21-БОБ. Яхшилик ва тақво йўлида бир-бирига ёрдам бериш баёни
- Шанба, Окт 15 2022
- 106 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида сураси, 2-оят);
«Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат имон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)» (Вал-аср сураси, 1–3-оятлар), деб айтган. Имом Шофеъий: «Албатта кишиларнинг кўплари бу сурани тадаббур қилишдан ғафлатдадирлар», деган маънода сўз айтганлар.
178/1. Абу Абдураҳмон Зайд ибн Холид ал-Жуҳанийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аллоҳнинг йўлида урушга чиқувчи кишини (керакли нарсалар билан) таъминласа, ғазот қилувчи кишидек савобга эга бўлади. Кимки урушга кетган мужоҳиднинг аҳлига яхшилик билан ўринбосар бўлса (яъни, унинг бола-чақасидан хабар олиб, хизматларини қилиб турса), у ҳам ўша кишидек савобга эга бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
179/2. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Бани Лаҳён қабиласига Ҳузайл қабиласидан бир гуруҳни жўнатаётиб: «Ҳар икки кишилик (уйдан) бирини жўнатсин. Улар ораларида савоб баробардир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
180/3. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Равҳо деган жойда бир тўда отлиқ кишиларга йўлиқиб: «Ким бу қавм?» деганларида, улар: «Биз мусулмонлармиз, ўзингиз кимсиз?» дейишди. У зот: «Аллоҳнинг расулиман», дедилар. Бир хотин ёш гўдакни кўтариб: «Бунинг учун ҳам ҳаж бўладими?» деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, (унга ҳаж бўлиб) сенга ажр бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
181/4. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мукаммал ҳолатда хушвақтлик билан тайин қилинган шахсга (омонатни) бериб, буюрилган нарсани бажарувчи ишончли, хазиначи мусулмон садақа қилувчиларнинг биридир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.