close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Садоқат ва унинг кўринишлари

Ҳар бир жамиятнинг мустаҳкамлиги ва унинг аъзолари орасида ўзаро ишонч ҳукм суриши учун Садоқат зарурдир. Шунинг учун ҳам, садоқат жамият тузилишидаги асосий қадриятлардан бўлиб, халқларнинг тараққиёти, рамзи ҳамдир.

Қаерда мана шу сифат йўқолса, ўрнига ишончсизлик келади ва ўзаро ёрдам йўқолади. Садоқат жамият учун зарур нарса бўлганидан, оила ва тарбия муассасаларида катта аҳамиятга молик нарса бўлиши керак. Чунки, у барча яхшиликларнинг боши ҳисобланади. У орқали кишилар бир-бирларига ишонадилар. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ мусулмонларни бу сифат билан сифатланишга чақирган.

«Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар» («Тавба» сураси, 119-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Сизлар ростгўйликни лозим тутинглар. Чунки, ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапираверса ва ростгўйликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида «сиддиқлардан» деб ёзилади. Сизлар ёлғондан ҳазир бўлинглар. Чунки, ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида «каззоблардан» деб ёзилади». Тўртовлари ривоят қилишган.
Шу ҳадисда садоқат ёлғончиликнинг тескариси, яъни ростгўйлик маъносида келган.
Садоқатнинг турларидан бири омонатдир. Омонат эса, инсондаги энг олий сифатлардан ҳисобланиб, ҳар бир жамият унга муҳтождир. Омонатли бўлиш кўп яхшиликлар келтиради. Шунинг учун ҳам, Ислом уни мусулмонларнинг сифатидан деб эътиборга олади. Аллоҳ мусулмонларни мадҳ қилиб шундай дейди:
«Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир» («Мўминун» сураси, 8-оят).
Садоқатнинг турларидан яна бири ваъдага вафо қилишликдир. Бу сифат ҳам керакли сифатлардан бўлиб, ҳаётда катта обрў ва муваффақиятга сабаб бўлувчи сифатдир. Ҳозирги кунда маданиятли халқлар барчаси шу сифатга эга бўлишга иложи борича уринадилар. Аллоҳ мусулмонларни ваъдага вафо қилишга чақириб, Ўз пайғамбарларидан бири Исмоил алайҳиссалом шундай сифатга эга эканлигини эслатиб айтадики:
«Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва Набий бўлган эди» («Марям» сураси, 54-оят).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Иймон" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase