close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръони каримнинг илмий эъжози

Қуръон кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун туширилган китоб бўлиб, коинот, мавжудот ва илмий масалаларда сўз юритиш унинг вазифаси эмас. Лекин шу билан бирга, Қуръонда баъзи бир илмий маълумотлар келганки, албатта, улар Қуръоннинг илоҳий мўъжизакор китоб эканлигига катта далилдир.

Қуръон кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун туширилган китоб бўлиб, коинот, мавжудот ва илмий масалаларда сўз юритиш унинг вазифаси эмас. Лекин шу билан бирга, Қуръонда баъзи бир илмий маълумотлар келганки, албатта, улар Қуръоннинг илоҳий мўъжизакор китоб эканлигига катта далилдир.
Маълумки, Муҳаммад алайҳиссалом Маккада ўсган, ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам эдилар. У ерда илм-маърифат, мадраса ёки илмий муассаса деган нарса асло бўлмаган. Бу эса, Набий алайҳиссалом илмий масалалардан мутлақо бехабар эдилар, дегани. Лекин шунга қарамай, Қуръонда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, бунинг сирини ўша вақтда ва ундан кейинги вақтларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат бизнинг давримизга келиб, илм-фан ниҳоятда тараққий этган бир даврдагина у нарсалар тушунилди.
Ҳозирда «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» номи билан аталган халқаро ташкилотлар, илмий нашрлар бор. Тиб илмидагилар Қуръони Каримнинг тиббий мўъжизаларини, кимё олимлари – кимёвий, тарихчилар – тарихий, физикачилар – физикавий, мунажжимлар – фазовий ва ҳоказо ҳар бир илм соҳиби ўз илми доирасида Қуръон мўъжизасини топган ва тан берган. Бу ҳақда неча-неча китоблар битилган.
Ғарбнинг неча-неча забардаст олимлари шу туфайли Исломни қабул қилган ва ҳануз қабул қилмоқдалар.
Баъзи мисолларни келтириб ўтишга ижозат бергайсиз.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида шундай дейди:
«Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмасларми? Иймон келтирмасларми?!» - (30-оят).
Бу оятда айтилишича, осмонлару ер аслида бир нарса бўлиб, сўнгра бир-биридан ажралган. Бу оят Қуръоннинг мўъжизаларидан бири бўлиб, уни ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади.
Олимларнинг айтишича, бутун борлиқ бир газдан иборат бўлиб кейин бўлакларга бўлинган. Қуёш галактикасига кирувчи олам ҳам шу бўлинишдан келиб чиққан. Бунинг далили сифатида уламолар айтишадики, ерда тўқсон икки хил турли моддалар бўлиб шундан олтмиш еттитаси қуёшда ҳам бор экан. Қуёшдаги кўп учрайдиган моддалар, масалан азот, фосфор, темир, карбон ва бошқалар ерда ҳам учрар экан.
Яна, уламолар Ой жинсларини олиб ўрганиб кўрганларидан сўнг, Ойда ҳам ердаги моддалар бор экани маълум бўлди. Шуларнинг ҳаммаси шуни кўрсатиб турибдики, оламдаги барча нарсаларнинг асли Қуръонда айтилганидек бир экан.
Энди оятнинг «ва сувдан ҳамма нарсани яратганимизни», деган қисмига келсак, бу – уламолар сирини очган илмий ҳақиқатлардан энг каттасидир, десак муболаға бўлмас. Ҳаёт ва ўсиш учун зарур бўлган барча кимёвий ўзгаришлар, албатта, сувсиз бўлмайди. Сув ҳаётнинг давом этиши, барча коинот ва набототнинг яшаши учун асосий нарсадир.
Ер юзасининг тўртдан уч қисми сув билан ўралган. Сувнинг хусусиятларидан бири – ер юзидаги ҳароратнинг бир хил сақланиб туришини таъминлашдир. Агар шундай бўлмаганда ер юзида ҳаёт бўлиши гумон эди. Сувнинг хусусиятлари жуда кўп бўлиб, уларнинг ҳар бири Аллоҳ таоло сувни Ўзининг махлуқларига зарур нарса қилиб яратганлигига далилдир.
Сув – музлаганда зичлиги камайиб ҳажми катта бўладиган ягона моддадир. Бу хусусиятнинг сувда яшайдиган ҳайвонларга аҳамияти каттадир. Шу хусусият сабабидан совуқ қаттиқ бўлганида муз сувнинг устига кўтарилади (бошқа модда бўлса пастга кетиши керак эди). Муз сув ҳайвонлари учун зарурий нарсадир. Паст даражали ҳароратда сув ўзига кислородни кўп миқдорда тортади. Музлаган сувдан эса, ҳарорат чиқиб, дарё ва денгизларда яшовчи сув ҳайвонларининг ҳаётини сақлашда ғоят қўл келади.
Қуръоннинг ҳикматини қарангки, озгина сўзлар билан ер юзидаги ҳаётнинг чексиз сирларини баён қилди. Фақат мана шу оятнинг ўзиёқ Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий Пайғамбар, Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканига катта далилдир.
Аллоҳ таоло "Фуссилат" сурасида марҳамат қилади:
«Фуссилат» сурасида шундай дейилади:
«Сен: «Сизлар ҳақиқатан ҳам ерни икки кунда яратган Зотга куфр келтиряпсизми ва Унга тенгдошлар қўшяпсизми?! Ахир У зот оламларнинг Робби-ку! У зот ўша(ер)нинг устида тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу сўровчилар учундир», деб айт. Сўнгра, тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» – де-ди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», дедилар», - (9–11-оятлар).
Қуръони Каримнинг мана шу оятидан дунё яратилаётган вақтда осмон тутундан иборат эканлиги билиниб турибди. Ҳозирги уламолар дунёнинг яралиши ҳақида турли фикрларни илгари сурганлар. Жумладан, астроном олим Сэр Жеймс Жинс айтадики:
«Борлиқ яралишидан аввал ундаги моддалар газдан иборат бўлган ва шу газларнинг ўзаро бирикиши натижасида сайёралар келиб чиққан».
Доктор Жаму эса:
«Дунё вужудга келаётган вақтда, у тартибли тарқоқ газдан иборат бўлган. Унинг қалинлиги ва ҳароратини тасаввур қилиб бўлмайди ва шу газда турли моддаларнинг аралашуви натижасида атом парчаланиши вужудга келди. Мана шу ҳаддан ташқари иссиқ газга қаттиқ босимнинг таъсири натижасида борлиқ вужудга кела бошлади. Иссиқ ҳарорат пасайди, газларнинг ҳаракатланиши натижасида булутлар вужудга келиб, улар юлдуз ва бошқа сайёралар сифатида шаклланди», дейди.
Қуръони Каримда борлиқнинг яратилиши тутундан бўлган, дейилади. Ўша вақтдаги арабларга мана шу сўз (яъни, тутун) таниш бўлган. Бизга замондош олимлар эса, тутунни «газ» деб атаганлар, холос. Моҳияти битта!
Демак, яна савол туғилади: илм дарсларида бўлмаган, савод дарси ҳам олмаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон зоти англаб етмаган ҳақиқатни қаердан олиб айтган? Пайғамбаримизга нозил бўлган оят Аллоҳнинг сўзи эканлигига бу исбот эмасми?
Аллоҳ таоло "Нур" сурасида марҳамат қилади:
«Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшайдир. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса, булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас», - (40-оят).
Мазкур оят тўлқинлар остки ва усткига бўлинишига далолат қилади. Бу ҳақда Карсон исмли денгизчи олим ўзининг китобида шундай дейди: «Океандаги тўлқинларнинг энг кучлиси ва хавфлиси кўринмайдигани, денгиз қаърида бўладиганидир».
Кўп йиллардан бери Шимолий денгизга сафар қиладиган кемалар йўлни жуда қийинчилик билан босиб ўтар эди. Энди маълум бўлишича, бунга ана шу остки тўлқин қаршилик қилар экан.
1900 йилнинг бошларида скандинавиялик денгизчилар денгизнинг остида ҳам тўлқин борлигига кишилар эътиборини тортдилар. Ҳозирги кунда уларнинг қаердан келиб чиқиши номаълум бўлса-да, борлиги ва кенг тарқалганлиги ҳаммага аён. Бу тўлқинлар гоҳо сувости кемаларини йўлдан суриб юборади.
Қуръон ояти эса бу нарсаларни неча асрлар бурун айтиб ўтган. Яна шуни айтиш керакки, Қуръон тушган жой–Муҳаммад алайҳиссалом туғилиб ўсган ерларда бундай воқеалар юз бермайди. Чунки у ерда океан ва улкан денгизлар йўқ, умуман, денгизчилик тўғрисида тасаввур ҳам йўқ эди.
Аллоҳ таоло "Мўминун" сурасида марҳамат қилади:
«Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик», - (12–14-оятлар).
Мана шу оятларни чуқурроқ ўргансак, биламизки, ундаги нарсалар илмий гаплар бўлиб, инсоннинг тупроқдан яратилганлигига ишора қилади.
Ҳам эркак, ҳам аёлдаги уруғликлардан бола пайдо бўлади. Табиийки, уруғлик ейилган овқатлардан вужудга келади. Егулик озуқалар эса тупроқдан чиққан.
Уруғлик эркак кишидан чиқиб, аёл кишига ўтадиган тирик ҳужайралардир. Бу ҳужайралар урғочи ҳужайралар билан қўшилиш учун ҳаракатга тушади ва ниҳоят, улардан бири урғочи ҳужайранинг тухумини ёриб кириб, унга аралашиб кетади. Натижада онанинг қорнида бола пайдо бўлади. Кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уруғликни “алақа”га айлантириши ҳақида хабар берди.
Эрнинг манийси аёлнинг тухумчаларидан бирига етиб бориб урчигандан сўнг икковлари бирлашиб, аралашади ва бачадонга ёпишиб ҳомила бўлади. У эса, зулукка ўхшаш бўлади. Оятдаги «алақа»дан мурод шу.
«Алақа» сўзини бизнинг тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «зулук» маъносини англатади. Ҳа, ҳаммамизга маълум «зулук» номли, чувалчангга ўхшаш, қон сўрдириш учун тиббий мақсадларда ҳам ишлатиладиган ҳайвонни араблар «алақа» дейдилар. Араб тилида «алақ» ўзаги эса ёпишиб, осилиб олиш маъносини англатади. Зулук ҳам теккан жойига ёпишиб-осилиб олгани учун «Алақ» номини олган. Аммо, барча қадимги тафсирчиларимиз оятдаги «алақ» сўзига «қотиб қолган қон» маъносини берганлар. Чунки, онанинг бачадонида зулук бўлиши мумкин эмас. Балки, эркакнинг манийси аёлнинг тухумчалари ила урчиши оқибатида лахта қон пайдо бўлади, ана ўша ҳомиланинг биринчи босқичи бўлади. Худди мана шу тушунча юзасидан ҳамма уламолар «алақ»ни «қотган қон», «лахта қон» деб тафсир қилганлар.
Лекин Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илм-фан ривожланиши ила Қуръон маънолари ҳам янгидан-янги маълумотлар билан намоён бўлиб бораверади. Жумладан, ҳомила тўғрисидаги илм ҳам ривожланди. Ўта мураккаб асбоблар ила текширишлар ўтказилгандан сўнг, ҳомила илми бўйича энг олий халқаро мукофотларни олган ғарблик олимлар манийдаги ҳайвончалар зулукка ўхшашлигини кашф этдилар. Энг ажабланарлиси, эркакнинг уруғи аёлнинг тухумчаларига урчиши орқали пайдо бўлган ҳомила ўзининг маълум босқичида худди зулук каби бўлар экан. Бунинг суратлари ҳам нашр этилди. Ўша алақ–зулук аёлнинг бачадонига ёпишиб олиб, ўзига озуқани сўриб, ривожланиб борар экан. Қуръони Каримнинг ушбу илмий мўъжизасига барча ғарблик олимлар ҳам тан бердилар. Илмий анжуманларда, ўз китоб ва мақолаларида буни қайта-қайта таъкидладилар.
Чунончи, Канадалик олим Кейс Мур «Инсон яратилишининг босқичлари» деб аталган китобида Қуръоннинг илоҳий китоб эканини эътироф қилган ҳолда қуйидагиларни ёзади: «Ўрта асрларда илм тараққий этиши жуда ҳам секин борар эди. Ўша пайтларда ҳомила ҳақидаги илмдан жуда ҳам оз бир нарса бор эди, холос. Аммо мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлган Қуръо-ни каримда инсон эркак ва аёлдан чиқадиган суюқ-ликлардан яратилиши тўғрисида баҳс кетган. Шунингдек, инсон маний деб аталган нутфадан яратилиши тўғрисида ҳам сўз юритилган.
Ўша нутфа аёл кишининг раҳмида қарор топиши, худди уруққа ўхшаб қолиши, олти кундан кейин урчиши ҳақидаги гапларнинг Қуръони каримда айтилиши улуғ бир нарсадир. Ўша тушган уруғлик, маний аста-секин ривожланиб бир парча қонга айланади. Қотиб қолган қонга ўхшаб қолади.
Уни «алақ» дейилади. Ана шу тухумдондан урчиган нарса парчаланади. Бу нарса секин-секин хамирга айланади. У каттайиб бориб зулукни эслатадиган бир шаклга киради. Ана шуни биз кўриб шаклларини чизиб қўйгандик. Ана ўша «зулук» деб аталаётган ҳайвонни ҳомиланинг «зулук» деб Қуръонда аталган ҳолига солиштириб кўриладиган бўлса, орада ҳеч қандай фарқ сезилмайди. Шунингдек, Қуръони каримда ҳомиланинг бошқа васфлари ҳам ҳаммаси баён қилиб берилган..”.  
Бу эса, урчишдан кейин пайдо бўладиган бир ҳолат бўлиб, маълум муддатдан кейин алақа музғага айланади. Шу вақтдан бошлаб эмбрион шакллана бошлайди. Унда суяк пайдо бўлиб, суяк атрофида гўшт пайдо бўлади. Оятдаги «сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик» жумласи ҳам Қуръони Каримнинг ажойиб мўъжизаларидан биридир.
Олимларнинг кашф қилишларича, эмбрион иккинчи ойнинг аввалида инсонга эмас, балки янги пайдо бўлаётган бақага кўпроқ ўхшар экан. Иккинчи ой давомида эса, унда бутунлай бошқача ўзгаришлар содир бўлиб, сув ҳайвони даражасидан инсон шаклига ўтар экан. «Бошқача қилиб яратиш» дегани шудир.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам хабар берилади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
«Қачонки нутфа аёлнинг раҳмига тушганда 42 кеча ўтган бўлса, Аллоҳ таоло унга бир фариштани юборади. Фаришта унга инсон суратини киргизади. Унинг қулоғи, кўзи, жилди, гўшти ва суягини қилади. Кейин айтадики: «Эй роббим, ўғилми, қизми?» Роббинг нимани хоҳласа, ўшанинг ҳукмини қилади».
Канадалик машҳур олим Ван Броусет ушбу ҳадисдаги гапларни текшириш ниятида тажриба олиб борган. Чунончи, у замонавий жиҳозлар ёрдамида она қорнидаги ҳомиланинг 5 ҳафталик ва 6 ҳафталик суратларини олиб солиштириб кўрган. Ҳомиланинг 5 ҳафталик, 35 кунлик суратига назар солган инсон ундан одам боласига ўхшаш, инсонга ўхшаш ҳеч бир аломатни топа олмас эди. Бу умуман бошқа бир шакл, бошқа бир тус эди.
Ҳомиланинг 6 ҳафталик, яъни ҳадисда айтилганидек, 42 кунлик суратида эса тўла инсон шакли кўриниб турарди.
Ана ўша суратни Канададаги «Сиба» ширкати оламга тарқатган ва бутун олам табиблари (медиклари) ҳадисда айнан шу ҳолат зикр қилинганига гувоҳ бўлганлар.
«Мўминун» сурасининг ушбу оятларида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ерда зикр қилинган ҳадисларида айнан бир хил ҳолат ҳақида хабар берилган. Фақат, ҳадисда ҳомиланинг инсон шаклини олиш муддати аниқ кўрсатилган, холос. Бинобарин, Ван Броусетнинг суратлари Қуръони Каримнинг илоҳий китоб эканлигини ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий пайғамбар эканликларини тасдиқловчи бир далилдир. Зеро , бундан 1400 йил олдин хабар берилган ушбу воқеаларнинг бугунги кундаги илмий тасдиқи Қуръони Каримнинг илоҳий китоб эканлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар–Аллоҳнинг элчиси эканликларига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди.
Илмий адолат ва инсоф юзасидан шуни таъкидлаш лозимки, бундан 1400 йил аввал ҳомиланинг турли ҳолатлари ҳақида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда баён қилинган маълумотларни ўша даврда оддий одамлар тугул, табиблар ҳам билиши мушкул эди.
Қолаверса, ҳомиланинг суратини олиш, унинг шаклини кўриш, унинг ривожланиш босқичларини текшириш фақат XX-асрнинг охирига келибгина,  янги яратилган жиҳозлар ёрдамидагина мумкин бўлиб қолди.
Юқорида айтилган нарсалардан кўриниб турибдики, Қуръони Каримда зикр қилинган эмбрионнинг ривожланиш жараёни ҳозирги замон илмий кашфиётларидан сўнг тасдиқланди.
Айтиб ўтилган мисоллар Қуръони Каримнинг илмий мўъжизалари денгиздан бир томчи, холос.
Ҳозирда Қуръони Карим эъжозининг кўплаб турлари бўйича алоҳида китоблар чиқмоқда. Биз ўша китобларга бу ишни ҳавола қилиб, сўзни шу ерда тўхтатамиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Улумул Қуръон" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Иссиқ сайёра Вируслар »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase