Чунки, бу нарса доимо инсонни яхшилик чўққиларига олиб чиққан. Шунинг учун ҳам, барча динлар мана шу фикрни кишилар қалбига жо қилиш учун келган бўлиб, уларга Аллоҳнинг ғазаби бу дунёю у дунё азобига гирифтор қилишини баён этган. Инсон Аллоҳдан қўрқмас экан, у ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди, ҳаво-йи нафси нимани хоҳласа, шуни қилади, бу йўлда ўзидан бошқаларга қандай жавру жабрлар етиши ҳақида қайғурмайди. Инсонни ўзидан бошқага ёмонлик қилишдан қайтариш учун тузилган ҳеч қандай қонунлар ҳозиргача фойда бергани йўқ.
Ислом эса, ёмонлик қилганларга муносиб азоб-уқубатларни қонунлаштириш билан бирга, доимо Аллоҳдан қўрқиб туриш, унинг азобидан хавф-да бўлишни кишиларга эслатиб келган. Шундай бўлгандагина кишилар Аллоҳга итоат қиладилар ва унинг розилигига муяссар қилувчи тўғри йўлдан борадилар. Қуръон оятлари бунинг гувоҳидир:
1. «Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришгувчилардир» («Нур» сураси, 52-оят).
2. «Албатта ўз Роббиларидан ғойибдан қўрқадиганлар учун гуноҳларини кечиш ва улкан ажр-савоблар бордир» («Мулк» сураси, 12-оят).
3. «Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам У зотдан рози бўлдилар. Бу, Роббисидан қўрққанлар учундир» («Баййина» сураси, 8-оят).
Аллоҳдан қўрқиш инсонни одоб доирасида шижоатли қилади. Бу эса, энг яхши инсоний сифатлардандир. Чунки, бундай киши ўз фикрини, ўзи тўғри деб тушунган нарсани очиқ-ойдин айтади, одамларнинг гап-сўзидан, ҳукмдорларнинг ғазабидан қўрқмайди. Нотўғри деб билган ишига асло қўл урмайди, агар одамларга ёқмаса ҳам. Қуръон сураларида мусулмонларни шундай бў-лишга чақирилган:
1. «Агар ҳақиқий мўмин бўлсаларингиз, улардан (одамлардан) эмас, мендан қўрқинглар» («Оли Имрон» сураси, 175-оят).
2. «Улардан қўрқасизми?! Агар мўмин бўлсангиз, қўрқишингизга лойиқ Аллоҳдир!!!» («Тавба» сураси, 13-оят).
3. «Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиларлар ва ма-ломатчининг маломатидан қўрқмаслар» («Моида» сураси, 54-оят).
Ислом тарихида Аллоҳнинг йўлида жон фидо қилган қаҳрамонлар ҳақида маълумотлар жуда кўп. Улар ҳар қандай азоб-уқубатларга ҳам бардош берганлар. Қуръон Аллоҳдан қўрқишни доимо умидворлик билан ёнма-ён қўйган. Чунки, Аллоҳ тавбасини қабул қилишидан ноумид бўлган киши хатарли бир қувватга айланиб қолади, ундан ҳеч яхшилик кутиб бўлмайди. Чунки, Аллоҳ билан банданинг орасидаги алоқанинг узилиши барча фасодларнинг бошидир. Кишининг ўз Парвардигоридан қўрқишининг чегараси бўлиб, у ноумидликка етиб бормаслиги керак. Фақат қўрқитиш асосида қилинган тарбия, Ислом назарида, нотўғри тарбия ҳисобланади. Чунки, бундай тарбия қалблардаги нурни сўндиради ва яхшилик аломатларини беркитади. Ҳар бир кишида яхши иш қилишга хоҳиш бўлиб, бу хоҳишни яхши мукофот ва Аллоҳнинг фазли карамига эришиш ваъдаси билан руҳлантириб туриш лозим. Бу ҳақида Қуръон ояти шундай дейди:
«Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ҳамда унга қўқув ва тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир» («Аъроф» сураси, 56-оят).
Аллоҳ ҳақиқий мўминларни сифатлаб, шундай дейди:
«Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва тамаъ ила дуо қилурлар» («Сажда» сураси, 16-оят).
Баъзи пайғамбарларни сифатлаб, Аллоҳ шундай дейди:
«Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди» («Анбиё» сураси, 90-оят).
Аллоҳдан умидворлик билан қўрқиш инсоннинг ишларига таъсир қилувчи энг муҳим омиллардан биридир. Шу нарса инсон виждонини тарбиялайди ва уни инсоният жамиятининг яхши аъзосига айлантиради.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