Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг 1991йил 15 мартда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида эълон қилинган мақолаларидан бири «Зино иймондан эмас» деб номланган эди. Ушбу мақолада зино, уни келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилган. Хусусан, аёлларнинг баъзи ўйламай қилган ишлари, аслига эътибор бермай, диний қарашларни поймол этиб, зинога сабаб бўлиб қолаётганлари ҳақида қимматли фикрлар айтиб ўтилган, уйғонаётган миллат маърифатини ана шу каби иллатлардан тозалаш чоралари муолажа қилинган.
«Биз мулоҳаза қилмоқчи бўлган мавзу ўта муҳим ва йирик муаммо бўлиб, ҳозирги кунда жамиятимизнинг юзтубан бўлиб кетишига асосий сабаблардан биридир.
Кўп йиллик маънавий қашшоқлик, тарбиянинг сустлиги ёки бутунлай издан чиққанлиги ва бошқа талай омиллар юртимизда зинонинг тарқалишига сабаб бўлди. Оқибатда кўпгина бало-офатлар келиб чиқди.
Зино - барча халқлар тушунчасида бегона эркак ва аёлнинг никоҳсиз жинсий алоқада бўлишидир. Бу иш жамики динлар, халқлар, тузумлар, фалсафаларда ор-номуссизлик, уят, ифлослик ва разолат ҳисобланган. Чунки инсоннинг соф қалби ўз-ўзидан бу қабиҳ ишни табиатан қоралайди, ёқтирмайди.
Ҳозиргача инсоният зинони разолатларнинг каттаси деб ҳисоблаб келмокда. Минг афсуски, зино ҳозирги кунда бизнинг она юртимиз учун ҳам катта иллатлардан бири бўлиб турибди. Номаҳрам эркакка қорасини кўрсатишни ўзига ор деб билган мастура момолар юртида инсонийлик ва аёллик номига доғ туширувчи фоҳишалар бемалол ҳаром-хариш билан шуғулланмокдалар. Бегона аёлга ғаразли кўз билан назар ташлашни номардлик ҳисоблаган марди-майдон боболар юртида эркаклик номини булғаётган, ҳайвоний ҳирсни ҳаммадан устун қўювчи шармандалар кўкрак кериб, гердайиб юрибдилар.
Халқимиз ўзини танибдики, зинони улкан айб деб билади. Негаки, Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бандаларига хитоб қилиб: «Зинога яқинлашманглар, албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир», деган.
Боболаримиз зинони хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Мўминлик, иймон боболаримиз учун ҳамма нарсадан устун бўлган. Улар охират азобидан қўрқ-қанлар, шу боис бошқа гуноҳлар қатори, зинога ҳам яқинлашмаганлар».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари зинога қарши қўлланадиган чораларнинг бири сифатида «аёлларнинг иффатли кийинишлари ва ўзларини тутишларини жорий қилиш»ни кўрсатган.
«Аллоҳ аёл кишини хотин, она бўлиши учун гўзал, латофатли (зеб-зийнатга ҳавасли) этиб яратган. Шунинг учун ҳам шариатда эркак киши учун ҳаром бўлган тилла, ипак каби зийнат буюмлари аёлларга ҳалол қилинган. Лекин бу рухсат-ижозатлар аёлларга номаҳрам эркакларнинг шаҳватини қўзғатишлари, Аллоҳ берган ҳусну жамолларини кўча-кўйда, турли кўрик ва тадбирларда кўз-кўз қилиб, ҳаром ишларга манба бўлишлари учун берилган эмас. Улар ўз жуфти ҳалоли ҳузурида, рухсат берилган жойларда бемалол зийнатланиб юришлари мумкин, ҳатто лозим.
Эндиликда бу ҳикматларнинг оёғи осмондан бўлиб кетган. Баъзи аёллар номаҳрамларнинг эътиборини тортиш учун қўлидан келганкелмаган ясан-тусанни қиладилар, ўзида бўлмаса, қўшнисидан олиб бўлса ҳам тақинчоқ тақишга, кийинишга интиладилар. Уйда, эрларининг ҳузурида бир аҳволда бўлиб юрадилар. Бу - кўплаб оилавий келишмовчиликларнинг сабабидир. Кўчада зеб-зийнатга бурканиб, ўзини намойиш қилиб юрган аёлни кўриб келган эркак уйидаги ўзига қарамаган хотинини кўриб, ғалати аҳволга тушиши табиий. Аслида эса тескариси бўлиши, аёл бегоналар кўзидан ўзини асраб, бор гўзаллигини эрига намойиш қилиши керак. Яна бир тескари ҳолат: ёш аёллар ўзларини кўз-кўз қилишса, қари аёллар ўзларини эҳтиётлаб, қисиниб-қимтиниб юрадилар.
Ҳолбуки, аслида ёшлар ўзларини асраб, қарилар би-роз эркинроқ юришлари ўринлидир. Кейинги пайтда оддий ҳолатдаги нохушликлар етишмаганидек, аёлларнинг қадди-қоматлари, ҳусни-жамолларини бозорга солишнинг янги бир услуби - «гўзаллик танловлари» жорий бўлди. Шубҳасиз, бу Ғарбга кўр-кўрона тақлид қилишнинг оқибатидир. Бундай ғояни илгари сураётганлар ўз қилмишларини оқлаш учун турли фалсафаларни илгари суришмокда. Лекин оқибати-чи?
Охирги вақтда аёллар баданларини очиб юришлари нафақат зинога, балки эркакларнинг жинсий заифла-шишига сабаб бўлаётганини мутахассислар ташвиш билан таъкидламокдалар. Шунингдек, баданни очиб юриш туфайли, айниқса, серқуёш ўлкаларда аёллар турли касалликларга чалинаётганлари ҳақида куйинаётганлар ҳам кўп.
Хайриятки, бу ҳақиқатни аёлларимизнинг ўзлари ҳам тушуна бошладилар. Ўйлайманки, самараси тезда ўзини кўрсатади».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Нозик хилқат" китобидан