close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ТУРКИСТОН БИРЛИГИ

Кейинги пайтда Туркистон бирлиги ҳақида турли доираларда гап сўз қўзғолди. Узоқ давом этган сукунат, қўрқув ва хижолатликдан сўнг бу мавзуда яна баҳслар бошланди. Ҳозиргача бу мавзуда гап очганлар, ҳатто ишора қилиб ўтганлар ҳам пантуркчилик, фундаментализмда айбланар эди.

Худди шу маънода гап очганларнинг қанчалари, Туркистон душманлари томонидан отиб ташланди, қамоққа солинди ва сургин қилинди. Туркистон бирлиги ҳақиқатига душман бўлганлар, сотқинлар эса турли нишонлар ва мансаблар олдилар.
Ушбу нозик масалада сўз очишдан аввал айтиб қўймоқчиманки, Аллоҳ таоло инояти ила Ислом таълимотларини бир оз ўрганган мусулмон шахс сифатида, мен турли ирқчилик фикр ва ғояларидан ҳоли одамман. Мен учун инсонларни бирлаштирувчи бирдан бир тўғри йўл Ислом ва иймон бирлигидир. Бунга тарих ҳам  шоҳид, бугунги воқеълик ҳам.
Жумладан, бизнинг юртимиз Туркистон-Турон ёки Мовароуннаҳр ҳам фақат Ислом соясида бир бутун давлат сифатида дунёга танилгани ҳаммага маълум.
Бугун мен, Туркистон бирлиги учун ҳаракат қилаётган ҳар бир шахсни қўллаб-қувватлаш билан бирга, баъзи бир фикр ва мулоҳазаларни ўртоқлашмоқчиман.
Ҳар бир ишни бошлашдан олдин уни режалаштириб, вазиятни яхшилаб баҳолаб олиш, ўша ишга керак бўладиган омилларни ўрганиб чиқиш катта аҳамият касб этади. Шунингдек, ушбу биз сўз юритаётган мавзуга ўхшаш ишларда ҳам.
Қадимда бизнинг ўлкамиз Турон, Мовароуннаҳр ва кейинроқ Туркистон деб номланган ҳаммага маълум. Аммо ҳозир Туркистон бирлиги ҳақида сўз очилганида жуғрофий нуқтаи назардан қайси худудлар кўзда тутиляпти? Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ерларими? Агар шундай бўладиган бўлса, бу ерлар ғарбий Туркистон ҳисобланади. Шарқий Туркистон эса Хитой қарамоғидаги туркий халқлар яшайдиган ерлар ҳисобланади. У ердаги қардошларимиз ҳозиргача ўз юртларини “Шарқий Туркистон”, деб атаб келмоқдалар. Фақат бизнинг жумҳуриятларимиз ўз мустақилликларини турли номлар билан эълон қилишгандан сўнг уларнинг орасида ҳам ихтилоф чиқиб “Уйғуристон” ҳақида сўз кўтарилмоқда. Яъни, биздаги каби уларда ҳам тафриқга йўл очилмоқда. Бугунги кунда бирлик ҳақида ҳаракат қилар эканмиз, худди ана шу тафриқа йўлимиздаги энг катта ғовлардан бири эканлигини англаб етмоғимиз лозим. Мустамлака асоратидан озод бўлган ҳар бир халқ бу тўсиққа учраши турган гап. Ҳамма мустамлакачилар, тафриқага солиб ҳукм қилавер, шиори остида иш олиб борганликлари ҳаммага маълум. Мустамлакачининг яхшиси бўлмайди. Аммо ёмонлик даражасида бир биридан фарқ қилади. Биз эса дунё тарихидаги энг ёмон, бадхулқ ва ёвуз мустамлакачи асоратида узоқ вақт яшадик ва бошқалар каби қуролли кураш оқибатида эмас, мустамлакачининг ўзи заифлашиб эплай олмай қолгани оқибатида озод бўлдик.
Дунё тарихидаги энг ёлғончи, энг мунофиқ, энг шафқатсиз ва энг ориятсиз мустамлакачи бўлмиш коммунистик мустамлака кишиларнинг қалбига, оиласига, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, қишлоқ, шаҳар, вилоят, жумҳуриятлар орасига тафриқа солди. Бу ҳам етмаганидек, Олмония, Корея, Веътнам, Яман каби давлатларни ҳам бўлиб ташлади. Ниҳоят дунёни ҳам тафриқага солди.
Худосизликни расман мафкура қилиб олган коммунистлар Аллоҳ яратган инсонни янгитдан бошқача қилиб яратишга, оламни ўзларига мос қилиб алмаштиришга уриндилар.
Улар ҳар бир одамга “Шу вақтгача ота-боболаринг, халқинг, миллатинг ва бутун дунё ишониб келаётган нарсалар бидат хурофот, сен уларнинг ҳаммасидан воз кечиб янгича инсон-Совет инсони бўлишинг керак”, деб уқтирдилар. Диндан, иймондан, миллатдан, халқдан айирдилар. Расмий мафкура билан, аслий мафкура ўти орасида қолган шахслардан на динини, на миллатини, на халқини, на тарихини, на ватанини танийдиган манқурт шахслар пайдо бўлди. Бундай шахслар аралашган оилаларнинг ичига ҳам тафриқа тушди. Ишхонасида ҳалиги манқуртга “Биттагина қари отангни диндан қайтара олмасанг қандоқ коммунистсан?! (Комсомолсан ёки пионерсан?!!) дейишар эди. Уйда эса ота-онаси иймонидан воз кечмасди. Дунё тарихида отаси ёки онасининг жанозасидан қочганлар бўлса ҳам биздан чиқди. Улар орамизда ҳам бор. Дунёда ота-онаси, ака-укаси, эри ёки хотинини сотганлар бўлса, улардан тонганлар топилса ҳам шу тузум солган тафриқа орқали бўлди. Коммунистик идеалларга содиқ бўлмаганлар синфий душманимиз, тамғаси остида ҳамма душман бўлди. Шахснинг қалбидаги, оиладаги бу тафриқалар ривожлана бориб асли бир, дину-диёнати бир, ирқи бир халқ парча-парча қилиб бўлиб ташланди. Бу халқни бирлаштирувчи ҳар бир нарса йўқ қилинди. Совет ҳукуматининг “шарофати” билан ҳозирги жумҳуриятлар пайдо бўлди. Ҳаммага бу шарофатни қайта-қайта сингдирилар эди. “Ўйлаб кўринг,-дер эди тарғиботчилар,-тарихда Ўзбекистон деган давлат бўлганми? Бўлмаган. Фақат Улуғ Октябр Сосиалистик инқилоби туфайлигина ўзбек халқи ўз давлатига эга бўлди”. Худди шу гап бошқаларга ҳам айтилар эди. Оқибатда асли бир халқ турли парчаларга бўлиниб олиб, ҳар бири ўзини мақтаб, ўзгани сўкадиган бўлди. Ушбу сиёсат самараси ўлароқ империянинг сўнгги даврида асли бир халқ, сен турксан, ўзбексан, қирғизсан деб ўз қонини тўкди, молу мулкини, обрўсини пайҳон қилди. Бу ишларнинг ҳаракатлантирувчиси ҳам мустамлакачи эди.
Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, шундай шароитда ҳам мазкур халқни бирлаштирувчи асосий омил-Исломнинг рамзи бўлган диний идора битталигича қолган эди. Аммо мустамлакачи оёғи гўрга етиб қолганда, бу ягона рамзни ҳам парчалашга уриниб кўрди. Қафқоз мусулмонларини бирлаштириб турган диний идорани бузиб ташлаганидан сўнг. Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идорасини парчалашга ҳаракат бошладилар. Жумҳуриятлардаги қозиларни чақириб, сизлар ўзига хос бир халқсизлар, диний ишларда ўзбекларга қарам бўлиш сизга ярашмайди, ажраб алоҳида диний идора қилинглар, биз барча ёрдамларни берамиз, дейишди. Маҳаллий ҳукуматлар ҳам Москов таъсири остида бу масалани кўтардилар. Аммо уламоларимиз бунга қарши чиқдилар. Бирликда қолиш учун ҳамма чораларни кўрдилар. Орадан сотқинлар ҳам чиқди. Уларга чоралар кўрилди. Уламолар, парчаланиш гуноҳ, деб ҳисоблашар, бир куни келиб диний бирлик халқимизни яна бирлашишига асос бўлишини орзу қилишар эдилар.
Бутун юртимиз бирлиги ҳақида гапирар эканмиз, энг аввало мазкур тафриқалар сунъий тафриқа эканини халқ оммасига англатмоқ лозим. Ҳар бир кишининг қалбида бирлик бўлсин. Ҳар бир инсон чин қалбидан биз бир дин, бир миллат ва бир ватан фарзандлари эканимизга ишонсин. Ҳар бир оила ушбу ҳақиқатга ишонсин. Ҳар бир маҳалла, туман, вилоят, жумҳурият ишонсин. Ана шундагина Туркистон бирлиги ҳақида ишонч билан гапирса бўлади.
Биз орзу қилаётган бирлик йўлидаги тўсиқлардан бири, ўз ичимиздаги, бировнинг аралашувисиз мавжуд айримачиликдир. Бу айримачиликлар ҳар жумҳуриятда ўзига яраша мавжуд. Мисол учун Қозоғистонда жузга ажратиш бор. Улли жуз, ўрта жуз, кичик жуз. Худди шунга ўхшаш нарса қабилачилик асосида Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам бор. Ўзбекистон ва Тожикистонда эса маҳаллийчилик, яъни кишиларни яшаш жойига қараб айириш кучли. Худди шу айримачилик кишиларга юртимизга катта зарар етказди ва етказмоқда. Айниқса мансаб масаласи ноқулай тус олган. Маълум мансабдаги кишиларнинг шахсига, юртга, элга ихлос билан хизмат қилишига эмас, кимдан, қаердан эканлигига қараб баҳо берилади. Ўз навбатида мансабдор ҳам ўз томонига оғади. Натижада, элу-юрт зарар кўради. Ушбу айримачиликлардан тамоман қутулмагунча Туркистон бирлиги турсин, алоҳида жойларнинг бирлигига ҳам эришиш қийин. Бу масалани ҳал қилишда ҳам, бошқалари каби, исломий таълимотлар ёрдам беради. Буни ҳамма, жумладан, ҳукумдорлар ҳам яхши билишади. Шунинг учун ҳам халқ орасида айримачилик чиққанда Ислом эсларига тушиб қолиб, уламоларга ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Аммо, бу қуролни ўт кетганда ўчириш учун эмас, унинг олдини олиш учун ишлатиш мақулроқдир.
Яна бир тўсиқ-ташқаридан бўладиган иғво-бўҳтонлардан қўрқиш. Узоқ вақт бошқаларга қарам бўлиш оқибатида, фикрий қарамлигимиз ҳам ўсган. Бошқаларнинг гап-сўзидан қўрқадиган бўлиб қолганмиз. Бирор нарсани гапириш ёки қилишдан олдин ўша, бошқаларни ҳисобга оламиз. Улар нима дер экан, деган хаёлга борамиз. Бу руҳуят эса доимо қўл-оёғимизни боғлаб келади. Ўзимиз мусулмонмиз, деймизу Ислом ҳақида гапиришдан қўрқамиз. “Фундаменталист” деб қолишмасин яна, тинчроқ юрайлик, деймиз. Бошқалар эса, ҳозир намоз ўқишни ҳам фундаментализм дейишмоқда. Уларга қолса умуман динимиздан тонишимиз керак. Шунингдек, “Туркистон” деганни пантуркизда айблашади. Биз эса уларнинг айблашларидан қўрқамиз.
Лекин бошқаларнинг ўзларига ҳам бир боқайлик. Биз учун энг яқини русларни олайлик. Ҳозир уларнинг энг баланд кўтараётган шиорларидан бири- “Россия-православная”. Бу, “Россия-православ юрт” маъносидаги шиор барча жойларда ва савияларда баралла янграмоқда. Аммо, уларни ҳеч ким православ фунда- ментализмида айбламаяпти ҳам. Ўтган йили Ислом Давлатлари Уюшмаси ташаббуси ва Халқаро Ислом ташкилотлари иштироки ила Москвада катта илмий анжуман бўлиб ўтди. Ҳукумат томонидан ажратилган ерга Ислом маркази қуриш учун асос тоши қўйиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Аммо анжуман иштирокчилари тарқалмай туриб, асос тошини рус миллатчилари синдирдилар, устидан қора бўёқ қуйдилар ва катта қилиб “Қоралар йўқолсин! Россия-православ ери”, деб ёзиб илиб қўйдилар. Миллатчи ташкилотлар намойиш ўтказиб, оғзига келганини бўғзига ютмай бақирдилар. Уларга ҳеч ким, ҳеч нарса дегани йўқ. Биз шу ишни юздан бирини қилайлик-чи, дунёни оёққа турғизар эдилар. “Россия давлатида яшаётган йигирма миллион мусулмон ва ададлари турлича бошқа диндаги инсонлар нима қилишлари керак?” деган саволни ҳеч ким бермайди. Бу бечора қоралар қаерга борадилар?
Ёки Солженисин ва унинг қувватловчиларнинг “Қозоғистон-словян юрти, уни ўзимизга олишимиз керак”, деган чақириқларини нима учун ҳеч ким панслвянизм демаяпти?
Руслардан бошқалар ҳам шу қабилда. Демократия, инсон ҳуқуқлари, озодлик ва бошқа шиорларни эслатсанг, миллий манфаатлардан келиб чиқяпмиз, дейдилар. Бошқаларнинг миллий манфаати йўқми?
Бизда миллий манфаатларни кўзлаш, адолат, ҳақиқат асосида умуминсоний қадриятлар ҳурмат қилинган ҳолда бўлишини бошқаларга зарар етказиш ниятида эмаслигини ҳамма билиши лозим.
Ташқаридан бўладиган иғво ва бўҳтонлардан қўрқмаслик ва уларга оқилона ҳамда мантиқий жавоблар бериш лозим.
Бу масалада гапирилар экан, Тожикистон масаласи алоҳида ҳассос масала эканини албатта эътиборга олмоғимиз лозим. Бу масалага тожик биродарларимизнинг ўзлари қандай қарайдилар. Қайта қуриш йилларида салбий маънода қараганлари маълум. Ҳатто радди фелъ маъносида баъзи тарихий шахслар, ерлар ҳақида ноқулай келишмовчиликлар ҳам чиққанди. Ҳатто тожик зиёлилари орасида зардўштийликка эҳтиром ва аслимиз, деб қаровчилар ҳам топилганди.
Менимча бундай масалаларни даҳанаки тортишув ёки баёнотлар йўли билан эмас, илмий баҳслар, анжуманлар ва ўзаро тушуниш асосида ҳал қилиш керак.
Умуман, юртимиздаги ҳар бир киши, ким бўлишидан қатий назар, ушбу орзу қилинаётган бирликнинг аҳамиятини тўлиқ англаб етмоғи ва бу ишни бошқа манфаатлардан устун қўймоғи лозим. Ушбу маънодаги тушунтириш ишларида исломий таълимотлардан тўла фойдаланилса, катта фойда бўлиши турган гап.
Яна келиб чиқиши мумкин бўлган муаммолардан бири-диёримизда яшаётган бошқа халқлар вакиллари, ҳозирги пайт тили билан қўполроқ қилиб айтсак, “рус тилида сўзлашувчилар” муаммоси бўлиши мумкин. Яъни, биз орзу қилаётган бирликка душман бўлган томонлар бу гапни қўзиб, ичимизда яшаётган мазкур одамларни қўрқитиш, баъзилар эса ташқаридан туриб ҳарбий куч ишлатишга ҳаққи борлигини айтиб, дўқ уриши мумкин.
Аммо бизнинг бирлигимиз ташқарида бировга қарши бўлмаганидек, ичкарида ҳам ҳеч кимнинг зарари учун бўлмайди. Биз мусулмонлар сифатида ирқчиликдан йироқ халқмиз. Бошқа ирқдаги, бошқа диндаги кишиларга ҳам бекордан бекорга ёмонлик қилмаймиз. Худди шу фикрларни, соф исломий таълимотни қайта қуриш йиллари уламоларимиз ҳаммага тушунтирганлар. Бу маънода яна кўпроқ ишлаш мумкин.
Мустақилликка эришган фақат биз эмасмиз. Балки биз охиргилардан бўлиб ҳаракат қилмоқдамиз. Мустамлакачи томонидан бўлиб ташланган халқларнинг бирлик учун қилган ҳаракатларидан дарс ва ўрнак олишимиз керак.
Ҳозирги кунимизда коммунизм деб аталган қорасон тарқалган минтақаларда бирлашишдан кўра тарқалиш кўпроқ кўзга чалинмоқда. Ёвузлик империяси Совет Иттифоқи ўн бешга парчаланди. Югославия ҳам керагича парчаланди. Чехословакия, Чехия ва Словакияга бўлинди. Буларнинг ҳаммаси мажбурий бирлаштирилган бўлгани учун, уларни эзиб турувчи куч заифлашганда тарқалиб кетишди. Бу жараён бизни қизиқтир- майди. Чунки, биз ажралишни эмас, бирлашишни орзу қилмоқдамиз.
Коммунизмнинг таъсиридан сўнг бирлашганлар Олмония ва Яманлардир. Бу икки ўлкада ҳам халқ иродасига қарши, мажбурий бўлиниш юз берган эди. Коммунистча ташвиқот “озод” ва “демократик” Олмония ва Яман тезда ер юзидаги жаннатга айланишини, бу икки юртнинг чириб бораётган капитализм ва эскилик сарқити ва халқларнинг афюни бўлган динга ишонган қисми эса инқирозга учраб, хоҳласаю хоҳламаса коммунистик тузумга ўтишини башорат берар эди. Айнан коммунистик Олмониядан маслаҳатчи жаллодлар бориб коммунистик Яманнинг тажрибасиз жаллодларига диндорларни қандай азоблаш ва Қуръонни гулханда куйдиришни ўргатар эдилар. Аммо натижа тамоман бошқача бўлиб чиқди. Коммунистик “жаннат”да жони- дан тўйган олмонлар орадаги Берлин деворини бузиб, “чириб бораётган” капиталистик Олмонияга ошиқдилар. Чунки улар орадаги фарқни кўриб турар эдилар. Бу ҳақиқатни англамаслик учун ё ақлдан озган, ё коммунист бўлиш керак эди холос. Менимча бизнинг бугунги воқеълигимизда Олмониянинг икки томонида бўлганидек, бир-биридан тубдан фарқ қиладиган тузум ва иқтисод йўқ.
Яман тажрибасига келадиган бўлсак, у ерда бирликка эришишида, ҳисобга олинмаган омиллар туфайли кейинроқ коммунистлар яна ажралишга ҳаракат қилдилар, оқибатда қон тўкилди. Бундан ўрнак олиш керак.
Ветънамнинг бирлашиши эса олдинроқ соф коммунистчасига қурол кучи билан бўлган эди. Йиллар ўтиб у ерда ҳам ғолиб коммунистлар, мағлубларнинг йўлига юришга мажбур бўлдилар.
Дунёда бирлашиш ҳақидаги гап-сўзларнинг энг кўпи арабларда бўлса керак. Дунёда бир халқнинг давлатларини бирлаштириб турувчи, йигирмадан ортиқ давлатни азо қилган-Араб давлатлари уюшмаси ҳам ягона бўлса керак. Араблар асосан тарихга Ислом дини туфайли кирган. Ислом уларни бирлаштирган ва шу дин орқасидан улар кўзга кўриниб пешқадам халққа айланган эдилар. Аммо Исломдан узоқлашганларидан сўнг заифлашдилар ва тубанликка юз тутдилар. Оқибат келиб араблар ерларини мустамлакачилар ўзаро бўлиб олдилар. Мустамлакачиларга қарши курашда мусулмончилик асосий куч бўлса ҳам ҳукмга миллатчилар келдилар. Улар миллатчилик асосида ягона араб давлати барпо қилиш учун кўп гапирдилар. Бир вақтлар Миср ва Сурия бирлашиб, Бирлашган Араб Жумҳурияти эълон қилинди, аммо узоққа бормади. Шунингдек, Либия ҳам кўп уринди. Аммо ҳозиргача бирор натижа йўқ. Мутахассислар бу муваффақиятсизликнинг кўплаб сабаблари борлигини, жумладан, Ислом олами таъсири етишмаслигини эслатадилар. Менимча, бу чақириқлар қуруқ гап эканлигини ҳам унитмаслик керак.
Бизда эса бирлашиш масаласида ҳеч қачон арабларга ўхшамаслик керак. Ҳозир Туркистон бирлиги ҳақидаги гапларда, нималар бир бўлиш керагу, нималар алоҳида қолиши кераги ҳақида ҳам гапирилмоқда. Бу фикрлар албатта бугунги воқеликдан келиб чиққан ҳолда айтилмоқда. Вақт ўтиши, иш бошланиши билан бу ишлар янада ойдинлашади. Энг муҳими иш бошлаш керак. Ҳар бир шахс бу хайрли ишга қўлидан келган ҳиссасини қўшиши керак. Бусиз катта ютуқларга эришиш қийин эканини англаб етмоқ шарт. Агар бирлик бўлмай, ишлар ҳозиргидек ривожланиб кетаверса, нафақат ташқи хавф, балки ички хавф ҳам ортиб бораверади. Ҳозир халқни ташвишга солиб турган “божхона” шармандалиги ҳеч нарса бўлмай қолади.
Ер-сув, чегара талашиб урушлар чиқиши ҳам ҳеч гап эмас. Чегарлар ёпилиб, бирёқдан иккинчисига ўта олмай қолиш ҳоллари ҳам бўлиши мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимизга мурожаат қилмоқчиман: Азиз юртдошлар! Биз бир халқмиз, аслимиз бир, динимиз бир, тилимиз бир, ватанимиз бир! Бу ватанни бирлаштирайлик. Ватанни севинг! Ватанни эзозланг! Ватан учун хизмат қилинг!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тарих оманатдир” китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase