46-БОБ. Аллоҳ йўлида яхши кўришнинг ва унга тарғиб этишнинг фазилати ҳамда кишининг бошқани яхши кўрганини билдириб қўйиши ва бунда айтиладиган нарса ҳақида
- Якшанба, Окт 16 2022
- 17612 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар...» (Фатҳ сураси, 29-оят);
«Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва имон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари (нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суярлар» (Ҳашр сураси, 9-оят), деб айтган.
375/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир кишида уч хислат бўлса, имон ҳаловатини топибди. Улар: 1) Аллоҳ ва Унинг расули у киши учун барча нарсадан маҳбуб бўлмоғи; 2) кишини фақат Аллоҳ учун яхши кўрмоғи; 3) Аллоҳ таоло унга куфрликдан нажот берганидан кейин худди ўтга ташланишни ёмон кўрганидек куфрликка қайтишни кариҳ кўрмоғи», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
376/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти тоифа кишини соя йўқ кунда ўз соясидан (Қиёмат ҳароратида Аршнинг соясидан) паноҳ берур: 1) одил подшоҳ; 2) Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит; 3) масжидга қалби муаллақ бўлган киши, яъни масжиддан чиқиб, то унга қайтгунча қалби боғлиқ бўлувчи; 4) Аллоҳ йўлида дўст бўлувчи икки биродар шахс, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Унинг йўлида ажраладилар; 5) бир кишини ҳусну жамолда тенгги йўқ аёл (ёмон ниятда) ўз нафсига чақирса, у киши Аллоҳдан қўрқаман, деб жавоб қилса; 6) бир киши бирор садақа қилса, ўша берган садақасини шу даражада махфий қилсаки, ўнг қўли билан берганини чап қўли сезмаса; 7) бир киши холи ҳолда Аллоҳни эслаганида, кўзидан ёш оқса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
377/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло Қиёмат куни: «Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун Мен соя йўқ кунда Ўз соям билан паноҳ бераман», дейди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
378/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, имон келтирмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Ва бир-бирларингиз ила дўст бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Бир-бирингиз билан дўст бўладиган амалга сизларни далолат қилайми? Ораларингизда саломни жорий қилинглар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
379/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши бошқа бир қишлоқдаги биродарини зиёрат қилмоқчи бўлди. Аллоҳ таоло унинг йўлига кузатувчи қилиб бир фариштани юборди. Фаришта унинг олдига келиб: «Қаерга боришни хоҳлайсан?» деганида, ҳалиги киши: «Мана бу қишлоқдаги биродаримникига», деди. Фаришта: «Сенинг унда парваришлаб турган бирор мол-мулкинг борми?» деганида, «Йўқ, лекин мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўраман», деди. Шунда ҳалиги фаришта: «Мен сенга юборилган Аллоҳнинг элчисиман. Албатта Аллоҳ сени худди уни яхши кўрганингдек яхши кўради», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
380/6. Баро ибн Озибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ансорийлар ҳақида: «Уларни фақатгина мўминлар яхши кўрадилар. Ва фақатгина мунофиқлар ёмон кўрадилар. Ким уларни яхши кўрса, Аллоҳ уларни яхши кўради. Ким уларни ёмон кўрса, Аллоҳ уларни ёмон кўради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
381/7. Муоздан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан «Аллоҳ таоло: «Менинг азаматим учун бир-бирларини дўст тутгувчиларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уни кўрган набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади», деди», деганларини эшитдим». Имом Термизий ривоятлари.
382/8. Абу Идрис Хулонийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир куни Дамашқ масжидига кирсам, тишлари ярақлаган бир йигит турибди. Атрофида одамлар ўтиришибди. Агар бирор масалада ихтилоф қилишса, бу йигитга мурожаат қилишар эди. Бу йигит нима деса, ўшани қабул этишар эди. Шунда мен: «Бу йигит ким?» деб сўрасам, «Бу йигит Муоз ибн Жабалдир», дейишди. Эртаси кун барвақт масжидга келсам, Муоз мендан ҳам олдин келибдилар. Ўша пайт намоз ўқиётган эканлар. Намозни тугатишларини кутиб турдим. Қачонки, намозни ўқиб бўлганларида, олд томонларидан келиб салом бердим. Ва: «Аллоҳга қасам, мен сизни яхши кўраман», дедим. Муоз розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ йўлида яхши кўрасанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ йўлида», дедим. Муоз розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ йўлида яхши кўрасанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ йўлида», дедим. Шунда у зот ридоимнинг бир томонидан ушлаб ўзларига тортдилар-да: «Хурсандлик хабарини бергин, чунки мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ таоло: «Менинг йўлимда бир-бирларини яхши кўрувчиларга, Менинг йўлимда мажлис қуриб ўтирувчиларга, Менинг йўлимда бир-бирларини зиёрат қилувчиларга ҳамда Менинг йўлимда пулларини сарф этувчиларга муҳаббатим вожиб бўлди», деди», деган сўзларини эшитганман», дедилар». Имом Молик «Муватто» китобларида саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.
383/9. Абу Курайма Миқдод ибн Маъдикарибадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши биродарини яхши кўрса, ўшани яхши кўришини билдириб қўйсин», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
384/10. Муоздан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан ушладилар-да: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман. Эй Муоз, ҳамма фарз намози сўнггида «Аллоҳумма аъинний ъала зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибодатика», деб айтишингни васият қиламан», дедилар». Абу Довуд ва Насаийлар ривояти.
Маъноси: «Эй Аллоҳим, Сени зикр этишда, Сенга шукр қилишда ва ибодатингни гўзал бажаришда менга ёрдам бер».)
385/11. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эди. Шу пайт бошқа бир киши ўтиб қолди. Шунда ҳалиги киши: «Эй Аллоҳнинг расули, мен бу олдимиздан ўтиб кетган кишини яхши кўраман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши кўришингни билдирдингми?» деганларида, у киши: «Йўқ», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бориб билдиргин», дедилар. У киши нариги кимсанинг олдига бориб: «Мен сени Аллоҳ йўлида яхши кўраман», деди. Ўтувчи киши: «Аллоҳ йўлида мени севганинг учун Аллоҳ ҳам сени яхши кўрсин», деди. Абу Довуд ривоятлари.