close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

7-БОБ. Комил ишонч ва таваккал баёни

Аллоҳ таоло:«Мўминлар у фирқаларни кўрган вақтларида «Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни, имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир», дедилар ва (устиларига бостириб келаётган фирқаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) имон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос» (Аҳзоб сураси, 22-оят);

«Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!» деганларида, бу гап уларнинг имонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» дедилар. Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай, Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Оли Имрон сураси, 173-174-оятлар).

«Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг» (Фурқон сураси, 58-оят).

«Имон келтирган кишилар ёлғиз Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» (Иброҳим сураси, 11-оят).

«Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг – таваккал қилинг» (Оли-Имрон сураси, 159-оят).

«Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ сураси, 3-оят).
«Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганида имонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар» (Анфол сураси, 2-оят) деб айтган.

74/1. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга умматлар рўбарў қилинди. Мен ҳамроҳлари билан бирга кетаётган бир набийни кўрдим. Яна бир набийни кўрдимки, у киши билан бир ёки икки киши бирга эди. Учинчи бир набийни кўрдимки, у билан бирор киши йўқ эди. Шу пайт кўп кишилар кўрсатилди. Мен эса улар умматиммикан, деб гумон қилдим. Бу Мусо алайҳиссалом ва у зотнинг қавмлари эди. Лекин сен у томонга қара, дейилди. Мен қарасам, унда кўп кишилар бор экан. Бошқа томонга ҳам қара, дейилди. Қарасам, унда ҳам кўп кишилар бор экан. Шунда «Бу умматингдир. Улар билан етмиш минг киши борки, улар ҳисоб-китобсиз, азобсиз жаннатга киришади», дейилди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, манзилларига кириб кетганларида, кишилар ўша жаннатга ҳисоб-китобсиз, азобсиз кирувчилар ҳақида гурунглаша бошлашди. Баъзилар: «Шояд, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам суҳбатларида бўлган кишилар ўшалар бўлишса», дейишди. Баъзилар эса: «Шояд, Исломда туғилиб, Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаганлар ўшалар бўлишса», дейишди. Ва яна кўп нарсаларни зирк қилишди. Шу пайт Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам улар ҳузурига чиқиб: «Нима ҳақда гурунглашяпсизлар?» деганларида, улар бунинг хабарини беришди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Улар дам солмаган, дам солдирмаган, фол очмаган ва Раббиларига таваккал қилган кишилардир», дедилар. Уккоша ибн Муҳсин ўрнидан туриб, «Мени ўшалардан қилишини Аллоҳдан сўраб дуо қилинг», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен улардансан», дедилар. Сўнгра бошқа бир киши туриб: «Мени ҳам ўшалардан қилишини Аллоҳдан сўраб дуо қилинг», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уккоша у ҳақда сўрашда сендан ўзиб кетди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

75/2. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма лака асламту ва бика аманту ва ъалайка таваккалту ва илайка анабту ва бика хосамту. Аллоҳумма аъузу биъиззатика ла илаҳа илла анта ан тудилланий антал ҳаййуллазий ла тамуту вал жинну вал инсу ямутуна» (яъни: «Аллоҳим, Сенга бўйин эгдим. Сенга имон келтирдим. Сенга таваккал қилдим. Сен томонга қайтдим. Сенинг (йўлингда) жанжал қилдим. Аллоҳим, иззатинг ила мени адаштирмоғингдан паноҳ тилайман. Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сен тирикдирсан, ўлмайсан. Жин ва инслар ўлишади»), деб айтардилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

76/3. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Иброҳим алайҳиссалом ўтга ташланганида: «Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакийл», яъни «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир», деб айтдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга соллоллоҳу алайҳи васаллам айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!» деганларида, бу гап уларнинг имонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Ибн Аббосдан қилинган бошқа бир ривоятда айтилишича, Иброҳим алайҳиссалом ўтга ташланган пайтдаги охирги сўзлари «Ҳасбияллоҳу ва ниъмал вакийл» эди.

77/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир қанча жамоат жаннатга киришади. Уларнинг қалблари худди қушнинг қалбига ўхшайди», дедилар (яъни, Аллоҳга таваккаллари кучли бўлганидан қалблари қуш қалби каби нозик бўлади). Имом Муслим ривоятлари.

78/5. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Нажд томонда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазот қилдилар. Қачонки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қайтганларида, бу зот ҳам улар билан бирга қайтдилар. Тикани кўп водийга келинганида, уларнинг қайлула қилгилари келиб қолди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у ерга тушдилар. Одамлар ҳам дарахт соясини ахтариб тарқалишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам акас дарахтларидан бирининг остига тушиб қиличларини осиб қўйдилар. «Биз бирозгина ухлаганимизда, ногаҳон Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизни чақириб қолдилар. Ўша пайт ҳузурларида бир саҳройи одам турарди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ухлаётганимда бу киши қиличимни қинидан чиқарди. Ногаҳон уйғонсам, қўлида қилич яланғоч турибди. Ва «Сени мендан ким тўса олади?» деди. Мен уч марта Аллоҳ, деб айтдим», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни жазоламадилар ва у (ҳузурларида) ўтирди», деди Жобир розияллоҳу анҳу. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа бир ривоятда Жобир розияллоҳу анҳу айтдилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Зотурриқоъ ғазотида эдик. Сояли дарахт олдига бордик-да, у ерни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга қолдирдик. Мушриклардан бўлган бир киши келиб дарахтда осиғлик турган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қиличларини олди-да, уни қинидан чиқариб: «Мендан қўрқяпсанми?» деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ», дедилар. У киши: «Сени мендан ким тўса олади?» деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ!» дедилар».
Абу Бакр Исмоил ўз «Саҳиҳ»ларида: «У киши: «Сени мендан ким тўса олади?» деганида, у зот: «Аллоҳ», дедилар. Шунда у кишининг қўлидан қилич тушиб кетди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қилични қўлларига олиб: «Сени мендан ким тўса олади?» деганларида, у киши: «Яхши муомалали бўл», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, албатта мен Аллоҳнинг расули эканлигимга гувоҳлик берасанми?» деганларида, у киши: «Йўқ! Лекин сен билан урушмасликка ва сен билан бирга урушувчи қавмлар билан бирга бўлмасликка аҳд бераман», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни қўйиб юбордилар. У киши дўстлари ҳузурига бориб: «Кишиларнинг энг яхшиси ҳузуридан келяпман», деди», деганлар.

79/6 Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий маънода таваккал қилганингизда, У зот қушни ризқлантиргани каби ризқлантириб қўяр эди. У қушлар қорни оч кетиб, қорни тўқ бўлиб қайтиб келади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

80/7. Абу Имора Барро ибн Озибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй фалончи, агар тўшагингга ётсанг, қуйидаги дуони ўқигин: «Аллоҳумма асламту нафсий илайка ва важжаҳту важҳий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжаъту заҳрий илайка рағбатан ва раҳбатан илайка ла малжаа вала манжаа минка илла илайка аманту бикитабикаллазий анзалта вабинабиййикаллазий арсалта» (яъни: «Аллоҳим, ўзимни Сенга топширдим. Юзимни Сен томонга қаратдим. Ишимни Сенга ҳавола қилдим. Орқамни Сен томонга рағбат ҳамда қўрққан ҳолда суядим. Суянчиқ ва бошпана фақат Сендадир. Туширган китобларингга ҳамда юборган пайғамбарларингга имон келтирдим»). Агар сен мана шуларни айтиб, ўша кечаси ўлсанг, Ислом фитратида ўласан. Агар тонг оттирсанг, яхшиликка етишган ҳолда тонг оттирасан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Икки «Саҳиҳ» китобида Барродан розияллоҳу анҳу қилинган бошқа бир ривоятда қуйидагича айтилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ётоғингга келсанг, намозга қилган таҳоратингдек таҳорат қилиб, ўнг томонингга ёнбошлаб (юқоридаги) дуоларни айт. Ва бу (ухлашдан олдин) охирги айтадиган нарсанг бўлсин», дедилар».

81/8. Абу Бакр Сиддиқдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «ўорда турганимизда мушрикларнинг қадамларига қарадим. Улар шундоққина бошимиз устида турар эдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, агар улардан бирортаси оёғининг тагига қараса, бизни кўриб қолади», десам, у зот: «Эй Абу Бакр, икки киши бўлса, учинчилари Аллоҳ эканига нима дейсан?» дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

82/9. Умму Саламадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар уйларидан чиқсалар: «Бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳи. Аллоҳумма инний аъузу бика ан адилла ав удалла ав азилла ав узалла ав азлима ав узлама ав ажҳала ав йужҳала ъалаййа» (яъни, «Аллоҳ номи билан, Аллоҳга таваккал қилдим. Эй Раббим, адашиш ва адаштиришдан, тойилиш ва тойилтиришдан, зулм қилиш ва зулм кўришдан, жоҳиллик қилиш ва менга нисбатан жоҳиллик қилинишидан Сендан паноҳ сўрайман»), деб айтардилар. Абу Довуд, Термизий ва бошқалар саҳиҳ санад билан ривоят қилишган.

83/10. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки уйидан чиқаётганида, «Бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳи вала ҳавла вала қуввата илла биллаҳ» (яъни: «Аллоҳ номи билан, Аллоҳга таваккал қилдим. Аллоҳдан ўзгада ўзгартириш ҳам, қувват ҳам йўқдир»), деса, «Ҳидоят қилиндинг, кифоя қилиндинг ва ҳимоя этилдинг», дейилади ва шайтон ундан узоқ бўлади», дедилар. Абу Довуд, Термизий, Насаий ва бошқалар ривояти. Абу Довуднинг ривоятларида: «Шайтон бошқа бир шайтонга киши ҳидоят қилиниб, кифоя қилиниб ҳимоя этилса аҳволининг қандай бўлур», сўзи зиёда қилинган.

84/11. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида ака-ука бор эди. Бири Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (хизматларига) келиб турарди. Иккинчиси касб-ҳунар қилар эди. Ҳунарманд Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хизматларида бўлган укасидан шикоят қилганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Балки унинг сабабидан сенга ризқ берилаётгандир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase