close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

153-БОБ. Дод-вой солмасдан ҳамда маййит фазилатларини айтмаслик шарти билан ўлганда йиғлашнинг жоизлиги ҳақида

Дод-войлаб йиғлаш ҳаром амаллардандир. Биз, иншааллоҳ, бу ҳақда «Қайтариқлар» китобида келтирамиз. Аммо агар ўлган киши ўлимидан олдин йиғлашни васият қилган бўлса оддий йиғлашдан ҳам  ман этилган ҳадислар ҳам бор.  Лекин ҳақиқий — вой-додлаб ва маййит фазилатларини эслаб йиғлашнинг ман этилгани, албатта «Ўлик ўз аҳлларининг йиғиси сабаб озорланади» ҳадисига биноандир.
 
924/1. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъудлар билан бирга Саъд ибн Убодани кўргани кирдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга қараб туриб, йиғлаб юбордилар. Расулуллоҳ йиғлаганларини кўриб, қолганлар ҳам йиғлашди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эшитмадингларми, Аллоҳ кўз ёшига ва қалбнинг хафалигига азобламайди. Лекин мана бунга азоблайди ёки раҳм қилади», дедилар тилларини кўрсатиб». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

925/2. Усома ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қизларининг ўғли вафот этиб, у зотнинг қўлларига узатилганида, кўзларидан ёш оқди. Саъд розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу қандай йиғи?» дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу раҳмат йиғиси бўлиб, Аллоҳ бандаларининг қалбида пайдо қилган. Албатта, Аллоҳ раҳмли бандаларига раҳм айлайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

926/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳим вафот этганида, кўзларидан кўп ёш оқди. Абдураҳмон ибн Авф: «Сиз шундоқ қиляпсизми, эй Расулуллоҳ?» деган эдилар, у зот: «Эй Ибн Авф, бу раҳматдир, — дедилар. Кейин қўшиб қўйдилар: – Кўз ёш оқизади. Қалб хафа бўлади. Биз эса, Раббимиз рози бўлган нарсани айтамиз. Албатта, биз, эй Иброҳим, сендан ажраб қолганимизга хафамиз». Имом Бухорий ривоятлари. Имом Муслим ҳам баъзисини ривоят қилганлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase