24-БОБ. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб, ўзи бунинг хилофини қилган кишига қаттиқ азоб бўлиши баёни
- Шанба, Окт 15 2022
- 15167 марта кўрилди
Аллоҳ таоло айтади: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара сураси, 44-оят);
«Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз, деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Соф сураси, 2–3-оятлар), деб айтди. Шуъайб алайҳиссалом тилларидан хабар бериб:
«Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман» (Ҳуд сураси, 88-оят), деган.
199/1. Абу Зайд Усома ибн Зайд ибн Ҳорисадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни бир киши олиб келиниб дўзахга ташланади. У кишининг қорнидан ичак-чавоқлари чиқиб, худди эшак тегирмон атрофида айлангани каби айлантирилади. Кейин дўзах аҳллари унинг олдида тўпланиб: «Эй фалончи, сенга нима бўлди, сен яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдинг-ку?» дейишса, у киши: «Ҳа, тўғри! Яхшиликка буюриб, ўзим бажармас эдим. Ёмонликдан қайтариб, ўзим қилар эдим», дейди», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.