close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ваҳийни тушуниб етмаслик

Юқорида баён қилинган ваҳий ҳолатини тушуниб етмаслик кўп нарсаларга тўсиқ бўлиши турган гап. Энг ёмони бу улкан ҳақийқатни ўрганмай туриб ўзича “хулоса чиқариш” ва бу хулосани бошқаларга “илмий ҳақийқат” дея тақдим қилиш эканини мактабда ўқиб юрган чоғимда англаб етган эдим.

Юқорида баён қилинган ваҳий ҳолатини тушуниб етмаслик кўп нарсаларга тўсиқ бўлиши турган гап. Энг ёмони бу улкан ҳақийқатни ўрганмай туриб ўзича “хулоса чиқариш” ва бу хулосани бошқаларга “илмий ҳақийқат” дея тақдим қилиш эканини мактабда ўқиб юрган чоғимда англаб етган эдим. Мактабимиз мудири синфимизга бўш қолган дарс вақтида кириб бизга билим беришга ўтди. Мудир Қуръони Карим ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни айтди: “Муҳаммад пайғамбар бир тўп илмли одамларни тўлаб, уйга қамаган. Битта китоб ёзишасан, деган. Китоб ёзилиб бўлгандан кейин, ҳалиги одамларни қатл қилган. Сўнгра китобни бедапояга қўйиб, одамларни чақирган ва менга осмондан китоб тушди деб, ҳалиги китобни кўрсатган. Шунинг учун, кексалар, бедапояга сийиб бўлмайди, дейишади”.
Мудир синф хонасидан чиқиб кетиши билан болалар орасида муҳокама бошланди. Ҳамма мудирнинг гапига ишониб бўлмаслиги таъкидлади. Аммо бирор киши бор ҳақийқатни айта олмади. Муллалар билишини таъкидлашди. Мен уйга борганда отамизга бўлиб ўтган ҳодисани айтган эдим, у киши менга керакли нарсани қисқача тушунтириб бердилар.
Ваҳий ҳақиқатини тушуниб етмаслик мактабимиз мудири каби фақатгина даҳрийлик тузуми одамларига тегишли эмас. Бундан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамаср бўлган мушриклар ҳам бу ҳақиқатни инкор қилиб, ўзларича Қуръони Карим ҳақида турли уюдирмалар ва бўҳтонлар тўқиган эдилар.
Мазкур бўҳтонлар турли-туман тахминлардан бошқа нарса эмас эди. Аммо шундай бўлса ҳам, Қуръони Каримга қарши айтилган эди. Энг ёмони, ҳозиргача айтилиб келмоқда. Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг инояти ила Қуръони Каримнинг ҳақ эканига хизмат ҳам қилмоқда. Мазкур бўҳтонлар асоссиз эканига ва Қуръони Карим ҳақ эканига кишилар қайта-қайта ишонмоқдалар.
Улумул Қуръон илми машойихлари бу мавзуъга алоҳида эътибор билан қарашади. Қуръони Каримга қарши тўқилган бўҳтонларга эринмай раддиялар қилишади. Чунки, бунда Қуръони Каримни ҳақ эканини англатиш учун, Қуръон душманларининг бўҳтонлари ноҳақ эканини баён қилиш учун қулай фурсат бор.
Қуйида мазкур бўҳтонлар ва уларга Қуръони Каримнинг ўзи ва машойихларимиз тақдим қилган раддиялардан баъзиларини ўрганамиз.       
1. Қуръон алғов-далғов туш кўраётган мажнуннинг гапидир.
Араблар назарида алғов-далғов тушлар жиннилик жумбушидан бўлади, деган тушунча бор эди. Шунинг учун ҳам, улар ўзларига ваҳий нозил бўлаётгани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида бу алғов-далғов туш кўраётган мажнун деган гап тарқатдилар.
Аллоҳ таоло “Духон” сурасида марҳамат қилади:
“Ва бу ўргатилган мажнун”, дедилар”, - (14-оят).
  Ва яна “Қалам” сурасида марҳамат қилади:
“Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлурлар ва, албатта, у жиннидур, дерлар”, - (51-оят).
Аллоҳ таоло уларнинг бу бўҳтонларини рад қилиб, Ўз Набийсига тасаллий берган ҳолда “Қалам” сурасида деди:
“Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам.Сен Роббинг неъмати ила мажнун эмассан”, - (1-2-оятлар).
Аммо, бу уйдирмачининг бўҳтонлари ёки ёлғончининг  териб олган гаплари, каби даъволарни арабларнинг Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларидаги ўзлари берган гувоҳликлари  рад қилади.  Чунки, улар у зотни содиқлик ва омонатдорлик сифатлари билан сифатлашарди. Уйдирмачи ва ёлғончиларнинг асл башаралари  тез кунда очилиб қолади.
Хўп, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси нарсада ёлғон гапирдилар?  Ғайб хабарларидами, ўтган замон хабарларидами ёки келаси замон хабарларидами?
Чегараланган араб маданияти ўша даврда ушбу соҳада ким ёлғончи-ю, ким содиқ эканини ажратиб берадиган ҳакамлик имкониятини бера олармиди?!
Дарҳақиқат, Қуръони Карим борлиқ ва ундаги мавжудотларнинг дастлабки яратилишини ва уларнинг муқарар бориш жойини васфини қилган. Охиратнинг неъматлари ва унинг аламли азобларини тафсилотини айтган. Жаҳаннам эшикларининг ададини ва ҳар бир эшик олдида вакил қилинган фаришталар ададини санаган. Шуларнинг барчасини Китоб берилган илм аҳилларининг кўз ўнгида араблар олдига кўнгдаланг қўйган.
Аллоҳ таоло “Муддассир” сурасида марҳамат қилади:
“Дўзах соҳибларини фаришталардан қилганимиз ва уларнинг адади ҳам фақат кофирларни синаш учун. Китоб берилганлар ишонч ҳосил қилишлари учун. Ва иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учун”, - (31-оят).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда ушбу кенг ғайбий маърифат қаердан пайдо бўлиб қолди?! Ваҳоланки, у зот бутпараст, саводсиз бўлган қавмлар орасида эдилар. Ёки бу маърифат ушбу қавмга осмондаги юлдузлардан тушдими ёхуд Шеъро ва Миррих юлдузидан келдими?! У зот пайғамбарликдан олдин улар орасида қирқ йил яшамадиларми? Энди адашиб иғвога тушдиларми? Уларнинг ўзи у зотни “Ас-содиқул Амин” (Ростгўй ишончли) деб номламаганмидилар?
Аллоҳ таолонинг у зотга уларни жим қилиб қўядиган илмни бериши ажабланадиган нарсами?
Аллоҳ таоло “Юнус” сурасида марҳамат қилади:
“Сен: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас ва уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл ишлатиб кўрмайсизларми?» деб айт”, - (16-оят).
Яъни, мен сизларга ўзимча Қуръон тиловат этиб, унга иймон келтиришга ўзимча даъват қилаётганим йўқ. Аллоҳнинг амри билан бўляпти бу ишлар.
«Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас ва уни сизларга ўргатмас эди».
Агар Аллоҳ сизларга Қуръон тиловат этишимни ва уни ўргатишимни хоҳламаса эди, буни қилмасдим.
«Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл ишлатиб кўрмайсизларми?» деб айт».
Ўзингиз ўйлаб кўринг, шунча вақт орангизда умр кечирдим ва шу пайтгача бу ишни қилган эмасдим.
Аммо, Аллоҳдан амр келганидан сўнг, уни бажо келтириб, сизларга Қуръон тиловат этмоқдаман ва уни сизларга ўргатмоқдаман.
Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келгунича ҳам қирқ йил давомида уларнинг ичида яшаган эдилар. Яхши сифатлари билан улар орасида машҳур бўлган эдилар. Хусусан, ўта ростгўй ва омонатли бўлганларидан «Амин» деган лақаб олган эдилар. Ана шундай сифатларга эга бўлган одам қирқ ёшга кирганида бирдан ёлғон гапириб қолиши, хусусан, Аллоҳнинг номидан ёлғон гапириши ҳеч ақлга сиғмайди. Ўзини билган ҳар бир одам, ҳатто душман, кофир бўлса ҳам, бу ҳақиқатни дарҳол англаб етарди. Рум императори Ҳерақл билан Абу Суфён ва унинг шериклари ўртасида ўтган суҳбатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳам тилга олинган эди.
Ўшанда Ҳерақл Абу Суфёндан:
«Бу гапларини айтишидан олдин уни ёлғон гапиришда айблаганмисизлар?» деб сўради. Ўша пайтда куфрнинг боши, мушрикларнинг раҳнамоси бўлган Абу Суфён:
«Йўқ!» деб жавоб берди. Шунда Ҳерақл:
«Менимча, одамларга ёлғон гапирмаган одам Аллоҳнинг номидан ҳам ёлғон сўзламайди», деди.
Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга етгунларича Қуръон ва Ислом ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган эдилар. Чунки бундай ишлар бўлиб кетишини у киши ўйламаган ҳам эдилар. Қирқ ёшга кирганларида Аллоҳдан ваҳий келди ва у киши амри илоҳийга итоат этиб, ўша ваҳийни одамларга етказа бошладилар. У зот Аллоҳ ҳақида ёлғон гапиришлари мумкин эмасди. Агар шундай қиладиган бўлсалар, Аллоҳ у зотни ўз ҳолларига ташлаб қўймасди, балки жазоларди.
Қуръони карим ўтган замон хабарларидан қай бирининг қиссасини келтирган бўлса, ўтган умматлардан қиссаларнинг энг гўзалини келтирди ва олдинги Китоблардаги хатоларни тўғрилади. Уларнинг Анбиёлар маъсумлиги ҳақидаги янглиш тушунчаларини  тўғрилади. Баъзи тарихий адашишларни рад қилди. Муҳаммад алайҳиссаломни барча ҳодисаларнинг шоҳиди ва кузатувчиси қилиб, гўё у зот ўша ҳодисалар соҳиблари орасида, уларнинг асрида яшагандек тасвирлади.
Аллоҳ таоло “Ҳуд” сурасида Ўз набийсига Нуҳ қиссасини айтиб бериб, сўнгра қуйидагиларни деди:
“Ана шу ғайб хабарларини сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам. Бас, сабр қил, албатта, оқибат тақводорларникидир”, - (49-оят).
Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари аллақачон ўтиб кетган. Уларнинг хабарини Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, у кишининг қавмлари – Арабистон аҳолиси ҳам билмас эдилар.
«Ана шу ғайб хабарларини сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам».
Мана энди, ана шу одамларга ваҳий йўли билан номаълум нарсаларнинг хабари – Нуҳ алайҳиссалом ва у зотнинг қавмлари хабари келди.
Дину диёнат, иймон-эътиқод иши қадимдан шундай қийинчилик билан кўчган. Нуҳ алайҳиссалом тўққиз юз эллик йил даъват қилгандан сўнг озгина киши, баъзи ривоятларда айтилишича, ўн икки киши иймон келтирган, холос. Ҳаттоки, у кишининг ўғиллари ҳам иймон келтирмаган. Шунинг учун:
«Бас, сабр қил, албатта, оқибат тақводорларникидир».
Эй Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи васаллам, сабр қил, сен энди ўн йил даъват қилдинг. Даъват иши юришмай қолганига сиқилма, оқибатда тақво қилувчилар нажотга эришиши муқаррардир. Нуҳ Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирганлар, ниҳоятда оз бўлишларига қарамай, узоқ вақт сабр қилдилар ва оқибатда нажотга эришдилар. Тақво қилмаганлар, кофирлар эса, қанчалик кўп бўлмасинлар, ҳалок бўлдилар.
Аллоҳ таоло “Қосос” сурасида Мусо алайҳиссаломнинг Мадяндаги аҳволлари тафсилотини  бир неча бор келтириб, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деди:
“Биз Мусога ишни ҳукм қилган пайтимизда сен ғарбий томонда эмас эдинг ва гувоҳлардан ҳам бўлмагансан”, - (44-оят).
Яъни, Биз Мусога Пайғамбарликни, Таврот ва унинг ҳукмини берган пайтимизда Тур тоғининг ғарбий томонида йўқ эдинг. Бу ишга гувоҳлардан ҳам бўлмагансан.
Қуръон нозил бўлгунича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда ҳеч нарса билмаганларидан бир оғиз сўз гапирмаган эдилар. Акс ҳолда, душманлар дарҳол юзларига солар эди. Шундай бўлишига қарамай, Қуръонда Мусо алайҳиссаломнинг қиссаси батафсил келиши, ҳатто, яҳудий ва насороларнинг бу борадаги хатоларини тўғрилаши, Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканига ёрқин далилдир.
“Лекин Биз бир неча асрларни пайдо қилдик, бас, уларнинг умри чўзилди. Сен Мадянда туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганинг йўқ. Аммо Биз Расул юборгувчи бўлдик”, - (45-оят).
Мусо алайҳиссаломнинг даврларидан кейин бир неча асрлар, қанчадан-қанча авлодлар ўтиб кетди. Бу орада Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари унутилди ёки бузилди.
«Сен Мадянда туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганинг йўқ».
Аммо ҳозир Маккада туриб, Мадян хабарларини қавмингга тиловат қилиб бермоқдасан. Бироқ қавминг бунга ишонмаяпти. Мадян қаёқдаю Макка қаёқда. Сен тиловат қилаётган Мадяндаги ҳодисалар қачон ўтгану ҳозир қайси замон. У ердаги ва у вақтдаги ишлар унутилиб кетган, ҳеч ким билмайди.
«Аммо Биз Расул юборгувчи бўлдик».
Ана ўша юборган Пайғамбаримиз сенсан. Сенга мазкур хабарларни Қуръон оятлари орқали туширдик. Фақат сен, Пайғамбар бўлганинг учун, бу ишлардан энг тўғри хабарларни одамларга етказмоқдасан. Шунинг ўзи ҳам сенинг ҳақ Пайғамбар эканингга далилдир.
Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида саййида Марямнинг Ийсо алайҳиссаломни дунёга келтиришлари, Закариё алайҳиссаломнинг Марямни ўз кафилликларига олишликларини васф қилиб бўлгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата  шундай деди:
“Бу ғайб хабарлардан бўлиб, сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар қайсилари Марямнинг кафили бўлишига қаламларини ташлашаётганларида олдиларида эмасдинг ва тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг”, - (44-оят).
Биби Марямнинг оналарининг исми Ҳинна Марямни туққанларидан кейин, ваъдасига вафо айлаб, янги йўргакланган чақалоқни яҳудийларнинг «Ҳайкал» ибодатхонасига олиб келиб, у ердаги диний ходимларнинг олдига қўйиди ва: «Бу назр қилинган қизни олинглар», деди. Шунда улар, мен оламан, мен оламан, деб талашиб кетидилар. Чунки, қизча бошлиқлари ҳазрати Имроннинг қизи эди-да. Албатта, бу ишлар Муҳаммад алайҳиссаломга қоронғу, ғайб ишлар эди. Бу маълумотни фақат Қуръон келтирган хабардан билмоқдалар:
«Бу ғайб хабарлардан бўлиб, сенга ваҳий қилмоқдамиз».
Бир нарса устида бир неча киши талашса, яна ҳаммалари у нарсага тенг ҳақдор бўлишса, одатда қуръа ташланади. Марямга кафилликни талашганлар ҳам шу каби вазиятга тушиб қолдилар. Шунда улар ўртасида «қаламларини ташлаш» бўлиб ўтди.
«Улар қайсилари Марямнинг кафили бўлишига қаламларини ташлашаётганларида олдиларида эмасдинг ва тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг».
Оят «қалам ташлаш»нинг тафсилотини ёритмайди. Ривоятларда келишича, улар қаламларини Урдун дарёсига ташлашган экан. Ҳамманинг қалами оқиб кетиб, Закариё алайҳиссаломнинг қаламлари оқмай туриб қолибди. Шуни аломат фаҳмлаб, Марямни у киши олишларига рози бўлишган экан.
Аҳли китоблар тарихида кечган бу сирли ҳодисаларни очиқлаш билан Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ Пайғамбар эканликларини исбот қилинмоқда. Чунки, Аллоҳдан хабар келмаса, у киши бу воқеаларни майдачуйда ҳолатларигача аниқ билишлари мумкин эмас. Ушбу хабарлар ниҳоятда тўғрилигидан ояти карима тушган ўша вақтдаги аҳли китоблар бунга қарши чурқ эта олмаганлар. Агар ҳақ бўлмаганида, Қуръонни ва Пайғамбарни камситишга имконият ва айб излаб юрган аҳли китоблар буни дарров дўмбира қилган бўлишарди.
Аллоҳ таоло “Юсуф” сурасида Юсуф алайҳиссалом ва биродарлари қиссасини узоқ зикр қилиб, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата шундай деди:
“Бу ғайб хабарлардан бўлиб, уни сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар макр қилиб, ишлари ҳақида гап бириктирганларида олдиларида бўлмаган эдинг”, - (102-оят).
Яъни, ушбу сурада келтирилган қисса сен учун ғайбнинг иши эди. Сенинг ундан хабаринг йўқ эди. Биз:
«Уни сенга ваҳий қилмоқдамиз».
Бу қиссани сенга ваҳий орқали билдирмоқдамиз. Йўқса, у ҳақида ҳеч нарса билмас эдинг. Чунки:
«Улар макр қилиб, ишлари ҳақида гап бириктирганларида олдиларида бўлмаган эдинг».
Улар ҳасад қилиб, Юсуфни йўқотиш учун макр-ҳийла ишлатиб, маслаҳатлашиб, гапни бир жойга қўяётганларида бирга эмас эдинг-ки, бу гаплардан хабардор бўлсанг.
Одамлар ибрат олиб, ўзларини ўнгласинлар, тўғри йўлга тушсинлар, деган мақсадда сенга бу қиссани ваҳий қилмоқдамиз. Дарҳақиқат, қадимда кечган ушбу қиссани сир-асрорларигача қолдирмай, сендек бехабар бир одамга билдиришимиздан одамлар таъсир олиб, иймонга чоғланишлари зарур.
Қуръони карим келажак хабарларидан бир нечтасининг пардасини очди. Бас, улар мушриклар ҳаётида рўёбга чиқиб, уларни ўз кўзлари билан кўрдилар.
Румнинг Форсдан учраган мағлубиятидан сўнг Аллоҳ таоло айтганидек  саноқли йиллар ичида қайтадан ғалаба қозониши содир бўлди.
Аллоҳ таоло “Рум” сурасида марҳамат қилади:
“Алиф. Лаам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар. Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир”, - (1-5-оятлар).
Рум Форсдан енгилди. Бу ҳодиса арабларга яқин ерда бўлди. Рум ва Форс ерлари Арабистон ярим оролига бевосита чегарадошдир. Ва румликлар бу мағлубиятларидан кейин тезда, саноқли йиллар ичида қайтадан ғолиб бўлажаклар. Румликлар ғолиб бўладиган кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланадилар. Аллоҳ хоҳлаганига нусрат беради. Ва У зот азиз (барчадан ғолиб) ва раҳим-шафқатлидир.
Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамга, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган гап эди. Шундай бўлди ҳам. Мушриклар Қуръоний хабарни масхара қилиб кула бошлашди. Улар манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, аммо Аллоҳ таолонинг ўлчови бошқа экани хаёлларига келмасди.
Ушбу ҳодиса ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Шулардан бири улуғ муфассир ва тарихчи имом ибн Жарир Тобарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир:
«Мушриклар форсликларнинг румликлардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Мусулмонлар эса, румликларнинг форслардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Чунки, улар аҳли китоб эдилар. Уларнинг динлари ўзаро яқин эди.
«Алиф. Лаам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда» оятлари нозил бўлганида, мушриклар:
«Эй, Абу Бакр! Сенинг оғайнинг, Рум саноқли йилларда Форсдан устун бўлади, демоқда-я?!» дейишди. Абу Бакр:
«Тўғри айтади», дедилар. Улар:
«Биз билан гаров ўйнайсанми?» дейишди. Етти йил муддатга тўрттадан туяга гаров ўйнадилар. Етти йил ўтди. Ҳеч нарса бўлмади. Бундан мушриклар шодланишди. Мусулмонлар маҳзун бўлишди. Абу Бакр бўлиб ўтган гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнингча, «бизъу» (саноқли йиллар) қанча?» деб сўрадилар. Абу Бакр:
«Ўндан оз», деб жавоб қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бор, гаровнинг устига яна зиёда қил ва муддатни икки йилга ошир», дедилар. Икки йил ўтмай туриб отлиқлар келиб, Рум Форс устидан ғолиб келганининг хабарини бердилар. Мўминлар бундан шодланишди!»
Ояти каримада Рум «бизъа» – саноқли йилларда ғолиб келиши айтилган эди. Бу ўн йилдан оз муддатда, деганидир. Шунинг учун ҳам, мушриклар етти йил ўтса ҳам бир гап бўлмаганидан хурсанд бўлдилар. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом ояти каримада айтилган нарса бўлишига тўла ишончда эдилар. Шунинг учун ҳам, у зот ҳазрати Абу Бакрга гаров қийматини оширишни иршод қилдилар. Аллоҳнинг айтгани содир бўлди.
Ҳа, мазкур оятларда айтилганидек,
«Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир”.
Яъни, румликларнинг мағлубиятга учрашларидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам дунёдаги барча ишлар Аллоҳнинг иродасига боғлиқ эди ва шундай бўлиб қолади. Фақат У зотнинг хоҳлагани бўлади. Аллоҳ таоло румликларнинг саноқли йилларда ғалаба қозонишини айтган эди. У кун келади. Ва:
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланурлар».
Шундай бўлди ҳам. Аллоҳ румликларга ғалаба берди. Мўминлар бундан шодландилар.
«У хоҳлаганига нусрат берур”.
Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, шунга нусрат беради. Унинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди.
«Ва У азизу роҳиймдир».
Аллоҳ азиз, ҳамманинг устидан ғолиб ва барчага меҳрибондир. Маълумки, Аллоҳ таоло вақти-соати келиб румликларни форсдан, мусулмонларни мушриклардан устун қилди. Бу оятлар тушган пайтда ҳеч бир одам боласи румликлар форсдан, мусулмонлар мушриклардан ғолиб келишини тасаввурига сиғдира олган эмас. Лекин орадан оятда айтилган саноқли йиллар – тўққиз йил ўтиб, румликлар форсликлар устидан ғолиб келдилар.
Мушриклар Маккада нозил бўлган “Қамар” сураси ояти тасдиғи ўлароқ, ҳижратнинг иккинчи йили Катта Бадрда мағлубиятга учрадилар. Ваҳоланки, бу икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви содир бўлишини Маккада бўлган вақтларида асло тасаввур қилишмаган эди.
Аллоҳ таоло “Қамар” сурасида марҳамат қилади:
“У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар”, - (45-оят).
Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда Икрима айтадиларки, «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» ояти тушганда, ҳазрати Умар: «Қайси жамоат енгилади? Қайси жамоат ғолиб бўлади?» – деган.
Кейинроқ ҳазрати Умар: «Бадр уруши куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг совутга дам уриб, «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» оятини ўқиётганларини кўрганимда, ушбу оятнинг маъносини тушундим», деганлар.
Имом Бухорий ривоятларида Абдуллоҳ ибн Аббос бундай дейдилар:
«Бадр уруши куни Набий алайҳиссаломнинг чодир ичида туриб:
«Аллоҳим! Сендан Ўзинг берган аҳдинг ва ваъдангни сўрайман. Аллоҳим! Бугундан кейин Сенга ибодат қилинмаслигини хоҳласанг, (ўзинг биласан!)» деб турганларини кўрдим. Шунда Абу Бакр Сиддиқ келиб, у зотнинг қўлларидан тутдилар ва:
«Етади, ё Аллоҳнинг Расули, Роббингизга кераклигича ёлбордингиз», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совутга дам уриб, «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» оятини ўқиб чиқдилар».
Бадр урушида сон ва қурол жиҳатидан катта устунликка эга бўлган кофирлар шармандаларча енгилдилар. Уларнинг тўққиз юз эллик жангчиси, етти юз туя, юзта оти, етарлича қурол ва бошқа зарур ашёлари бор эди. Мусулмонлар уч юз ўн уч кишидан иборат эдилар, холос. Аллоҳнинг мадади билан мусулмонлар ғолиб чиқдилар. Мушриклардан етмиш киши ўлди, етмиш киши асирга тушди. Мусулмонлардан эса, ўн тўрт киши шаҳид бўлди. Аллоҳнинг ваъдаси юзага чиқди.
Ушбу ояти карима улкан мўъжиза ҳисобланади. У Маккада тушган пайтда мусулмонлар оз сонли ва кучсиз эдилар. Ҳеч ким уларнинг мушриклар устидан ғалаба қозонишларига ишонмасди. Лекин кўп вақт ўтмай, Мадийнаи Мунавварда, Бадр урушиди бу оят ҳаётда ўз ифодасини топди.
Аллоҳ таоло Ҳудайбия йилида мўъминларга Масжидул Ҳаромга киришлари тўғрисидаги берган ваъдасига, хавфдан кейин омонлик ваъдасига хилоф қилмади. Сочларини олишиб ва қисқартиришиб, ибодатлари қазосини бажаришларига берилган ваъдага ҳам хилоф қилмади.
Воқеъа бундай бўлган эди. Бир куни саҳобаи киромлар тўпланишиб ўтирган эдилар, ҳузурларига Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом келдилар ва уларга тушларида ҳаммалари сочларини олдирган ҳолда, аминликда, қўрқинч¬сиз Масжидул Ҳаромга кириб бораётганларини кўр¬ган¬ларини айтдилар. Ҳамма бу башоратдан хурсанд бўлди.
Ҳижратнинг олтинчи йили Зулқаъда ойининг бошида умрани ният қилиб сафарга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга муҳожир ва ансорий мусулмонлар, мадийналик араблар, ҳаммаси бўлиб, бир минг тўрт юз киши умрага чиқди. Аммо мушриклар уларнинг йўлларини тўсдилар. Охири Ҳудайбияда икки тараф сулҳ тузиб мусулмонлар ортга қайтдилар.
Ҳижратнинг олтинчи йили Пайғамбар алайҳиссалом Ҳудайбия сулҳидан қайтиб келаётган пайтлари, Маккаи Мукаррама билан Мадийнаи Мунаввара орасидаги йўлда, кечаси “Фатҳ” сураси нозил бўлди ва унда Аллоҳ таоло жумладан шундай деган эди:
“Батаҳқиқ, Аллоҳ Расулининг тушини ҳақ ила тасдиқлади, албатта, Масжидул Ҳаромга, иншааллоҳ, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда, қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани билади ва сизларга бундан бошқа яқин фатҳни қилди”, - (27-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло мўминларга бир неча хушхабар етказмоқда. Аввало, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларини тасдиқламоқда. Қолаверса, Масжидул Ҳаромга кириш албатта насиб этишининг хабарини бермоқда. Ушбу хабарни Аллоҳнинг Ўзи таъкидлаб бераётганига қарамай, яна Ўзи «иншааллоҳ» – Аллоҳ хоҳласа, деган иборани ишлатмоқда. Бундай дейиш иймон одобларидан бўлиб, дунёдаги ҳар бир ишни ва воқеани Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлашдан иборатдир. Бу ваъда Ҳудайбия сулҳидан кўп ўтмай амалга ошди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тушлари тасдиқланиб, Маккаи Мукаррама фатҳи бўлди. У ердаги барча аҳоли Исломга кирди. Ислом Арабистон ярим оролининг бошқа тарафларига ҳам тарқалди.
Бундан ҳам ажабланарлиси, Аллоҳ таоло Набийси шахсини ва обрўсини инсонлардан сақлашни ўз зиммасига олишидир. Ваҳоланки, ўша даврда у зотни қатл қилишга рағбатлилар атрофларини ўраб олишган эди. Шундай таҳликали бир пайтда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни одамлардан сақлашини баралла эълон қилди.
Аллоҳ таоло “Моида” сурасида марҳамат қилди:
“Эй, Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас”, - (67-оят).
Бу ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлиб, Аллоҳ таоло у кишига ҳар қандай шароитда, одамларнинг қабул этиши-этмаслигига қарамай, даъват қилавериш лозимлигини буюрмоқда:
«Эй, Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ».
Зотан, Пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. Бошқа оятларда одамларга Аллоҳдан нозил қилинган нарсани қандай етказишнинг таълими ҳам берилган. Жумладан, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан етказиш таълими. Демак, нима қилиб бўлса ҳам, Аллоҳдан нозил қилинган нарсани етказиш вазифаси мавжуд.
«Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан».
Яъни, агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг Пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан. Аммо, етказиш осон иш эмас. Ислом даъвати йўлида тўсиқлар кўп бўлади. Мусулмон даъватчининг душманлари кўпдир. Унга қарши турли иғво-бўҳтонлар уюштирилади. Маломатлар қилинади. Обрўйига, молига ва жонига суиқасд қилинади. Аммо бу нарсалардан қўрқма. Чунки:
«Аллоҳ сени одамлардан сақлар».
Уларнинг ёмонликларидан асрайди. Ривоятларда келишича, ушбу ояти карима нозил бўлишидан олдин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турар жойларини саҳобалардан баъзилари қўриқлаб туришар экан. Ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг, у зот алайҳиссалом муборак бошларини чодирдан чиқариб, эшик олдида қўриқчилик қилаётган саҳобалар гуруҳига:
“Эй одамлар, кетаверинглар, бас, батаҳқиқ Аллоҳ мени Ўз ҳимоясига олди”, - дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд кунида душманга энг яқини бўлиб туридилар.  Ўшанда ўлим у зотга кавушлари боғидан ҳам яқинроқ эди, ҳатто Алий каррамаллоҳу ваҳжҳаҳу:
“Агар уруш қизиб кетса биз Расулуллоҳ ҳимояларига ўтиб олардик, шунда душманга у зотдан яқинроқ бирор киши бўлмас эди”, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ғазотида хачирларини душман томонга ҳайдаб бордилар. Қачон мушриклар юзланиб, у зотни ўраб олишганда қочмадилар, балки хачирларидан тушиб, гўё ўзларини уларнинг ўқларига тутган ҳолда:
“Ёлғони йўқ, мен Набийдирман,
Абдулмутталибнинг ўғлидирман”, - дедилар.
Зоти Риқоъда у зот алайҳиссалом дарахт остига тушдилар ва қиличларини унга осдилар. Шунда мушриклардан бир киши келиб, қилични олди-да, у зотга ўқталиб:
“Мендан қўрқасанми?”, - деди.
“Йўқ”, - дедилар.
“Мендан сени нима тўсади?” - деди.
“Аллоҳ сендан мени тўсади, қилични ташла!” дедилар. Шунда кишининг қўлидан қилич тушиб кетди.
Баъзи ривоятларда бунга қўшимача қилиб, кишининг ўша заҳоти исломини эълон қилгани келтирилади.
Ғайб хабарларини бу қадар кескин тарзда айтиш учун ё беҳуда тахминлар ёки ўта ишончли иймон бўлиши лозим. Инсонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда тахминчининг ҳаёлотларини ва уйдирмачининг бирор аломатларини кўрмаган эдилар. Шундай экан, у кишининг ўта ростгўй ва ўта ишончли зотлардан бири эканликлари шубҳасиздир.
Анашундай зотни қадимги мушриклар турли алғов-далғов гапларни айтадиган “жинни” деган бўлсалар, бугунги Қуръон душманлари бу гапни “илмий” асосда таржима қилиб, Муҳаммад истерия хасталигига мубтало бўлган, касали тутгандаги ҳар-хил гапларни Қуръон деб одамларга айтган, дейдилар. Юқорида келтирилган мисоллардаги гапни истерия хасталигига учраган одам гапира олмасини мазкур хасталикка гирифтор бўлганлардан кўра оғирроқ беморликка учраганлар ҳам айтмаса керак.  
2. Муҳаммад Қуръонни одамлардан ўрганган.
Араблар мушрикларидан бир гуруҳи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни инсонлардан бири таълим беришини фараз қилишди. Бас, ваҳийнинг манбаасини Муҳаммад алайҳиссаломнинг зотларининг ташқаридан излай бошлашди. Қабилалари саводсиз бўлгани учун, улардан бири унга таълим берган, деган даъвони қилишга журъатлари етмади. Табиатан маълумки, жоҳил инсон одамларга бирор нарсани ўргата олмайди. Буни улар билишарди.
Тўсатдан, улар ҳаёлларидаги ўша “муаллимни” топгандай бўлишди. Бу улкан муаллим ким бўлди экан? Ушбу муҳим илмий манба ким экан? Бу – ғулом, Румлик, ажам, насроний одам. Маккада темирчилик қилиб, қилич ясайдиган шахс. Ўз шевасига кўра ўқиш ва ёзишдан хабардор. “Китоб”дан фақатгина хомхаёлларнигина билади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳёнда унинг олдига ҳунарини томоша қилгани келардилар. Бу ҳол саводсиз арабларнинг, бу унинг муаллими, дейишларига қулай фурсат бўлди.
Қуръони Карим уларнинг мазкур пуч хаёлларига ушбу ўринли, таъсирли ва қаноат қилдирувчи раддияни   беради.
Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасида марҳамат қилади:
“Ва батаҳқиқ, биламизки, албатта, улар: «Унга фақат башар таълим бермоқда, холос», дерлар. Улар гумон қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса, очиқ-ойдин араб тилидадир”, - (103-оят).
Мушрикларнинг Қуръони Карим ҳақида тўқиган уйдирмаларидан яна бири шуки, улар: «Муҳаммадга Қуръонни одам ўргатяпти, у эса, менга Қуръонни Аллоҳнинг фариштаси келтирди», деб ёлғон гапиряпти», дейдилар.
Муҳаммад ибн Исҳоқнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларидаги сийрат китобида ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ алайҳиссалом Марва тепалигидаги Субайда деган жойда Жабр исмли бир насроний ғулом билан ўтирар эдилар. У Бани Ҳазрамийлардан бирининг қули эди. улар, Аллоҳга қасамки, Муҳаммадга у келтираётган нарсани насроний Жабр ўргатади, дейишарди. Шундан сўнг Аллоҳ:
«Батаҳқиқ, биламизки, албатта улар: «Унга фақат башар таълим бермоқда, холос», дерлар. Улар гумон қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса, очиқ-ойдин араб тилидадир», оятини нозил қилди».
Шунга ўхшаш бошқа бир неча ривоятлар ҳам бор. Умумий маъно шуки, мушриклар Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан келаётганини тан олмасдан, уни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб чиқармоқда, деган туҳматни қилиб кўрдилар. Аммо ўйлаб қарашса, умрида таълим кўрмаган, ўқиш-ёзишни билмаган одам Қуръонга ўхшаш нарсани тўқиб чиқариши мумкин эмас экан. Шунинг учун, унга Қуръонни башар таълим бермоқда, фалончи ўргатмоқда, деган бошқа уйдирма – ёлғонни тўқидилар.
Кофирлик, мушриклик одамларни ана шундай жоҳил қилиб қўяди. Аввал бошда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни уйдирмачиликда айблаётганлар бирпас туриб ўзлари уйдирмачилик билан туҳмат этишга ўтиб олдилар. Уларнинг жоҳилликлари шу даражага етдики, қандай қилиб бўлса ҳам, Қуръоннинг илоҳий китоблигини инкор этиш мақсадида тўқиётган уйдирмалари ғоятда мантиқсиз ва ўзларига қарши далил бўлаётганини ҳам унутиб қўйишди.
Уларнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни фалончи таълим бериб, ўргатиб қўйяпти», деган даъволарига қарши Аллоҳ:
«Улар гумон қилаётганнинг тили ажамийдир», деб раддия бермоқда.
У араб эмас. Араб тилини билмайди ҳам. Тилини билмайдиган одам қандай қилиб араб одамга Қуръон савиясидаги мўъжиза каломни ўргата олади? Мушриклар буни инобатга олмай гапириб юборишаверган. Ахир:
«Бу эса, очиқ-ойдин араб тилидадир».
Қуръон очиқ-ойдин араб тилида-ку! Араб тилининг ҳам энг балоғатли ва фасоҳатли, ҳатто сўз усталари яқинига кела олмайдиган олий савиясида-ку!
Ҳа, озгина ўйлаган одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўзлари тўқиб олишлари мумкин эмаслигини тушунади. Буни турли замон кофирлари ҳам англаб етади. Аммо куфр жаҳолати сабабли, Қуръонни Муҳаммад ўзи тўқиши мумкин эмас, уни Аллоҳ нозил қилган, дея олмайди. Бунинг ўрнига, бошқа аҳмоқона уйдирмаларни айтади.
Қадимги Қурайш кофирлари: Муҳаммадга Қуръонни Жабр, Балзот ёки Яъийш ўргатди, деб ажам қулларнинг исмларини айтганлар. Улардан бир минг тўрт юз йил кейин келганлар: Муҳаммад катта олимларни тўплаб Қуръонни ёздирди, сўнгра уларнинг ҳаммасини ўлдириб юбориб, китобни бедапояга ташлаб қўйди-да, одамларни чақириб келиб, мана менга осмондан китоб тушди, деб даъво қилди, дейишди. Ушбу уйдирмани уялмай-нетмай дарс қилиб ўтишди. Уларнинг бу уйдирмаси ўзларининг ақлсизликларига далолат эканини тушуниб етишмас эди.
3. Қуръон ўтганларнинг Муҳаммадга имло қилинган афсоналаридир деган даъво.
Уларнинг юқоридаги даъводан кейин тарвузлари қўлтиқларидан тушгач, Муҳаммаднинг муаллимини таъйин қилишда, ўзларича тенги йўқ “ҳақиқат”ни топиб олишди. Қуръон ўтганларнинг Муҳаммадга имло қилинган афсоналаридир, дейишди.
Уларнинг мазкур ноҳақ даъволари ҳақида Аллоҳ таоло “Фурқон” сурасида дейди:
“Ва улар: «Бу аввалгиларнинг афсонасидир. Уларни ёздириб олган. Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қилинур», дедилар”, - (5-оят).
Кофирларнинг Қуръони Карим ҳақида бир ундай, бир бундай дейишларининг ўзи ҳам, даъволарининг асосли эмаслигига далилдир. Уларга асоснинг кераги ҳам йўқ, бир оз ўзларининг бузуқ ақллари ва фосид мантиқларига илашадиган жойи бўлса, бас, ўшани гап деб гапираверадилар. Ўтган умматлар ҳақида Қуръондаги қиссалардан хабардор бўлганларидан кейин:
«Улар: «Бу аввалгиларнинг афсонасидир», дедилар.
Қуръон аввалгиларнинг афсонаси бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу афсоналарни қаердан олибдилар?
«Уларни ёздириб олган», дейдилар.
Аввалги мушриклар ҳар қанча жоҳил бўлсалар ҳам, ҳозиргиларга қараганда бир оз инсофли бўлган экан. Улар ҳозирги мушрикларга ўхшаб, «ёзиб олган», демасдан, «ёздириб олган», демоқдалар. Чунки, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиш ва ёзишни билмасликларини яхши биладилар. Шунинг учун, афсоналарни бошқаларга ёздириб олган, дедилар. Яна:
«Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қилинур», дедилар».
Яъни, ўша афсоналар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эртаю кеч айтиб турилади, демоқдалар.
Шу билан уммий-саводсиз араблар ўзларидан кейин келадиган “маданиятли” худосизларга Муҳаммадга дийн ҳақиқатларини ва тарих фалсафасини айтиб бериб турган шахсни таъйин қилишда юрадиган йўлни чизиб беришди.
Бир қавм, ўша Муҳаммадга Қуръонни имло қилиб бераган шахс роҳиб бўлиб, исми Буҳайродир.  Ўзи тавҳид динида бўлган, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни гўдаклик чоғларида амакилар Абу Толиб билан Шомга қилган сафарларида учратганлар, дейишса, бошқалари, ушбу муаллим насроний олимларидан бўлган, Хадийжанинг қариндошларидан бири Варақа ибн Навфал эди, демоқчи бўлишади.
Ушбу Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имло қилиб тургани даъво қилинаётган  икки киши тўғрисидаги энг саҳиҳ гапларининг бору йўғи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Буҳайро билан бир марта  кўришганларидир.
Ушбу учрашув ҳақидаги энг ишончли ҳужжат қуйидагилардир.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Толиб Шом томон чиқди. У билан қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳиб масканига яқинлашганларида тўхтадилар. Юкларини туширдилар. Роҳиб уларнинг ҳузурига чиқди. Бундан олдин ҳам унинг олдидан ўтар эдилар. Аммо у уларнинг ҳузурига чиқмас ҳам, илтифот қилмас ҳам эди. Улар юкларини тушираётганларида роҳиб келиб ораларида айланиб юра бошлади. Охири келиб, Набий алайҳиссаломнинг қўлларидан тутди ва:
«Бу оламларнинг саййидидир! Бу Роббул оламийннинг Расулидир! Уни Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб юборадир!» деди.
Қурайш шайхлари унга қараб:
«Буни сен қаердан биласан?» дедилар.
«Сизлар довондан ўтиб кела бошлаганларингизда бирорта ҳам дарахту тош қолмай барчаси унга таъзим қилди. Улар набийдан бошқага таъзим қилмаслар. Мен уни курак суяги пастидаги олмага ўхшаш нубуввати муҳридан биламан», деди у.
Сўнгра қайтиб бориб уларга таом тайёрлаб келтирди. У келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туялар томон кетган эдилар.
«Уни чақириб келинглар», деди у.
У зот келаётганларида устларидан бир булут соя солиб келди. У зот қавм олдига яқинлашганларида улар соя жойларни эгаллаб олишган эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганларида дарахт устиларига мойил бўлди.
«Назар солинглар! Дарахт унинг устига мойил бўлди!» деди роҳиб.
У ўша ерда туриб, уни Рум тарафга олиб борманглар. Агар улар уни кўрсалар, сифатидан таниб қолиб ўлдиришади, деб ёлборар эди.
Қараса, Рум томондан етти киши келмоқда. У уларни кутиб олди ва:
«Йўл бўлсин?» деб сўради.
«Анави набий шу ойда бу томон чиқар эмиш, деб келдик. Ҳеч бир йўл қолмай ҳаммасига одам юборилди. Бизга унинг хабари келди. Бизни сенинг йўлингга юбордилар», дейишди.
«Ортингиздан сиздан кўра яхшироқлар борми?» деб сўради у.
«Яхшилигимиз учун сенинг йўлингга танлашди бизларни», дейишди.
«Айтинглар-чи, Аллоҳ қилишни ирода қилган ишни биров қайтара оладими?» деди.
«Йўқ», дедилар. Бас, байъат қилдилар ва бирга турдилар. Сўнгра роҳиб қурайшликларга:
«Илтимос, кимингиз унинг валийсисиз?» деди. Улар:
«Абу Толиб», дейишди. Унинг тинмай қилган ёлборишларидан кейин Абу Толиб у зотни қайтариб юборди».
Термизий ривоят қилган.
Бу ҳодиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ўн икки ёшга тўлганларида бўлиб ўтди.
Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Карвондагилар Бусро номли жойга етганларида Буҳайро исмли роҳибнинг олдидан ўтдилар. У Инжилни жуда яхши билар ва насронийликдан хабардор эди. Шунда Буҳайро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиб, синчиклаб қаради ва сўзлашиб кўрди. Сўнгра Абу Толибга:
«Бу бола киминг бўлади?» деди.
«Ўғлим», деди у. Буҳайро унга:
«Бу ўғлинг эмас. Бу боланинг отаси тирик бўлиши мумкин эмас», деди.
«У укамнинг ўғли», деди.
«Отасига нима бўлган?» деди Буҳайро.
«Онаси бунга ҳомиладорлигида ўлган», деди.
«Тўғри айтдинг. Буни юртига қайтариб олиб кет. Буни яҳудийлардан эҳтиёт қил. Аллоҳга қасамки, улар буни бу ерда кўрсалар, албатта, ёмонлик етказадилар. Шубҳасиз, бу жиянингни шаъни улуғ бўлур», деди Буҳайро. Абу Толиб у кишини олиб, тезда Маккага қайтди».
Ушбу учрашувда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Буҳайро билан ўтирганлари, гаплашганлари, ундан бирор оғиз сўз эшитганлари ҳақида маълумот йўқ. Бунинг устига улар қайси тилда гаплашган бўлишлари мумкин. Гаплашганда ҳам бир кунда Қуръони Каримдек нарсани Буҳайро ўргатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрганиб ёдалб олишлари мумкинми?! Бу “илмий” даъво алаҳсирашдан бошқа нарса эмас!    
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримни имло қилгани даъво қилинаётган иккинчи шахс Варақа ибн Навфал билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида кўрган нарсаларини Хадийжа онамизга хабар берганларидан кейин учрашдилар. Дарҳақиқат, Хадийжа розияллоҳу анҳо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни Варақанинг олдига олиб борди. Варақа кексайиб, кўзи кўрмай қолган эди. Хадийжа розияллоҳу анҳо унга:
“Эй амакимнинг ўғли, биродаринг ўғлини эшит!” деди. Шунда Варақа у зотга:
“Эй биродаримнинг ўғли, нимани кўрдинг?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўрган нарсаларининг хабарини берганларида, Варақа у зотга:
“ Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган Номусдир” – яъни ваҳийнинг ишончли (вакили) – деди. Кўп ўтмай Варақа вафот топди. Бошқа гап бўлгани йўқ.
Ушбу икки гумонни ботил эканини исботлаш учун, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар билан яширин равишда учрашмаганларини эсламоғимизнинг ўзи кифоядир. Балки иккисида ҳам ёнларида рафиқлари бўлган. Буҳайро билан учрашганларида Абу Толиб, Варақа билан учрашганларида Хадийжа онамиз гувоҳ бўлишган. Қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки учрашувда ғайб ва тарих илмларини шу қадар даражада ўрганиб олишлари мумкин?!
Кофир-мушрикларнинг бу уйдирмасига қандай жавоб беришни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи “Фурқон” сурасида юқоридаги оятдан кейинги оятда ўргатади:
“Сен: «Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот нозил қилди. Албатта, У мағфиратли ва раҳимли Зотдир», дегин”, - (6-оят).
Қуръонни ҳамма нарсани билгувчи зот – Аллоҳ нозил қилгандир. Ҳамма нарсани билгувчи Зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади. Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб олишга ҳожат йўқ. Балки, бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир. Қуръони Каримда эса, ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Кишиларни улардан ўрнак олишга чақирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда.
Баъзи шарқшуносларнинг, Макка атрофида насроний ва яҳудийлар кўп эди, Муҳаммад ўшалардан ўрганиб олган, деган муболағаларига раддия қилиб, ўзимизнинг қийнашнинг ҳожати йўқ. Батаҳқиқ, улар орасидаги инсофли изланувчиларнинг ўзлари ушбу аҳмоқона фикрни нотўғри эканини таъкидлайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудий аҳборлари ва насроний роҳиблари билан учрашмаганлар. Улар билан бўлган алоқаларининг исботи йўқ.
Шаккок ва бадниятлиларнинг бу даъволарнинг барчасидан ҳам пастроқ бўлган яна бир даъволари бор. Гўё уларнинг гумонича, Маккадаги тижорат карвонларининг ёзда бир ва қишда бир ташкил қилинадиган тижорат сафарларида тижорат моллари билан бирга ўтган умматлар хабарлари, қадимги миллатлар қиссалари ҳам Маккага келтириларди. Араб тожирларининг яҳудий олимлари билан кўришганлари, насроний олимлари билан мажлислар қурганларини билмаймиз. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Шомга икки марта борганлар. Бирида, юқорида кўриб ўтганимиздек, гўдаклик чоғларида  амакилари Абу Толиб билан бирга сафар қилдилар. Иккинчисида, Хадийжа онамизнинг вакиллари ўлароқ тижорат сафарига чиқдилар. У зот бу вақтда ўсмир бўлиб, ёнларида Хадийжанинг ғуломи Майсара йўлдош бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу икки қисқа сафарларида Басро шаҳридан бошқа шаҳарга чиқмадилар. Ақллиларнинг ақли қаёққа кетмоқда?! Ҳақдан қай томонга бурулмоқдалар?!
Икки кўзи очиқ инсонга кундай равшан бўлгач, Қуръони карим ушбу пуч хаёлларни аҳмоқона эканлигини қатъий ва кескин лаҳжа билан баён қилади.
Аллоҳ таоло “Юнус” сурасида марҳамат қилади:
“Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа томонидан тўқиб чиқарилган эмас. Ва лекин у ўзидан олдингининг тасдиғи ва китобнинг тафсилотидир. Унда ҳеч шубҳа йўқ. У оламларнинг Роббисидандир”, - (37-оят).
Қуръони Каримнинг сўз ва маъно жиҳатини ҳам, ҳукм ва ҳидоят жиҳатини ҳам, тарихий ва воқеъий жиҳатини ҳам, қисқаси, ҳеч бир жиҳатини Аллоҳдан бошқа зот яратишга қодир эмас. Ҳа,
«Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа томонидан тўқиб чиқарилган эмас».
Бундай китоб фақат оламларнинг Робби Аллоҳ томонидан бўлиши мумкин, холос. Қанча-қанча одамлар Қуръоннинг ўзини эмас, Қуръонга ўхшаш нарсани яратишга уриндилар. Аммо уларнинг ҳеч бири Қуръо-ни Карим у ёқда турсин, лоақал унинг бир оятига ўхшаш жумлани ҳам келтира олмадилар. Ўшаларнинг кўплари иймонга келиб, аҳли Қуръон бўлдилар. Қуръоннинг соҳиби эса, Аллоҳ, фақатгина Аллоҳдир.
Шу билан бирга, унинг бошқа сифатлари ҳам бор. Шулардан бири:
«Ва лекин у ўзидан олдингининг тасдиғи».
Яъни, Қуръон ўзидан аввалги Пайғамбар алайҳиссаломларга келган барча китобларнинг ҳақлигини тасдиқловчи китобдир. Яна у:
«китобнинг тафсилотидир».
Яъни, аввалги барча илоҳий китоблардаги маъноларнинг муфассал баёнидир.
4. Қуръони Каримни Муҳаммад алайҳиссалом ўзлари тўқиб олганлари ҳақидаги даъво.  
Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончиликда айблайдилар ва, Қуръонни ўзи тўқиб олган, «Аллоҳдан тушяпти» дегани ёлғон, дейишган.
Бу бўҳтон ва унинг раддияси ҳақида Аллоҳ таоло “Аҳқоф” сурасида марҳамат қилади:
“Балки, у(Қуръон)ни ўзи тўқиб олган ҳам дерлар. Сен: «Агар уни тўқиб олган бўлсам, Аллоҳдан (келадиган) бирор нарсани мендан қайтаришга қодир эмассиз. У зотнинг Ўзи у(китоб) ҳақида сиз шўнғиётган нарсаларни яхши билувчидир. Мен билан сизнинг ўртангизда гувоҳликка Унинг Ўзи кифоядир. Ва У кечирувчи ҳам раҳимли зотдир», деб айт”, - (8-оят).
Ушбу оятда, аввало, мушриклар Қуръони Карим ҳақида айтган гаплардан бири зикр қилинмоқда:
«Балки, у(Қуръон)ни ўзи тўқиб олган ҳам дерлар”.
Яъни, эҳтимол, мушриклар, Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган, уни Аллоҳ нозил қилган эмас, дерлар.
Сўнгра, беодоб мушрикларга жавоб беришда Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик одобига риоя қилишни тавсия этиб, қандай жавоб беришни Аллоҳ Ўзи ўргатмоқда:
«Агар уни тўқиб олган бўлсам, Аллоҳдан (келадиган) бирор нарсани мендан қайтаришга қодир эмассиз”.
Агар Қуръонни ўзим тўқиб олиб, бу – Аллоҳнинг сўзи, деб ёл¬ғондан айтаётган бўлсам, Аллоҳ мени тинч қўймайди. Азобга олади. Сизлар Аллоҳнинг азобини мендан қайтаришга қодир эмассизлар. Мен эсам, кўриб-билиб туриб ўзимни Улуғ Аллоҳнинг азобига дучор қилмайман. Қандай қилиб ўзимча тўқийман? Нима учун тўқийман?
«У зотнинг Ўзи у(китоб) ҳақида сиз шўнғиётган нарсаларни яхши билувчидир”.
Сизлар нима десангиз деяверинглар, аммо Қуръон ҳақида қанақа гап тарқатаётганларингни Аллоҳ таолонинг Ўзи жуда яхши билиб турибди.
«Мен билан сизнинг ўртангизда гувоҳликка Унинг Ўзи кифоядир”.
Мен билан сизнинг орангизда Аллоҳ таолонинг Ўзи етарли гувоҳдир: менинг ҳақлигим ва ростгўйлигимга, сизларнинг эса, ёлғончи ва иғвогарлигингизга гувоҳлик беради.
«Ва У кечирувчи ҳам раҳимли зотдир», деб айт”.
Аллоҳ таоло кечирувчи зот, ҳали ҳам вақт борида тавба қилиб қолиш керак. У раҳимли зот, шоядки, раҳим қилса...
5. Қуръони Каримни сеҳр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳргар деган даъво.
Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида марҳамат қилади:
“Агар сенга қоғоз-китоб туширсак, уни қўллари билан ушлаб кўришса ҳам, куфр келтирганлар: «Бу аниқ сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», дерлар”, - (7-оят).
Чунки, уларда аслан ҳақиқатни англаш майли йўқ. Улар нима қилиб бўлса-да, инкор қилишнинг йўлини ахтарадилар. Ушбу талабни қўйишнинг ўзи ҳам ортиқча. Агар улар ҳақиқатга етиш истагида бўлсалар эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ораларида борликларининг ўзи кифоя қиларди. Барчаларининг эътирофига кўра умрида бир оғиз ҳам ёлғон сўз сўйламагани билан машҳур бўлган, мушрикларнинг ўзлари «Амин» деган лақаб қўйган зот қирқ ёшидан кейин Аллоҳнинг номидан ёлғон гапирар эдими? Агар улар ҳақиқатга етиш истагида бўлсалар, Қуръони Каримнинг оғзаки шаклда нозил бўлиб турганининг ўзи ҳам етар эди. Улар Қуръонинг балоғати ва фасоҳатини, ғайриоддий услубини кўриб-эшитиб, «Бу, башарнинг сўзи эмас», дейдилар-да, нега энди қоғозга ёзилган шаклда тушишини талаб қилиб қоладилар? Ҳақиқатни истаганлариданми? Йўқ, уларда бундай мақсад йўқ. Фараз қилайлик, уларнинг Қуръонга нисбатан шак ва шубҳаларини кетказиш учун:
«Агар сенга қоғоз-китоб туширсак, уни қўллари билан ушлаб кўришса ҳам», иймонга келмайдилар. Тўғри йўлга тушиб олмайдилар. Чунки, аслида ҳақиқатга етмоқчи эмаслар. Шунинг учун, уларнинг талабларидан ҳам аниқроқ мўъжиза содир бўлганда:
«Бу, аниқ сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», дерлар”.
Аллоҳ таоло “Сод” сурасида марҳамат қилади:
“Улар ичларига ўзларидан огоҳлантиргувчи келганидан ажабландилар ва кофирлар: «Бу, сеҳргар ва каззобдир», дедилар”, - (4-оят).
Макка мушриклари ўзларининг ичида юрган бир одам огоҳлантирувчи бўлиб келганидан ажабландилар. Уларнинг калта фаҳмига кўра, Пайғамбар дегани одам бўлмаслиги керак эмиш. Одам боласининг ўзига ўхшаш одамларга Пайғамбар бўлиши ажабланарли эмиш. Бу ишлари айни кибру ҳавога берилиш, айни Аллоҳнинг ишига хилоф қилишдир.
Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар эканларини инкор қилиш билан чегараланмадилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши турли уйдирма, иғво ва бўҳтонлар ҳам тарқатдилар.
«Кофирлар: «Бу, сеҳргар ва каззобдир», дедилар”.
Муҳаммад Пайғамбар эмас, ўзимизга ўхшаган оддий бир одам, Пайғамбар бўлиши мумкин ҳам эмас. Пайғамбарлик даъвосида тиловат қилаётган сўзлари одамларга таъсир қилаётган бўлса, унинг сеҳргарлигидандир. У сеҳргардир. Унинг «Пайғамбарман» деган гапи ёлғондир, у каззобдир, дедилар.
Улар кибру ҳавога берилганликлари оқибатида шундай фикрга борганлар.
6. Қуръони Каримни шеър, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шоир деган даъво.  
Баъзи араблар Қуръони Каримнинг ҳаётийлигини кўришгач, уни шоирнинг ҳаёллари, адибнинг парвози деган даъволарни ҳам қилишди.
Муҳаммад алайҳиссаломни «сеҳрган» ва «мажнун» деган туҳматлар ривож топмаганидан сўнг, мушриклар у зотни «шоир» деб, Қуръонни эса «шеър» деб, туҳмат қила бошладилар. Бу ҳақда келаси оятларда сўз кетади.
“Балки, у шоир, биз унга ўлим етишини кутамиз, дерлар? Айтгин: «Кутинглар, албатта, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчидирман», - (30-31-оятлар).
Мушриклар бир-бирларига «Сабр қилиб, ўз билганингизда собит туринглар, унга ўлим етса, қутуламиз», деб маслаҳат қилишар эдилар. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига нима дейишни ўргатди ва у киши мазкур гапларни айтдилар ҳам:
«Айтгин: «Кутинглар, албатта, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчидирман”.
Ушбу оят Қуръони Каримнинг буюк мўъжизаларидан бўлиб қолди. Бу оят тушганда Ислом эндигина янги қадам қўймоқда, душманлар эса, жуда кўп ва кучли эдилар. Аммо озгина вақт ўтиши билан, Ислом душманлари ҳалок бўлдилар, Пайғамбар алайҳиссалом ва Ислом ғолиб бўлдилар, ҳақ дин бутун дунёга ёйилди.
Муҳаммад алайҳиссаломни «шоир» дейиш энг кучсиз туҳматдир. Ул зот умриларида ҳеч қачон шеър айтмаганлар, Қуръони Карим шеър эмас. Қуръон, шаксиз, илоҳий каломдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Карим сифатида “ал-Ҳааққоҳ” сурасида марҳамат қилади:
“Ва у шоирнинг сўзи эмас. Сизлар жуда оз ишонасизлар”, - (41-оят).
Қуръони Карим шеър эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шоир эмаслар. Ушбу улкан маънони яхшилаб тушуниб олиш зарур. Баъзи бир кишилар қадимда ҳам, ҳозирда ҳам Каломуллоҳни шеърнинг олий нуқтаси, деб айтишга борганлар. Улар бу билан Қуръонни мақтамоқчи бўладилар. Лекин ноўрин мақтов ҳам ёмонлашга ўхшаш нарсадир. Қуръ¬он шеър ҳам эмас, наср ҳам эмас, У – Қуръондир. Қуръоннинг шеър эмаслиги бу оятдан бошқа оятларда ҳам таъкидланган.
Аллоҳ таоло “Ясийн” сурасида марҳамат қилади:
“Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ. Бу унинг учун тўғри ҳам келмас. У, зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас”, - (69-оят).
Мушриклар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни шоир, Қуръони Каримни шеър ҳам деганлар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу даъволарига кескин жавоб бермоқда.
«Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ”.
Сизлар шеър билан Қуръоннинг фарқига бора олмаяпсиз. Шеър ички кечинмаларни инсоннинг ўзи вазнга солиб, байт қилиб айтишидир. Уни хоҳлаган инсон айтиши мумкин. Шеър турли бўлган-бўлмаган гапларни ҳам кўтараверади. Айниқса, арабларда бу нарса машҳур. Улар ҳақиқатни яхшилаб билиб олишлари лозимки, Қуръон Аллоҳ томонидан танлаб олинган етук банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳийдир. У, Аллоҳнинг каломидир. Уни ҳеч ким ўзидан чиқариб айта олмайди. Шунинг учун, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни шоир дейишлик мумкин эмас.
«Бу унинг учун тўғри ҳам келмас”.
Шоирлик Пайғамбарлик мақомига ҳеч мос келмайдиган амалдир. Шунинг учун ҳам, шоирлик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида умуман йўқ эди.
Абу Заръа ар-Розий қилган ривоятда аш-Шаъбий: «Абдулмуттолибдан тарқаган болаларнинг ҳаммаси, эркаги ҳам, аёли ҳам шеър айтар эди, магар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаганлар», деган.
Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шеърни таълим бермаганини, шеър ўқиш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга тўғри ҳам келмаслигини айтганидан сўнг, Қуръони Каримнинг моҳиятини баён қилишга киришади:
«У, зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас”.
Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳий зикрдир, эслашдир, Қуръондир – қироат қилинадиган каломдир. Бу илоҳий китоб бутун оламлар учун ваъз-насиҳат, эслатмадир. Ҳамма учун тиловат қилинадиган илоҳий дастурдир.
7. Қуръони Каримни коҳинлик ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни коҳин деган даъво.  
Арабистон ярим оролида коҳин алоҳида тушунчадир. У, жинлар билан алоқаси борлигини ва ғойибдан хабар беришни даъво қилувчи шахсдир. Шунингдек, коҳинлар: руҳлар, худолар билан ҳам алоқамиз бор, дейишади ва баъзан табиблик даъвосини ҳам қилишади. Коҳинлар ўзларини сирли қилиб кўрсатиш мақсадида ўзгача оҳангда сўзлашишади, ғайритабиий жумлалар тузиб гапиришади. Кўпчилик орасида уларнинг орбўлари катта бўлган. Фолбинлик эвазига мўмайгина ҳақ ҳам олишган, бу ҳақ «ҳулвонул коҳин» деб номланган.
Душманлар Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам ўша коҳинларга ўхшатишди. Бунинг ҳам жинлар билан алоқаси бор, ваҳий дегани шу, дейишди.
Аллоҳ таоло бу ботил туҳматни рад этиб, “ал-Ҳааққоҳ” сурасида марҳамат қилади:
“Ва у фолбиннинг сўзи ҳам эмас. Сизлар жуда оз эслайсизлар”, - (42-оят).
Яъни, эсламайсизлар.
Қуръони Карим нозил бўлиб турган даврда, хусусан, ушбу оятлар нозил бўлиб турган Исломнинг дастлабки даврида фолбинлар диний маънода мўътабар кишилар ҳисобланганлар. Уларни «коҳин» деб аталиб, асосан, бутлар ҳузурида хизмат ўтаганлар. Фол очишни ҳам ўша ерда, ўзи боғланган бутнинг номидан қилишган. Улар ғайбни билишни даъво қилиш билан бирга, бутлар номидан оддий сўзлардан бошқача қилиб «сажъ» услубида гапиришган. Баъзи Қуръон душманлари ундаги ғайриоддийликни кўриб, бу коҳиннинг гапига ўхшайди, дейишган. Ушбу оят ўшандоқ гапларга раддиядир.
“У оламлар Роббисидан туширилгандир”, - (43-оят).
Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз сўзи ҳам эмас. Қуръон оламларнинг Роббиси томонидан туширилган каломдир. Муҳаммад алайҳиссалом уни етказувчи, холос. Агар у киши алайҳиссалом Қуръоннинг ҳаммасини, ёки битта сурасини ўзидан тўқиб, бу Аллоҳнинг гапи, дейиш у ёқда турсин, баъзи бир сўзларни тўқиб, Аллоҳ таолога нисбат берсалар ҳам, соғ қолишлари мумкин эмас эди.
Гоҳида Қуръони Карим душманлари жамланиб олиб, бу илоҳий китоб ҳақида нима тўҳмат қилиш тўғрисида маслаҳат-машварат ҳам қилишган. Бу ҳақда ишончли ривоятлар кўп. Биз улардан иккитасини эътиборингизга тақдим қиламиз.
- Валид ибн Муғийра Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойларидан бўлиб Пай¬ғамбар алайҳиссаломга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Ҳаа. Мийм. Танзийлул китаби» ояти тушганда, бу оятни масжидда ўқиётганларида Валид ибн Муғийра кўнгли эриб, ўз қавми Бани Махзум қабиласи олдига борди ва «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас, у жиннинг каломи ҳам эмас, бу каломнинг ўзгача ҳаловати бор, бу каломнинг ўзгача таъсири бор, албатта, унинг усти самарали, ости баракали, албатта, у устун келади ва ҳеч нарса ундан устун бўла олмайди», деб айтди. Сўнгра уйига қараб кетди. Қурайш қабиласи аъзолари, Аллоҳга қасамки, Валид диндан чиқибди, Қурайш¬нинг барчаси ҳам диндан чиқади, энди», дедилар.
Шунда Абу Жаҳл ўрнидан турди ва:
«Уни менга қўйиб қўйинглар, ўзим эплайман», деди. Валиднинг олдига бориб, хафа ҳолда ўтирди. Валид уни кўриб:
«Нега хафа кўринасан?» – деди.
«Мен хафа бўлмай ким хафа бўлсин, – деди Абу Жаҳл муғомбирлик билан. – Қурайш қабиласи сенга ёрдамга нафақа йиғяпти. Уларнинг фикрича, сен Муҳаммаднинг каломига тан берибсан ва Муҳаммад ва Абу Бакрнинг ортидан қолган таомларини сўрамоқчи бўлаётган экансан”. Валиднинг аччиғи чиқди ва:
«Менинг молим ва фарзандим ҳаммадан кўп эканини билмайсанми, нима, Муҳаммад ва унинг шерикларининг қорни тўйиб қолибдимики, улардан овқат ортиб қолса», деди. Сўнг ўрнидан туриб Абу Жаҳл билан бирга қабиласи аъзолари ўтирган жойга келди ва:
«Муҳаммадни жинни деяпсизлар, унинг жиннилик қилганини ҳеч кўрганмисизлар?» – деди.
«Худо ҳаққи, кўрганимиз йўқ», деди қабила аъзолари.
«Уни шоир демоқчисизлар, бирор марта шеър айтганини биласизларми ўзи?» – деди.
«Худо ҳаққи, билмаймиз», дедилар.
«Уни ёлғончи демоқчисизлар, бирор марта ёлғон гапирганини биласизларми ўзи?» – деди.
«Худо ҳаққи, билмаймиз», дедилар.
Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларидан аввал ростгўйликлари учун «амин» деган ном олган эдилар. Қурайш қабиласи аъзолари Валид ибн Муғийрага:
«Нима дейлик, бўлмаса?» – дедилар.
Валид ўйланиб қолди, ўзича ўлчаб-бичди-да:
«Қуръон таъсирчан сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», деди”.
- Ибн Исҳоқ қуйидагиларни ривоят қилади: «Ал-Валид ибн Муғийра Қурайшнинг ёши улуғларидан эди. Ҳаж мавсуми яқинлашиб қолганида, ал-Валид:
«Эй, Қурайш жамоаси, мавсум ҳам келиб қолди. Яқин орада арабларнинг вакиллари ҳузурингизга келади. Улар ҳаммаси анави оғайнингиз ҳақида эшитган. Энди сиз унинг ҳақида гапни бир қилиб олинг. Яна, гапингиз ҳар хил бўлиб, бир-бирингизни ёл¬ғончи қилиб юрманг. Гапингиз хилма-хил бўлмасин», деди. Тўпланганлар:
«Эй, Абу Абдушшамс, сен ўзинг бизга бир фикрни айт, биз ўшани тутамиз», дейишди. У:
«Йўқ! Аввал сизлар айтингиз, мен эшитай», деди. Улар:
«Коҳин, деймиз», дейишди. У:
«Йўқ! Аллоҳга қасамки, у коҳин эмас. Коҳинларни кўп кўрдик. Унинг гапи коҳиннинг ғинғиллашига ҳам, сўзларни тартибга солишига ҳам ўхшамайди», деди. Улар:
«Мажнун, деймиз», дейишди. У:
«Муҳаммад мажнун эмас. Батаҳқиқ, жинниликни кўп кўрдик. Унинг нима эканини яхши биламиз. Унинг гапи жиннининг бўғилишига ҳам, довдирашига ҳам, васвасасига ҳам ўхшамайди», деди. Улар:
«Шоир, деймиз», дейишди. Валид:
«У шоир ҳам эмас. Батаҳқиқ, биз шеърнинг ҳамма турларини – ражзини ҳам, ҳажзини ҳам, қарийзини ҳам, мақбузини ҳам, масбутини ҳам билганмиз. Бу, шеър эмас», деди. Улар:
«Жодугар, деймиз», дедилар. У:
«У жодугар ҳам эмас. Батаҳқиқ, жодугарларни ҳам, жодуларни ҳам кўрдик. Унинг гапи уларнинг дам солишига ҳам, тугун тугишига ҳам ўхшамайди», деди. Улар:
«Унда нима деймиз, эй, Абу Абдушшамс?» – деб сўрашди. Шунда Валид:
«Аллоҳга қасамки, унинг гапида ҳаловат бор. Гапининг асли кўп томирли. Шохлари сермева. Сиз у ҳақда нима десангиз ҳам, ботиллиги дарҳол билинади. Аммо унинг ҳақида айтиш мумкин бўлган энг ишончли гап «сеҳргар» дейишингиздир. У бир сеҳр гапни келтирди. Ўша гап билан болани отасидан, акани укасидан, эрни хотинидан, одамни қабиласидан ажратмоқда», деди. Шу тўхтамга келишиб, тарқалишди. Кейин ҳаж мавсуми бошланганида, йўлларга ўтириб олиб, олдиларидан ўтганларни у зотдан ҳазир бўлишга чақириб, ишларини зикр қилдилар».
Қадимдаги мушриклар каби ҳозирдаги Қуръони Каримга қаршилар ҳам турли “илмий” анжуманлар, йиғинларга жамланишиб, ҳар хил “илмий” асарлар ёзишиб бу илоҳий китоб ҳақида турли бўҳтонлар уюштиришдан чарчамайдилар. Аммо ҳамма уринишлари чиппакка чиқди, чиқмоқда ва чиқаверади ҳам, иншааллоҳ.
8. Қуръоний ваҳийни илҳом ва кашф дея даъво қилиш.
Қуръони Карим ваҳийини тушуниб етмаслик фақат қадимги мушриклар ва ҳозирги душманларгагина тегишли эмас. Балки, Исломдан бошқа дийнларнинг пешволарига ҳам тегишлидир. Улар ваҳийни тан олсалар ҳам, уни нотўғри тушуниб олганлар.
Бу ҳақда доктор Субҳи Солиҳ раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:    
“Афсуски, биз Қуръони Карим таъкидлаганидек, ваҳий тушунчаси барча пайғамбарлар ҳузурида ягона эканлигини айтар эканмиз “Муқаддас Китоб” қомусида ваҳий сўзига турли хил ихтилофли тафсирлар берилганини кўрамиз. Ушбу қомусга кўра ваҳий, Аллоҳнинг Руҳи илҳом берилган котиблар руҳига, уларга руҳий ҳақиқатлар ва ғайбий хабарларни очиб бериш учун тушиб туришидир. Мазкур ваҳий котиблари ўз шахсиятларида бирор нарсани йўқотиб қўймасликлари, улардан ҳар бирининг таълиф қилишда ўз йўналиши ва таъбирда ўз услублари борлиги таъкидланади. Бу ерда бизни афсуслантираётган нарса, қомусий таърифга кўра, ваҳийнинг Аллоҳга диний боғланишдан анча узоқлигидир. Ваҳий аслида Аллоҳдан олинади. Бу ердаги ваҳийнинг таърифи кўпроқ кашф ёки илҳомнинг далолатига яқинроқдир.
Кашфнинг шундай соф турлари борки, башарият орасида руҳий покланишлар бўлиб, улардан илҳом берилган шоирлар, сўфилар ва орифлар кашф орқали турли хил соф фикрларни айтишган. Кашфнинг кирланган тарафи ҳам борки, бу коҳинлар ва фолбинларда кўринади. Уларнинг аксари ёлғончи ва дажжоллардир.
Биз калималарни ўз ўрнида ишлатмасликдан қўрқишимиз лозим бўлади. Ваҳий ҳолатини кашф лафзидан ажратиб қўйишимиз керак. Шунга ўхшаш илҳом, ботиний ва ички ҳис-туйғулар каби калималарни ҳам ваҳий калимасидан узоқлатишимиз даркор. Ажамларга тақлид қилаётган баъзи одамлар ажойиб соддалик билан набийлар ва набийларнинг охири Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларидаги ваҳий ҳолатини нотўғри тафсир қилмоқдалар.
Кашфнинг далолатини ҳар қандай даъвогарга исботлаб бермоғимиз, сўнгра ваҳийнинг далолати ҳам кашфнинг далолатидан, демоқчи бўлаётганларни инкор қилишимиз ниҳоятда осон ишдир.
Албатта, кашф очиқ-ойдин чегарада нафсий далолатдан холий бўлмайди. Чунки, у кўпинча машаққат ва уриниш самараси ёки руҳий риёзат таъсиридан ҳосил бўлади ёхуд узун тафаккурнинг натижаси бўлади. Кашф инсоннинг ўзида комил ишончни ва комиллик мислини пайдо қилмайди, балки бу шахсий иш бўлиб, ҳақиқатни Улуғ ва Олий масдардан олмайди.
Орифларнинг кашфи восилларнинг илҳомига ўхшайди. Нафс уни яқийн – ўта ишончли бўлмаган маърифат билан билади. У ўзининг масдаридан сезмаган ҳолда ажраб чиқади. Унга завқлиларнинг завқи, топқирларнинг топқирлиги ҳам қўшилиб кетади. Яна юнонларнинг наздидаги шеър худосининг афсоналари ва жоҳилият арабларнинг наздидаги шеър шайтонларининг уйдирмалари ҳам кашфдан дейилаверади.
Шубҳасиз, кашф илҳомга ўхшайди. Кашф лафзи янги пайдо бўлган “психология” лафзларидан бўлиб, ҳатто уни бор дейдиганлар ҳам мубҳамлик орасидадирлар. Исмидан ҳам кўриниб турибдики, у ҳис ва сезиш ҳолатларидан узоқдир. Агар инсон тўғрисида, бу кашф ва илҳом эгаси, дейилса, у ана шу сифатлар билан нубуввват ва ваҳий даражасига етолмайди. Чунки, ҳар бир ваҳийда ўзига сингдириш бор. Ҳар бир нубувватда (илоҳий хабарни қабул қилишда) унинг маъносини сезиш ва мағзини идрок қилиш бор. Ўзига сингдиришни йўқотган кишига хотирасиз деб тош отилади. Ҳис-туйғудан маҳрум бўлган кишига бефаҳмлик шармандалиги ёпиштирилади”.
Ушбу илмий мулоҳазалар хулосасида кашф билан ваҳийнинг ўртасида катта фарқ борлиги очиқ-ойдин маълум бўлди. Бошқа дийнларнинг муқаддас китобларида кашф билан ваҳийни ажратилмагани ўша китобларнинг ўзгариб кетишига асосий сабаблардан бири бўлган. Натижада, масиҳийлик динининг асоси бўлган муқаддас китоблари учун кашфни ваҳий ўрнида қабул қилишга мажбур бўлиб қолишган. Набийнинг сўзини ажратиб, Аллоҳнинг сўзини алоҳида муҳофаза қилишга аҳамият берилмагани учун, бутун бошли илоҳий китоб зое бўлган. Нафақат Пайғамбарнинг сўзи, балки Ийсо алайҳиссаломни кўрмаган кишиларнинг ҳам сўзи Инжилдан ўрин олиб қолган ва шу сўзларни ҳам илоҳий калом сифатида қабул қилишган. Кишилар уйларида ёлғиз ўтириб, ўзларига кашф бўлаётганини даъвоси билан Инжиллар ёзишиб, ана шу ёзилган нарсалар ваҳийнинг ўрнига ўтиб қолган.
Қуръони Каримнинг ўзида Аллоҳ таоло Ўз ваҳийсини Ўзи муҳофаза қилишини айтиши билан бирга, ушбу ваҳийни бошқа каломлардан, ҳатто ўз Пайғамбарининг каломидан ҳам ажратиб тушунадиган ва тушунтирадиган миллатни Аллоҳ таолонинг Ўзи чиқарган. Қуръони Карим фақатгина Аллоҳнинг сўзи эканини ва унда башарият каломидан бирор луқма аралашмаганини Қуръони Каримнинг ўзидан далиллар келтириб исботлангандир.
Кўриб ўтганимиздек, Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни койиш, одоб бериш, таҳдид қилиш, қўрқитиш ҳатто, агар у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Каломига ўзларидан бирор нарса қўшсалар “собр” ўлими каби дахшатли ўлим билан огоҳлантириш борлиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Каримда бирорта сўзлари йўқлигини билдиради.
Бугунги кунда ўзларини маданиятли дейдиган ўлкалардаги мусулмон бўлмаганлар Қуръони Каримни Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахсий сўзлари дейишади ва бу гапларига бизнинг эски китобларимизда ёзилиб қолган исроилиётлар, заиф ва мавзу ҳадисларни далил қилиб келтиришади. Бу каби даъволарга ваҳий тўғрисидаги соф илмий баҳсларда етарлича раддиялар берилган.
Уламоларимиз Қуръони Каримнинг нозил бўлиши ўзига хос ягона ҳолат эканини яхшилаб баён қилишган. “Аз-Зоҳира ал-Қуръания” – Қуръоний ҳолат - истилоҳи Жазоирлик машҳур мутафаккир Молик ибн Набий раҳматуллоҳи алайҳига мансубдир. У кишининг “Аз-Зоҳира ал-Қуръания” номли француз тилида ёзилган  китоби бор. Ушбу китобда ваҳий ҳолатини чуқур таҳлил қилиб, соғлом ақл таслим бўладиган даражада баҳс юритган. Ваҳийни инсон сифатидан мустақил экани, Қуръони Карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ичларидан чиқмагани, балки у илоҳий иноят ўлароқ юқоридан нозил бўлганини исботлаб берган.
Аммо минг афсуслар бўлсинким, ҳозиргача бу инсоният тарихидаги нодир ҳолатни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаб келмоқда ва ўзининг айтганини илмий ҳақийқат деб даъво қилмоқда. Турли мантиқсиз даъволарни бир тарафга қўйиб, Қуръони Карим маъноларини рус тилига таржима қилиш борасида икки оғиз сўз айтиб ўтайлик.
Ҳозирги кунга келиб, Қуръони Карим маъноларининг рус тилидаги таржима ва тафсирлари ўн бешдан ортиб кетди. Лекин мазкур таржималарда “Қуръон”нинг луғавий ва истилоҳий маъноси ҳақида бирор сўз учратиш қийин. Энг ачинарлиси, Қуръони Каримнинг асоси бўлган “ваҳий” сўзининг маъноси бутунлай бузиб юборилган, “вунушение” ёки “откровение” деб таржима қилинган. Агар рус тилининг изоҳли луғатларига мурожаат қиладиган бўлсак, ушбу икки сўзни қанча изоҳланса ҳам “ваҳий” маъносига мутлақо яқин ҳам келмаслигини кўрамиз.
Словарь Абрамова
- Внушение, вдохновление, веяние, совет, рекомендация, предложение, наущение, вдохновение, побуждение.
- Ишонтириш (сингдириш), илҳомлантириш, маслаҳат бериш, тавсия қилиш, таклиф қилиш, васваса қилиш, гиж-гижлаш, ундаш, туртки бериш...
Словарь Ефремовой
Внушение ср.
1) а) Словесное воздействие на волю, сознание человека с целью убедить его в чем-л. или вызвать какое-л. чувство.
1) а) Иродага, инсон онгига уни бирон нарсага ишонтириш ёки қандайдир ҳиссиёт уйғотиш мақсадида сўз билан таъсир кўрсатиш.
б) Воздействие на поступки человека чувств, настроений, состояний.
б) Инсоннинг ҳатти-ҳаракатига ҳислар, кайфиятлар ва ҳолатларнинг таъсир кўрсатиши
в) Целенаправленное воздействие словами на психику человека (обычно приведенного в состояние гипноза) для изменения его отношения к чему-л., преодоления вредных привычек, коррекции поведения и т.п. (в медицине).
в) инсон руҳиятига (одатда гипноз ҳолатига келган кишига) унинг бирон нарсага муносабатини ўзгартириш, зарарли одатларини тарк эттириш, феъл-атворини ислоҳ қилиш мақсадли равишда сўз воситасида таъсир кўрсатиш (тиббиёт).
2) Поучение, наставление, выговор.
2)Панд-насиҳат, ўгит, койиш, ҳайфсан.
внушать 1) а) Воздействуя словами на волю, сознание, заставлять усвоить какую-л. мысль, прийти к какому-л. убеждению.
1) а) Иродага, онгга сўз билан таъсир кўрсатиб, қандайдир фикрни ўзлаштиришга, қандайдир ишончга келишга мажбур қилиш.
б) Целенаправленно воздействовать словами на психику человека (обычно приведенного в состояние гипноза) для изменения его отношения к чему-л., преодоления вредных привычек, коррекции поведения и т.п. (в медицине).
б) Инсон руҳиятига (одатда гипноз ҳолатига тушган кишига) мақсадли равишда сўз ёрдамида таъсир этиш (тиббиётда)
2) Возбуждать в ком-л. какое-л. чувство.
Кишида маълум бир ҳиссиётни уйғотиш, қўзғаш.
Словарь Ожегова.
- Внушение воздействие на психику больного, гипноз. Например, лечение внушением, наставление, выговор родительское внушение.
- Беморнинг руҳиятига таъсир кўрсатиш, гипноз. Масалан, ишонтириш билан даволаш, панд-насиҳат, койиш, оталарча ўгит.
- внушить воздействуя на волю, вознание, побудить в чему-нибудь, заставить усвоить что-нибудь Например, внушить страх, внушить уважение к старшим.
- Иродага, онгга таъсир кўрсатиб туриб, бирор ишга ундаш, туртки бериш, бирор нарсани ўзлаштиришга мажбур қилиш. Масалан, қўрқув уйғотиш, юрагига ваҳима солиш, катталарга ҳурмат ҳиссини сингдириш.
Словарь Ушакова.
- Внушение. Воздействие на волю другого с тем, чтобы заставить его бессознательно выполнять чужие желания; гипноз (книжн.). Роль внушения в душевной жизни. Массовое внушение. Лечить алкоголика внушением.
- Кишининг иродасига бировларнинг истак-ҳоҳишини онгсиз (кўр-кўрона, ҳушсиз) равишда бажаришга мажбур қилиш мақсадида таъсир кўрсатиш, гипноз (китобий). Ишонтиришнинг руҳий ҳаётдаги ўрни. Оммавий ишонтириш. Ичкиликбозни ишонтириш йўли билан даволаш.
- Воздействие кого-чего-н. на волю; влияние, подчиняющее себе волю кого-н. (книжн.). Он действует по внушению своих товарищей.
- Иродага алланарса ёки аллакимнинг таъсир кўрсатиши. Бировнинг иродасини ўзига бўйсундирувчи таъсир. У дўстларининг таъсирида иш тутяпти.
2. Совет, наставление. Она не слушалась внушений. || Выговор, словесное взыскание (разг.). Отеческое внушение. Сделать строгое внушение кому-н.
2. Маслаҳат, ўгит. У панд-насиҳатларга қулоқ солмасди. Ҳайфсан, оғзаки таъзир. Оталарча ўгит. Қатъий ҳайфсан эълон қилиш
ВНУШАТЬ 1. что кому-чему. вызывать, возбуждать по отношению к себе какие-н. ощущения, мысли, заставлять чувствовать что-н. Он внушает мне отвращение. Внушать к себе страх. Внушать почтение. ||
- Ўзига нисбатан қандайдир сезги, фикр қўзғатиш, уйғотиш, маълум бир ҳиссиёт ҳосил қилдириш. У менда нафрат уйғотяпти. Ўзига қўрқув сингдириш. Ҳурмат уйғотиш.
- Наводить на какие-н. мысли, вызывать какие-н. чувства. его вид внушает мне опасение за его здоровье.
- Маълум бир хаёлга, ҳиссиётларга олиб бориш. Унинг кўриниши менда унинг соғлиғидан ташвиш уйғотяпти
2. что кому-чему и без доп. Поучать, наставлять, заставлять усвоить какие-н. убеждения. Внушать мораль. Всегда внушал ему, что необходимо действовать вместе.
2. Ўргатиш, ўқитиш, уқтириш, насиҳат қилиш, ўгит, маълум бир ишонч-эътиқодни ўзлаштиришга мажбур қилиш. Одоб бериш. Ҳар доим унга бирга иш тутиш кераклигини ўргатарди.
Словарь Абрамова.
- Внушать, вдохновлять, вкоренять, внедрять, впечатлевать, вселять; запечатлевать; научать, вразумлять, наставлять; надоумливать, намекать, советовать, уговаривать. Прививать кому правильные понятия. Вливать в сердце добрые помыслы. "Вселял безверие, укоренял разврат". Крыл. Намекни свинье вилами, чтоб в огород не лазила! Ср. <Учить, Советовать, Возбуждать, Вдохновлять и Утверждать>. См. вдохновлять, влагать, влиять, научать, советовать
- Ишонтириш, илҳомлантириш, сингдириш, киритиш, татбиқ қилиш, жорий қилиш, таассурот қолдириш, ўргатиш, ақл ўргатиш, ақл бериш, насиҳат қилиш, ақл киргизиш, шама қилиш, киноя қилиш, маслаҳат бериш, кўндириш, йўлга солиш. Тўғри тушунча сингдириш. Қалбга яхши ният солиш. «Иймонсизлик киритар, бузуқлик сингдирарди» (Крылов). Чўчқага паншаха билан тушунтир, полизга кирмасин! Ўқитиш, маслаҳат бериш, қўзғаш, илҳомлантириш, тасдиқлаш. Таъсир кўрсатиш, ўргатиш, маслаҳат бериш.
Словарь Даля
- ВНУШАТЬ, внушить что кому (во-ушать?). вселять, вперять, вкоренять, внедрять; передавать, убеждать, поселять в мыслях, помыслах; заставить думать, хотеть; побудить к принятию передаваемого словами или другим способом. Не внушайся бесом, не согрешишь.
- Сингдириш, тиқиштириш, ўзлаштириш, татбиқ қилиш, ўйлашга мажбур қилиш, ишонтириш, калласига фикр жойлаш, сўз ёки бошқа восита билан берилган фикрни қабул қилишга мажбур қилиш. Шайтонга эргашма, гуноҳ қилмайсан.
Словарь Даля.
- ОТКРОВЕНИЕ и пр. см. открывать.
- очилиш – очишнинг мажҳули
- Словарь Ожегова
- откровение то, что неожиданно открывает истину, вносит ясность, понимание Эта новость - полное о. для всех.
- Бирдан ҳақиқатни очувчи, ойдинлик киритувчи, аниқлаштирувчи. Бу янгилик ҳамма учун мутлақо ойдинлик бўлди.
Словарь Ушакова
- ОТКРОВЕНИЕ, откровения, ср. (книжн.). 1. сообщение, открывающее тайну (ритор.). Не требуй от меня опасных откровений. Пушкин.
1. Сирни очувчи, фош этувчи хабар. Мендан хавфли изҳорларни талаб қилма (Пушкин)
2. То, что внезапно объясняет остававшееся непонятным, открывает какую-н. истину, дает новое понимание чего-н. Новая постановка вопроса была для всех откровением.
2. Тушунарсиз бўлиб келган нарсани тўсатдан изоҳловчи, ҳақиқатни ошкор қилувчи, бир нарсага янгича таъриф берувчи. Масаланинг янгича қўйилиши ҳамма учун ойдинлик бўлди.
3. По христианским догматам - истина, сообщение, открывающие волю божества (церк.).
3. Насроний ақийдаларга кўра – илоҳнинг иродасини очиб берувчи ҳақиқат, хабар (черков истилоҳи)
РУСЧА-ЎЗБЕКЧА ЛУҒАТДАН ОЛИНГАН ТАЪРИФЛАР
- внушитъ сов. (несов. внушатъ) что кому
1. таъсир кўрсатиб (ёки гап билан) ишонтирмоқ; инонтирмоқ, кўнглига солмоқ, маъқул қилмоқ; уқтирмоқ; ~ кому-л. какую-л. мыслъ кимсага бирор фикрни уқтирмоқ;
2. бирор ҳис туғдирмоқ, уйғотмоқ; ~ отвращение нафрат ҳиссини уйғотмоқ ; нафрат туғдирмоқ;
3. ўргатмоқ, панд-насиҳат қилмоқ.
внушени/е с
1. по гл. внушитъ; по ~ю товарищей дўстларнинг гапига ишониб;
2. инонтириш, ихлос туғдириш, гипноз; лечитъ ~ем инонтириш (гипноз) йўли билан даволаш;
3. койиш; танбеҳ; ўгит, панд-насиҳат.
откровение с
1. рел. уст. ваҳий;
2. кўзни очувчи янгилик, кутилмаган янгилик; такая постановка вопроса была ~м для всех масаланинг бундай қўйилиши ҳамма учун кутилмаган бир янгилик эди;
3. уст. очиқ (очиғини) айтиш, рўйирост гапириш; дилдагини (дил розини) айтиш; ечилиб гапириш, очиқ (рост, бор) гап; дил рози.
Жуда узайиб кетган иқтибослар ва уларнинг таржимасидан кўриниб турибдики, Қуръони Карим маъноларининг ўн бешдан ортиқ таржималарида бу муқаддас Китобнинг асоси бўлмиш ваҳий тамоман нотўғри талқин қилинган. Энг яқини илҳом маъноси бўлиши мумкин. Бу эса, Қуръони Карим ўзи ва аҳли Қуръон уммат ҳеч қандай далил ва ҳужжат бўлиши мумкин эмас деган нарсадир.
Энди, инсоф билан ўйлаб кўрайлик, дунёдаги энг кўп тарқалган тиллардан бирида Қуръони Карим маънолари таржималарида, на қуръон сўзининг маъноси ва на Қуръони Каримнинг асоси бўлган ваҳий сўзининг маъноси мутлақо ўз ифодасини топмаган бўлса, буни қандай баҳолаш мумкин?!
Бундай нохуш ҳолатнинг давом этишида мусулмон уламоларнинг ҳам айби бор. Чунки, мазкур таржималарнинг кўпи мусулмон эмас одамлар, сўнггилари эса, мусулмон миллатларга мансуб бўлса ҳам, Исломий илмлардан бехабар шахслар томонидан қилинган. Шунинг учун ҳам, мусулмон уламолар бошқа тилларда ҳам бу муаммони ҳал қилишда, Қуръони Карим ва ваҳий ҳақийқатини тўғри баён қилиб беришда мажбурятларини шараф билан адо этишлари лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
"Қуръон илмлари"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Жума одоблари Тазарру дуолари »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase