47-БОБ. Аллоҳ таоло бандасини яхши кўрганининг аломатлари ва улар билан зийнатланиш ҳамда уни қўлга киритиш учун ҳаракат қилмоқ ҳақида
- Якшанба, Окт 16 2022
- 12533 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Айтинг (эй Муҳаммад), агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир» (Оли Имрон сураси, 31-оят);
«Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай, Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, билгувчидир» (Моида сураси, 54-оят), деган.
386/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан. Бандам Ўзим унга фарз қилган нарсадан маҳбуброқ бошқа бирор нарса билан Менга яқин бўла олмайди. Бандам Менга нафллар билан яқинлик қилишда бардавом бўлиб, шу даражага етадики, Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар яхши кўриб қолсам, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ҳамда юрадиган оёғи бўламан. (Яъни, Мен изн бермаган нарсани эшитмайди, кўрмайди, ушламайди ва қадам қўймайди.) Агар Мендан сўраса, сўраган нарсасини бераман. Агар паноҳ тиласа, паноҳ бераман», деди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
387/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жаброил алайҳиссаломни чақириб: «Албатта Аллоҳ таоло фалон кишини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Сўнгра Жаброил алайҳиссалом осмон аҳлларини чақириб: «Албатта Аллоҳ таоло фалон кишини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», дейдилар. Бас, осмон аҳли ҳам яхши кўришади. Кейин бу нарсани ер аҳли ҳам қабул қилишади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятларида келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ таоло бирор бандасини яхши кўрса, Жаброил алайҳиссаломни чақириб: «Мен фалон кишини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Кейин Жаброил алайҳиссалом ҳам уни яхши кўрадилар ва осмон аҳлини чақириб: «Албатта Аллоҳ таоло фалон кишини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», десалар, осмон аҳли ҳам ўша кишини яхши кўришади. Кейин бу нарсани ер аҳли ҳам қабул қилиб олишади. Агар Аллоҳ таоло бирор бандасини ёмон кўрса, Жаброил алайҳиссаломни чақириб: «Мен фалон кишини ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўргин», дейди. Бас, Жаброил алайҳиссалом ҳам уни ёмон кўрадилар. Кейин осмон аҳлларини чақириб: «Албатта Аллоҳ фалон кишини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар», деб айтадилар. Кейин бу ёмон кўриш ер аҳлида ижро бўлади (яъни, бу киши ер юзида ҳамманинг кўзига ёмон кўрина бошлайди)», дедилар.
388/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир кишини аскарлар гуруҳига бошлиқ қилиб бир жойга юбордилар. У киши имом бўлиб уларга намоз ўқиб берса, фақат «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни қироат қилар эди. Қачонки, аскарлар (Мадинага) қайтиб келишганида бунинг қилган ишини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга айтиб беришди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Нима учун бундай қилганини ундан сўранглар-чи», деганларида, улар бу ҳақда у кишидан сўрашди. Шунда у: «Чунки бу сурада Раҳмоннинг сифати келган. Мен ана шу сабабли бу сурани ўқишни яхши кўраман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кишига хабар беринглар, албатта Аллоҳ таоло ҳам (уни) яхши кўради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.