«Тафсир» сўзи луғатда «баён қилиш», «очиб бериш» ва «равшан қилиш» маъноларини англатади.
Уламолар истилоҳида бу илм қуйидагича таърифланади:
«Тафсир – инсон қудрати етгунча Қуръони Каримдаги Аллоҳнинг муродини ўрганадиган илм».
Иикинчи таъриф:
“Тафсир бир илм бўлиб, унда Азиз Китобнинг нозил бўлиши, санади, адо этилиши, лафзлари, лафзларга ва ҳукмларга боғлиқ маънолари ўрганилади”.
Исломнинг дастури бўлган Қуръони Каримни чуқур ўрганишга боғлиқ бўлгани учун тафсир илми алоҳида аҳамиятга эгадир. Айнан тафсир илми Қуръони Каримнинг ҳидояти, таълимоти, сирлари ва кўрсатма ҳамда ҳукмларини ўрганишга хизмат қилади. Бу илмсиз мазкур нарсаларни билиш ва уларга амал қилиш мумкин эмас.
Бу улуғ илм Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида юзага келган. Чунки у зоти бобаракот одамларга Қуръони Каримнинг маъноларини ўз суннатлари ила баён қилар, саҳобаларнинг Қуръон оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар.
Саҳобаи киромларга тафсир илми Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос қолди. Лекин уларнинг бу илмдаги даражалари турлича эди. Шунинг учун ҳам улардан кимки баъзи оятларнинг маъносини англашда ўзида ҳожат сезса, ўзидан олимроқ бош¬қа саҳобалардан сўраб олар эди.
Саҳобалардан Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарий ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳум ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлганлар. Уларнинг барчасидан Аллоҳ таоло рози бўлсин.
Тобеъинлар эса, тафсирни саҳобалардан ўргандилар. Улардан кўплари бу илмда шуҳрат қозондилар. Масалан, Мужоҳид ибн Жабр Маккий, Икрима, Саъийд ибн Жубайр, Ато ибн Абу Робоҳ, Товус ва бошқалар.
Бу икки асрда, яъни саҳобалар ва тобеъинлар асрида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, китоб қилиб ёзилмаган эди.
Фазилатли шайх Муҳаммад Фозил ибн Ашур «Тафсир ва рижолуҳу» номли китобларида таъкидлашларича, тафсирдан биринчи китоб ёзган киши ҳижрий 149 йилда вафот этган Абдулмалик ибн Журайждир.
Мазкур китоб таълиф этилгандан бошлаб, тафсир илми янги даврга қадам қўйди. Бу давр китоблар таълиф қилиш давридир. Бу даврнинг аввалида Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Яҳё ибн Салом, Абу Бакр Нисобурий ва бошқа муфассирлар шуҳрат топдилар.
Исломда Қуръони Каримнинг лафзи, қироати ва расми-хати собит бўлиши қатъийлигига иттифоқ қилинганидек, унинг маъноси инсонларга нисбатан қатъий эмаслигига ҳам иттифоқ қилингандир. Яъни, Қуръони Каримнинг тўлиқ маъносини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Инсонлар эса, илмига, қобилиятига қараб, насиб қилганича биладилар.
Бу Қуръони Карим топишмоқ, тушуниши қи¬йин нарсадир, дегани эмас. Қуръони Карим очиқ услубдаги, батафсил баёнли, очиқ китобдир. Лекин, шу билан бирга, Қуръони Каримнинг араб сўз усталарини ва бутун мавжудотни қиёмат қоим бўлгунча ўзига ўхшаган нарса келтиришдан ожиз қолдирувчи, абадий, илоҳий мўъжиза экани бир он ҳам ёдимиздан кўтарилмаслиги лозим. Дунё¬га донғи кетган сўз усталари, олий даражадаги балоғат ва фасоҳат соҳиблари Қуръони Каримнинг баъзи оятларини эшитишлари билан, Аллоҳга қасамки, бу башарнинг каломи эмас, дер эдилар.
Албатта, ана шундоқ даражадаги каломнинг ўзига яраша савияси бўлади. Мазкур савияга яроқли кишилар учун Қуръони Каримни англаб етиш жуда ҳам осон. Қолганлар эса, савияларига қараб ўзлаштирадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари–саодат замонида Қуръони Каримни етарлича англаш савиясидаги кишилар кўпчиликни ташкил қилар эди. Улар соф араб табиати ва тилининг олий даражадаги номояндалари эдилар. Арабистоннинг турли жойларида сўз, хутба, шеър усталарининг мусобақалари доимий равишда ўтқазилиб турар эди.
Бу маънодаги ишлар араблар ҳаётида қандоқ жой эгаллашини яхшироқ тушуниб етиш учун шеър мусобақаси ғолибларининг шеърлари Каъбаи муаззама ичига осиб қўйилишини эслашнинг ўзигина етарлидир.
