close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

262-боб. Гап гапираётганида яхшилаб текшириб, кейин сўзлашга тарғиб ҳақида

Аллоҳ таоло:«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма» (Исро сураси, 36-оят);

«У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят), деб айтган.
 
1546/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ҳар бир эшитган нарсасини гапиравериши унинг ёлғончи эканига кифоя қилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

1547/2. Самурадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мендан бирорта ҳадисни ривоят қилса ва унинг ёлғонлигини ҳам ҳис қилса, ўша киши ёлғончиларнинг биридир», дедилар. Имом Муслим ривояти.

1548/3. Асмодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир аёл: «Эй Аллоҳнинг расули! Менинг бир кундошим бор. Агар ўзимни унинг олдида эрим бермаган нарса ила тўқ қилиб кўрсатсам, менга гуноҳ бўладими?» деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Берилмаган нарса ила ўзини тўқ қилиб кўрсатувчи киши икки ёлғон либосини киювчига ўхшайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бунинг маъноси қуйидагичадир: масалан, киши ўзи илм ва зуҳд аҳли бўлмасдан кишиларни алдаб уларнинг либосларини кийиб юради. Ёки бадавлат бўлмай, зодагонлар либосини кийиб юради. Бу либос билан улар эришган мақомларга етишни хоҳлайди. Бу ҳадисда эса одамнинг ичи билан усти бир хил бўлишига тарғиб қилинмоқда.

 

263-боб. Ёлғон гувоҳлик бериш оғир ҳаром амаллардан эканлиги ҳақида

Аллоҳ таоло: «Ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз» (Ҳаж сураси, 30-оят);

«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма!» (Исро сураси, 36-оят);

«У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят);

«Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир» (Вал-фажр сураси, 14-оят);

«Улар (яъни, Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар» (Фурқон сураси, 72-оят), деб айтган.

1549/1. Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кабира (улкан) гуноҳлар ҳақида хабар берайми?» деб сўрадилар. Биз: «Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули!» дедик. Шунда у зот: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмоқ, ота-онага оқ бўлмоқ, – деб суяниб тургандилар, тўғри ўтириб олиб, – огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ», деб такрорлайвердилар, ҳатто биз: «Қанийди, жим бўлсалар-ку», деб умид қилдик». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

265-боб. Номини тилга олмасдан гуноҳкорларга лаънат айтишнинг жоизлиги тўғрисида

Аллоҳ таоло: «Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур» (Ҳуд сураси, 18-оят);

«Бас, уларнинг ўрталарида бир жарчи: «Золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай», деб жар солур» (Аъроф сураси, 44-оят), деб айтган.
Гуноҳкор кишиларни лаънатлашнинг жоизлиги ҳақида машҳур саҳиҳ ҳадисларда собит бўлишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Соч уловчи ва соч улатганни, рибо еювчини, расм чизувчини, ер қозиғини (қўшни ҳаққини) ўзгартирувчини, тухум ўғрисини, отасини лаънатлаганни, Аллоҳдан бошқага қилинган қурбонликни Аллоҳ лаънатлади. Ким бизнинг ишимизда янгилик яратса ёки янгиликка йўл берса, унга Аллоҳнинг фаришталари ва одамларнинг барчасининг лаънати бўлсин», дедилар. Ва яна: «Аллоҳим, Риъл, Закавон ва Усаййа қабилаларини лаънатлагин. Улар Аллоҳ ва расулига осийлик қилишди. Булар араб қабилаларидан учтасидир. Яна У яҳудийларни лаънатлади. Яна Аллоҳ таоло яҳудий ва насронийларни пайғамбарлар қабрларини масжид қилиб олишгани учун лаънатлади. Ва яна аёлларга ўзини ўхшатган эркакларни ва эркакларга ўзини ўхшатган аёлларни лаънатлади», дедилар.
Бу ҳадислар лафзи Имом Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида келган. Буларнинг баъзиси иккитасида, баъзиси бирида келган.

264-боб. Бирор киши ёки ҳайвонни лаънатлашнинг ҳаромлиги ҳақида

1550/1. Абу Зайд ибн Собит ибн Заҳҳок ал-Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (Бу зот Ризвон байъатида иштирок этган саҳобалардан биридир.) Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қасддан бир нарсага ёлғондан қасам ичиб (бу иш шундоқ бўлса ё бўлмаса) Исломдан бошқа миллатда (яъни, яҳудий, насроний ва ёки мажусий) бўлай, деса, ўша ният қилиб айтган динида бўлади (яъни, Исломдан чиқади). Ким ўз жонига ўзи бирор нарса билан қасд қилса, қиёмат куни ўша нарса билан азоб берилади. Ким бажаришга қодир бўлинмайдиган нарсани назр қилса, уни бажариш лозим эмас. Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш кабидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1551/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Лаънатни кўп айтиш чин мусулмонга лойиқ эмас», дедилар. Имом Муслим ривояти.

1552/3. Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кўп лаънат айтувчи киши қиёмат кунида шафоатчи ҳам, гувоҳлик берувчи ҳам бўлмайди», дедилар. Имом Муслим ривояти.  

1553/4. Самура ибн Жундубдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг лаънати бўлсин, Аллоҳнинг ғазаби бўлсин ва Аллоҳнинг дўзахи бўлсин, деб сўкишманглар», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

1554/5. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди», дедилар. Имом Термизий ривояти.

1555/6. Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар банда бирор нарса ила лаънатласа, лаънати осмонга кўтарилади. Осмон эшиклари унинг рўпарасида ёпилади. Сўнгра ерга тушади. Бас, унинг эшиклари ҳам ёпилади. Сўнгра ўнг ва чап томонга боради. Агар имконият топа олмаса, лаънатланган кишига қайтади. Агар унинг соҳиби ўша лаънатга аҳл (муносиб) бўлса, унда қолади. Агар аҳл бўлмаса, айтган кишининг ўзига қайтади», дедилар. Абу Довуд ривояти.

1556/7. Имрон ибн Ҳусайндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафарларнинг бирида эканликларида ансорийлардан бир аёл туядан аччиқланиб, уни лаънатлади. Буни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эшитиб: «Бундаги нарсаларни олиб, туяни қолдиринглар, чунки туя лаънатлангандир», дедилар. Имрон розияллоҳу анҳу: «Мен у туяни ҳозир кўргандекман. У кишилар орасида юради-ю, аммо унга бирор киши юзланмайди», деб айтганлар. Имом Муслим ривояти.

1557/8. Абу Барзадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир жория қиз қавмнинг юки турган туяда эди. Тоғнинг тор жойида у Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам кўриб туяга «Тўхта! Аллоҳ сени лаънатласин», деб юборди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу лаънатланган туяни бизга ҳамроҳ қилманг», дедилар. Имом Муслим ривояти.
Билингки, бу ҳадис мушкул, деб билинади. Аслида бу ҳадисда ишкаллик йўқдир. Яъни, туянинг бирга юришини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хоҳламаяптилар, холос. Бу ўша туяни сотиш, сўйиш ва минишдан қайтариқ, дегани эмас. Валлоҳу аълам.

266-боб. Мусулмонни ноҳақ сўкишнинг ҳаромлиги ҳақида

Аллоҳ таоло: «Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58-оят), деб айтган.

1558/1. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқликдир. Ўлдириш эса кофирликдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1559/2. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши бошқа бир кишини фосиқ ёки кофир, деб сўкмасин. Чунки бу айблар сўкилган кишида бўлмаса, сўкувчининг ўзига қайтади», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

1560/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки сўкишганнинг гуноҳи аввал бошлаганигадир. Лекин мазлум ҳаддан ошиб кетса, унда гуноҳ мазлумга бўлади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

1561/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хузурларига ароқ ичган бир киши олиб келинди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Буни уринглар», деб буюрдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Бизлардан кимдир уни қўли билан, кимдир пойабзали билан, яна кимдир кийими билан урди», дедилар. Қачонки, у ўғри қайтиб кетаётган эди, қавмидагилардан бири: «Аллоҳ сени хўрласин», деди. Буни эшитган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бунақа сўзларни айтманглар. Чунки бу кишига ғолиб келиши учун шайтонга ёрдам берган бўласизлар (яъни, шайтон бу кишига ароқ ичишни зийнатлаб кўрсатган эди. Энди уни хўрлаётганингизни кўриб шайтон хурсанд бўлади)», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

1562/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қули (хизматкори)ни зино қилганликда айбласа ва бу айблаган нарсаси унда мавжуд бўлмаса, қиёмат куни ўша айбловчига ҳад (дарра) урилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase