «уларнинг амалидек амал қила олмайди» бўлиб келган)», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши (Қиёмат куни) яхши кўргани билан бирга бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
371/12. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ҳам тилла ва кумуш конлари каби конлардир. Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари Исломдаги яхшилари ҳамдир. Шу шарт биланки, агар фақиҳ (билимдон) бўлишса. Руҳлар (руҳлар оламида) сон-саноқсиз тўпланган лашкарлардир. Қайси руҳлар (руҳлар оламида) бир-бирлари билан танишган бўлишса, (бу дунёда ҳам) улфат бўлишади. Қайси руҳлар (руҳлар оламида) бир-бирлари билан таниша олмай, тафриқа бўлиб кетишган бўлса, (бу дунёда ҳам) таниша олмай, мухолиф бўлишади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
372/13. Усайр ибн Амрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Умар ибн Хаттобнинг розияллоҳу анҳу одатлари агар Яман аҳлидан бўлган кишилар ёрдам талаб қилиб келишса, «Сизларда Увайс ибн Омир деган исмли киши борми?» деб сўрардилар. Кунлар ўтиб Увайс келганида Умар ибн Хаттоб: «Сен Увайс ибн Омирмисан?» дедилар. У: «Ҳа», деб жавоб қилди. Умар розияллоҳу анҳу: «Мурод, кейин Қаран бўлган қабиладанмисан?» дегандилар, у: «Ҳа», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Сенда песлик бор эди. У тузалиб, фақатгина танга миқдорича қолган, холос-а?» дедилар. У: «Ҳа», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Онанг борлар-а?» деб сўрагандилар, у яна: «Ҳа», деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга Увайс ибн Омир исмли киши Яман аҳлидан бўлган ёрдам талабидаги кишилар билан бирга келади. У Мурод, кейин Қаран бўлган қабиладан. Унда песлик бўлиб, тузалганда фақатгина дирҳам миқдоридагиси қолган бўлади. У онасига ниҳоятда итоатлидир. Агар Аллоҳни ўртага қўйиб қасам ичса, Аллоҳ уни (онасига қилган яхшилиги сабабли) рўёбга чиқаради. Агар сен учун истиғфор айтмоғига кўндирсанг, уни қилгин», деганларини эшитганман. Мен учун истиғфор айт», деб илтимос қилгандилар, у Умар розияллоҳу анҳу учун истиғфор айтди. Умар розияллоҳу анҳу унга: «Қаерга боришни хоҳлайсан?» дедилар. У: «Кўфага», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Сенга (маош тайинлаб) Кўфа ҳокимига хат ёзайми?» дедилар. У: «Кўчманчи (одамлар танимайдиган) бўлиб юришим мен учун яхшироқдир», деди. Қачонки, келгуси ҳаж йили бўлганида Кўфанинг улуғларидан бири ҳаж ибодатини адо этгани келди. Умар розияллоҳу анҳу у улуғ киши билан кўришиб, Увайс ҳақида сўрадилар. У улуғ киши: «Увайсни уйи эскиган, матоси оз ҳолатда, яъни камбағал ҳолатда қолдирдим», деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга Увайс ибн Омир исмли киши Яман аҳлидан бўлган ёрдам талабидаги кишилар билан бирга келади. У Мурод, кейин Қаран қабиласидан. Унда песлик бўлиб, тузалганда фақатгина дирҳам миқдоридагиси қолган бўлади. У онасига ниҳоятда итоатлидир. Агар Аллоҳни ўртага қўйиб қасам ичса, Аллоҳ уни (онасига қилган яхшилиги сабабли) рўёбга чиқаради. Агар сен учун истиғфор айтмоғига кўндирсанг, уни қилгин», деганларини эшитганман», дедилар. Бу улуғ киши ҳаждан қайтганидан сўнг Увайснинг олдига бориб: «Менинг ҳаққимга истиғфор айтинг», деб илтимос қилди. Шунда Увайс: «Сиз менга истиғфор айтинг. Чунки сиз эндигина муборак сафардан қайтдингиз», деб яна: «Сиз ҳажда Умар розияллоҳу анҳу билан учрашдингизми?» деб сўради. У улуғ киши: «Ҳа», деди. Қачонки, кишилар Увайснинг ким эканлигини билиб қолишганидан кейин у ердан ҳам чиқиб кетди. Имом Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг Усайр ибн Жобирдан розияллоҳу анҳу қилган бошқа ривоятларида айтилишича, Кўфа аҳли Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларига вакил бўлиб келишганида, уларнинг орасида Увайсни масхараловчи бир киши бор эди. Умар розияллоҳу анҳу: «Ораларингизда Қаран қабиласидан бирор киши борми?» деганларида, ҳалиги масхараловчи киши келди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга Ямандан бир киши келади. Унинг исми Увайс. Яманда онасидан бошқа кишиси йўқ. Унинг баданида оқлик (песлик) бор. Аллоҳга дуо қилган эди, ундан бу песликни кетказди. Фақатгина динор ёки дирҳам миқдоридагина қолган. Ким ўша кишига йўлиқса, истиғфор сўрашини илтимос қилсин», деганларини эшитганман», дедилар.
Имом Муслимнинг Умардан розияллоҳу анҳу қилган бошқа ривоятларида: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Тобеъинларнинг яхшиси Увайс исмли кишидир. Унинг онаси бор. Ва баданида оқлик (песлик) бор. Бу киши сизларга истиғфор айтишини илтимос қилинглар», деганларини эшитганман», дейилган.
373/14. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан умра қилиш учун изн сўрадим. У зот изн бериб: «Эй биродар, дуоингда бизни унутмагин», дедилар. Ана шунда менга шундай сўз айтдиларки, у сўзни дунёга алиштириш мени хурсанд қилмас эди». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Эй биродар, дуоингда бизни шерик қил», дейилган.
374/15. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Қубони от миниб ёки пиёда зиёрат қилиб турардилар. Ва у ерда икки ракат намоз ўқирдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар шанба куни Қубони от минган ҳолда ёки пиёда зиёрат қилардилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам шу суннатга амал қилардилар.