close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

1-БОБ. Барча амаллардаги сўзлар ва ҳолларнинг махфий ҳамда ошкораларида ихлос билан ният зарурлиги ҳақида

Аллоҳ таоло: «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир». (Баййина сураси, 5-оят);

«Аллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар» (Ҳаж сураси 37-оят);

«Айтинг (эй Муҳаммад), дилларингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ ошкор қилинг, Аллоҳ билур» (Оли Имрон сураси, 29-оят), деб айтган.

1/1. Амирул мўминин Абу Ҳафс Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта амаллар ният биландир. Ва ҳар кишига қилган нияти учун берилур. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули (ризоси) учун бўлса, Аллоҳ ва расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё топмоқ учун ёки бирор хотинга уйланиш учун бўлса, у кишининг ҳижрати ният қилган нарсаси учун бўлади», деб айтганларини эшитдим», дедилар. Бу ҳадисни муҳаддислар имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ал-Бухорий ва Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ал-Қушайрий ан-Нисобурийлар ривоят қилишди.

2/2. Мўминлар онаси Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир тоифа аскарлар Каъбага ҳамла қилиш учун келишади. Улар саҳроли ерга келишганида аввалгилари-ю охиргиларини ер ютади», дедилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг расули, уларнинг аввалги-ю охиргиларини қандай қилиб ер ютади? Ҳолбуки, уларнинг ораларида бозорчилар ва улардан ташқари кишилар ҳам бор-ку?!» десам, у зот: «Ер барчаларини баробар ютади. Сўнгра Қиёмат куни ҳамма ўз ниятига мувофиқ тирилтирилади», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Лафз Бухорийники.

3/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Макка фатҳ бўлгандан кейин ҳижрат йўқдир. Лекин жиҳод ва ният боқий қолади. Агар жиҳод учун чақирилсангизлар, унга чиқинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бунинг маъноси шуки, Маккадан ҳижрат қилиш йўқдир. Чунки у куфр диёри эмас, балки Ислом диёридир.

4/4. Абу Абдуллоҳ Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазотларнинг бирида эдик. Шунда у зот: «Мадинада бир  қанча одамлар қолдиларки, қайси ердан юрсангизлар ёки қайси майдондан ўтсангизлар, улар сизлар билан биргадирлар. Чунки уларни (бу ерга сизлар билан бирга келишдан) беморликлари тўхтатиб қўйди», дедилар». Бошқа бир ривоятда эса: «Улар ажр ва савобда сизларга шерикдирлар», дейилади. Имом Муслим ривоятлари.

Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Биз Табук ғазотидан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтиб келаётган эдик. У зот: «Мадинада биз билан бирга кела олмай қолган бир қанча кишилар бор. Бирор дара ёки водийдан ўтсак, улар ҳам биз билан бирга бўлурлар. Чунки (биз билан ғазотга чиқишдан) узрларигина тўхтатиб қўйган, холос», дедилар». Имом Бухорий ривоятлари.

5/5. Абу Язид Маън ибн Язид ибн Ахнасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (У зот, оталари ва боболари саҳобалардан эди). У кишинг отаси Язид садақа қилиш ниятида бир қанча динорларни чиқариб, масжидда бир киши ҳузурига қўйди. «Мен келиб, у динорларни олиб, уйга қайтдим. Отам: «Аллоҳга қасамки, мен (бу садақанинг) сенга берилишини ният қилмаган эдим», дедилар. Бу ҳақда жанжаллашиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордик. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Язид, сен ният қилганингга савоб оласан. Эй Маън, олган нарсаларинг сенинг ҳаққингдир», дедилар». Имом Бухорий ривоятлари.

6/6. Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (Бу зот жаннатга кириши башорат қилинган Ашараи мубашшаранинг биридирлар.)  Ҳажжату вадоъда «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам касалим оғирлашганда, ҳолимни сўрагани келдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг расули, кўриб турганингиздек, касалим шу даражага етди. Мен бадавлат кишиман. Битта қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг учдан икки қисмини садақа қилаверайми?» десам, у зот: «Йўқ», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, ярмини садақа қилаверайми?» десам, у зот яна: «Йўқ», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, учдан бирини садақа қилаверайми?» десам, у зот: «Учдан бири! Учдан бири ҳам кўпдир. Сен ўз меросхўрларингни бадавлат қолдириб кетишинг, бошқаларга боқиманда, тиланчи қилиб кетганингдан яхшироқдир. Албатта сен Аллоҳнинг розилиги учун бирор нарсани инфоқ қилсанг, унга ҳам савоб оласан. Ҳаттоки, ўз хотинингнинг оғзига таом солсанг, шунга ҳам ажр оласан», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, дўстларимдан кейин қоламанми?» десам, у зот: «Эй Саъд, агар сен дўстларингдан кейин қолиб, Аллоҳ розилигини талаб қилиб бирор амал қилсанг, даражанг янада зиёда бўлади. Мен умид қиламанки, сен яшайсан. Бир тоифа кишилар сендан фойдаланиб ва яна бир қанчасига сендан нуқсон етади», деб қуйидагича дуо қилдилар: «Аллоҳим, саҳобаларим ҳижратларини охирига етказгин, уларни орқаларига қайтармагин». Лекин бечора Саъд ибн Хавлага Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам раҳм-шафқат қиладилар. Бу киши Маккада вафот этадилар. (Яъни Саъд мбн Хавла Макка фатҳэтилмасиндан олдин ҳижрат тугамай туриб Маккага қайтиб кетадилар) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

7/7. Абу Ҳурайра Абдураҳмон ибн Сахрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ жисмларингиз ва суратларингизга қарамайди. Лекин У зот қалбларингизга қарайди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

8/8. Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Баҳодирларча урушган ва қавмининг ҳимояси учун курашган ҳамда одамлар кўриши учун жанг қилган кишиларнинг қайси бири Аллоҳ йўлида бўлади?» деб сўралганда, у зот: «Кимки Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун урушса, у киши Аллоҳнинг йўлидадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

9/9. Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис ас-Сақафийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар икки мусулмон бир-бирига қиличлари билан дуч келсалар, ўлдирувчи ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир», дедилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг расули, ўлдирувчи-ку тушунарли. Ўлдирилган нимага (дўзахга тушади)?» десам, у зот: «Чунки у дўстини ўлдиришни хоҳлар эди», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

10/10. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози бозорда ва уйида ўқиган намозидан йигирма неча баробар зиёдадир. У шундай бўладики, бирор киши таҳорат қилса ва уни чиройли адо этса, сўнг масжидга келса, ана шу келиши фақат намоз учунгина бўлса ҳамда намозгина уни жойидан турғизса, то масжидга боргунича ҳар бир қадами учун бир даража берилиб, гуноҳлари ўчирилади. Агар масжидга кирса, намоз ичида турганлик савобини олади. Сизлардан бирингиз намоз ўқиган ерида ўтириб қолса, фаришталар унинг ҳаққига қуйидагича дуода бўлишади: «Аллоҳим, унга раҳм қил. Аллоҳим, унинг гуноҳларини кечир. Аллоҳим, бу банданинг тавбасини қабул эт, модомики, бу банданг у ерда бирор кишига озор бермаса ва таҳорати кетмаса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу ҳадис лафзи Муслимники.

11/11. Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта Аллоҳ таоло яхши ва ёмон амалларни ёзиб, уни қуйидагича баён қилди: кимки бир яхши амални қасд қилса-ю адо эта олмаса, Аллоҳ таоло унинг учун Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб ёзиб қўяди. Агар қасд қилса-ю адо этса, Аллоҳ таоло унга ўн яхши амалдан етти юз ёки ундан ҳам зиёдагача ажр берур. Агар бирор ёмон амални қасд қилса-ю уни бажармаса, Аллоҳ таоло ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб ёзади. Агар ёмонликни қасд қилса-ю бажарса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

12/12. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги сўзларни эшитдим: «Сизлардан аввал ўтган одамларнинг уч нафари йўлга отланишди. Юра-юра, бир ғордан паноҳ топдилар. Улар ичкарига киришган эди, тоғдан бир харсанг тош кўчиб тушиб, ғор оғзини тўсиб қўйди. Шунда улар: «Бу харсанг тошдан фақатгина солиҳ амалларимизни васила қилиб, Аллоҳ таолога дуо қилишимизгина нажот беради», дейишди. Улардан бири: «Аллоҳим, менинг жуда қари ота-онам бор эди. Улардан олдин хотиним ва болаларимга сут бермас эдим. Кунларнинг бирида гиёҳ излаб узоқроққа кетиб қолдим. Қайтиб келсам, ота-онам ухлаб қолишибди. Уларни уйғотишни ва хотиним ҳамда болаларимга улардан олдин сут беришни кариҳ кўрдим. Қадаҳни қўлимга ушлаб, ота-онамнинг уйғонишларини кутиб турдим, ниҳоят тонг ўз нурини таратди. Болалар очликдан оёғимга ёпишиб бақиришарди. Охири ота-онам уйғониб, сутларини ичишди. Аллоҳим, агар буни Сенинг розилигинг учун қилган бўлсам, бу ташвишни биздан аритгин», деганида харсанг тош бироз очилди-ю, лекин ундан чиқиб бўлмас эди.
Иккинчиси: «Аллоҳим, биласан, бир амакимнинг қизи бор эди. У менга барча инсонлардан севимли эди. (Бошқа бир ривоятда: «Киши хотинини яхши кўргандан ҳам кўра уни қаттиқроқ яхши кўрар эдим», дейилади.) Бир бор мен уни ўзимга чақирдим (яъни, қўшилиш ниятида). У қабул қилмади. Қаҳатчилик бўлган йилларнинг бирида унинг ўзи ҳузуримга келди. Мен ўзи билан менинг орамни холи қолдириш (яъни, хоҳлаганимни қилавериш) шарти билан бир юз йигирма тилло бердим. У бу шартга кўнди. Мен ундан хоҳлаган нарсамни ҳосил қилишга қодир бўлган чоғимда (бошқа бир ривоятда: «Икки оёғи орасига ўтирганимда...» дейилади), у менга: «Аллоҳдан қўрқ. Бокиралигимни ҳақ билан (яъни, никоҳ билан) буз!» деганини эшитиб, у менга одамларнинг энг маҳбуби бўлишига қарамасдан, ўзимни ундан тортдим ва берган тиллоларимни унда қолдирдим». Аллоҳим, агар буни Сенинг розилигинг учун қилган бўлсам, бу кулфатни биздан аритгин», деганида харсанг тош бироз очилди-ю лекин ундан чиқиб бўлмас эди.
Учинчи одам: «Аллоҳим, мен бир қанча мардикорларни ёллаб ишлатдим. Уларнинг ҳаммаларига ҳақларини бердим. Фақатгина бир киши ҳаққини олмай, ташлаб кетди. У қолдирган ҳақ самара бериб, кўп мол-давлат келтирди. Бир мунча вақт ўтгандан кейин у келиб: «Эй Аллоҳнинг қули, ҳаққимни бер», деди. Мен: «Мана бу кўзинг олдида турган туя, сигир, қўй ва ғуломлар сенинг ҳаққинг», дедим. У: «Эй Аллоҳнинг қули, мени масхара қилма!» деди. Мен: «Сени масхара қилмаяпман», дедим. У бирор нарсани қолдирмай, барчасини олди. Аллоҳим, агар буни Сенинг розилигинг учун қилган бўлсам, бу балодан бизни қутқаргин», деганида харсанг тош бутунлай йўл очиб, ҳаммалари ғордан чиқишди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

2- БОБ. Тавба баёни

Уламолар айтишларича, ҳар бир гуноҳга тавба қилиш вожибдир. Агар гуноҳ бирор инсонга тааллуқли бўлмасдан Аллоҳ билан банда орасида бўлса, унинг учта шарти бор: 1) Гуноҳдан чекиниш. 2) Қилган ишига пушаймон бўлиш. 3) Унга асло қайтмайман, деб қасд қилиш. Агар бу уч шартдан бири бўлмаса, тавбаси дуруст бўлмайди.
Агар гуноҳ инсонга тааллуқли бўлса, тўртта шарт бордир: учтаси юқорида баён қилинган шартлардир. Тўртинчиси – у инсоннинг ҳаққидан қутилсин. Агар мол ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлса, эгасига қайтарсин. Агар ҳад лозим бўлган туҳмат ва шуларга ўхшашларни қилса, уни тортсин, авф ҳосил қилсин. Агар ғийбат қилган бўлса, у кишидан (узр сўраб) ҳалоллаб олсин. Ҳар бир гуноҳидан тавба қилмоғи вожибдир. Агар баъзисидан тавба қилса, ҳақ аҳллари ҳузурида ўша гуноҳларидан тавбаси ҳосил бўлади. Қолган гуноҳлари (гарданида) қолаверади. Бунга Қуръондан, суннатдан, уммат ижмоъсидан келган далиллар бир-бирини қувватлайди.
Аллоҳ таоло айтади:
«Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур сураси, 31-оят);

«Парвардигорларингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар» (Ҳуд сураси, 3-оят);

«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар» (Таҳрим сураси, 8-оят).

13/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмиш мартадан кўп Аллоҳ таолога истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», деб айтганларини эшитдим». Имом Бухорий ривоятлари.

14/2. Ағар ибн Ясар ал-Музанийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилиб истиғфор айтинглар. Чунки мен бир кунда юз марта тавба қиламан», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

15/3. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ходимлари Абу Ҳамза Анас ибн Моликдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло бандасининг тавбасидан сизлардан бирингиз чўлда йўқолган туясини топиб олганидаги хурсандчилигидан ҳам зиёда шод бўлур», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Муслимнинг бошқа бир ривоятларида: «Аллоҳ таоло бандаси тавба қилганида, шу қадар хурсанд бўладики, сизлардан бирингизнинг миниб турган туяси қўлидан чиқиб қочса, овқати ва суви туяда бўлса, у киши туясидан умидини узиб, дарахт сояси остида ётганида, қарасаки, туяси олдида турган бўлса, унинг тизгинидан ушлаб: «Аллоҳим, Сен менинг бандамдирсан. Ва мен Сенинг роббингдирман», деб қаттиқ хурсанд бўлганидан мана шу тариқа хатога йўл қўяди. Банда тавба қилса Аллоҳ таолонинг хурсандчилиги бандасиникидан ортиқроқ бўлади», дейилади.

16/4. Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилганлар тавба этишлари учун кечқурун раҳмат қўлини ёзади. Ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба этишлари учун кундузи раҳмат қўлини ёзади. Бу нарса қуёш мағрибдан чиқадиган кунгача давом этади», дедилар. (Қуёш мағрибдан чиқадиган кун–Қиёматдир, яъни қуёш машриқдан чиқар экан, тавба эшиклари очиқдир. Ўки руҳ халқумга етгунича тавба эшиклари очиқдир.) Имом Муслим ривоятлари.

17/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

18/6. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло бандасининг тавбасини ғарғара келгунича қабул қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

19/7. Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади. «Сафван ибн Ассол розияллоҳу анҳу ҳузурларига икки маҳсига масҳ тортиш хусусида сўраш учун бордим. У зот: «Эй Зирр, сени нима нарса (бу ерга) олиб келди?» дедилар. Шунда мен: «Илм талаби», дедим. У зот: «Албатта фаришталар толиби илмнинг илм талаб қилганидан миннатдор бўлиб, қанотларини унга ёзишади», дедилар. Мен: «Катта таҳорат ва сийгандан кейин маҳсиларга масҳ тортиш ҳақида қалбимда тараддудланиш асорати бор. Сиз эса Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидансиз. Мен ҳузурингизга «Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бирор нарса эшитганингиз борми?» деб сўраш учун келдим», десам, у зот: «Ҳа, агар сафарда ёки мусофир бўлсак, уч кеча ва кундуз маҳсиларимизни ечмай, масҳ тортишимизни буюрдилар. Жунубликдан ташқари катта бўшаниш, бавл қилиш ҳамда уйғонгандан кейин масҳ тортар эдик», дедилар. Мен: «Сиз муҳаббат тўғрисида Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса эшитганмисиз?» десам, у зот: «Ҳа, биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Бир пайт ҳузурларида ўтирсак, баланд овозли бир саҳройи араб келиб: «Эй Муҳаммад», деб чақирди. У зот унинг овозига ўхшатиб: «Ҳа, нима дейсан?» дедилар. Мен эса унга: «Сенинг ҳолингга вой бўлсин, овозингни пастлатгин, чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида овозни баландлатишдан ҳамма қайтарилган», дедим. Саҳройи араб: «Аллоҳга қасамки, овозимни пастлатмайман», деб Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши бир қавмни яхши кўради-да, уларга эргашмаган бўлади, шунда нима бўлади?» деб сўраганида, у зот: «Киши Қиёмат куни яхши кўрган кишилари билан бирга бўлади», дедилар. У зот гапиришда давом этиб, бир дарвозани зикр қилдилар. У дарвозанинг кенглигида отлиқ қирқ ёки етмиш йил юради. Ровийлардан бири Суфённинг розияллоҳу анҳу айтишларича, у дарвоза Шом томонда бўлиб, Аллоҳ таоло осмон ва Ерни яратган куни халқ қилгандир. У дарвоза тавба қилувчилар учун доимо очиқ бўлиб, қуёш мағрибдан чиқмагунича ёпилмайди», дедилар». Имом Термизий ривоятлари.

20/8. Абу Саид Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан аввал ўтган умматлардан бир одам тўқсон тўққиз кишини ўлдирган эди. У одамлардан ер юзидаги энг олим кишини сўради. Улар бир роҳибни кўрсатишди. У роҳиб ҳузурига бориб тўқсон тўққизта одам ўлдирганини айтиб, тавба қилса, тавбаси қабул бўладими-йўқми, шу ҳақда сўраганида, роҳиб: «Йўқ», деди. У роҳибни ҳам ўлдириб, ўлдирган одамлар сонини юзтага етказди. Сўнгра яна: «Ер юзида барчадан олимроқ киши ким?» деб сўради. Унга яна бир олим киши кўрсатилди. Олимнинг олдига бориб у: «Юз кишини ўлдирдим, тавбам қабул бўладими?» деганида, олим: «Ҳа, ким У билан тавбанг орасини тўса олар эди? Сен фалон-фалон ерга бор. У ерда кишилар Аллоҳ таолога ибодат қилишади. Сен ҳам улар билан бирга ибодат қил. Ўз ерингга қайтмагин. Чунки у ёмон жойдир», деди. Бу сўзларни эшитган бечора йўлга тушди. Ярим йўлга етганида унга ўлим хабари келиб, раҳмат ва азоб фаришталари жанжаллаша бошлашди. Раҳмат фаришталари: «У қалби билан Аллоҳга юзланиб тавба қилган ҳолда», дейишди. Азоб фаришталари эса: «У ҳеч ҳам яхши амал қилмаган», дейишди. Шунда одам суратидаги фаришта келиб, уларнинг ораларида ҳакамлик қила бошлади. У: «Шу жойдан туриб икки ер орасидаги масофани ўлчанглар. Қайси бирига яқин бўлса, у ҳам ўшалардандир», деди. Икки ер оралиғи ўлчанди. Хоҳлаб (кетиб) турган тарафи яқин эди. Шундай қилиб, унинг жонини раҳмат фаришталари олишди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа бир саҳиҳ ривоятда: «Яхши юртга бир қарич яқин экан. У ўша шаҳар аҳлидан саналибди», дейилади.
Яна бир бошқа саҳиҳ ривоятда эса қуйидагича айтилади: «Аллоҳ таоло келган тарафдаги ерга узоқ бўл деб, бораётган тарафдаги ерга яқин бўл, деб ваҳий қилди. Ва: «Икковининг орасини ўлчанглар», деди. Натижада бораётган томонига келаётган тарафидан кўра бир қарич яқин экан. Сўнг у мағфират қилинди».
Бошқа ривоятда: «Кўкраги билан судралиб, ўзини ўша томонга олди», дейилган.

21/9. Абдуллоҳ ибн Каъб ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (Абдуллоҳ оталари Каъб ибн Моликнинг кўзлари ожиз бўлиб қолганида етаклаб юрардилар.) Каъб ибн Молик Табук ғазотида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бормай қолганларини қуйидагича сўзлаб берадилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қатнашган ғазотларнинг Табукдан бошқа ҳаммасидан қолмадим. Лекин Бадр ғазотига ҳам бормасдан қолгандим. Бироқ унда бормай қолганлардан бирор киши итоб қилинмади. Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар Қурайш карвонини тўсиш ниятида чиқишган эди. Ҳатто, Аллоҳ таоло улар билан душманларининг орасини ваъда қилмаган ҳолда бир ерга жам қилиб қўйди. Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан «Ақаба» кечасида бирга бўлдим. Бу кун биз Исломга мустаҳкам аҳд-паймон қилдик. Агар Бадр воқеаси кишилар орасида машҳур бўлса ҳам, мен Табук воқеасини ундан кам, деб билмайман. Табук ғазотида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бормай қолганимнинг боиси бу вақтда ниҳоятда кучли ва бадавлат эдим. Аллоҳга қасамки, бундан аввал туямни иккита қилмаган эдим. Бу ғазотда икки туям бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга боришни хоҳласалар, бошқа бирига борадигандек қилиб кўрсатардилар. Бу ғазотда борадиган тарафларини аниқ қилиб кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга ниҳоятда қаттиқ иссиқда чиқдилар. Сафар узоқ бўлиб, чўл ерлардан ўтиш керак эди. Сўнг кўп сонли душманга рўбарў бўлиш керак эди. Мусулмонлар яхши тайёгарлик кўриб, ғамларини еб олишлари учун уларга қайси томонга кетаётганларининг хабарини бердилар. Мусулмонлар ҳам кўп жамланишди. Уларнинг сонлари ёзилмаган эди. Аммо беркиниб қолай, дейдиган киши деярли йўқ эди. Агар бўлса ҳам, билар эдики, унинг беркингани Аллоҳ томонидан ваҳий тушмаса, маҳфийлигича қолиб кетар эди. Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам бу ғазотлари мевали дарахтлар соя солиб, бу манзара кишига ёқадиган пайтга тўғри келди. Менда бундай роҳатларга мойиллик бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар тайёргарлик кўришди. Мен ҳам эрта тонгда у зот билан тайёргарлик қилиш учун борардим-да, лекин бирор нарса қилмасдан қайтиб келар эдим. Лекин хоҳласам, мен ҳам ана шунга қодир эдим. Хизматда бардавом бўлдим. Кишилар жиддий тайёргарликда давом этишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга мусулмонлар жўнашди. Мен эса бирор нарсага тайёрланмаган эдим. Сўнгра яна эрта тонгда келиб бирор нарса қилмай, қайтдим. Охири улар тезлаб кетишди, мен эса ғазотни қўлдан бой бериб қўйдим. Сафарга чиқиб, уларга етиб олишни қасд қилдим. Бу менга насиб қилмади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан кейин одамлар олдига чиқдим, бирор соғ мусулмон кишини кўрмадим. Кўчада фақат мунофиқлар ва Аллоҳ узрли қилган заифларни кўрардим, холос. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Табукка етиб боргунларича мени эсламабдилар. Қачонки, Табукда одамлар орасида ўтириб: «Каъб ибн Моликка нима бўлди?» деб сўрасалар, Бани Саламадан бир киши: «Эй Расулуллоҳ, унинг кийимлари ҳамда икки ёнига назар солиши (яъни, бойлиги) бу ерга келишидан тўсиб қўйди», деди. Муоз ибн Жабал унга: «Мунча ҳам ёмон сўз айтдинг! Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, биз ундан фақат яхшиликни биламиз», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сукут қилиб шу ҳолда тургандилар, бир оққа бурканган кишини кўрдилар. Уни сароб йўққа чиқариб турарди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Хайсама бўлмагин яна?» дедилар. У ҳақиқатда Абу Хайсама ал-Ансорий эди. Бу киши бир соъ хурмо садақа қилганида мунофиқлар айблашган эди». Яна Каъб айтадилар: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам Табукдан қайтганликлари хабари келганида мени ғам боса бошлади. Ва ёлғон (узрлар) ўйлай бошладим. «Нима билан эртага у зотнинг ғазабларидан чиқаман?» деб ўзимга айтар эдим. Ва хонадонимдаги ақлли кишилардан ёрдам сўрар эдим. Қачонки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам келганликлари хабари тарқалганида мендан ботил тадбирлар кетди. Билдимки, мен бу зотдан асло қутула олмас эканман. Охири рост гапиришга қасд қилдим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эрта тонгда етиб келдилар. Одати шарифлари-агар сафардан келсалар, аввал масжидга кириб икки ракат намоз ўқир, сўнгра кишилар билан мулоқот қилиш учун ўтирардилар. Бу сафар ҳам шундай қилдилар. Ўтирганларида Табукка бормасдан қолганлар келиб, у зотга узр айтиб қасам ича бошлашди. Улар саксон неча киши эдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларнинг зоҳирий узрларини қабул қилиб, улардан байъат олиб, уларга истиғфор айтдилар. Ва ички ҳолатларини Аллоҳга ҳавола қилдилар. Мен ҳам у зот ҳузурларига келиб салом бердим. У зот эса менга ғазабнок ҳолатда табассум қилдилар. Сўнгра: «Кел», дедилар. Мен юриб келиб, олдиларида ўтирдим. У зот менга «Нима сабабдан биз билан бормай қолдинг ёки боришга улов сотиб олмадингми?» деганларида, мен: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга қасамки, сиздан бошқа дунё аҳлидан бирортасининг ҳузурида ўтирган бўлсам-ку, унинг ғазабидан узр билан чиқиб кетар эдим. Чунки мен фасоҳатли сўзамол кишиман. Лекин биламан, Аллоҳга қасамки, агар бу кун сизга ёлғон гапирсам, мендан рози бўлаверасиз. Бироқ тез фурсатда Аллоҳ мендан сизни ғазаблантириб қўяди. Агар сизга рост гапни айтсам, ўзим сизни ғазаблантириб қўяман. Албатта, мен Аллоҳдан яхши оқибат умидидаман. Аллоҳга қасамки, менда узр йўқдир. Сиз билан бирга бормай қолган пайтимда ҳар галгидан кучли ва бадавлат эдим», дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу киши ҳақиқатда рост гапирди. Тургин, то Аллоҳнинг ҳукми келгунча кутиб тур», дедилар. Бани Саламадан бўлган кишилар менинг орқамдан эргашиб, «Аллоҳга қасам, биз сени бундан олдин гуноҳ қилганингни билмаймиз. Сен бошқа ғазотга бормаганлар каби узр айтмадинг. Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам истиғфорлари сенинг гуноҳингга кифоя қилади», дейишди. Улар мени маломат қилишда давом этишди, ҳатто мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қайтиб бориб ёлғон гапиришни хоҳладим. Сўнгра уларга: «Бу каби сўз билан мендан бошқа ҳам бирор киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдими?» десам, улар: «Ҳа, икки киши келиб, сен айтган сўзларни айтди. Сенга айтилган жавоб уларга ҳам айтилди», дейишди. «Улар ким экан?» десам, улар: «Мурора ибн Рабийъ ал-Амрий ва Ҳилол ибн Умайя ал-Воқифийлар», дейишди. Менга икки солиҳ кишини зикр қилишдики, ҳар иккови ҳам Бадр иштирокчилари бўлиб, иқтидо қилишга муносибдир, деб қилган қароримдан қайтмадим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ғазотга бормай қолганлар орасидан биз уч киши билан сўзлашишни ман қилдилар. Ва бу ҳукм ила халқ биздан четланди. Ҳатто, ер ҳам мен билган ердан ўзгача бўлиб қолди. Биз мана шу ҳолатда эллик кеча турдик. Аммо икки шеригим ожизлашиб кетишди. Улар уйларида ўлтириб олиб фақат йиғлашарди. Мен эса қавмнинг ёши ва бардошлиси бўлганим учун (кўчага) чиқиб, мусулмонлар билан бирга намозда иштирок этар эдим. Ва яна бозорларни айланардим. Ҳеч ким мен билан гаплашмас эди. Яна Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борар эдим. У зот намоздан кейин бўладиган мажлисда ўлтирганларида, бориб салом берардим-да, ўзимга ўзим: «У зот саломга алик олаётиб, лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми?» деб, у зотга яқин туриб намоз ўқирдим. Шу аснода ўғринча назар солардим. Агар намозга юзлансам, у зот менга назар солардилар. Агар у зот томонга қарасам, мендан юз ўгириб олардилар. Қачонки, кишиларнинг жафолари менга нисбатан узайиб кетганда мен учун севимли бўлган амакимнинг ўғли Абу Қатоданинг боғи деворидан тирмашиб тушдим-да, унга салом бердим. Аллоҳга қасам, у ҳам саломимга алик олмади. Мен унга: «Эй Абу Қатода, Аллоҳнинг номи ила сендан сўрайман, мен Аллоҳ ва расулини яхши кўришимни биласанми?» десам, у сукут қилди. Иккинчи бор сўрадим. Сукут қилди. Учинчи бор сўраганимда: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», деганди, мен икки кўзимдан ёшимни оқизиб, девордан тирмашиб орқамга қайтиб кетдим. Мен Мадина бозорларида юрсам, Мадинага дон сотгани келган Шом деҳқонларидан бири: «Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди?» деди. Одамлар менга ишора қилишди. У менинг олдимга келиб ўассон подшоҳи томонидан битилган бир мактубни узатди. Унда қуйидагилар битилган эди: «Бизга хабар етдики, сенинг дўстинг (бошлиғинг) сенга жафо қилибди. Аллоҳ хўрлик ва зое бўлинадиган ерда туришни мажбур қилмаган. Бизнинг ҳузуримизга кел, биз сенга (ғамхўрлик қилиб) тасалли берамиз». Бу мактубни ўқиган пайтимда «Бу ҳам мусибат-балоларнинг бир кўринишидир», дедим. Мактубни тандирга ташлаб ёқиб юбордим. Қирқ кун ҳам ўтдики, ваҳий тўхтаб қолган эди. Ногаҳон Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидан бир элчи келиб: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хотинингдан алоҳида бўлмоқни буюряптилар», деди. Мен: «Талоқ қилайми? Нима қилай?» дедим. У: «Фақат алоҳида бўлиб, яқинлашма», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу ҳукмни икки биродаримга ҳам юборган эдилар. Мен хотинимга: «Сен ўз уйингга бориб, то Аллоҳ томонидан ҳукм тушгунча у ерда тургин», дедим. Ҳилол ибн Умайянинг хотини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, Ҳилол ибн Умайя бечора қари киши бўлиб, хизматкори ҳам йўқ. Мен унинг хизматини қилишимдан норозимисиз?» деса, у зот: «Йўқ, лекин у сенга яқинлик қилмасин», дедилар. Буни эшитган хотин: «Аллоҳга қасам, бунга ҳаракат қилишга қудрати ҳам йўқ. У бечора ана шу иш бўлгандан бери шу кунгача йиғлаш билан овора», деди. Менинг ҳам аҳлларимдан баъзилари: «Сен ҳам Ҳилол ибн Умайянинг хотини сўрагани каби хотинингнинг хизмати тўғрисида Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам изн сўра», дейишди. Мен: «Изн сўрамайман. Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам нима деб айтишларини билмайман. Мен ёш йигит бўлсам», дедим. Мана шу ҳолатда яна ўн кун турдим. Гаплашиш ман қилинган куннинг эллигинчисида уйимнинг тепасида бомдод намозини ўқидим. Ана шу ўлтирган ҳолимда Аллоҳни зикр қилдим. Юрагим сиқилиб, ер кенг бўлишига қарамай, торайиб кетгандек бўлиб турган бир пайтда ногаҳон Саль тепалигига чиқиб олиб (Абу Бакр Сиддиқ) баланд овози ила: «Эй Каъб ибн Молик, хурсандлик хабари», деб бақираётганини эшитдим. Ўша заҳоти хурсандчилик соати келганини билиб, саждага йиқилдим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиб бўлгач, Аллоҳ бизларнинг тавбамизни қабул этганини эълон қилибдилар. Одамлар мен ва икки биродаримга хурсандчилик хабарини беришга шошилишибди. Бир киши менинг олдимга от минган ҳолда чопиб келди. Яна бир киши Аслам қабиласидан пиёда келди. Бу киши тоғ ошиб келиб баланд овоз ила башорат берди. Унинг овози отдан ҳам тезроқ эди. Менинг ҳузуримга хушхабар олиб келиб бақирган кишига хурсанд бўлганимдан устимдаги икки кийимимни ечиб, унга кийгизиб қўйдим. Аллоҳга қасамки, ўша кунларда у икки кийимимдан бошқасига эга эмас эдим. Энди мен икки кийимни қарзга олиб, Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига жўнадим. Одамлар йўлда тўда-тўда бўлиб тавба қабул бўлгани билан мени табриклашарди. Улар менга: «Аллоҳ таоло тавбангни қабул қилгани ила табриклаймиз», дейишар эди. Мен масжидга кирдим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эканлар. Атрофларида эса одамлар ўтиришибди. Шунда Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу мен томон югуриб, мен билан қўл бериб сўрашиб табрикладилар. Аллоҳга қасамки, Талҳадан розияллоҳу анҳу бошқа муҳожирлардан бирор киши турмади. Сўнг Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам салом берсам, у зот хурсанд бўлганларидан юзлари ярқираб кетди. У зот: «Туғилганингдан бери ўтган кунларнинг яхшиси билан хурсандлик хабарини бераман», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, бу хушхабар сиз тарафингизданми ёки Аллоҳ томониданми?» десам, у зот: «Йўқ, бу Аллоҳ азза ва жалла томонидан», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар хурсанд бўлсалар, шу даражада юзлари нурланиб кетардики, гуёки ой парчасига ўхшаб қоларди. Биз буни билар эдик. Шу пайт Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларида ўтириб: «Эй Аллоҳнинг расули, мен бу тавбамнинг қабул этилгани учун барча молларимни Аллоҳ ва расули йўлига садақа қиламан», десам, у зот: «Молингнинг баъзисини ўзинг учун олиб қўй. Бу сен учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Хайбардаги улушимни олиб қоламан. Эй Аллоҳнинг расули, албатта Аллоҳ менинг ростгўйлигим сабабидан нажот берди. Энди тавбамнинг натижаси шу бўлсинки, умримнинг қолган қисмида фақат рост гапирай. Аллоҳга қасамки, рост сўзлаганим учун Аллоҳ менга берган фазл-инъомини ҳеч кимга қилмаганини биламан», дедим. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни зикр қилганимдан бери бу кунгача бирор калима ёлғон ишлатишни қасд қилмадим. Аллоҳ қолган умримда ҳам ёлғондан сақлашини умид қиламан». Каъб ибн Молик Аллоҳнинг қуйидаги оятларни нозил қилганлигини ҳам айтиб ўтганлар:
«Ҳақиқатан Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳининг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир. Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни, тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз» (Тавба сураси, 117-119-оятлар).
Каъб розияллоҳу анҳу яна давом этадилар: «Аллоҳ таоло мени Исломга ҳидоят қилганидан кейинги берган неъматларининг энг каттаси Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида рост гапиришга муваффақ қилганидир. Агар ёлғон сўзлаганимда мен бошқа ёлғон сўзлаб ҳалок бўлганлар каби ҳалок бўлардим, чунки Аллоҳ таоло ваҳий нозил қилаётган пайтда ёлғон гапирганларни бирор кишига айтмайдиган ёмон ваъидлар ила тилга оляпти:
«Уларнинг олдига қайтиб борган вақтларингизда улардан юз ўгиришларингиз (яъни, айбламасликларингиз учун сизларга уларнинг ростдан ҳам узрли эканликларига) Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Чунки улар нопокдирлар ва қилиб ўтган нарсаларининг (яъни, мунофиқликлари) жазосига жойлари жаҳаннамдир. Улардан рози бўлишларингиз учун сизларга қасам ичадилар. Агар сизлар улардан рози бўлсангизлар ҳам, Аллоҳ бу итоатсиз қавмдан ҳеч рози бўлмайди» (Тавба сураси, 95-96-оятлар).
Биз уч нафарнинг ишимиз кейинга сурилган эди. Бошқалар қасам ичиб байъат қилишганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам улардан буни қабул қилиб, уларга мағфират талаб қилгандилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизни кейинга қолдирдилар, ҳатто Аллоҳ таолонинг Ўзи: «Ўша уч кишининг (тавбаларини қабул қилдики) ...» (Тавба сураси, 118-оят) сўзи билан ҳукм қилди. Бу сўздаги «орқада қолганлар»дан мақсад ғазотдан орқада қолганимиз эмас, балки қасам ичиб узр айтиб, узрлари қабул қилинганлардан авф этилишида орқада қолганимиздир» Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига пайшанба куни чиқдилар, у зот ғазотга пайшанба куни чиқишни яхши кўрардилар», дейилади.
Ва яна бошқа бир ривоятда айтилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафардан келадиган бўлсалар, кундузи чошгоҳ вақтида келиб аввал масжидга борар, икки ракат намоз ўқиб, кейин ўтирардилар».

22/10. Имрон ибн Ҳусайн ал-Хузоийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Жуҳайна қабиласидан бўлган бир аёл зинодан ҳомиладор бўлиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Ва: «Эй Аллоҳнинг расули, менга ҳад (шаръий жазо) лозим бўлди. У жазони менда қоим қилинг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг валийсини чақириб: «Унга чиройли муомалада бўл. Агар боласини туғса, менинг ҳузуримга у аёлни олиб келгин», дедилар. Валийси Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларини қилди. Аёл келтирилгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у хотиннинг кийимларини боғлаб, тошбўрон қилишга буюрдилар, ҳукм ижро этилди. Сўнгра Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза намози ўқидилар. Буни кўрган Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг расули, зино қилган аёлга ҳам намоз ўқийсизми?» деганларида, у зот: «Бу аёл шу даражада тавба қилдики, агар Мадина аҳлларидан етмиштаси орасида бу тақсим қилинса, уларга мўл-кўл бўларди. Сен ўз нафсини Аллоҳ азза ва жаллага фидо қилгандан ҳам афзал кишини кўрганмисан?» дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

23/11. Ибн Аббос ва Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одам боласининг бир водий тилласи бўлса, у киши икки водий тиллоси бўлишини яхши кўради. Унинг оғзини қабр тупроғидан бошқа нарса тўлдира олмайди. Аллоҳ тавба қилувчиларнинг тавбасини қабул қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

24/12. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло икки кишининг ҳолига куладики, уларнинг бири иккинчисини ўлдиради. Ва иккиси ҳам жаннатга киради. Бири мусулмон бўлиб, Аллоҳ йўлида урушиб ўлдирилади. Иккинчиси ўлдиргани учун Аллоҳга тавба қилиб, мусулмон бўлиб, у ҳам шаҳид бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

4-БОБ. Рост сўзлаш баёни

Аллоҳ таоло:«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва имонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз» (Тавба сураси, 119-оят);

«Ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 35-оят);

«Содиқ-ростгўй бўлганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди» (Муҳаммад сураси, 21-оят), деб айтган.

54/1. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта киши рост сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳ ҳузурида сиддиқлардан, деб ёзилади. Ёлғончилик гуноҳга етаклайди. Гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Албатта киши ёлғон сўзлайди, ҳаттоки Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончи, каззоб, деб ёзилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

55/2. Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги айтган нарсаларини ёдлаб олдим: «Шубҳали нарсани шубҳасиз нарсага қолдир. Албатта ростгўйлик хотиржамликдир. Ёлғон эса шубҳалидир». Имом Термизий ривоятлари.

56/3. Абу Суфён Сахр ибн Ҳарбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Ҳирақл қиссасидаги узун ҳадисда келтирилишича, Ҳирақл: «Сизларга пайғамбарингиз, яъни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам нима буюряптилар?» деганида, Абу Суфён: «У пайғамбар якка Аллоҳга ибодат қилиб, бирор нарсани ширк келтирмасликка, оталарингиз айтган нарсаларни тарк қилишга ва намоз ўқиш, рост сўзлаш, иффатли бўлишга, қариндош-уруғларга боғланишга буюрадилар», деди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

57/4. Саҳл ибн Ҳунайфдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (Бу зот Бадрда иштирок этганлардан эдилар.) Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аллоҳ таолодан сидқидил ила шаҳидликни сўраса, Аллоҳ таоло уни шаҳидлик манзилига етказади. Агар у киши тўшагида вафот этса ҳам», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

58/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Пайғамбарлардан бирлари (уларга Аллоҳнинг саловот ва саломи бўлсин) ғазотга чиқаётиб қавмларига: «Мен билан бирга хотин олган-у, лекин ҳали шаръий қовушмаган; уй қурган-у, лекин ҳали томини ёпмаган; ҳомиладор қўй ва туяларининг туғишини кутаётган одамлар бормасин», дедилар. Сўнгра ғазотни бошладилар. Аср намози ёки шунга яқинроқ  пайт бўлганида, бир қишлоққа яқинлашиб қуёшга қарата: «Сен ҳам ўз ишингга буюрилгансан, мен ҳам ўз ишимга буюрилганман. Аллоҳим, бу қуёшни биздан тўхтат», деганларида, қуёш тўхтаб қолди. Ҳаттоки, Аллоҳ таоло у пайғамбарга фатҳ қилиб берди. Ўлжалар (ғаниматлар) тўпланди. Уни олов ейиш учун келди-да, лекин емади. Шунда пайғамбар: «Ораларингизда ўлжага хиёнат қилган бордир. Ҳар бир қабиладан бир киши менга байъат қилсин», дедилар. Байъатда бир кишининг қўли ёпишиб қолди. Пайғамбар: «Хиёнат сизларнинг қабилангизда экан. Менга қабилангиз байъат қилсин», дедилар. Улар байъат қилишганида, икки ёки уч кишининг қўли ёпишиб қолди. Пайғамбар хиёнат сизларда, деганларида, улар сигирнинг бошидек тиллани олиб келиб қўйишганида, олов келиб, уни еди.
Биздан аввалгилардан бирортасига ўлжалар ҳалол қилинмади. Сўнгра Аллоҳ таоло ўлжаларни бизга ҳалол қилди. Қачонки, биздаги заифлик ва ожизликни кўрганида, биз учун уни ҳалол қилди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

59/6. Абу Холид Ҳаким ибн Ҳизомдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Олди-сотди қилувчига ажралмасларидан олдин ихтиёр бордир. Агар иккилари рост гапириб, муомалани равшан қилишса, олди-сотдиларида барака қилинади. Агар яшириб, ёлғон гапиришса, олди-сотдиларидаги барака ўчирилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

3-БОБ. Сабр баёни

Аллоҳ таоло:«Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз» (Оли-Имрон сураси, 200-оят);

«Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бас, сабр қилувчиларга хушхабар бергин» (Бақара сураси, 155-оят);

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур» (Зумар сураси, 10-оят);

«Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай, Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Шўро сураси, 43-оят);

«Эй мўминлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир» (Бақара сураси, 153-оят);

«Албатта Биз то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча сизларни имтиҳон қилурмиз», (Муҳаммад сураси, 31-оят), деб айтган.

25/1. Абу Молик Ҳорис ибн Осим ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир. «Алҳамдулиллаҳ» тарозуни тўлдиради. «Субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳ» ер билан осмон ўртасини тўлдиради. Намоз нурдир. Садақа ҳужжатдир. Сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Ҳар кимса тонг оттириб нафсини савдо қилади. Бу билан уни озод қилади ёки ҳалок қилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

26/2. Абу Саид Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Худрийдан ривоят қилинади. Ансорийлардан бўлган кишилар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан (нарсалар) сўрашди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларга (сўраган нарсаларини) бердилар. Кейин яна сўрашди. Уларга (сўраган нарсаларини) бердилар. Ҳатто ҳузурларидаги бор нарса тугади. Ва: «Бирор яхши нарса бўлса, мен сизлардан дариғ тутмайман. Кимки (тамаъдан йироқ бўлиб) ўзини иффатли тутса, Аллоҳ уни офиятда қилади. Кимки ўзини ҳожатсиз қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди. Кимки бардошли бўлса, Аллоҳ уни ҳақиқий сабрли қилиб қўяди. Бирор кишига сабрдан кўра улуғ ва яхши нарса берилмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

27/3. Абу Яҳё Суҳайб ибн Синондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминнинг иши ажабланарли, ҳайратомуздир. Ҳамма иши унга яхшилик келтираверади. Бу мўминларга хос бўлиб, улардан бошқаларда ундай эмас. Агар унга хурсанд қилувчи нарса етса, шукр қилади. Бу у учун яхшидир. Агар зарар берувчи нарса етса, сабр қилади. Бу ҳам унинг учун яхши бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

28/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўлим талвасасидаги оғриқлари кучайганида Фотима розияллоҳу анҳу: «Вой, отамни азият чулғаяпти», дедилар. Буни эшитган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кундан кейин отангга ғам, азият йўқдир», дедилар. Қачонки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Фотима розияллоҳу анҳу: «Эй отажон! Парвардигор чақириғига лаббай, дедингиз. Эй отажон! Фирдавс жаннати борар жойингиздир. Эй отажон! Жаброил алайҳиссаломга сизнинг ўлимингиз хабарини берурмиз», дедилар. У зот дафн қилинганларидан кейин Фотима розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам устиларидан тупроқ сочиб ҳам нафсларингиз хушнуд бўлаверди-я», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

29/5. Абу Зайд Усама ибн Зайд ибн Ҳорисадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (Бу зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари ва севимли кишиларидир.) Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари оталари ҳузурларига (бир одамни) юбориб: «Ўғлим ўлим тўшагида ётибди. Бизнинг олдимизга келинг», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қизларига салом йўллаб: «Албатта олиш ҳам, бериш ҳам Аллоҳ учундир. Ҳар бир нарсанинг Унинг ҳузурида белгиланган вақти бордир. (Қизим) сабр қилсин ва савобини умид қилиб турсин», дедилар. Қизлари яна одам жўнатиб, у зот келишларини онт ичиб сўрадилар. Расулуллоҳ охири ўринларидан турдилар. У зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва яна бир қанча кишилар бор эди. Ҳалиги гўдак Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга узатилди. У зот гўдакни қучоқларига олдилар. Гўдак эса ўлим талвасасида эди. Буни кўриб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: «Эй Аллоҳнинг расули, бу нима? (Яъни, йиғлашдан қайтарар эдингиз-ку!)» дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, уни бандаларининг қалбларида пайдо қилгандир», дедилар.
Бошқа ривоятларида: «Бандаларидан хоҳлаган кишисининг қалбида буни пайдо қилади. Албатта, Аллоҳ раҳмли бандаларига раҳм қилади», деб айтилган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

30/6. Суҳайбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан аввал ўтган умматларда бир подшоҳ бор эди. Унинг бир сеҳргари бўлиб, ёши улғайганида подшоҳга қуйидагича мурожаат қилди: «Мен қариб қолдим. Менга бирор ёш одам юборгин. Унга сеҳргарликни ўргатаман». Подшоҳ унга бир болани сеҳр ўргатиш учун юборди. У боланинг йўлида бир роҳиб (ибодат қилувчи) бор эди. Кунларнинг бирида бола унинг ҳузурида ўтириб, сўзларини эшитиб, ҳайратда қолди. Бола агар сеҳргар олдига борса, роҳибга ҳам учраб, унинг ҳузурида бироз ўтирар эди. Бир куни сеҳргар ҳузурига борганида, у (кеч қолгани учун) болани урди. Бола эса бу ҳолдан роҳибга шикоят қилди. Роҳиб: «Агар сеҳргардан қўрқсанг, аҳлим мени ушлаб қолгани учун (кечикдим), дегин. Агар аҳлингдан қўрқсанг, сеҳргар мени ушлаб қолгани учун кечикдим, дегин», деди. Кунлар шу алфозда давом этди. Бир куни бола катта бир жониворни учратди. У жонивор кишиларнинг йўлини тўсиб олган эди. Шунда у: «Бу кун сеҳргар афзалми ёки роҳиб афзалми, биламан!?» деб бир тошни олди-да, «Аллоҳим, агар роҳиб иши Сенга сеҳргарнинг ишидан маҳбуброқ бўлса, бу жониворни ҳалок қилгин, кишилар ўтиб олишсин», деди. Бола тошни отиб уни ўлдирди ва кишилар ўтиб кетишди. Бола роҳибга келиб, бу ҳақда хабар берди. Роҳиб болага: «Эй болам, сен бугун мендан ҳам афзалсан. Сен бир мақомга етдинг. Сен тез кунларда (ҳар хил синовлар билан) синаласан. Агар шундай ҳолат бўлса, мени ҳеч кимга кўрсатмагин», деди. У бола туғма кўр, песларни тузатиб ва кишилардаги бошқа касалликларни даволар эди. Подшоҳнинг шерикларидан бирининг кўзи ожиз бўлиб қолиб, бу бола ҳақида хабар топди. Боланинг ҳузурига кўп ҳадялар билан келиб: «Агар менга шифо берсанг, буларнинг ҳаммасини сенга бераман», деди. Буни эшитган бола: «Мен бирор кишига шифо бера олмайман. Шифони Аллоҳнинг Ўзи беради. Агар Аллоҳга иймон келтирсанг, Унга дуо қиламан, сенга шифо беради», деди. У киши Аллоҳга иймон келтирди. Ва Аллоҳ у кишига ҳам шифо берди. Бир  куни у киши одатдагидек подшоҳ ҳузурида ўтирганида, подшоҳ унга: «Кўзингни ким даволади?» деди. Шериги: «Раббим даволади», деди. Шунда подшоҳ: «Мендан бошқа ҳам Раббинг борми?» деганида, у: «Раббим – сенинг Раббинг Аллоҳдир», деди. Подшоҳ уни азоблашда бардавом бўлди. Охири у киши болани кўрсатиб беришга мажбур бўлди. Подшоҳ болани тутиб келтирди. Ва унга: «Эй бола, сен сеҳргарликда шу даражага етибсанки, туғма кўр ва песларни тузатиб, ундай ва бундай ишларни қилаётган эмишсан?» деди. Бола: «Мен ҳеч кимни тузатаётганим йўқ. Албатта Аллоҳ шифо беряпти», деди. Подшоҳ уни азоблади ва бунда бардавом бўлди, у роҳибни кўрсатиб қўйди. Роҳиб ҳам (подшоҳ ҳузурига келтирилиб, унга) динингдан қайт, дейилди. Роҳиб бош тортди. Арра олиб келиниб унинг боши ўртасига қўйиб арраланди, бош иккига бўлиниб кетди. Кейин подшоҳ шериги келтирилиб, динингдан қайт, дейилди. У ҳам бош тортди. Арра бошининг ўртасига қўйилиб тортилганида, бўлиниб икки тарафга тушди. Сўнгра болани келтириб, динингдан қайт, дейилди. У ҳам бош тортди. Подшоҳ болани бир неча аъёнларига бериб: «Буни фалон, фалон тоққа олиб боринглар. Ва тепасига чиқинглар. Агар чўққига етсангиз (бир насиҳат қилиб кўринглар), динидан қайтса, қолдиринглар. Агар қайтмайдиган бўлса, уни ўша ердан улоқтириб юборинглар», деди. Аъёнлар (подшоҳ айтган) тоққа бориб, юқорига чиқдилар. Бола эса: «Аллоҳим, уларга Ўзинг хоҳлаган нарса билан кифоя қилгин», деб илтижо қилганида, тоғ бир силкинди. Улар ундан қулаб тушишди. Бола (якка ўзи) подшоҳ ҳузурига келди. Подшоҳ унга: «Ҳамроҳларингга нима бўлди?» деди. Бола: «Аллоҳнинг Ўзи уларга кифоя қилди», деб айтди. Подшоҳ яна бир нечта аъёнларига болани топшириб: «Уни бир катта кемага ортинглар-да, денгиз ўртасига олиб боринглар. (Бир насиҳат қилиб кўринглар) агар динидан қайтса, қолдиринглар. Бўлмаса, уни (денгизга) ташлаб юборинглар», деди. Улар болани олиб боришганида яна у: «Аллоҳим, хоҳлаган нарсанг билан уларга Ўзинг кифоя қилгин», деди. Кема бирдан тўнтарилди-да, улар чўкиб кетишди. Бола яна (якка ўзи) подшоҳ ҳузурига келди. Подшоҳ унга: «Ҳамроҳларингга нима қилди?» деди. Бола: «Аллоҳ уларга Ўзи кифоя қилди, албатта сен мен буюрган нарсани қилмагунингча ўлдира олмайсан», деди. Подшоҳ: «У нима?» деди. Бола: «Одамларни бир тепаликка жамлаб, мени бир хурмо шохига осиб, ўқдонимдан бир ўқни олиб, уни камоннинг ўртасига қўйиб, «Боланинг Раббиси бўлмиш Аллоҳнинг исми билан», деб менга отасан. Агар мана шу айтганимни қилсанг, мени ўлдира оласан», деди.
Подшоҳ одамларни бир тепаликка тўплади. Болани бир хурмо шохига осиб, сўнгра унинг ўқдонидан бир ўқни олиб, камоннинг ўртасига қўйди, кейин «Боланинг Раббиси бўлмиш Аллоҳнинг исми билан», деб отганда, ўқ боланинг чаккасига тегди. У чаккасига қўлини қўйиб вафот этди. Шунда одамлар: «Боланинг Раббисига имон келтирдик», деб айтишди. Подшоҳ ҳузурига кишилар келиб: «Сен ўзинг хавфсираётган нарсага қарамайсанми? Аллоҳга қасамки, сен хавфсираётган нарса – одамларнинг имонга келиши бўляпти», дейишди. Подшоҳ кўчаларнинг оғзига чуқур кавлатишни буюрди. Чуқурлар кавлаб, унга ўт ёқилди. Ва у: «Кимки динидан қайтмаса, унга ташлансин», деди. Бу буйруқни бажардилар. Бир пайт қўлида ёш гўдаги бор бир хотин келди. У хотин ўтга тушишдан ўзини тортаётган эди. Ҳалиги гўдак: «Эй онажоним, сабр қилинг. Сиз ҳақ йўлдасиз», деди...», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

31/7. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қабр олдида йиғлаётган бир аёлни кўриб: «Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил», дедилар. Шунда у аёл: «Нари тур, чунки сенга мендаги мусибат етмагандир ва уни билмайсан ҳам», деди. Шунда у аёлга: «Бу киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдирлар», деб айтилди. У аёл Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дарвозаларига келди. Лекин у зот ҳузурларида дарвозабонларини топмади. Аёл: «Сизни танимабман (Эй Расулуллоҳ)», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқий сабр аввалги зарба пайтдагисидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Муслимнинг ривоятларида: «У хотин бир гўдак боласига йиғлаётган эди», деб келтирилган.

32/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, уни фақат жаннат билан тақдирлайман», деди». Имом Бухорий ривоятлари.

33/9. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Оиша онамиз Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам ўлат (вабо) ҳақида сўраганларида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу аввал азоб эди. Аллоҳ уни хоҳлаган кишиларига юборар эди. Энди уни мўминларга раҳмат қилди. Бирор банда ўлат бор ерда бўлиб қолса ва ўша шаҳарда савоб умидида сабр қилиб, Аллоҳ ёзиб-битиб қўйган мусибатдан бошқа нарса етмаслигини билса, у бандага шаҳиднинг ажри мислича савоб берилади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

34/10. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Аллоҳ азза ва жалла: «Агар бирор бандамнинг икки кўзини шикастласам, у банда бунга сабр қилса, Мен эвазига жаннат билан тақдирлайман», деди». Имом Бухорий ривоятлари.

35/11. Ато ибн Абу Рабоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Сенга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» дедилар. Мен: «Ҳа», дедим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «У қора хотин бўлиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди ва: «Менинг тутқаноқ тутадиган касалим бор. Ўша касалим келса, баданим очилиб қолади. Аллоҳдан (кетказишини сўраб) менга дуо қилинг», деди. Шунда у зот: «Агар сабр қилишни хоҳласанг, сенга жаннат бўлади. Бўлмаса, дуо қиламан, шифо беради», дедилар. У аёл: «Сабр қиламан, лекин танам очилиб қолмаслиги хусусида Аллоҳга дуо қилинг», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

36/12. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен гўёки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга қараб тургандекман, у зот қуйидагича ҳикоя қилаётгандилар: «Пайғамбарлардан бирларини (уларга Аллоҳнинг дуо ва саломлари бўлсин) қавми уриб қонга белаб қўйишди. У пайғамбар юзларидан қонни артиб: «Аллоҳим, қавмимни мағфират қилгин, чунки улар билмайдилар», деб айтардилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

37/13. Абу Саид ва Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор мусулмон кишига заҳмат, беморлик, ташвиш, хафалик, азият, ғам етиб, ҳатто бир тикан санчилса ҳам, Аллоҳ унинг хатоларини ўша сабабли ўчиради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

38/14. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирсам, у зот иситмалаб ётган эканлар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сиз қаттиқ иситмалаяпсиз-а?» десам, у зот: «Ҳа, мен сизлардан икки киши иситмалагани каби иситма бўламан», дедилар. «Унда сизга икки ажр бўладими?» десам, «Ҳа, шу сингари бирор мусулмонга азият етса, тиконми ёки ундан каттароғи азоб берса, у билан ёмонликлари ўчирилиб, гуноҳлари худди дарахт баргидек тўкилиб кетади», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

39/15. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни бирор мусибатга мубтало қилади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

40/16. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингизга зарар етганида ўлимни орзу қилмасин. Агар орзу қилиш чорасиз бўлиб қолса, «Аллоҳим, ҳаёт мен учун хайрли бўлса, тирик қўй. Агар ўлим хайрли бўлса, жонимни ол», деб айтсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

41/17. Абу Абдуллоҳ Хаббоб ибн Аратдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Каъба сояси остида кийимларига ўралиб, суяниб ётганларида, биз шикоят қилиб: «Бизга нусрат сўраб дуо қилмайсизми?», дедик. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан олдинги умматларни ушлаб, ерда чуқур қазиб, унга ташлаб, кейин арра келтирилиб, уларнинг бошига тортиб юбориларди ва у иккига бўлиниб кетарди. Ҳамда темир тароқ билан таралганида суягигача етиб қоларди. Мана шу азоблар уларни диндан тўсиб қўймас эди. Аллоҳ таоло бу ишни шу даражада камолотга етказадики, бир отлиқ киши Саньо шаҳридан Хазрамавтгача хавфсиз юраверади. Бунда фақат Аллоҳдан ва қўйларини бўри еб кетишидангина қўрқади. Лекин сизлар шошқалоқлик қиляпсизлар», деб айтдилар». Имом Бухорий ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Мушриклардан азият етганида биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга йўлиқдик. У зот кийимларига буркалиб суяниб ётардилар», деб келтирилган.

