78-БОБ. Бошлиқлар ўз қўл остидагиларга мулойим, хайрихоҳ ва шафқатли бўлишлари, уларни алдаш, қўполлик қилиш, ҳожатмандларидан ғафлатда бўлишдан қайтариқ ҳақида
- Якшанба, Окт 16 2022
- 17509 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муносабатда бўлинг)» (Шуаро сураси, 215-оят),
«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур» (Наҳл сураси, 90-оят), деб айтган.
652/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Барчаларингиз ҳомийсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз. Имом ҳомийдир. Ва қўл остидагиларга масъулдир. Киши ўз аҳлига ҳомийдир. Ва қўл остидагиларга масъулдир. Хотин эрининг уйида ҳомийдир ва қўл остидагиларга масъулдир. Хизматкор бошлиғи молида ҳомийдир. Ва қўл остидагиларга масъулдир. Барчангиз ҳомийсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Ҳар бир шахснинг жамият олдидаги масъулияти, ҳар бир эркакнинг аҳли ҳузуридаги масъулияти, ҳар бир аёлнинг эри хонадонидаги масъулияти ва барча инсонларнинг бошқа кишилар олдидаги масъулияти бор.
653/2. Абу Яъло Маъқал ибн Ясордан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор бандани Аллоҳ таоло бир жамоага бошлиқ қилсаю, у ўз қўл остидагиларни алдаб бу дунёдан ўтса, Аллоҳ таоло унга жаннатни ҳаром қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Бошлиқ ўз қўл остидагиларга жонкуярлик қилмаган ҳолда ўлса, жаннат ҳидини ҳидламайди», дейилган.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида: «Қайси бир амир мусулмонлар ишида бошлиқ бўлсаю, уларга жонкуяр ва хайрихоҳ бўлмаса, улар билан бирга жаннатга кирмайди», дейилган.
654/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимдалик пайтларида қуйидагича сўзларни айтардилар: «Аллоҳим, кимни умматимнинг ишида бошлиқ қилсанг-у, у қўл остидагиларга бешафқат бўлса, Сен ҳам унга бешафқат бўлгин. Кимни умматимнинг бирор ишида бошлиқ қилсанг-у, у қўл остидагиларга мулойим бўлса, Сен ҳам унга мулойим бўлгин». Имом Муслим ривоятлари.
655/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бани Исроил жамоасига пайғамбарлар бошлиқ бўлар эди. Қачон бир пайғамбар вафот этса, ўрнига бошқа пайғамбар қолар эди. Мендан кейин эса пайғамбар йўқдир. Балки мендан кейин яқин кунларда халифалар бўлиб, улар кўпайиб кетишади», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ўша кун келса, бизга нимани буюрасиз?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аввал кимга байъат қилган бўлсангиз, ўшанга вафодор туринг. Кейин ўша аввалгининг ҳаққини адо қилиб беринг. Ўзингизнинг ҳаққингизни эса Аллоҳдан сўранг. Чунки Аллоҳ бошлиқ этиб тайинлаганлардан ўзи сўроқ-савол қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
656/5. Оиз ибн Амрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳузурига кириб: «Эй ўғилчам, мен Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам эшитганман. Албатта, бошлиқларнинг ёмони қўл остидагиларга озор етказадиганидир. Сен ана шунақа бўлишдан четлангин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
657/6. Абу Марям ал-Аздийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Муовияга розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни Аллоҳ мусулмонлар ишида бошлиқ қилсаю, у ўзи билан мусулмонлар орасини тўсиб турувчи қўриқчи қўйса, шу туфайли мусулмонлар ўз ҳожатлари, эҳтиёжлари ва камбағалликларини айта олишмаса, Аллоҳ таоло ҳам Қиёмат куни ўша бошлиқнинг ҳожатини ва арз-додини тингламайди», деганларини эшитдим», деб айтдилар. Муовия бу ҳадисни эшитганларидан кейин одамларнинг ҳожатини чиқарадиган бўлдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.