219-БОБ. Ўн бешинчи шаъбондан кейин Рамазон кирмай туриб рўза тутиш ман этилгани, фақат аввалдан тутиб келаётган бўлса ёки душанба ва пайшанбадаги одатларига тўғри келиб қолса зарари йўқлиги ҳақида
- Якшанба, Окт 23 2022
- 12264 марта кўрилди
1223/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч бир киши шаъбон ойининг охирги бир ёки икки кунида рўза тутиб Рамазон ойига кирмасин. Лекин бир кишининг одатига тўғри келиб қолса рўза тутишининг зарари йўқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1224/2. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан олдин рўза тутманглар. Янги ойни кўриб рўза тутинглар. Янги ойни кўриб оғиз очинглар. Агар булут янги ойни кўришга монеълик қилса ўттиз кун мукаммал қилиб рўза тутинглар», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.
(Яъни, агар янги ойни кўриш имкони бўлмаса шаъбон ойини ўттиз кун мукаммал қилиб кейин рўза тутилсин. Ҳамда шаввол ойини кўриш имкони бўлмаса ўттиз кун тўла рўза тутиб, кейин оғиз очилсин. – Тарж)
1225/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Агар шаъбон ойининг ярми қолган бўлса (нафл) рўза тутманглар», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
1226/4. Абу Яқзон Аммор ибн Ёсирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Ким шак кунида рўза тутса, батаҳқиқ Абулқосимга соллоллоҳу алайҳи васаллам осийлик қилибди», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.