«Байъат» арабча сўз бўлиб луғатда «сотиш» маъносини англатади. Истилоҳда эса давлат бошлиғиликка номзод одамнинг бошлиқ бўлишига рози бўлган шахснинг унга вафодорлигини ифода қиладиган, ваъдага ўхшаш аҳдномасини билдиради.
Бизда «байъат» сўзи ўрнига «қўл бериш» истилоҳи ишлатиладиган бўлиб қолган. Чунки шайхга байъат қилаётган мурид у кишининг қўлига қўлини бериб туриб, байъат қилади.
Аслида байъат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлган. Бу маъно Қуръони каримда икки марта: бири «Фатҳ» сурасида, иккинчиси «Мумтаҳина» сурасида зикр қилинган.
Аввалгисида эркакларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъатлари ҳақида бўлса, кейингисида аёлларнинг у зотга байъатлари хусусида айтилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларидаги байъат–аҳднома Исломга кириш ва унинг амалларини бажариш ҳақида бўлган.
Ўша вақтдаги байъатнинг баъзи тарафлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига, у зотга итоат қилишга бўлган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин халифага байъат қилиш йўлга қўйилган. Бу байъат ўзига хос сиёсий маънони акс эттирган. Давлат бошлиғи лавозимига сайлаш ва унга бошлиқ сифатида итоат қилиш маъносида бўлган.
Бу ҳолат бешинчи ҳижрий асргача бир хилда давом этиб келган. Ўша пайтга келиб ислом оламида халифалар талабларга тўлиқ жавоб бера олмайдиган кишилар бўлиб қолди. Ислом таълимотларидан узоқлашиш, халифаликни меросхўрликка айлантириш оқибатида билими ва тақвоси талабга жавоб бермайдиган шахслар ҳам халифа бўлиб қолаверди.
Ўз-ўзидан бетақво кишига тақво ҳақида байъат қилиш мантиқсиз ишга айланиб қолган. Шундай қилиб, халифага қилинадиган байъат қуруқ сиёсий маънодан бошқа нарсани ифода қилмай қолди.
Кейинчалик кишилар ўзлари учун тақвода ўрнак бўлган шайхларга тақво ишларида содиқ бўлиш учун байъат қилишга ўтдилар. Шу тарзда байъат иккига бўлинган: халифага - сиёсий маънода, шайхга - тақводорлик маъносида байъат қилишга ўтилган.
Вақт ўтиши билан шайхларга бериладиган байъатгина қолган. Ҳар бир шайх ўзига байъат қилинишини талаб қиладиган бўлган. Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарада келган байъатни шайхга байъат қилиш деб талқин этила бошлаган. Бинобарин, шайхга байъат қилиш лозим, ким шайхга байъат қилмаса, фалон бўлади, байъатни бузиб бўлмайди, ким шайхга қилган байъатни бузса, фалон бўлади каби гаплар кучайиб борган.
Аммо фуқаҳолар ўзларининг фатволарида шайхларга бериладиган байъат Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарада келган байъатнинг айни ўзи эмаслигини таъкидлаб келганлар.
Биргина мисол келтирамиз.
Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинишича, «Танқиҳи ал-Фатовий ал-Ҳомидия» китобида қуйидагилар келтирилган:
«Бир киши бир шайхга аҳд берди. Кейин бошқа бир шайхга аҳд берди. Унга ўша икки аҳддан қайси бири лозим бўлади?
Айтдилар:
«Униси ҳам, буниси ҳам лозим бўлмайди. Чунки бу асли йўқ нарсадир».
Агар баъзи суфийлар даъво қилганларидек, шайхларга байъат қилишнинг ҳукми худди Қуръони каримда ва суннати мутоҳҳарада келган байъатнинг айни ўзи бўладиган бўлса, иш бошқача бўлиши, жумладан, шайхларнинг зиддиларига айланиб кетиши лозим эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида:
«Агар икки халифага байъат қилинса, улардан кейингисини қатл қилинглар!» дейилган.
Агар шайхларга қилинадиган байъат тўлақонли байъат дейиладиган бўлса, ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ энг қадимги байъат қилинган тариқат шайхини қўйиб, қолганларини қатл қилиш мусулмонлар оммасининг вазифасига айланиб қолган бўлур эди.
Албатта, ҳеч бир шайх ёки мурид бундай ишни қабул қила олмайди. Бас, шундай экан, ишнинг иккинчи тарафини, шайхларга қилинадиган байъат Қуръони каримда ва суннати мутоҳҳарада келган байъатнинг айни ўзи эмаслигини тан олишлари керак.
Байъат ҳақида сўз борар экан, кейинги пайтларда баъзи бир ташкилот ва муассасалар ҳам ўзига мансуб бўлган кишилардан байъат олишни йўлга қўйганларини айтиб ўтмоқ керак. Бу ҳам худди ташкилот ёки муассаса билан унга аъзо бўлган шахснинг орасидаги шартномага ўхшаш бир нарсадир.
Бунга ўхшаш байъатлар худди ямин - қасам ёки назр ҳукмида бўлади ва улар бирор нарсани лозим қилувчи кучга эга эмас.
Ҳақиқий шайхлар тасаввуф шайхларига бериладиган байъатни тақво асосида устоз ва шогирдлик аҳдномаси деб билганлар. Шунинг учун ҳам муридлардан байъат олишда қўлни қўлга қўйиб туриб:
«Албатта, сенга байъат қилаётганлар фақат Аллоҳнинг Ўзига байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир. Ким (байъатни) бузса, ўзига қарши бузади, холос ва ким Аллоҳга қилган аҳдига вафо қилса, унга тезда улкан ажр берилур», ояти каримасини тиловат қилиш билан кифояланганлар. («Фатҳ» 10-оят).
Шу билан шайх ва мурид орасида устоз-шогирдлик аҳдномаси тузилган бўлади. Шайх ўзининг устозлик вазифасини сидқидилдан содиқлик ила бажаришга, мурид эса ўз шайхига садоқатли шогирд бўлишга аҳд берган бўладилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