Лекин шундоқ бўлса ҳам, кўпчилик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзи яхши тушуна олмаган ояти карималарнинг маъносини сўраб олар эди. Шунингдек, саҳобаи киромлар ҳам бир-бирларидан Қуръони Карим маъноларини сўрашар ва айтиб беришар эдилар. Демак, Қуръони Каримга маъно айтувчи биринчи муфассир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлсалар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ке¬йинги ўринда илми ўткир саҳобалар турганлар.
Шубҳасиз, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларининг борликлари бу борадаги барча муаммоларни осонлик билан ҳал қилишга бош омил бўлган.
Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан сўнг Қуръони Карим маъноларини нотўғри тафсирлардан муҳофаза қилиш масъулияти Ислом уммати зиммасига тушди.
Бу улкан масъулиятни талаб даражасида адо этиш учун Қуръони Карим тафсири билан шуғулланадиган кишида бўлиши зарур шартлар ишлаб чиқилди. Қуйида ана шу шартлардан баъзиларини келтирамиз:
Биринчи шарт – тафсир билан шуғулланадиган киши, соф эътиқодли бўлиши керак. Чунки эътиқод масаласи ўта нозик иш эканлиги ҳаммага маълум. Эътиқод масаласида нуқсони бор киши тафсир қилса, тафсири ҳам нуқсонли чиқиши турган гап.
Шунинг учун ҳам эътиқодида аҳли сунна ва жамоа мазҳабидан озгина оғиш бор шахсга тафсир қилишга изн берилмаган ёки ундоқ одам қилган тафсир йўқ қилинган. Бас, гап шундоқ экан, эътиқодсиз, бенамоз, баъзи гуноҳ ишларни содир этганлиги маълум бўлган кишилар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.
Иккинчи шарт – ҳавои нафсга эргашишдан холи бўлиш. Бошқача айтганда, тафсирчи бўлиш ниятидаги одам тарафкашлик дардига чалинган бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, унинг ишида хиёнат содир бўлиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам, қадария, рофиза, мўътазила каби тоифаларга мансуб кишиларнинг тафсирлари қабул қилинмаган.
Учинчи шарт – араб тилини жуда яхши билиши керак. Бу ҳеч қандоқ изоҳга ўрин қўймайдиган шартдир. Қуръони Карим араб тилида нозил бўлган, араб тилини яхши билмай туриб, Қуръони Каримни биламан, дейишлик мутлақо ноўриндир.
Араб тили чексиз луғат уммони билангина чегараланиб қолмайди. Балки араб тили бундан бош¬қа яна бир неча улуғ илмларни ўз ичига олгандир. Наҳв, сарф, маоний, баён, бадийъ, фасоҳат каби илмлар шулар жумласидандир.
Бу борада улуғ тобеъинлардан бўлмиш Мужоҳид розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларини келтиришнинг ўзи кифоя қилса керак, деб ўйлаймиз:
«Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган киши учун араб тили олими бўлмай туриб, Аллоҳнинг китоби ҳақида сўз айтмоқ ҳалол эмас».
Тўртинчи шарт – Қуръони Каримга боғлиқ илм¬ларни яхши билишлик. Мазкур илмларга, жумладан, қироатлар илми, илми тавҳид, сабаби нузул илми, носих ва мансух илми, ом ва хос илми, муташобиҳ илми ва бошқа бир қанча илмлар киради.
Бешинчи шарт – аввало, Қуръонни Қуръон билан тафсир қилмоғи шарт. Чунки, бир маъно Қуръони Каримнинг бир жойида умумийроқ зикр қилинган бўлса, бошқа бир жойида батафсилроқ баён қилинган бўлади, бир оятда қисқа ишора қилиб кетилган нарса иккинчи оятда кенгайтирилиб тушунтирилади.
Шунинг учун Қуръони Каримни яхши ва чуқур англашда унинг оятларини бир-бирига солиштириб ўрганиш катта аҳамият касб этади.
Олтинчи шарт – Қуръони Каримни суннати мутаҳҳара билан тафсир қилиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Қуръони Каримнинг шарҳи ва татбиғи бўлиб келгани ойдек равшан нарса.
Шунинг учун Қуръони Каримни тафсир қилмоқчи бўлган киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини жуда ҳам яхши билмоғи шарт.
Еттинчи шарт – тафсирни Қуръони Каримнинг ўзидан ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан топмаса, саҳобаларнинг гапларига қайтиш. Чунки саҳобаи киромлар Қуръони Каримнинг нозил бўлишига шоҳид бўлган, ўша даврни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаган, Қуръони Каримни аниқ тушуниб етган кишилардир.
Саккизинчи шарт – агар тафсирни юқорида зикр қилинган масдарлардан бирортасида ҳам топа олмаса, тобеъинларнинг тафсирига қайтиш. Чунки тобеъинлар саҳобалардан дарс олган авлодлардир. Саҳобалардан кейин Қуръони Каримни энг яхши биладиган авлод ҳам ўша кишилардир.
Тўққизинчи шарт – ўткир фаҳмли бўлиш. Бу сифат бир маънони иккинчисидан устин қўя билиш ва шариат мақсадларига мос маъноларни истинбот қилиш учун керак бўлади.
Ушбу шартларни ўзида мужассам қилган кишигина тафсир билан шуғулланиши мумкин, десак, бир оз шошилган бўламиз. Уламоларимиз муфассир бўлишдек улуғ бахтга эришиш учун ўзига яраша одобларга ҳам эга бўлишни шарт қилиб қўйганлар.
Мазкур одоблар қуйидагилардан иборат:
1.Яхши ниятли ва соғлом мақсадли бўлмоқ.
Муфассир фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ва охират савобини ҳамда дину диёнат равнағини ўйлаб иш қилмоғи лозим. Орага бошқа ғаразлар аралашса бўлмайди.
2.Ҳусни хулқли бўлмоқ.
Албатта, Қуръони Каримга боғлиқ одам қуръоний ахлоқ-одобларга эга бўлмоғи лозим. Бўлмаса, унинг қилган тафсиридан нима фойда бор?
3.Илмига амал қилмоқ.
Амалсиз илм бефойда экани ҳаммага маълум. Бу нарса Аллоҳ таолонинг китобига боғлиқ бўлганда яна ҳам ўзгача маъно касб этиши ҳам турган гап.
4.Маъноларни нақл қилишда содиқ ва аниқ бўлиш.
Муфассир ўзи аниқ ишониб етган маъноларнигина гапирмоғи ёки ёзмоғи керак. Акс ҳолда, гаплар бир-бирига аралашиб, ноаниқлик юзага келиши мумкин.
5.Иззатини билмоқ.
Муфассир ўзини хор қилмаслиги, пастга урмаслиги лозим. У турли бўлмағур ишлардан, бошқаларнинг ҳузурида ўзини паст тутишдан сақланмоғи керак.
6.Ҳақгўй бўлмоқ.
Аллоҳ таолонинг каломида ҳақгўй бўлмаса, нимада ҳам ҳақгўй бўлиши мумкин.
7.Виқорли бўлмоқ.
Муфассир юриш-туришда, ҳаракату саканотда виқорли бўлиб, ташқи кўринишида ҳам ҳайбат касб қилмоғи лозим.
8.Тавозуъли ва ҳалим бўлмоқ.
Агар бу сифатлар бўлмаса, одамлар унинг илмидан фойда олишлари қийин бўлади.
9.Вазмин ва салмоқли бўлмоқ.
Муфассир тасарруфотларида ва гап-сўзида шошмасдан, аниқлик ва босиқлик билан тасарруф қилмоғи керак.
10.Пешқадам олимларни ўзидан устун қўймоқ.
Ўзидан кўра пешқадам бўлган олимларни ҳурмат-эътиборини жойига қўя олган кишигина ҳақиқий муфассир бўла олади.
Ушбу шарт ва одоблардан Ислом уммати Қуръони Карим маъноларини муҳофаза қилиш учун қанчалик ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Ушбу тариқа ҳаракат қилиб бориб, Қуръони Каримга маъно айтишга фақат етук кишиларгина саралаб олинган. Турли ғаразгўйлар учун мазкур мартабанинг эшиги маҳкам беркитилган.
Мазкур шартлар ва одобларни ўзида мужассам қилмаган кишиларнинг қилган тафсирларига биров қулоқ ҳам осмаган, ёзганларини ҳеч ким ўқимаган. Шу тарзда тақволи, ҳақиқий илм соҳиби бўлган муфассирлар ўз-ўзидан ажраб, қадр топиб келаверган.
Ислом уммати ўзи ишонган тафсирчиларни ўзига хос услуб ила танлаб олган бўлса, ўша танланган тафсирчилар Аллоҳ таолонинг китоби, Қуръони Каримнинг маъноларини мусулмонларга етказиш учун сидқидилдан хизмат қилиб келишди.
Ислом маданияти гуллаб яшнаган пайтларда тафсирчилик ҳам гуллаб яшнади. Мусулмонлар тушкинликка юз тутганларида эса, ишлар орқага кетди.
Тафсир илми келиб чиқиши ва ривожланиши жараёнида бир неча қисмларга бўлиниб кетган. Биз бу қисмлардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:
Биринчи қисм – «Тафсир бил маъсур».
Бу қисмдаги тафсирда муфассир Қуръон оятларини ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади.
Бу услубда ёзилган тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар:
1.Имом Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг «Жомиъул баён фи тафсирил Қуръон».
Табарий раҳматуллоҳи алайҳи 224 ҳижрий йилда туғилиб, 310 йилда вафот этган. Бу киши ўз асрининг энг кўзга кўринган алломаларидан бўлган. Барча илмларда пешқадам бўлган.
Имом Табарийнинг тафсири «Тафсир бил маъсур» бўйича энг машҳур ва энг ишончли тафсирдир. Ундан тафсир бўйича саҳоба ва тобеъинлардан қилинган ривоятларнинг энг купи жамланган. Унда ривоятларнинг йўналиши ва қай бири кучли экани баён қилинган. Шунингдек, калималрнинг эъроби ва оятлардан қандай ҳукмлар олиниши айтиб ўтилган. Кўпчилик мутахассислар бу тафсир беназирдир, дейишган.
Уламолар «Жомиъул баён фи тафсирил Қуръон» тафсири ҳақида ажойиб мақтов сўзларини айтганлар:
Имом Нававий: “Ибн Жарирнинг тафсирига ўхшаш китобни ҳеч ким тасниф қилмаган”, деган.
Абу Ҳомид Исфиройини: “Агар бир киши Ибн Жарирнинг тафсирини олиш учун Чинга борса ҳам кўп ишқилган бўлмайди, деган.
«Жомиъул баён фи тафсирил Қуръон» жуда кўп маълумотлар жамланган. Муаллиф ўзи келтирган ривоятларнинг санадини ҳам баён қилган. Баъзилар кучли бўлмаган ривоятларни ҳам келтирганини танқид қиладилар. Аммо муҳаққиқ уламолар, муаллифнинг даврида бу нарсалардан илми кишилар хабардор бўлгани учун Ибн Жарир мазкур ривоятларни келтириб, заифлигига ишора қилмаган, дейишади.
«Жомиъул баён фи тафсирил Қуръон» ҳозирда ҳам қайта-қайта нашр қилинмоқда.
2.Имом Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад Бағавийнинг «Маъолимут танзил» тафсири.
Имом Бағавий 516 ҳижрий йилда вафот этган. У киши Шофеъий мазҳаби фақиҳларидан бўлган. Бағавий тасир ва ҳадис илмларида ҳам имомлик даражасига етган. Бағавийнинг «Маъолимут танзил» тафсири жуда фойдали тафсирлардан ҳисобланади. Аммо ундан келтирилган ривоятларнинг санади зикр қилинмаган.
Бу тафсирни баъзилар муаллифининг номи билан атаб, “Тафсири Бағавий” деб ҳам атайдилар.
3.Имом Имодиддин Исмоил ибн Касирнинг «Тафсирул Қуръонул азим» тафсири.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи 701 ҳижрий йилда таваллуд топиб, 774 йилда вафот этган. У кишининг тафсири энг саҳиҳ тафсирлардан бири ҳисобланади. У киши Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва тобеъинлардан ҳамда ривоят қилинган хабарлар ила тафсир қилган.
“Тафсиру Ибн Касир” «Тафсир бил маъсур» услубида ёзилган тафсирлар ичида энг мушҳурларидан бири бўлиб, имом Табарийнинг тафсирларидан кейинги, иккинчи ўринда туради.
Имом Ибн Касир ўзининг бу тафсирига узун муқаддима ёзиб, унда Қуръони Карим ва тафсирга оид жуда кўп маълумотларни келтирган. У киши оятни келтиргандан кейин осон сўзлари билан тафсир қилади. Агар бир оятни бошқа бири билан равшанлаштириш имкони бўлса, ўшани қилади. Кейин мазкур икки оятни солиштиради. Сўнгра тафсир қилинаётган оятга боғлиқ ҳадисларни келтира бошлайди. Уларнинг қай бирини ҳужжат қилиш мумкин, қайбирини ҳужжат қилиш мумкин эмаслигини ҳам баён қилади. Кейин ўша оятга боғлиқ саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган уламоларнинг сўзларини келтиради.мазкур қавллардан қай бири кучли ва қай бири кучсиз эканини ҳам баён қилади.
Имом Ибн Касир ўз тафсирида Ибн Жарир Тобарий, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Атиййаларнинг тафсирларидан фойдаланган.
“Тафсиру Ибн Касир”нинг энг кўзга кўринган тарафларидан бири Исроилиёт қиссаларини танқид қилиши ва улардан одамларни огоҳлантиришидир.
“Тафсиру Ибн Касир”да фиқҳий муноқашалар ҳам мавжуд. Ҳукм оятларини тафсир қилиш жараёнида Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи фақиҳларнинг сўзлари ва тортишувларини ҳам келтиради.
Бу тафсир жуда кўп марта нашр қилинди ва қилинмоқда.
Шайх Муҳаммад Али Собуний “Тафсиру Ибн Касир”ни мухтасар ҳам қилган. У ҳам бир неча бор нашр қилинди.
4.Имом Жалолиддин Суютийнинг «Аддурул мансур фи тафсир бил маъсур» китоб¬лари.
Имом Суютий 849 ҳижрий санада, Ражаб ойида туғилганлар. У кишининг отаси ўлимидан олдин ўғли Жалолиддинни бир неча кишига, жумладан, машҳур ҳанафий олим Кимол ибн Ҳумомга топширди. Жалолиддин Суютий саккиз ёшидан Қуръони Карим тўлиқ ва пухта ёд олди. Шу билан бирга кўпгина матнларни ҳам ёд олди. У киши ўз замонасининг кўзга кўринган алломаларидан эллик бир кишидан дарс олди. Имом Жалолиддин Суютий кўп илмларда пешқадам бўлган. У кишининг ёзган китоблари беш юздан ортган.
Имом Жалолиддин Суютий ўта сермаҳсул муаллифлардан бўлган. У кишининг таълиф қилиш қобилияти ниҳоятда юқори даражада бўлган. Имом Жалолиддин Суютийнинг шогирдларидан бири Довудий “Шайхнинг бир кунда уч дафтарни тўлдириб ёзиб, таҳрир қилганини ўз кўзим билан кўрганман”, дейди.
Имом Жалолиддин Суютий ҳадис ва унга боғлиқ илмлар бўйича ўз замонасининг кўзга кўринган алломаси бўлган. У киши икки юз минг ҳадисни ёд билган ва яна бўлса ёдлар эдим, деган.
Имом Жалолиддин Суютий қирқ ёшга кирганида ибодатга ажралди. Дунё ва унинг аҳлидан юз ўгирди. Фатво ва дарс беришни ҳам тўхтатди. Умрининг охиригача “Равзатул Миқёс” деган жойдан чиқмай яшади.
Имом Жалолиддин Суютий 911 ҳижрий санада, жумадулулаа ойининг ўн тўққизинчиси, жума куни саҳарда вафот этди. Аллоҳ таоло у кишини раҳмат айласин”.
Имом Жалолиддин Суютий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ўн мингдан зиёд ривоятни келтириб тўрт жилдлик “Таржимонул Қуръон” деб аталган тафсир ёзган эди. Кейинроқ, одамларнинг кўплаб ривоятларни санади билан ўқишга ҳимматлаи етмаётганини кўрганидан кейин, мазкур китобни мухтасар қилиб, «Аддурул мансур фи тафсир бил маъсур» деб атади. Ушбу тафсир фақат ривоятларгагина суянган ягона тафсирдир.
Уламолар «Аддурул мансур фи тафсир бил маъсур»да заиф ривоятлар ҳам борлигини алоҳида таъкидлашади.
«Аддурул мансур фи тафсир бил маъсур» тафсири нашр қилинган ва ундан аҳли илмлар фойдаланадилар.
Иккинчи қисм – «Аттафсир бир-рай».
Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва мазкур қисм иккига –жоиз ва жоиз эмасга бўлинади.
Жоиз бўлган рай билан тафсир қилишда муфассир ишончли масдарларга суянган ҳолда жаҳолат ва залолатдан узоқда бўлиб тафсир қилади.
Жоиз бўлмаган қисмда эса муфассир жаҳолат, бидъат ва залолат билан тафсир қилади, шунинг учун ҳам барча алломалар бу навдаги тафсирни манъ қилганлар.
Рай билан қилинган тафсирнинг мақбул бўлиши учун уламолар қуйидаги шартларни қўйганлар:
1.Муфассир тафсирида ҳавойи нафсига берилиб, тафсирни ўз мазҳаби ва ақийдасига мослаштириб олмаслиги шарт.
2.Тафсир араб тили қоидаларига хилоф бўлмаслиги керак. Зотан бу ишда араб тили асосдир.
3.Тафсир ояти кариманинг сиёқига қарши бўлмаслиги шарт.
4.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилинган саҳиҳ ривоятга хилоф бўлмаслиги шарт.
Жоиз бўлган рай билан қилинган тафсирлардан машҳурлари қуйидагилар:
1.Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Фахриддин Розийнинг «Мафотиҳул ғайб» тафсири.
Имом Фахриддин Розий 554 ҳижрий санада, Рай шаҳрида туғилди. У кишининг отаси Зиёуддин олим киши бўлиб, Райнинг хатиби лақабини олган эди. Имом Фахриддин Розий дастлабки сабоқларни отасидан олди. Кейин замонасининг кўзга кўринган алломаларидан дарс олиб олим бўлди ва шуҳрати етти иқлимга таралди. Имом Фахриддин Розий ўз асрининг пешқадам алломасига айланди. Тафсир, Калом, ақлий илмлар ва луғат илмида имом деб тан олинди. Шу билан бирга у киши ўта моҳир хатиб ҳам эди. араб ва ажам тилларида ваъз қилар эди.
Имом Фахриддин Розий ўзларидан кейин турли соҳаларга оид кўплаб асарларни қолдирди. У кишининг таълифотларидан жуда кўплаб одамлар фойда олдилар ва олмоқдалар.
Имом Фахриддин Розий 606 ҳижрий санада, Рай шаҳрида вафот этди.
Имом Фахриддин Розийнинг «Мафотиҳул ғайб» тафсирида илмий, фалсафий масалалар, хусусан, илми ҳайъатга ва муаллиф ҳаётлиги даврида тарқалган бошқа турли илмларга оид маълумотлар ҳам келган. Бу китоб катта ҳажмда бўлиб, саккиз жилддан иборатдир.
Имом Розий тафсирни батафсил қилган. Сураи Фотиҳанинг тафсирининг ўзи алоҳида бир китоб дейиш мумкин. Кейинги суралар ҳам шунга ўхшаб кетган. Баъзи суралар тафсири охирида мазкур суранинг тафсири қачон ниҳоясига етгани ҳам қайд этилган.
Имом Фахриддин Розий ўз тафсирида оят билан оят ва сура билан суранинг бир бирига боғланишини баён қилишга алоҳида эътибор берган.
Имом Фахриддин Розий ўз тафсирида фалсафага кенг ўрин берган. У киши аҳли сунна мазҳабида бўлгани учун тафсирида бу мазҳабнинг қавлини қўллаб, мухолифларнинг, хусусан, мўътазилийларнинг фикрларини қаттиқ танқид қилган.
Имом Фахриддин Розий ўз тафсирида кези келганда фиқҳ, усул, наҳв ва балоғат илмларига ҳам алоҳида аҳамият берган.
Имом Фахриддин Розийнинг танқидчилари у кишининг кўп илмларга берилиб кетиб, тафсирни чўзиб юборганликда айблайдилар.
Имом Рози ўз тафсири «Мафотиҳул ғайб» ила тафсир ёзиш ишини муҳаддис ва адиблар тоифасидан Усулул фиқҳ ва Усулуддин уламоларига ўтишини бошлаб берган. Шундан кейин тафсир янги йўналишга тушди ва ривожланиб кетди.
2. Имом Насриддин Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Али Байзовийнинг «Анварут-танзил ва асрорут таъвил» тафсири.
Имом Байзовий форс диёрида туғилиб ўсган. Турли илмларда пешқадам бўлган. Шерозда қозилик қилган. Ёзган асарлари кўпчилик уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган. Имом Байзовий 691 ҳижрий санада Табриз шаҳрида вафот топган.
У киши ўз замонасида кенг тарқалган илмларда пешқадам бўлганлар. Имом Байзовий Илми калом, Усулул фиқҳ, Фиқҳи Шофеъий, ҳадис ва бошқа соҳаларда китоблар ёзган. Айниқса, услул фиқҳ бўйича ёзган “Минҳож” китоби ва унинг шарҳи, усулуд дин бўйича ёзган “Ат-Таволеъ” китоби ва тафсир бўйича ёзган «Анворут-танзил ва асрорут таъвил» китоби жуда ҳам машҳур китоблардир. Ушбу уч китобни кўпчилик уламолар ўқиган.
Имом Байзовийнинг “Тафсири Байзовий” номи ила машҳур бўлган «Анворут-танзил ва асрорут таъвил» тафсири катта шуҳрат қозонган. Муаллиф ўзининг бу китобида араб тили қонуни асосида тафсир ва таъвийлни жамлаган. Далилларни Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида келтирган. Ҳар бир суранинг тафсири охирида унинг фазли бўйича собит бўлган ривоятларни келтирган. Аммо бу борадаги келтирилган ривоятлар ичида саҳиҳ эмаслари ҳам мавжуд.
Мутахассис олимларнинг таъкидлашларича, имом Байзовий «Анворут-танзил ва асрорут таъвил» тафсирида ўзидан аввалги икки катта ва машҳур тафсир – Замахшарийнинг “Кашшоф” ва Розийнинг “Мафотийҳул ғайб”идан кенг фойдаланган. Бу китоб ила тафсирдаги илмий йўналиш чўққисига етганини кўпчилик уламолар таъкидлайдилар.
«Анворут-танзил ва асрорут таъвил» тафсири ўзидан олдинги тафсирларнинг яхши хислатларини ўзида жамлаган ва нуқсонларини четлаб ўтган бўлгани учун кўпчилик томонидан жуда яхши қабул қилинган ва асрлар оша аҳли илмларнинг тақдири ва таҳсинига сазовор бўлиб келган.
Аҳли илмлар бу тафсирни катта аҳамият билан ўрганганлар ва уларнинг ичида «Анворут-танзил ва асрорут таъвил» тафсири ҳошия ёзганлар ҳам кўп. Мазкур ҳошияларнинг сони қирқдан ортиқ бўлиб, уларнинг ичида Қозизода ва Хафочиларнинг ҳошиялари энг яхшилардан ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Анворут-танзил ва асрорут таъвил» тафсири энг мўътабар тафсирлардан бўлиб, Аллоҳнинг каломини фаҳмлашда ва унинг сирларини англашда беқиёс хизмат қилгандир.
3. Имом Жалолуддин Муҳаммад Маҳаллий ва имом Жалолуддин Абдурроҳман Суютийларнинг “Тафсирул Жалолайн”и.
Ушбу китобнинг исмини тилимизга таржима қиладиган бўлсак, икки жалолнинг тафсири деган маъно чиқади. Зотан бу тафсирни икки олим қилган. Биринчилари Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллий бўлиб, у киши 791-864 ҳижрий йиллар орасида яшаб ўтган. У киши ўз асрининг кўзга кўринган алломаларидан бўлган.
Имом Жалолуддин Маҳаллий қатъятли ва бир сўзли одам бўлган. Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаган. Пухта ва шиддатла ваъз қилган.
Иккинчилари Жалолуддин Абдурроҳман ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий 849-911 ҳижрий маналарда яшаб ўтган. Барча ўзига тақдим қилинган мансабларни қабул қилмаган. Фақат дарс бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлган. Тафсир, фиқҳ, калом, балоғат, наҳв, усул ва мантиқ каби илмлардан машҳур бўлган. У кишининг ёзган китоблари кўпчилик уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган.
Имом Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллий тафсир ёзмоқчи бўлганларида ўзларининг қариб қолганларини эътиборга олиб, Қуръони Карим иккинчи ярми - Каҳф сурасидан Нас сурасигача – тафсир қилишни ният қилган ва уни амалга оширган. Сўнгра Фотиҳа сурасини ҳам тафсир қилганларидан кейин вафот этган. Шунинг учун бу тафсирнинг баъзи нашрларида Флтиҳа сураси китобнинг охирида келади.
Кўпчилик имом Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллийнинг бу тафсирларини ўқиб қойил қолади ва уни тўлиқ бўлишини таклиф қилади. Ўшанда имом Жалолуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Маҳаллийнинг услублари сақланиб қолиши ҳам мулоҳаза қилинади. Бу ишга ўн саккиз ёшли олим Жалолуддин Абдурроҳман ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий раво кўрилади. У киши ўзининг муқаддимасида айтишича тафсирнинг иккинчи ярмини қирқ кунда ёзиб битиради.
Шундан кейин бу тафсирни икки Жалолуддиннинг тафсири ўлароқ “Тафсирул Жалолайн” деб номланади.
Бу тафсир жуда ҳам фойдали тафсирдир. Унда қисқа иборалар билан улкан маънолар ифода этилган. “Тафсирул Жалолайн” энг кўп тарқалган ва энг кўп фойда берган тафсир сифатда жуда ҳам машҳурдир. Бу китоб ҳозиргача турли ҳажм ва услубларда кетма-кет нашр қилиниб келмоқда.
4. Алоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Боғдодийнинг “Тафсирул Хозин”и.
Бу киши 678 ҳижрий санада Боғдодда туғилган. У кишининг лақаби Хозин бўлган. Хозин дегани хазийначи деганидир. Бунинг сабаби имом Алоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Боғдодийнинг Дамашқ шаҳридаги Симайсотия хонақоҳи кутубхонасининг хазийнадори бўлганидир.
Имом Хозин ёшлигидан катта уламолардан сабоқ олди. Хусусан, Дамашққа кўчиб келганидан кейин катта уламоларнинг мажлисларида бўлиб, уларнинг илм булоқларидан фойдаланди. Ўз замонасининг кенг тарқалган илмларини эгаллади. Кейинчалик турли соҳаларда муҳим китобларни таълиф қилди. Имом Хозин ўзидан кейин ажойиб китобларни қолдирди. Бу улуғ олим 701 ҳижрий санада, Ҳалаб шаҳрида вафот этган.
У кишининг тафсири “Тафсирул Хозин” номи билан машҳур бўлса ҳам, аслида китобнинг номи “Лубабул Таъвийл фий Маъонит танзийл”дир. Бу китоб машҳур тафсирлар сирасига киради. Унда муфассир кўплаб ривоятларни келтирган бўлса ҳам, санадини зикр қилмаган. Қиссаларга берилиб кетгани ҳам мулоҳаза қилинган. Аммо яхшилиги қиссанинг ортида ботилини ҳам англатиб қўйган.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, имом Алоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Боғдодий ўз тафсирини ёзишда имом Бағавийнинг тафсиридан кенг фойдаланган.
Имом Хозин ўзининг бу тафсирига беш фаслдан иборат катта муқаддима ёзган.
Уламолар “Лубабул Таъвийл фий Маъонит танзийл” тафсирида исроилиёт қиссалари ҳам борлигини афсус билан айтадилар. Шунингдек, бу тафсирда фиқҳий, тарихий масалаларга ва ваъзга алоҳида эътибор берилгани айтилади.
Учинчи қисм – «Тафсири ишорий».
Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, унинг махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир.
Уламолар бу турдаги тафсир ҳақида ихтилоф қилдилар. Улардан бирлари уни жоиз десалар, бошқалари жоиз эмас, дедилар. Гапнинг хулосаси қуйидаги бешта шартни ўзида мужассам қилган ишорий тафсир мақбул, дейиш бўлди:
1.Қуръони Карим назми сиртига хилоф бўлмаслиги.
2.Зоҳирга хилоф ўлароқ ушбудан бошқа мурод йўқ дея даъво қилмаслик.
3.Ҳақиқатдан узоқ аҳмақона таъвийл бўлмаслиги.
4.Ақл ва шариатга хилоф бўлмаслиги.
5.Уни қўллайдиган шаръий далил бўлиши.
Бу қисмга доир тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилар:
1.Имом Низомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Ҳусайн Хуросоний Найсобурийнинг «Fароибул Қуръон ва рағоибул Фурқон» тафсири.
Чўлоқ Наззом нами билан ҳам машҳур бўлган имом Найсобурийнинг асли Қум шаҳридан бўлиб, Найсобурда униб ўсган. У киши ўз замонасида тарқалган барча илмлардан хабардор бўлиб, айниқса, тафсир, фиқҳ, ақлий илмлар, араб тили, иншо каби илмларда жуда ҳам пешқадам бўлган. Шунингдек, у зот парҳезгорлик ва тақво ҳамда зуҳд ва тасаввуфда донг таратган.
Имом Насобурий ўзининг бу тафсирини имом Розийнинг тафсиридан мухтасар қилиб олган дейдилар баъзи луамолар. Шу билан бирга “Кашшоф” тафсиридан ва бошқа тафсирлардан ҳам муҳим маълумотларни қўшган.
Имом Насобурий Розий ва Замахшарийдан кўчирибгина қолмайди, балки иккисини таққослайди ва кези келганда танқид ҳам қилади.
Имом Насобурийнинг «Fароибул Қуръон ва рағоибул Фурқон» тафсири ибораларининг осонлиги билан ажралиб туради. Муфассир ўзининг бу китобида икки нарсага алоҳида аҳамият берган. Биринчиси қироат ва вақфлар. Иккинчиси ишорий маъноларга.
Найсобурий «Fароибул Қуръон ва рағоибул Фурқон» тафсирида оятнинг зоҳирий маъносини баён қилиб бўлгандан кейин “Аҳли ишора дейди” деб туриб ишорий маънони айтади. Мисол учун сигирни сўйишга буюриқ ҳақидаги оятнинг ишорий маъносида “бу ҳайвоний нафсни сўйишга амрдир” дейилади.
2.Шаҳобиддин Маҳмуд Олусийнинг “Руҳул Маъоний” тафсири.
Имом Олусий 1217 ҳижрий санада Боғдоднинг Карх тарафида туғилган. У киши ёшлигидан барча керакли илмларни қунт ва тиришқоқлик билан ўрганди. Ўн уч ёшида дарс бериш ва таълиф қилишни бошлади. Бир неча мадрасаларда дарс берди. Кейинчалик у зотга ҳанафий мазҳаби бўйича фатво бериш масъулияти юклатилди. Сзнгра Расофадаги масжид ёнидаги ҳовлисида турли илмлардан дарс берди. Охир оқибатда Имом Олусий барча илм ва ишларда пешвога айланди. 1263 йили фатвони тарк қилиб Қуръони Каримни тафсирини тамом қилишга бошлади ва бу ишни охирига ерказди. Сўнгра 1267 йили пойтахтга бориб ўз тафсирини султон Абдулмажидхонга кўрсатди. Бу тафсир султонга жуда ҳам маъқул келди. Имом Олусий 1269 йили пойтахтдан қайтди. У киши кўп илмларда пешқадам бўлса ҳам, ҳанафий мазҳабига кўп эътибор берар ва имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи иқтидо қилар эди.
Имом Олусий Боғдодда, 1270 ҳижрий санада вафот этган. Унда муаллиф ўтганларнинг ва кейин келганларнинг қавлларини жамлаган. Шу билан бирга иўорий маъноларга ҳам аҳамият берган.
Имом Олусий 1253 йили, Ражаб ойида туш кўради. Унда Аллоҳ таоло у кишига осмонлар ва ерни бирлаштириш ва уларнинг бўйи ва энидаги ёриқларни беркитишга амар қилади. Китоб кўриб, бу тушнинг таъвили тафсир ёзишга амр эканини англайди. Тафсир ёзишга бошлайди. Бу иш зўа йили Шаъбон ойининг ўн олтинчи кечасида бошланади. Имом Олусий ўшандан ўттиз тўрт ёшда эди. Тафсирни 1267 йили Робийъулохир ойидан ўн тўрт кун қолганда битиради ва унга бош вазир Али Ризо пошша маслаҳати ила “Руҳул Маоний фий тафсири Қуръонил Азийми ва сабъил Масааний” деган номни ихтиёр қилади.
Имом Олусий “Руҳул Маоний” тафсирида ўзининг барча имкониятини, илмини ва ақли ҳамда закватини борича ишлатган. У киши ўзининг бу китобида одамларга салаф ва халаф уламоларининг барча қавлларини саралаб, олий даражадаги омонат ва иноят билан келтирган. Имом Олусий бу китобни ёзишдан ўзидан олдин ўтган машҳур тафсирчиларнинг китобларидан унумли фойдаланган.
Ақийда масаласида Аҳли сунна ва жамоат мазҳабини қўллаш билан бирга шийъа ва мўътазилаларга мухолифларни қаттиқ танқид қилган.
Фиқҳий масалаларда эса, Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабини қўллаган.
Имом Олусий ёлғон қиссалар ва исроиллиётларни аёвсиз танқид қилган. Қироатлар, сабаби нузул, оятлар ва суралар ўртасидаги боғланишларга ҳам алоҳида эътибор берган.
Имом Олусий ўз китобида ишорий тафсирни ҳам унутмаган. Шунинг учун ҳам баъзи мутахассислар у кишининг тафсирини ишорий тафсирлар қоторига қўшган. Аслида эса бу тафсирни кўпчили рай билан қилинган тафсирлар қоторига қўшадилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
"Қуръон илмлари"китобидан