224-БОБ. Рўзага тегишли масалалар ҳақида
- Якшанба, Окт 23 2022
- 80 марта кўрилди
1241/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз унутиб бирор нарсани еб ёки ичиб қўйса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки Аллоҳ у кишини овқатлантириб, ичимлик ила сийлабди», дедилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
1242/2. Лақит ибн Сабрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, таҳорат ҳақида хабар беринг», десам, у зот: «Таҳоратингни мукаммал қил ва бармоқларинг орасини ҳилол қил, яъни бир-бирига кириштириб, сув етказ. Бурунга сув олганда муболаға қилиб, адо эт. Лекин рўзадор бўлсанг, бундай қилмагин», деб айтдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1243/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жунуб бўлиб қолиб, ғусл қилишларидан олдин субҳ содиқ кириб қоларди. Кейин ғусл қилиб рўзаларини тутаверардилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
1244/4. Оиша розияллоҳу анҳу ва Умму Саламалардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жунублик ҳолларида тонг отиб қолар эди. Бу жунублик эҳтилом бўлганларидан эмас, балки аёллари билан шаръий қовушганларидан содир бўлар эди. Кейин у зот рўзаларини давом эттираверардилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
Фойда: Жумҳур салафлар ва кейинги уламолар ижмоъси субҳдан олдинги жанобат хоҳ эҳтилом сабабли, хоҳ аёли билан қовушиш орқали бўлсин, зарари йўқ дейишган. Бунга Аллоҳнинг сўзидаги: «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди», дегани оят далилдир. Аммо субҳдан кейин аёли билан қовушиш орқали жунуб бўлиш ман этилгандир.