73-БОБ. Ҳусну хулқ ҳақида
- Якшанба, Окт 16 2022
- 167 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Албатта, сиз улуғ Хулқ устидадирсиз» (Қалам сураси, 4-оят).
«( У тақводор зотлар)... ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир» (Оли-Имрон сураси, 134-оят), деб айтган.
620/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг хулқлиси эдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
621/2. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам кафтларидан майинроқ ипак ҳам, кимхоб ҳам ушламадим. Ва яна Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳидларидан хушбўйроқ ҳидни топмадим. Ўн йил Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хизматларида бўлдим. Шу вақт мобайнида бирор марта «уф» демадилар. Ва бирор қилиб қўйган ишимга «Нима учун уни қилдинг» демадилар. Ҳамда бирор қилмаган ишимга «Уни бундоқ қилмадингми?» деб айтмадилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
622/3. Саъб ибн Жассомадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам ёввойи эшак ҳадя қилсам, у зот уни менга қайтариб бердилар. Қачонки юзимдаги хафаликни кўрганларида: «Агар эҳромда бўлмаганимизда, уни сенга қайтармас эдим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
623/4. Наввос ибн Самъондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўраганимизда, у зот: «Ҳусну хулқ яхшиликдир. Қалбинг тараддудланиб, одамлар ўша қилган ишингдан хабардор бўлишларини кариҳ кўришинг ёмонликдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
624/5. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бадхулқ ҳам, шалоқ сўзли ҳам эмасдилар. Ва яна: «Сизларнинг яхшиларингиз хулқи яхшиларингиздир», дердилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
625/6. Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мўмин банданинг тарозусида ҳусну хулқидан кўра оғирроқ нарса йўқдир. Албатта, Аллоҳ таоло уятсиз сўзларни айтувчи оғзи шалоқ кишиларга ғазаб қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
626/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларни жаннатга кўп киргизадиган амал қайси?» деб сўралганида, у зот: «Аллоҳга қилинган тақво ва ҳусну хулқ», дедилар. Ва яна у зотдан: «Инсонларни дўзахга кўп киргизадиган амал қайси?» деб сўралганида, у зот: « Оғиз ва жинсий аъзолар орқали қилинган гуноҳ», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.
Фойда: Тақволи ва чиройли хулқли бўлишга тарғиб бор. Ҳамда куфр, ёлғон ва зинодан огоҳлантириш ҳам бор. Бу ҳадисда тақво билан чиройли хулқнинг ораси жамланди. Чунки тақво, инсон билан Раббиси орасини ислоҳ қилади. Чиройли хулқ эса, инсон билан бошқа инсонлар орасини ислоҳ қилади. Ва яна оғиз билан жинсий аъзолар ораси жамланди. Чунки, оғиздан куфр калимаси, ғийбат ва чақимчилик каби фаҳш сўзлар содир бўлади. Жинсий аъзодан эса, зино содир бўлади. Бу икки аъзо сақланмаса, ҳар турли балоларга сабаб бўлиб, дўзах томон олиб бориши мумкин.
627/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг иймон жиҳатидан комили хулқи яхшиларидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига хушмуомалада бўлганларидир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
628/9. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши яхши хулқи билан (кундузлари) рўзадор, (кечалари) бедор бўлганларнинг даражасига етади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
629/10. Абу Умома ал-Боҳилийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
630/11. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга маҳбубларингиз ва қиёмат кунида мажлис жиҳатидан яқинларингиз ахлоқи яхшиларингиздир. Менга ёмон кўрилганларингиз ва қиёмат кунида мендан узоқларингиз сергап-эзмаларингиз, ахлоқсиз сўзларни сўзловчиларингиз ва мутафайқиҳлардир», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, сергап ва ахлоқсиз сўзларни айтувчини билдик. Аммо мутафайқиҳлар, деганингиз ким?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мутакаббирлар», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.