close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

214-БОБ. Қадр кечасида ибодат ила бедор бўлмоқнинг фазилати ҳамда Рамазон кечаларининг савоби энг умидли экани баёни

Аллоҳ таоло: «Албатта Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёрила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир». (Қадр сураси, 1-5-оятлар).

«Албатта биз уни бир муборак — барокатли кечада нозил қилдик» (Духон сураси, 3-оят), деб айтган.

1188/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қадр кечаси унинг фазилатига ишониб, савоб умидида кечани бедор ўтказса, олдинги гуноҳлари кечирилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1189/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бўлган кишилар Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг етинчисида Лайлатул-қадрни тушларида кўришди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларнинг тушингизда Рамазон ойи охирги ўн кунлигининг еттинчисида Қадр кечасига мувофиқ бўлганингизни кўрдим. Бас, ким бу муборак кечани топмоқчи бўлса, Рамазон ойи охирги ўн кунлигининг еттинчисидан ахтарсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1190/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охриги ўн кунлигида эътикоф ўтириб: «Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунидан ахтаринглар», дердилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1191/4. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қадр кечасини Рамазон ойи охирги ўн кунлигининг тоқ кунларидан ахтаринг», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

1192/5. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги кирса, кечанинг барчасини ухламасдан ўтказардилар. Ва ўз аҳли-аёлларини ҳам уйғотиб, енгларини шимариб ибодатга астойдил шўнғирдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1193/6. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бошқа ойларда қилмаган (ибодатларини) Рамазон ойида астойдил бажарардилар. Рамазон ойида бажармаган (ибодатларини) охирги ўн кунлик (даҳа) да бажарардилар. Имом Муслим ривоятлари.

1194/7. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули? Қадр кечаси қайси кунлигини билсам, нима деб айтай?» десам, у зот: «Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул ъафва фаъфу ъанний», деб айтгин», дедилар (Маъноси: эй Раббим, сен авф қилгувчисан ва авф қилишни яхши кўрасан. Мени авф эт). Имом Термизий ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase