49-БОБ. Кишиларнинг ташқи кўринишларига қараб ҳукм қилиш ва ботинларини Аллоҳга ҳавола қилиш ҳақида
- Якшанба, Окт 16 2022
- 20279 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар» (Тавба сураси, 11-оят), деб айтган.
390/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишилар «Ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ», деб айтмагунларича, намозни адо этишмагунча ва закотни бермагунларича улар билан урушмоқликка буюрилдим. Агар мана шу айтилган нарсаларни бажаришса, улар ўз жонлари ва молларини мендан сақлашибди. Лекин Ислом ҳақларида (яъни, ҳад ва қасослар) бундай эмас. Бунинг ҳисоби Аллоҳ таолога ҳаволадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
391/2. Абу Абдуллоҳ Ториқ ибн Ушаймдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб Аллоҳдан бошқага ибодат қилишни инкор этса, унинг моли ва жонига ҳамла қилиш ҳаромдир. Унинг ҳисоби эса Аллоҳ таолога ҳаволадир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
392/3. Абу Маъбад Миқдод ибн Асваддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга: «Агар бирор кофир кимсага йўлиқиб, у билан уришиб қолсам ва у қиличи билан қўлимга уриб бирини кесиб ташласа, кейин қочиб дарахт орқасига яшириниб: «Аллоҳ учун мусулмон бўлдим», деса, уни ўлдиришга ҳақлиманми, эй Аллоҳнинг расули?» десам, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлдирмагин», дедилар. Шунда мен: «Эй Расулуллоҳ, бир қўлимни кесиб, кейин мусулмон бўлдим, деб айтган-ку», десам, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлдирмагин, чунки агар ўлдирадиган бўлсанг, у ўлдирилишидан олдинги сенинг мавқеъингда бўлади. Ва сен бу сўзни (яъни, Исломга кирдим, деб айтганидан) олдинги мавқеъда бўласан», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
393/4. Усома ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизни Жуҳайна қабиласидан бўлган Ҳурақа номли жамоага жўнатдилар. Биз субҳда уларнинг суви устига етиб келдик. Мен ва ансорийлардан бири у қавмдан бўлган бир кишига йўлиқиб, уни тутиб олдик. Ва у: «Ла илаҳа иллаллоҳ», деган эди, ансорий дўстим қўйиб юборди. Мен найзам билан уриб уни ўлдирдим. Қачонки, Мадинага борсак, бу қилган ишим Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга етибди. У зот менга: «Эй Усома, «Ла илаҳа иллаллоҳ», деса ҳам, ўлдирдингми?» дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, у паноҳ топиш учун шундай қилди», десам, у зот: «(У) «Ла илаҳа иллаллоҳ», деганидан кейин ҳам ўлдирдингми?» деб айтаверганларидан мен: «Қанийди, бу кундан олдин мусулмон бўлмасам эди», деб орзу қилдим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «(У) «Ла илаҳа иллаллоҳ», деса ҳам ўлдиравердингми?» дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, қиличдан қўрқиб айтди-ку», десам, у зот: «Сен унинг қалбини ёриб, айтган ёки айтмаганлигини билдингми?» деб шу сўзларни такрорлайвердилар. Ҳаттоки, мен шу кун мусулмон бўлмаганимда-ку, деб орзу қилдим», дейилади.
394/5. Жундуб ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан ташкил топган бир гуруҳ аскарни мушриклардан бўлган бир жамоага юбордилар. Улар ўша жойга боришди. Ўша ердаги мушриклар орасида бир киши бор эди. У агар мусулмонлардан бирортасига (ёмонликни) қасд қилса, уни бажариб ўлдира олар эди. Кейин мусулмонлардан бўлган бир киши у мушрикни ғафлатда қолганида ўлдиришни қасд қилди. Биз уни Усома ибн Зайд деб айтардик. Усома қачонки қилични кўтарган эди, у мушрик: «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтди. Усома уни шу ҳолатда ҳам ўлдираверди. Хабар берувчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганида, у зот бўлиб ўтган воқеани сўрадилар. Шунда у киши бу кимса қилган нарсанинг хабарини берди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Усомани чақириб: «Нима учун ўлдирдинг?» деб сўрадилар. Усома: «Эй Расулуллоҳ, у мусулмонларга озор бериб, фалон ва фалон кишини ўлдирди, – деб бир неча нафар кишини номма-ном келтирди, – унга ҳамла қилсам, қиличимни кўриб қолиб «Ла илаҳа иллаллоҳ», деди», деб айтди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлдиравердингми?» дедилар. Усома: «Ҳа», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар қиёмат куни «Ла илаҳа иллаллоҳ» келиб (даъво қилса), нима қиласан?» дегандилар, Усома: «Эй Расулуллоҳ, мен учун истиғфор айтинг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Қиёмат куни «Ла илаҳа иллаллоҳ» келиб (даъво қилса), нима қиласан?» деб, мана шундан («Агар Қиёмат куни «Ла илаҳа иллаллоҳ» келиб (даъво қилса), нима қиласан?») бошқа сўзни зиёда қилмадилар. Имом Муслим ривоятлари.
395/6. Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Умар ибн Хаттобнинг розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида одамлар (қанақалиги) ваҳий орқали аён бўлар эди. Ҳозир эса ваҳий тушиши тўхтади. Биз ҳозир сизларнинг устки кўринишингизга қараб туриб ҳукм қиламиз. Кимнингки ташқи кўриниши яхши бўлса, бизнинг ундан кўнглимиз тинч бўлиб, ўзимизга яқин қиламиз. Унинг ички ҳолати билан эса Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб-китоб қилиб олади. Ким ташқи кўринишида ёмон кўрилса, бизнинг ундан кўнглимиз тинчимайди. Ва агар ички ҳолатим яхши, деса ҳам уни тасдиқламаймиз», деган сўзларини эшитдим». Имом Бухорий ривоятлари.