42/18. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Ҳунайн куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўлжаларни тақсимлашда баъзи кишиларга кўпроқ улуш ажратдилар. Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя, Уяйна ибн Ҳиснга ҳам шу миқдорда бердилар. Ҳамда арабларнинг улуғларига ҳам ана шу кунги тақсимда кўпроқ ўлжа бердилар. Шунда бир киши: «Аллоҳга қасамки, бу тақсимотда адолат қилинмади ва Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деб айтди. Мен: «Аллоҳга қасамки, буни Расулуллоҳга етказаман», деб у зотга бу нарсаларнинг хабарини бердим. У зотнинг юзлари ўзгариб, қизилга ўхшаб кетди. Сўнгра: «Агар Аллоҳ ва расули адолат қилмаса, бошқа ким адолат қилади?» дедилар. Кейин: «Аллоҳ Мусо алайҳиссаломни раҳматига олсин, бундан ҳам кўп азият етказилганда сабр қилгандилар», дедилар. Мен эса қайтиб бундан кейин Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам гап ташимайман, дедим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.


43/19. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ бир бандасига яхшиликни хоҳласа, азобини бу дунёдаёқ бериб қўяди. Агар Аллоҳ бандасига ёмонликни хоҳласа, унинг гуноҳини ушлаб туриб, Қиёмат бўлганда тўла-тўкис қилиб (жазосини) беради. Улуғ мукофот катта нарса билан балоланганларга берилади. Аллоҳ таоло бирор қавмни яхши кўрса, уларни балолантириб қўяди. Ким бунга рози бўлса, у учун розилик (ёзилади). Ким ғазаб қилса, унга ғазаб (ёзилади)», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

44/20. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абу Талҳанинг бир ўғли бор эди. У касал эди. Абу Талҳа (қаергадир) чиқиб кетганида бола вафот этди. Абу Талҳа қайтиб келиб: «Болага нима бўлди?» деди. Боланинг онаси Умму Сулайм: «Аввалги ҳолатидан сокинликдадир», деди. Эрига кечки овқатни келтирди. У овқатини тановул қилиб, сўнгра шаръий қовушишди. Ундан фориғ бўлганида «Гўдакни кўмиб келинглар», деди. Абу Талҳа тонг отганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бўлган воқеанинг хабарини берди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаси эр-хотинлик алоқаси қилдингларми?» дедилар. У: «Ҳа», деб жавоб қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, бу икковларига барака бер», деб дуо қилдилар. Хотин бир бола туғди. Абу Талҳа Анасга: «Болани кўтар, бу билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борасан», деб хурмочалар ҳам қўшиб бериб юборди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «У билан бирга бирор нарса борми?» деганларида, хурмочалар келтирилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни олиб чайнадилар-да, гўдакнинг оғзига солдилар, сўнгра танглайини кўтариб, Абдуллоҳ деб исм қўйдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Бухорийнинг ривоятларида Ибн Уйайна айтдилар: «Ансорийлардан бўлган бир киши: «Мен тўққизта болани кўрдим, уларнинг барчалари Қуръон ўқувчи қорилар эди. Булар ўша Абдуллоҳнинг фарзандлари эди», деб айтди».
Муслимнинг бошқа бир ривоятларида: «Абу Талҳанинг розияллоҳу анҳу Умму Сулаймдан бўлган бир ўғли вафот этди. Умму Сулайм аҳлларига: «Абу Талҳага ўғли вафот этганини мендан бошқа ҳеч ким айтмасин», деди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу келганида, хотини кечки овқатни олиб келди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу ундан еб-ичди. Сўнгра хотини ўзини ҳар галгидан чиройли қилиб кўрсатди. Буни кўрган эр беихтиёр шаръий яқинлик қилди. Қачонки, Умму Сулайм эрининг тўйганини ҳамда хотинидан мақсади ҳосил бўлганини кўриб: «Эй Абу Талҳа, агар бир қавм омонатларини бир ҳовлига қўйсалар ва ўша омонатни кейин талаб қилишса, уни бермасликка ҳақлари борми?» деганида, у «Йўқ», деди. Шунда хотини: «Ундай бўлса, ўғлингнинг (ўлимига) савоб умидида сабр қил», деди. Абу Талҳа бундан ғазабланиб, «Нега бу ҳақда менга айтмадинг, кейин нопок ҳам бўлиб қолдим, энди бўлса, ўғлимнинг ўлими хабарини беряпсан?» деб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида хабар берди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шу кечаси бўлган нарсангизда Аллоҳ барака берсин», деб дуо қилдилар. У аёл (дуо баракасидан) ҳомиладор бўлди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафардаликларида бу аёл ҳам бирга эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар сафардан қайтиб, Мадинага келсалар, кечқурун аҳллари ҳузурига кирмасдилар. Мадинага яқинлашганларида бирдан у аёлни тўлғоқ тутиб қолди. Абу Талҳа хотини сабабли тўхтаб қолди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эса йўлларида давом этдилар. Анаснинг розияллоҳу анҳу айтишларича, Абу Талҳа: «Эй Раббим, Сен биласанки, мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан чиқсалар, у зот билан бирга чиқишни, агар у ерга кирсалар, бирга киришни ёқтираман. Кўриб турганингдек, ушланиб қолдим», деб арз қилди. Хотини Умму Сулайм бу сўзларни эшитиб: «Эй Абу Талҳа, мени ҳозир аввалгига ўхшаб тўлғоқ тутмаяпти, бирга кетаверинг», деди. Анас розияллоҳу анҳу: «Ҳаммамиз бирга жўнадик. Қачонки, Мадинага борганларида Абу Талҳанинг хотинларини тўлғоқ тутиб, бир ўғил бола туғдилар. Онам менга: «Эй Анас, буни бирор киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бормагунича эмизмайди», дедилар. Тонг отганида болани кўтариб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бордим», деб олдинги ҳадиснинг охири ила якун ясадилар», дейилади.

45/21. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир неча одамни куч билан енгадиган одам кучли эмас, балки жаҳли чиққанида ғазабини боса оладиган киши кучлидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

46/22. Сулаймон ибн Сураддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдим, икки киши сўкишиб кетди. Бирининг юзи қизариб, бўйин томирлари шишиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен бир калимани биламан. Агар уни айтса, ундан мана бу топган нарсаси (ғазаби ва томир шишиши) кетади. Агар «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм», яъни «Лаънати шайтондан Аллоҳнинг номи ила паноҳ тилайман», деса, ундан бу етган нарсалар кетади», дедилар. Саҳобалар у кишига: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам лаънати шайтондан Аллоҳ номи ила паноҳ тилагин, деб айтдилар», дейишди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

47/23. Муоз ибн Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бажаришга қодир бўла туриб ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун халойиқни бошига чақириб, қора кўзли ҳурлардан хоҳлаганини олишга ихтиёр беради», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

48/24. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам «Менга васият қилинг», деб сўраганида, у зот: «ўазаб қилма», дедилар. У киши (бу саволни) бир неча марта қайтарганида ҳам, у зот: «ўазаб қилма», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

49/25. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши ва мўмина аёлга нафси, фарзанди ва молига мусибат етиб туради. Ҳаттоки, уларнинг бундан гуноҳлари қолмасдан Аллоҳ таолога йўлиқишади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

50/26. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Уйайна ибн Ҳисн жияни Ҳурра ибн Қайсникига меҳмон бўлиб тушди. Жияни Ҳурра ибн Қайс Умарнинг розияллоҳу анҳу яқин аъёнларидан бири эди. Умарнинг розияллоҳу анҳу ҳамсуҳбат ва маслаҳатчилари хоҳ ўрта ёш, хоҳ йигит бўлишсин, қорилардан эди. Уйайна ибн Ҳисн жиянига: «Эй акамнинг ўғли, бу амирнинг ҳузурида сенинг ҳурматинг бор. Менга унинг олдига киришга изн олиб бер», деганида, у изн сўради. Умар розияллоҳу анҳу унинг киришига рухсат бердилар. Уйайна ибн Ҳисн у зот ҳузурларига кириб: «Эй Ибн Хаттоб, Аллоҳга қасамки, бизга кўп нарса бермайсиз. Одиллик билан ҳукм қилмайсиз», деганида, Умар розияллоҳу анҳу ғазабланиб, ҳатто уни урмоқликка ҳам қасд қилдилар. Шунда Ҳурра: «Эй мўминлар амири, албатта Аллоҳ таоло пайғамбарига: «Авфни олинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг», деган. Бу киши ўша жоҳиллардандир», деди. Аллоҳга қасамки, Ҳурра бу оятни ўқиганида, у зот бундан ўтиб кетмадилар. Чунки Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг китобида келган нарсада тўхтардилар (яъни, унга амал қилардилар). Имом Бухорий ривоятлари.

51/27. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан кейин худбин ва инкор қилинадиган ношаръий ишларни кўрасизлар!» деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, ана шу кун келса, бизни нима қилишга буюрасиз?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Устингизда бўлган ҳақларни адо этинглар. Ва ўз ҳақларингизни Аллоҳдан талаб қилинглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

52/28. Абу Яҳё Усайд ибн Ҳузайрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Ансорийлардан бўлган бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули, фалон кишини бошлиқ қилганингиз каби мени ҳам бошлиқ қилиб тайинланг», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар мендан кейин худбинликларга йўлиқасизлар. Ҳавз (кавсар)да менга дуч келгунингизча сабр қилинглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

53/29. Абу Иброҳим Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам душманга йўлиқадиган кунларининг бирида кутиб турдилар. Қуёш мойил бўлганида ўринларидан туриб: «Эй инсонлар! Душманга йўлиқишни орзу қилманглар. Аллоҳ таолодан офиятни сўранглар. Агар уларга дуч келадиган бўлиб қолсанглар, сабр қилинглар. Билингларки, жаннат қиличлар сояси остидадир», дедилар. Сўнгра у зот қуйидагича дуо қилдилар: «Эй Қуръон нозил қилувчи, эй булутларни юргизувчи, эй гуруҳларни мағлуб этувчи Аллоҳим! Уларни мағлуб қил. Ва уларнинг зарарига ҳамда бизнинг фойдамизга нусрат бер». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

5-БОБ. Аллоҳ доим кузатувчи эканлигининг баёни

Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:«У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасидан кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турур» (Шуаро сураси, 218-219-оятлар);

«Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир» (Ҳадид сураси, 4-оят);

«Албатта Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир» (Оли Имрон сураси, 5-оят);

«Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир» (Вал-Фажр сураси, 14-оят);

«(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур» (ўофир сураси, 19-оят).
Бу боб ҳақидаги оятлар кўп ва маълумдир.

60/1. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Биз кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик, шу пайт кутилмаганда оппоқ кийимли, қоп-қора сочли бир киши келиб қолди. Унда сафар асорати кўрилмасди. Ва уни биздан бирор киши танимасди ҳам. У киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтириб, тиззасини тиззаларига теккизиб, икки кафтини сонлари устига қўйиб: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар беринг», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом бу – «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг расули», деб гувоҳлик бермоғинг, намозни адо этмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг ҳамда йўл юришга қодир бўлсанг, Байтуллоҳни ҳаж қилмоғингдир», дедилар. У киши: «Рост гапирдингиз», деди. Биз эса ундан сўраб яна тасдиқлагани учун ажабландик. Ҳалиги киши: «Менга имон ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ҳамда яхши ва ёмон тақдирга имон келтирмоқлигингдир», дедилар. У киши яна: «Рост гапирдингиз, менга эҳсон ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эҳсон – Аллоҳни гўёки кўриб тургандек ибодат қилмоғинг. Агар уни кўрмасанг, У сени кўради», дедилар. У киши: «Менга Қиёмат ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сўралган шахс бу ҳақда сўровчидан зиёда билувчи эмас», дедилар. У киши: «(Бундай бўлса) Қиёмат аломатлари ҳақида хабар қилинг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Чўри ўз хожасини туғмоғи ҳамда яланғоч қўй боқувчи бечоралар уй бино қилишда (ким ўзарга) пойга қилмоқликларидир», дедилар. Сўнгра у киши кетди. Мен эса узоқ вақт туриб қолдим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умар, бу савол қилган кишини биласанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ ва расули билувчироқ», дедим. Шунда у зот: «Бу Жаброил эди. Сизларга динингизни таълим бериш учун келдилар», деб айтдилар». Имом Муслим ривоятлари.

61/2. Абу Зарр Жундуб ибн Жунода розияллоҳу анҳу ва Абу Абдураҳмон Муоз ибн Жабалдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси жойда бўлмагин, Аллоҳдан қўрқ. Ўмонликка яхшиликни эргаштиргин. Уни ўчириб юборади. Одамларга чиройли хулқ билан муомала қил», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.

62/3. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида мингашиб кетаётган эдим. У зот: «Эй бола, сенга бир калима ўргатайми? Аллоҳга риоя қил, сени сақлайди. Аллоҳга риоя қил, Уни рўпарангдан топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўрагин. Агар ёрдам тиласанг ҳам, Аллоҳдан тилагин. Билгинки, агар уммат бирор нарсада сенга ёрдам беришга жамланишса, фақатгина Аллоҳ сенга (тақдир) қилиб ёзиб қўйган нарсанигина ёрдам бера олишади, холос. Агар уммат бирор нарсада сенга зарар беришга жамланишса, фақатгина Аллоҳ сенга (тақдир) қилиб ёзиб қўйган нарсанигина зарар бера олишади, холос. Қалам кўтарилиб, саҳифалар қуриб бўлган», деб айтдилар». Имом Термизий ривоятлари.
Термизийдан бошқа ривоятларда қуйидагича айтилади: «Аллоҳга риоя қил, олдингда топасан. Аллоҳни кенгчиликда танигин, сени қийинчиликда танийди. Билгинки, албатта хато қилганинг тўғри қилмаганинг учун эмас. Ва тўғри қилганинг хато қилмаганинг учун эмас. Билгинки, албатта нусрат сабр билан бирга бўлади. Шодлик азиятлар билан бирга бўлади. Ва қийинчилик билан енгиллик бўлади».

63/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Сизлар баъзи амалларни қиласизлар. У сизларнинг наздингизда соч толасидан ҳам нозикроқдир. Биз эса Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида буларни ҳалокатга элтувчи амаллардан, деб санардик», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

64/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таолонинг нафрати келур. Киши Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни қилганида Аллоҳнинг нафрати келур», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

65/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳикояни эшитдилар: «Бани Исроилда уч нафар киши бор эди. Бири пес, бири кал ва бири кўр эди. Аллоҳ таоло уларни синамоқчи бўлиб, бир фариштани одам суратида юборди. Фаришта песни олдига бориб: «Қайси нарса сенга маҳбуброқ?» деди. Пес: «Чиройли ранг, чиройли тери ва кишилар жирканаётган мана бу нарсанинг кетишини яхши кўраман», деганида, фаришта унга қўлини суртди. Бас, ундан жирканч нарса кетиб, чиройли ранг берилди. Фаришта: «Сенга қайси бойлик яхши?» деганида, «Туя ёки мол», (ровий шак қилдилар) деди. Унга бўғоз туя берилди. Фаришта: «Сенга Аллоҳ бунда барака берсин», деди.
Фаришта калнинг олдига келиб: «Қайси нарса сенга маҳбуброқ?» деди. Кал: «Чиройли соч ва мендан мана бу кишилар жирканаётган нарсанинг кетишини яхши кўраман», деди. Фаришта унга қўлини суртди. Бас, ундан жирканч нарса кетиб, чиройли соч берилди. Фаришта: «Сенга қайси бойлик маҳбуброқ?» деганида, у киши: «Мол», деди. Унга бўғоз сигир берилди. Фаришта: «Аллоҳ сенга бунда барака берсин», деди.
Сўнгра фаришта кўрнинг олдига бориб: «Сенга қайси нарса маҳбуброқ?» деди. Кўр: «Аллоҳ менга кўзимни қайтариб берса ва кишиларни кўрсам», деди. Фаришта унга қўлини суртди. Бас, Аллоҳ таоло унга кўзини қайтариб берди. Фаришта: «Сенга қайси бойлик маҳбуброқ?» деганида, у киши: «Совлиқ қўй», деди.
Уларга берилган ҳамма жониворлар болалади. Биринчисида бир водий туя, иккинчисида бир водий мол, учинчисида бир водий қўй бўлди. Кейин фаришта аввалги сурати ва ҳайъатида келиб: «Бечора кишиман. Сафарим захиралари тугаб қолди. Бугун (ватанимга) етмоқлигимнинг иложи йўқ. Фақатгина Аллоҳнинг карами, сўнгра сенинг ёрдаминг билангина етиб оламан. Шунинг учун сендан чиройли ранг, чиройли тери ва бойлик берган Аллоҳ ҳурмати бир дона туя сўрайман. Мен бу сафаримда  у туя билан (ватанимга) етиб оламан», деганида, ҳалиги пес: «Бериладиган ҳақлар кўпдир», деди. Фаришта: «Мен сени гўёки (аввал) кўргандекман. Сен кишилар жирканадиган пес бўлмаганмидинг? (Кейин) Аллоҳ сенга бойлик бермаганмиди?» деганида, ҳалиги пес: «Катта боболардан бу бойликни мерос қилиб олдим», деди. Фаришта: «Агар ёлғончи бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолатингга қайтариб қўйсинми?!» деди.
Сўнгра аввалги сурати ва ҳайъатида калнинг олдига борди. Унга ҳам песга айтган нарсаларни айтганида, кал ҳам пес жавоб қилган нарсаларни айтди. Фаришта: «Агар ёлғончи бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолатингга қайтариб қўйсинми?!» деди.
Сўнгра у аввалги сурати ва ҳайъатида кўрнинг олдига борди. Ва: «Мен мусофир бечора кишиман. Сафарим воситалари тугаб қолди. Мен бугун (ватанимга) етмоқлигимнинг иложи йўқ. Фақатгина Аллоҳнинг карами, сўнгра сенинг ёрдаминг билангина етиб оламан. Шунинг учун сендан кўзингни қайтариб берган Аллоҳ ҳурмати бир дона қўй сўрайман. Мен бу сафаримда у қўй билан (ватанимга) етиб оламан», деганида, ҳалиги кўр киши: «Ҳақиқатда мен кўр эдим. Аллоҳ менга кўзимни қайтиб берди. Сен бу қўйдан хоҳлаганингни олиб, хоҳлаганингни тарк қил. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло йўлида бугун бирорта нарса олсанг, қийинчиликка қўймайман», деди. Шунда фаришта: «Молингни ўзинг ол. Сизлар имтиҳон қилиндингизлар. Аллоҳ сендан рози бўлиб, икки оғайнингдан ғазабланди», деб айтди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

66/7. Абу Яъло Шаддод ибн Авсдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ақлли киши нафсини ҳисоб-китоб қилиб ўлганидан кейин фойда берадиган нарсага амал қилган кишидир. Ожиз киши ҳавою-нафсига эргашиб, Аллоҳдан тавбани умид қилган кишидир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

67/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бефойда нарсаларни тарк қилиш киши Исломининг чиройлилигидандир», дедилар. Термизий ва бошқалар ривояти.

68/9. Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишидан хотинини нимага ургани ҳақида сўралмайди», дедилар. Абу Довуд ва бошқалар ривояти.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase