Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги ривоятлар анчагина бор. Лекин уларнинг барчасида охирги оят ҳақидаги сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бормайди. Шунинг учун уламолар уларнинг барчасини ижтиҳод билан айтилган гаплар, дейишади.
Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги қавл ва ривоятлардан баъзиларини келтирамиз.
1. Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан, Байҳақий Умар розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти “Бақара” сурасидаги қуйидаги оят экани айтилади:
“Эй, иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг”, - (278-оят).
Аммо муҳаққиқ уламолар бу оят Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти эмаслигини, балки рибо ҳақида нозил бўлган оятларнинг охиргиси эканини таъкидлайдилар.
2. Саъийд ибн Мусаяяб ва Ибн Шиҳоб раҳматуллоҳу алайҳилардан келтирилган ривоятларда Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти “дайн” оятидир, дейилган.
Бу оят “Бақара” сурасидаги оят бўлиб, у Қуръони Каримдаги энг узун оят ҳамдир. Мазкур оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавли ила бошланади:
“Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг”, - (282-оят).
Аммо уламоларнинг кўпчилиги бу қавлни ҳам қабул қилмаганлар.
3. Ибн Мурдавайҳи Умму Салама розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда айтилишича, Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти “Оли Имрон” сурасидаги қуйидаги оятдир:
“Роббилари уларга: «Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Баъзингиз баъзингиздансиз. Ҳижрат қилган, диёрларидан чиқарилган, Менинг йўлимда азият чеккан, жанг қилган ва қатл этилганларнинг ёмонликларини ўчиргайман ҳамда уларни албатта остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритгайман. Аллоҳ ҳузуридан савоб ўлароқ», – дея ижобат қилди. Ва Аллоҳ – гўзал савоб Унинг ҳузурида бўлган Зотдир”, - (195-оят).
Бу қавлнинг раддияси унинг ҳужжати ўлароқ келтирилган ривоятнинг ўзидадир. Унда айтилишича бу оят Умму Салама розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг эркакларни зикр қилиб, аёлларни зикр қилмаганини кўрмоқдаман?” деган сўроқларига жавоб ўлароқ нозил бўлган уч оятнинг сўнгисидир. Қуръони Каримнинг барча оятларининг сўнги нозил бўлгани эмас.
4. Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича “Наср” сураси охирги нозил бўлган нарсадир.
Аммо уламолар бу сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига ишора бўлиб тушган нарсаларнинг охири, умумий Қуръони Карим оятларидан охирги нозил бўлгани эмас, дейдилар.
5. Ноилмий доираларда, Қуръони Каримнинг барча оятларининг сўнги нозил бўлгани “Моида” сурасидаги қуйидаги оят бўлиши керак деган гумон бор:
“Бугунги кунда Мен сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб, рози бўлдим”, - (3-оят).
Бу оят Қуръони Каримнинг охирги тушган оятларидан бири ҳисобланади. Аввал айтилганидек, ояти карима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажларида тушган. Ушбу ояти карима нозил бўлганда ҳамма саҳобалар, динимиз мукаммал бўлди, Аллоҳ бизга неъматини батамом қилиб берди, Исломни дин деб, рози бўлди, деб чексиз қувондилар. Аммо ҳассос қалбли инсон, буюк идрок ва ақл соҳиби Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу йиғлар эдилар. Бу ҳолни кўрган саҳобалар ташвишга тушдилар ва: «Сенга нима бўлди, эй Умар, нечун йиғламоқдасан?» – деб сўрадилар. Шунда Ҳазрати Умар: «Ҳар бир нарса мукаммал бўлганидан сўнг унга нуқсон етиш бошланади. Мен бу оятни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларининг яқинлашганига белги деб билмоқдаман», – дедилар.
Ушбу зикр қилинган омилларга биноан Улулмул Қуръон” илмидан бехабар бўлган кимсалар мазкур оятни Қуръони Каримнинг озирги нозил бўлган оятидир, дея тахмин қилишади. Аммо бу гап тўғри эмас. Чунки бу очтдан кейин яна бошқа оят нозил бўлганини илми кишилар яхши биладилар.
6. Қуръони Каримнинг озирги нозил бўлган ояти “Бақара” сурасидаги қуйидаги оятдир:
“Сизлар ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ олур. Уларга зулм қилинмас”, - (281-оят).
Қуръон илмлари билан шугулланган уламолар ушбу ояти карима Аллоҳ туширган оятлар ичида энг охирги оят эканлигини баён қилганлар. Ибн Журайжнинг айтишларича, Набий алайҳиссалом ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг тўққиз кун яшаганлар, холос.
Аммо, «Қуръон илмлари» номли нозик илмдан етарли хабарлари бўлмаган кўпгина кишилар Қуръони Каримнинг охирги нозил бўлган ояти ҳақида гап кетганда ноаниқликка йўл қўядилар. Улар видолашув ҳажи пайтида нозил бўлган «Бугунги кунда сизларнинг динингизни мукаммал қилдим», деб бошланувчи ояти каримани Қуръони Каримнинг охирги нозил бўлган ояти, дейдилар. Бу оятдан кейин Пайғамбаримиз саксон бир кун яшаганлари аниқ.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
"Қуръон илмлари"китобидан