close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Араб (Исломий) тамаддуннинг Европага кириши ва сингиши

«Шарк ва Ғарб... Уларнинг қони ҳам, қон айланиши ҳам турлича. Бироқ баъзан қон алмаштириб туриш ҳаётий заруратга айланади» Жон Голсуорси

«Шарк ва Ғарб... Уларнинг қони ҳам, қон айланиши ҳам турлича. Бироқ баъзан қон алмаштириб туриш ҳаётий заруратга айланади» Жон Голсуорси

Ғарб IX асрдан бошлаб Шарқ маданиятининг кучли таъсири остида қолди. Антик (қадимий) илм-фан араб маданиятининг бағрида сақланиб қолди. Ғарб халқлари араб таржималари орқалигина «ўз ақлий ташналигини» (агар шундай таъбир жоиз бўлса) қондирди ва юнон фалсафасининг моҳиятини тушуниб ета олди. Бу шундай юз берган эди: Тақдирнинг тақозоси билан Шарқ ва Ғарб маданиятлари илк бор тўқнаш келган жой Салерно шаҳри бўлди. IX асрдаёқ бу ерда тиббиёт мактаби гуллаб-яшнаган, шаҳар аҳолиси эса (шу жумладан, юнон ва яҳудийлар ҳам) Шарқ билан яқин алоқада эдилар.
Салерно шаҳри асли тунислик Константин Африканский (1017 - 1087 й.) каби зотлар билан ҳам машҳурдир. Бир неча йил Норманн конкистадорининг котиби бўлган Константин 1070 йилда Монте Кассинодаги монастирда узлатга чекинди ва шу ерда кўплаб китобларни, шу жумладан араб тилида ижод қилган, одатда шимолий африкалик яҳудий муаллифларнинг китобларини араб тилидан лотин тилига ўгирди. У 1087 йилда вафот этгач, Монте Кассино-да унинг ишини Иоанн Афлациус (Johannes Aflacius) давом эттириб, араб тилидаги китобларни таржима қила бошлади. Кремоналик Герарднинг янада аниқроқ таржималари пайдо бўлган пайтда ҳам Константиннинг таржималари ўз аҳамиятини йўқотмади. VIII асрдан бошлаб мусулмонлар Сицилияни фатҳ эта бошлаган бўлса-да, айнан XI асрда, орол норманнлар қўлига ўтганда вазият ўзгариб, иккала томон ўртасидаги узоқ кутилган мулоқот яна қайта тикланди.
Салернодаги араб олий тиббиёт мактаби андозасида Монпелье (1220 й.) ва Неаполь (1224 й.) шаҳарларида ҳам шундай мактаблар пайдо бўлди. Дарвоқе, Неаполдаги мактабга асос солган импсратор Фридрих II Гогенштауфен араб тилини билар ва араб олимларининг шу тилда ёзилган асарларини ўқир эди. Неаполь унивсрситетининг мударрисларидан бири, табиб Арманго (Armengaud) ҳамда франциялик табиб Блэзнинг (Blaise) ўғли 1284 йилда Ибн Сино ва Ибн Руптднинг асарларини таржима қилган эди. Жумладан, у Ибн Синонинг «Тиб ҳақидаги достон»ини араб тилидан лотин тилига таржима қилиб, уни «Avicennae Cantice» деб атади. Неаполда араб тилидан лотин тилига таржима ишлари кейинроқ, XIV асрда ҳам Анжулар сулоласи учун давом этди. Бундан ташқари, европаликлар савдо-сотиқ ва миссионерлик мақсадлари учун ҳам шарқ тилларини ўрганар эдилар.
Бироқ араб фани ва фалсафаси билан танишув анча олдин бошланган эди. Масалан, аввал Реймс, сўнг Равенна архиепископи бўлган, таҳсилни дастлаб Ориньяк аббатлигида оддий монахликдан бошлаган Папа Сильвестр II ҳам Шимолий Испанияга отланиб, у ерда араб олимлари раҳбарлигида математика ва техник илмлар билан шуғулланган.
Араблар Испанияни ҳам фатҳ қилдилар (Леон, Наварра, Арагон шаҳарларидан ташқари). Бироқ, кутилмаганда воқеа-ҳодисалар яна кескин ўзгарди. 1085 йилда Альфонсо VI Киднинг ёрдами билан Толедо шаҳрини қайтариб олишга муваффақ бўлди. Шаҳар аҳолисининг асосий қисмини араб тилида сўзлашувчилар ташкил этган бўлиб, уларнинг орасида яҳудийлар ҳам кўп эди. Шундай қилиб, араб ва юнон маданиятининг тизимли суратда тарқалиши айнан Толедо шаҳридан бошланди.
Испания ва Сицилияда яшаган, кизиқишларига кўра математик бўлган Аделард Батский (1090 - 1150 й.) Абу Абдуллоҳ (ёки Абу Жаъфар) Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг «Арифметика» рисоласини лотин тилига таржима қилди. Араб рақамлари муомалага анча секин кириб келди. «Алгоритм» атамасининг ўзи ҳам ал-Хоразмийнинг номи билан боғлиқ бўлиб, ўша арифметикани англатади. Бундан ташқари, Аделард ўз даврида Евклиднинг асарла-рини араб тилидан таржима қилиб, Лотин дунёсини буюк Юноннинг геометрик назарияларидан баҳраманд қилди.
Испанияда яна бир машҳур таржимон - 1143 йилда илк бор Қуръони Карим маъноларини таржима қилган Честерлик Роберт (1110 - 1160 й.) ҳам етишиб чиқди, кейинроқ, 1144 йилда у химияга оид рисолани, 1145 йилда эса ал-Хоразмийнинг «Ал-жабр» («Алгебра») асарини, шунингдек, Арастунинг (Аристотель) китобларини таржима қилди.
Бироқ энг машҳур таржимон Кремоналик Герард (1114 -1187 й.) бўлса керак. Ўзи насроний бўла туриб, Герард кўп йиллар давомида Толедода араб тилидан дарс берди. Ибн Синонинг «Тиб қонунлари», Батлаимуснинг (Птолемей) «Алмагест» асари ҳамда машҳур араблар файласуфи Киндийнинг бир неча асарлари Кремоналик Герард томонидан таржима қилинган. У Арастунинг «Аналитика» («Таҳлил»), «Физика», «Осмон ва олам ҳақида», «Пайдо бўлиш ва йўқ бўлиш ҳақида», «Метеорология» каби асарларини, Архимеднинг «Айланани ўлчаш ҳақида», Евклиднинг «Элементлар», шунингдек, Гален, Гиппократ, Исаак Иудей асарларини, Габирийнинг (760 - 815 й.) химияга оид рисолаларини, матсматика ва астрономия бўйича Киндийнинг (813 - 880 й.), Ал-Хозиннинг (965 - 1038 й.) илк бор нурни синдирувчи кўз гавҳари ҳақидаги ғоя илгари сурилган оптикага оид асарларини, Форобий (951 йилда вафот этган), бағдодлик яҳудий Мессахал (770 - 820 й.) ва бошқа кўплаб муаллифларнинг китобларини араб тилидан таржи-ма қилди. Герарднинг араб тилидан таржима қилган китоблари сони 80 га яқинлашиб қолган.
Герарднинг замондоши, ҳамшаҳари бўлмиш Марк Каноник ҳам Гиппократ ва Галеннинг асарларини уларнинг арабча нусхаларидан таржима қилган.
Толедо шаҳрининг пешонаси яркираган экан. Унга яна бир воқеа билан шухрат қозониш насиб қилган. Архиепископ Раймонд (1126 - 1151 й.) айнан шу шаҳарда «Таржимонлар мактаби»ни ташкил қилган. Унга Доминик Гундисальви, Ибн Дахут (Авендеут), Иоанн Испанский каби машҳур таржимонлар аъзо бўлишган. Толедо таржима мактаби намояндалари араб тилидаги 92 та асарни лотин тилига таржима қилган.
Ибн Сино қаламига мансуб фалсафий асарларнинг илк таржималари Европада XII асрда, Испаниянинг Толедо шаҳрида таржимонлар мактаби ташкил қилинган пайтда пайдо бўлди. Ушбу мактабнинг олдига насроний дунёсини юнон ва араб мутафаккирларининг асарлари билан таништириш вазифаси қўйилган эди. Ушбу мактаб вакиллари томонидан араб тилидан қилинган дастлабки таржималар Ибн Синонинг «Метафизика» ҳамда «Руҳ ҳақидаги китоб» асарлари бўлди. Аслини олганда, айнан мана шу асарлар туфайли Европа Ибн Сино фалсафаси билан биринчи бор танишган эди. «Тиб китоби»нинг руҳиятга доир қисми Европада лотинча «Liber de Anima» («Рух ҳақида кшоб») «Opus egregium de Anima» («Руҳ ҳақидаги ажойиб асар»), «Liber sextus naturalium» ёки «Liber sextus de naturalibiis» («Олтинчи физика китоби») деган номлар билан танилди.
«Руҳ ҳақидаги китоб»нинг лотинча таржимасида Толедо архиепископига бағишлов бор. Бу бағишловдаги бир қатор қўлёзмаларда архиепископ Жаннинг (Иоганн) номи зикр қилингани сабабли, бу таржима 1152 ва 1166 йиллар орасида унинг хузурида қилинган, деб тахмин қилиш мумкин. Бағишловда Толедо епископидан ташқари яна икки киши: жайдари лотин тилига (Кастилия шаҳрининг лаҳжаси) оғзаки таржима қилган Авендует ҳамда матнни классик лотин тилида қайта ишлаган архидьякон Доминик ҳам зикр қилинган.
Бағишловда айтиб ўтилган Доминик - Доминик Гундисалинус ёки Доминик Гундисальвидир. У 1180 йилда Ибн Синонинг «Метафизика» номли асари таржимасини якунлаган (у матнни қайта ишлаган, деб гумон қилишга етарли асос бор, чунки бу сафар таржима воситачисиз амалга оширилган). Гундисальви Ибн Синонинг таъсири остида ўзининг «Руҳ ҳақида» деб номланган асарини ёзган. Доминик шунингдек, Арастунинг «Физика» асарини ҳамда унинг яна 10 та китобини, Ибн Синонинг «Метафизика»сини, Ғаззолий-нинг «Фалсафа»сини, Форобийнинг «Илмлар ҳақида» ҳамда Авицеброннинг «Ҳаёт манбаи» асарларини таржима қилган.
Авендует исмли киши, эҳтимол, тахминан 1148 йилдан бошлаб Толедода яшаган (ва 1180 йилда ўша ерда вафот этган) Авендаут ёки Абраам ибн Давуд бўлса керак. У ўзининг араб тилида ёзилган «Юксак иймон» деб аталган асари хамда «Анъаналар китоби» номли тарихий рисоласи билан машҳурдир. Аммо бир қатор тадқиқотчилар Ибн Довудни Авендеут деб нисбат беришга қарши фикр билдиришган.
оледода бир муддат Михаил Скот (1175 - 1235 й.) ҳам ишлаган бўлиб, у Падуя, Болонья ва Римда узоқ вақт таҳсил олганидан сўнг Сицилияда, Фридрих II саройида қарор топган эди. У валенсиялик дўсти Беренгар билан бирга Ибн Синонинг кўпгина асарларини таржима қилган.
У яна бир сафдоши Герман Немец билан бирга Ибн Рушднинг Арасту қаламига мансуб «Осмон ҳақида», «Руҳ ҳақида», «Метафизика», «Риторика», «Поэтика», «Никомах этикаси» ва Стагиритнинг табиий фанларга оид майда асарларига кичик изоҳларни таржима қилган.
Унинг ўз таржималари ҳам бўлган. У севильялик Батракийнинг астрономияга оид китобини таржима қилган бўлиб, бу китобда Николай Коперникка нисбат берилган кўпгина ғоялар аввалроқ айтиб ўтилган. Скотт лотин дунёсини Ибн Рушднинг ғоялари ҳамда Арастунинг биологияга оид асарлари билан таништирди. Фридрих II нинг дўсти, черковнинг душмани бўлмиш бу одам ҳақида «У сеҳр-жоду билан шуғулланади» деган миш-мишлар юрарди. Данте уни жаҳаннамнинг тўртинчи доирасига, пайғамбарлар билан сеҳргарларнинг ўртасига жойлаштирган эди. Данте: «У сеҳр-жодуни шайтоннинг ўйинига айлантира олганлардан эди», деган эди.
1160 йилда палермолик адмирал Евгенио де Палермо (Eugenio da Palermo, 1130    1202) Клавдий Птолемейнинг (Claudius Ptolemaeus, 100 - 170) «Оптика» номли асарини араб тилидан лотин тилига таржима қилди, ваҳоланки ҳамма уни юнон тилининг билимдони деб биларди. У Герарддан 12 йил аввал «Алмагест» асарини айнан юнон тилидан таржима қилган бўлиб, бу нусхадан XV асрнинг охиригача фойдаланиб келинган. Англияда араб илм-фанини илк бор тарқатган одам чўқинтирилганда испаниялик яҳудий Моше а-Сфаради бўлиб, Генрих I нинг табиби бўлган. У 1106 да чўқинтирилиб, унга Петр Альфонси (Petrus Alfonsi) деб исм берилган. Ундан анчагина кейин, англиялик Kapлнинг буюртмасига кўра асли яҳудий бўлган сицилиялик Моисей Фараки (1285 йилда вафот этган) «Liber continent» номли асарни - Закариё Ар-Розийнинг қаламига мансуб бўлгап, Юнон, Шом ва Араб тиббий рисолаларининг кенг антоло гияси бўлмиш «Шомил китоб» асарини таржима қилгап.
Европаликлар ўша пайтдаёқ қудратли илмий маданияг соҳибига айланган Шарққа эҳтиром билан муносабатда бўлар эдилар. Академик В.В.Бартольд қизиқ бир тарихий фактни келтиради: «Франциянинг жанубидаги Виенна шаҳрининг черковида (1311 - 1312 йилларда) Рим, Париж, Болонья, Оксфорд ва Саламанка университетларида араб, яҳудий ва халдей тиллари бўйича профессура ташкил қилиш ҳақида қарор қабул қилинган; бироқ мутахассислар йўқлиги туфайли бу қарор XVI асргача амалга оширилмаган».
Испанияда ўн биринчи асрда бошланган араб-юнон меросини ўзлаштириш жараёни Европанинг турли минта-қаларида XVI-XVII асрларгача давом этди. Масалан, XVI асрнинг бошида Италияда Андрэа Альпаго (Andrea Alpago, в. 1521) фақатгина Ибн Сино, Ибн Рушд ва бошқа мусулмон олимларнинг асарларини янгитдан таржима қилиш билан банд бўлган. Арабча китобларнинг лотинча нусхалари тайёр бўлиши билан Болонья, Монпелье, Париж ва Оксфордда дарҳол уларни ўрганишга киришишар эди. Юқорида номи айтиб ўтилган дастлабки икки мактаб асосан араб тиббиётини ўрганишга ихтисослашган бўлса, кейинги иккиси - Париж ва Оксфорд араб олимларининг фалсафа ва илоҳиётга оид асарларини ўрганишга қизиқар эди.
Диншунослик фанлари номзоди Роман Викторович Овчаренко жанобларининг мақоласидаги маълумотларнинг ҳаётга татбиқ қилинишини англаб етишимиз учун бир оз шарҳ ва тахдил керак бўлади. Одатда бундай шарҳ ва Taxлилларни мусулмон уламолар қиладилар. Бу борада жуда кўп китоблар ёзилган. Ҳозирда мусулмон давлатларнинг кўпгина ўқув муассасаларида «Ислом тамаддуни» (цивилизацияси) номли дарслар ўтилади. Биз улардан суриялик машҳур олим Мустафо Сибаъий раҳматуллоҳи алайҳнинг китобларидан фойдаланган ҳолда сиз муҳтарамларга керакли маълумотларни такдим қилмоқчимиз. У киши бу борада қуйидагиларни ёзадилар:

«Исломий тамаддуниинг Европага кириши ва сингишини бешта асосий йўналишда умумлаштириш мумкин:

1. Ақийда ва дин йўналишида.
Европада VII асрдан то янги уйғониш давригача юзага келган диний ислоҳот ҳаракатларида исломий ҳазора асосларининг чуқур изи бўлган. Зеро, Аллоҳнинг бирлигини, Унинг ҳукмронликда танҳолигини, зулм ва нуқсондан холи эканини эълон этган. Уша кунларда халқлар шиддатли мазҳабий кураш ҳамда фикрлари, ўйлари, мол-мулки ва жисмлари устидан ҳукмрон бўлган дин кишиларининг итоатида занжирбанд эдилар. Табиийки, Исломнинг Шарқ ва Ғарбдаги футуҳотлари қўшни миллатларнинг ҳамма нарсадан олдин ақийда асосларидан таъсирланишларига олиб келди.
Бу таъсир амалда рўй бериб, милодий VII асрда ғарбликлар орасида суратларга ибодат қилишни инкор этувчилар пайдо бўлди. Кейин эса Аллоҳ ва бандалари ўртасидаги воситачиликни инкор этадиганлар юзага чиқди. Улар «Муқаддас китоблар»ни тушунишда дин кишиларининг ҳукмронлиги ва назоратидан чиқишга, яъни мустақилликка даъват қилар эдилар. Кўпгина тадқиқотчилар Лютернинг ўзини ислоҳ қилиш жараёнида мусулмон файласуфлари ва уламоларининг дин, ақийда ва ваҳий тўғрисидаги фикрларидан таъсирланганини таъкидлашади. Европа университетлари ҳалигача ўша замонларда лотин тилига таржима қилинган мусулмон файласуфларининг китобларига таянишади.

2. Фалсафа ва тиб, риёзиёт, кимё, жуғрофия ва фалакшунослик каби илмлар йўналишида.
Аввал ҳам кўп марта такрорланганидек, Европа Ислом олимлари ва файласуфларининг овозидан уйғонди. Улар европаликларга бу илмларни Ишбиля (Севилья), Қуртуба (Кордова), Ғарнота (Гранада) ва бошқа шаҳарлардаги масжидларда ўргатдилар. Ғарбнинг илк йўлбошчилари мад-расаларимизга қаттиқ қизиқиш ва қизғин муҳаббат билан қарар эдилар. Бу мадрасаларда илмлар шу даражада эркин муҳитда ўргатилар эдики, бундай ҳолатни улар ўз мамлакатларида асло кўрмасдилар. Уламоларимиз ўз илмий давраларида, муаллафотларида ернинг айланиши, унинг юмалоқлиги, фалак ва самовий жисмларнинг ҳаракатланиши ҳақида сўзлаб турган бир вақтда европаликларнинг ақллари ана шу ҳақиқатларнинг барчаси тўғрисида хурофот ва ваҳималарга лиммо-лим тўлган эди.
Шу туфайли ғарбликлар орасида арабчадан лотинчага таржима қилиш ҳаракати бошланди. Ғарб университетларида Ислом уламоларининг китоблари ўқитила бошлади. Ибн Синонинг тиб тўғрисидаги «Ал-Қонун» китоби XII асрда таржима қилинган эди. Шунингдек, Ар-Розийнинг «Ал-Ҳовий фиттиб» номли китоби ҳам XIII аср ниҳоясида лотинчага ўгирилди. Бу икки китоб Европа университетларида тиббиёт фанидан асосий дарслик сифатида XVI асргача ўқитиб келинди.
Аммо фалсафа китоблари бундан ҳам узоқ ўрганилди. Ғарб юнон фалсафасини фақатгина исломий муаллафот ва таржималардан таниди. Шу боис кўпчилик инсофли ғарбликлар ўрта асрларда, олти юз йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида мусулмонлар Европанинг устози бўлиб келганини эътироф этишади.
Аллома Гюстав Лебон айтади: «Араб китобларининг таржимаси, хусусан, илмий китоблар ўқитиш учун ягона манба бўлиб, қарийб беш ёки олти аср хизмат қилди. Айтишимиз мумкинки, тиб илми каби, баъзи илмларда мусулмонларнинг таъсири бугунги кунимизга етиб келди. Ибн Синонинг китоблари Монбилияда ўтган асрнинг охирларида таржима қилинди».
Бу олим яна шундай ёзади: «Рожер Бэкон, Леонардо Фибоначчи,(Leonardo Pisano (1170- 1250).) Арно де Вильнев,(Amaldus de Villanueva (1235 - 1311).) Раймунд Луллий,(Raymundus Lullius (1235 - 1315).) Фома Аквинский, (Thomas Aquinas (1225 - 1274).) Буюк Альберт(Albertus Magnus (1200 - 1280).) (Joseph Ernest Renan (1823 - 1892).) ва бошқалар фақат мусулмон олимларининг китобларига ишонганлар».
Жозеф Ренан” шундай дейди: «Албатта, Буюк Альберт Ибн Синодан, Фома Аквинский эса ўз фалсафасида Ибн Рушддан карздордир».
Шарқшунос олим Л.А.Седийо(Луи-Амели Седийо - Louis Amelie Sedillot (1808 - 1875).) айтади: «Ўрта аср ҳазораси байроғини мусулмонларнинг ўзлари кўтариб, шимол қабилаларининг Европани титратган варварлигини мағлуб этди. Улар «барҳаёт юнон фалсафасининг манбалари» бўлиб қолдилар. Улар ўзлари эришган маърифат хазиналари олдида тўхтаб қолмадилар, балки уни кенгайтирдилар, табиатни ўрганиш учун янги эшиклар очдилар».
У яна шундай дейди: «Мусулмонлар астрономия билан шуғулланган пайтда барча риёзиёт илмига ўзгача эътибор бердилар. Улар бу борада улоқни илиб кетдилар. Мусулмонлар бу борада чинакам устоз эдилар».
У яна айтади: «Агар биз лотиннинг арабдан ўзлаштирган нарсасини ўрганадиган бўлсак, бошланишидаёқ қуйидагиларни топамиз: «Сильвестр Иккинчи номи билан машҳур бўлган папа Герберт 970 - 980 йиллар мобайнида Андалусда ўрганган риёзий (математикага оид) билимларини бизга ўргатди. Аделард (Adelard of Bath; 1080 1160) 1100 - 1128 йиллар мобайнида Андалус ва Мисрни ксзиб чиқди. Арабларнинг ўзлари билмаган Евклиднинг «Ал-Аркон» китобини таржима қилди. Афлотун Тиволий(Тиволилик ёки Тибуртинлик Платон, Plato Tiburtinus, XII аср.) Феодосийнинг «Ал-Укар» китобини, Брюггелик Рудольф эса Батламиуснинг «Планисфс-риум» китобини таржима қилди. Фибоначчи эса (Пизалик Леонардо - Leonardo Pisano, 1170 - 1250) эса 1200 йилда «Ал-Жабр» тўғрисида рисола ёзди. XIII асрда Жованни Кампано(Giovanni Campano (1210 - 1296).) Евклиднинг китобини шарҳлаган ҳолда таржима қилди. Витело (Erazmus Ciolek Witelo, 1220 - 1280) Ҳасан ибн Ҳайсамнинг «Басариёт» («Оптика») номли китобини ҳам мана шу асрда ўз тилига ўгирди».
Яна шу асрда Жерар де Кремон(Gerard de Cremone (1114 - 1187).) ҳақиқий, мустаҳкам фалак илмини Батламиуснинг (Птоломей) «Алмагест» ва Жобирнинг унга ёзган шарҳини таржима қилиб, нашр эттирди. Агар Рожер I Сицилияда араб илмларини таҳсил олишга, хусусан, Идриснинг китобларини ўқишга тарғиб қилган бўлса, император Фредерик II эса мусулмон илми ва адабиётига ташвиқ этишда ундан ортда қолмаган эди. Ибн Рушднинг авлодлари ана шу императорнинг саройида яшашар, унга ўсимлик ва ҳайвонот тарихини ўргатишарди».
Александр фон Гумбольдт ўзининг коинот ҳақидаги китобида шундай дейди:
«Кимёвий доришуносликни топганлар мусулмонлардир. Жанубий Европадаги Салерно мактаби қабул қилиб, кейинчалик кенг тарқалган илк тиббий тавсиялар ҳам араблардан келган. Шифо фанининг асослари бўлган доришунослик ва тиб бир вақтнинг ўзида, лекин икки хил йўл би-лан наботот ва кимё илмини ўрганишга йўл очди. Мусулмонлар сабаб бўлиб, бу илмнинг янги замони бошланди. Уларнинг наботот оламидаги тажрибалари Диоскориднинг ўсимликлар рўйхатига яна икки минг ўсимликнинг қўшилишига ва дорихоналарнинг юнонлар умуман билмаган бир неча ўт-ўлан билан бойишига сабаб бўлди».
Седийо Мовароуннаҳрнинг икки улуғ олими Розий ва Ибн Сино ҳақида шундай дейди:
«Улар ўз китоблари билан Fарб таълим муассасаларида жуда узоқ муддат ҳукм суришди. У Европа мадрасаларига тақрибан олти аср мобайнида устозлик қилди. Ибн Синонинг беш қисмдан иборат «Ал-Қонун» китоби таржима қилинди ва бир неча бор чоп этилди. У китоб Франция ва Италия университетларида изланишлар асоси ҳисобланади».

3. Тил ва адабиёт йўналишида.
Ғарбликлар, хусусан, испан шоирлари мусулмон адабиётидан ғоятда кучли таъсирланганлар. Ғарб адабиётига мардлик, ботирлик каби мавзулар, мажоз сўз санъати, гўзал бадиий образлар айнан Андалусдаги араб адабиёти орқали кириб келди.
Машҳур испан ёзувчиси Апониз айтади: «Араблар Андалусга келишидан, мардлик ва қаҳрамонлик жануб ўлкаларига ёйилмасидан олдин Европа мардликни билмас, жанубда одат тусига кирган одобларга ва қаҳрамонликларга риоя қилмас эди».
Ғарблик адиблар ана шу асрларда мусулмон оламидан, хусусан, унинг адабиётидан ниҳоятда таъсирланганларини эътироф этадилар. Дозининг(Рейнхарт Дози (Reinhart Pieter Anne Dozy; 1820- 1883)) Ислом ҳақидаги китобида испан ёзувчиси, Қуртуба епископи Альваронши(Пабло Альваро (860 й. в.э.)) рисоласидан келтирган нақли бу фикрнинг ёрқин далилидир. Мазкур ёзувчи лотин ва юнон тилларига нисбатан бепарволик билан, мусулмонларнинг тилига эса эътибор билан қаралгани ҳақида куюниб гапиради: «Заковат ва завқ арбобларини араб адабиётининг таъсири сеҳрлаб қўйган, улар лотин тилини назар-писанд қилмайдилар. Бошқанинг эмас, балки ўзларини мағлуб этганнинг тилида ёзадилар».
У каттиқ таассуф билан шундай ёзади: «Менинг масиҳий биродарларим арабча шеър ва қиссаларга маҳлиё бўлиб қолганлар. Улар мусулмон файласуф ва фақиҳлари ёзган китобларни ўқиб-ўрганадилар. Улар китобларнинг нотўғрилигини исбот этиш ёки раддия қилиш учун эмас, балки фасоҳатли арабий услубдан иқтибос олиш учун шундай қилишади. Дин кишиларини ҳисобга олмаганда, бугун Таврот ва Инжилнинг диний тафсирларини ўқийдиган одам қани? Инжилларни, расул ва анбиёларнинг саҳифаларини ўқийдиганлар бугун қаёққа ғойиб бўлишди? Эҳ афсус! Закий масиҳийлардан ўсиб келаётган авлод араб адабиёти ва тилидан бошқа бирорта тил ёки адабиётни билмаса! Улар араб тилидаги китобларга берилиб кетдилар, уларни қиммат нархларда харид қилиб, катта-катта кутубхоналарга жамладилар. Қаерга борсалар, уларнинг захираларини (қимматбаҳо асарларини) мақтаб, тараннум этадилар. Бир вақтнинг ўзида масиҳийлик китобларига қулоқ осишдан «улар илтифотга лойиқ эмас», деган баҳона билан ҳазар қиладилар. Афсус, минг афсус! Масиҳийлар ўз тилларини унутдилар. Бугун улар ичидан мингтадан битта бўлса ҳам дўстига ўз тилида мактуб ёза оладиганини тополмайсан. Аммо кўпчилиги араб тилида гўзал услублар билан таъбир этишни ўрнига қўядилар. Улар бу тилда шундай шеърлар ёзадиларки, бу шеърлар нафосат ва гўзалликда араб шеъриятининг ўзидан ҳам ўтади».
XIV ва ундан кейинги асрларда Европанинг бадиий адабиёт даҳолари хеч шубҳасиз, қисса ва адабий асарлар ёзишда араб адабиёти таъсирида бўлганлар.
Инглиз тилидаги янги шеърият раҳнамоси Чосер (Geoffrey Chaucer) ўз замонасида Бокаччодан ўзлаштирганларнинг энг каттаси бўлган. Чосер Бокаччо билан Ита-лияда учрашган бўлиб, шундан кейин «Кентербери ҳикоялари» номли машҳур қиссаларини ёзган.
Данте эса кўпгина танқидчиларнинг таъкидлашича, охират оламига саёҳатни тавсифлайдиган «Илоҳий комедия»сини Абу Аъло Мааррийнинг «Ал-Ғуфрон» рисоласидан, жаннат васфини эса Ибн Арабийдан таъсирланиб ёзган. Бунга унинг исломий ҳазорага ва уни арабча манбадан ўрганишга шайдо император Фредерик II замонида Сицилияда турганлиги сабаб бўлган. Ибн Арабий билан Данте ўртасида Арасту мазҳаби борасида баъзи ўринларда арабий аслга таянилган мубоҳаса кечган. Данте Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан анчагина хабардор бўлган. У Исро ва Меърож қиссаси ҳамда само васфи билан танишиб чиққан.
Петрарка эса Италия ва Франциядаги араб ҳазораси асрида яшади. Монпелье ва Болонья университетларида таълим олди. Бу икки университет араб муаллафотларига биноан барпо этилган Андалус университетларининг шогирдлари саналарди.
Ҳаётнинг турли сохаларида ишлатиладиган Европа тилларига кириб қолган арабча сўзларни эслатиб ўтишимизга ҳожат бўлмаса керак. Ҳагто баъзи сўзлар худди араб тилидагидек бўлиб қолган. Қутн (пахта), ҳарируд-дамашқий (дамашқий ҳарир), миск, шароб, жарра (кўза), лимон, сифр (ноль) ва булардан бошқа сон-саноқсиз сўзлар шулар жумласидандир.

4. Қонунчилик йўналишида.
Ғарблик талабалар Андалус ва бошқа ерлардаги исломий мадрасалар билан боғлануви фиқҳ ва қонуншуносликка оид ҳукмлар мажмуининг ўз тилларига кўчишида катга роль ўйнадилар. У пайтларда Европада ҳали мустаҳкам низом ва одил қонунлар ўрнатилмаган эди. Ҳатто Наполеон Мисрдалик даврида моликий фиқҳига оид энг машҳур китоблар фаранг тилига таржима қилинди. Бу китобларнинг энг биринчи чоп этилганларидан бири «Халил китоби» бўлиб, у фаранг фуқаролик кодексининг мағзи (асоси) бўлган. Кодекс моликий фиқҳи ҳукмларига ниҳоятда ўхшаш бўлган.
Аллома Седийо айтади:
«Африка араблари билан алоқаларимизда алоҳида эътиборимизни ўзига тортган нарса моликий мазҳаби бўлди. Франция ҳукумати доктор Перронга(Nicolas Perron (1798 - 1876)) 1422 йилда вафот этган Халил ибн Исҳоқ ибн Яъқубнинг «Китабул мухтасар» номли фиқҳга доир китобини фаранг тилига таржима қилишни топширди.

5. Давлат тушунчаси ва халқнинг ҳукумат билан алоқаси борасида.
Қадимги ва ўрта аср олами халқнинг ҳокимлар фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқини инкор этарди.
Шунингдек, халқ билан ҳоким ўртасидаги алоқа қул билан хожаси ўртасидаги алоқадек олиб бориларди. Мамлакат подшоҳнинг хос мулки саналар, бошқа моллари мерос қилиб олинганидек, у ҳам меросхўрларга ўтиб борарди. Ҳоким мутлақ хўжайин бўлиб, халққа нисбатан хохдаган ишини қиларди. Шу сабабдан амирнинг тахтдаги ҳиссасини талаб қилиб ёки қариндош-уруғлар мероси тўғрисида келишмовчилик учун бир давлат билан бошқаси ўртасида уруш чиқишини оқлашарди!
Урушувчи миллатлар ўртасидаги алоқага келсак, ғолиб мағлубнинг қўлидаги бор нарсани - ватани, моли, обрўси, ҳуррияти ва иззатини мусодара қиларди. To Ислом ҳазораси барпо бўлгунча ҳолат шундай давом этди. Ислом тамаддуни эълон этган принциплари ичида, албатта, халқ ўз ҳокимларини назорат қилиш тўғрисида ҳақ соҳиби экани ҳам бор эди. Чунки ҳокимлар халқ манфаатларини ва омонатни ҳимоя қилувчи виждонли кимсалардан иборат эди. Бу борада тарихда биринчи марта халқ ичидан бирор киши чиқиб, ҳокимининг нима кийишини, ўша кийим қаердан келганини суриштириш воқе бўлди. Бунинг учун у ўлимга ҳукм қилинмайди, қамоққа судралмайди ва сургун этилмайди. Шунчаки икки томонлама қаноат ҳосил бўлиши учун ҳоким ўз халқига хисоботини такдим этади. Тарихда биринчи марта хоким ўзини халқнинг қароли эканини, ихлос ила унга хизмат қилиши ва хар қандай қаролга лозим бўлганидек, унга ҳам самимият лозим эканини эътироф этди...»
Албатта, юқорида зикр қилинган ўзгаришлар барча европаликларни хурсанд қилгани йўқ. Бундай ижобий ўзгаришлардан фақатгина унда қатнашганлар ва уларнинг таъсир доирасидаги кишиларгина хурсанд эдилар. Кўпчилик авом халқ бу гаплардан бехабар эди. Аммо хабардорлар, хусусан черков арбоблари бу каби ўзгаришлардан ғоятда аччиқланар ва ғазаблари қайнаб-тошар эди. Улар «ғайридин» мусулмонлар «содда» европаликларнинг бошини айлантиришини зудлик билан тўхтатиш пайига тушдилар. Бу ниятни амалга ошириш учун тайёргарлик кўриб бориб, вақти-соати келганда Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлаш ниятида «муқаддас уруш» эълон қилдилар, тўла-тўкис икки юз йил давом этган «Салиб юришлари»ни бошладилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Олам ва одам, дин ва илм" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Маданият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase