close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

225-БОБ. Муҳаррам, шаъбон ва ҳурматли ойларда рўза тутишнинг фазилати ҳақида

1245/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейин рўзаларнинг афзали муҳаррам ойидаги (нафл) рўзадир. Фарз намозидан кейинги намозларнинг афзали кечасидаги (таҳажжуд) намозидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1246/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу онамиз: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойида тутганчалик кўп рўза тутмасдилар. Шаъбон ойининг деярли ҳаммасида рўза тутардилар», деб айтдилар.

Бошқа ривоятда: «Шаъбон ойида рўза тутиб, фақат баъзи кунлари оғизлари очиқ бўлар эди», дейилган. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.

1247/3. Мужийба ал-Боҳилий оталари ёки амакиларидан қилган ривоятларида бу зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, бироз туриб, қайтиб кетдилар. Бир йил ўтгандан кейин яна келдилар. Аввалги ҳолатлари ва кўринишлари ўзгариб кетган эди. Бу киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени танимаяпсизми?» деганди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен кимсан?» дедилар. У киши: «Аввалги йил ҳузурингизга келган Боҳилийман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен яхши кўринишда эдинг-ку? Сени нима ўзгартириб юборди?» дедилар. У киши: «Ўша сиздан ажраб кетганимдан кейин фақат кечқурун овқатландим. Яъни кундузи рўзадор бўлдим», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Нафсингга азоб берибсан-ку!», деб, яна: «Сабр ойи, яъни Рамазон ойида тўла рўза тутгин. Ва ҳар ойда бир кун рўза тут», дедилар. У киши: «Менга зиёда қилинг. Чунки менинг рўза тутишга қувватим етарли», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кун рўза тут», дедилар. У киши: «Менга яна зиёда қилинг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч кун рўза тутгин», дедилар. У киши: «Яна зиёда қилинг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳурматли ойларда (яъни ражаб, зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам) уч кундан рўза тут ва тарк қил», деб учта бармоқларини букиб-очдилар. Абу Довуд ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase