close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Маййитни ғийбат қилиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Моъиз ибн Молик Асламий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тўртинчи марта келишида тошбўрон қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нечта саҳобалар билан ўша жойдан ўтдилар. Шунда улардан бир киши: «Манави аҳмоқ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кўп келаверди. У зот уни қайтаравердилар. Охири итдек ўлдириб ташланди», деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут сақлаб кетавердилар. Сал нарироқда ўлиб оёқлари қотиб ётган эшакнинг олдидан ўтилди. Бас, У зот:
«Икковингиз мана шундан енглар», дедилар.
«Эшакнинг ўлимтигиданми?! Ё Аллоҳнинг Расули?!» дейишди.
«Биродарингизнинг обрўсига ҳозиргина тил теккизганингиз бундан оғирроқдир. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, у жаннатнинг анҳорларидан бир анҳорда чўмиляпти», дедилар.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан вафот этган одамни ғийбат қилиш мутлақо мумкин эмаслиги келиб чиқмоқда. Вафот этган кишининг охиратдаги оқибати қандай бўлганлигини ҳеч ким билмайди.
Шунинг учун тирик одамни ҳам ғийбат қилиб бўлмайди, аммо вафот этиб кетган кишини айниқса ғийбат қилишнинг гуноҳи жуда оғирлашиб кетар экан.
Бу ҳадиси шарифда зикри келаётган шахснинг қиссаси қуйидагича бўлган.
Моъиз ал-Асламий Ҳуззол ибн Нуъайм исмли киши қарамоғидаги етим йигит эди. Ўша жойдаги бир чўри қиз билан зино қилиб қўйди. Ҳуззол уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб, қилган ишини ўзи айтиб беришга буюрди. Шояд бунинг учун истиғфор айтсалар, деб ўйлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирган эдилар, Моъиз олдиларига келди ва:
«Ё Аллоҳнинг Расули, таъкидлаб айтаманки, мен зино қилдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгирдилар ва:
«Шўринг қурсин! Ортингга қайт! Аллоҳга истиғфор айтиб тавба қил», дедилар. У эса, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам рўбарўларига ўтиб:
«Таъкидлаб айтаманки, мен зино қилдим», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан яна юзларини ўгириб олдилар. У эса, яна рўбарўларига ўтиб:
«Ё Аллоҳнинг Расули, мени покланг! Мен зино қилдим», деди. Унга Абу Бакр Сиддиқ:
«Агар тўртинчи бор иқрор бўлсанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени, албатта, тошбўрон қиладилар», деди. Аммо у ўз гапида туриб олди:
«Ё Аллоҳнинг Расули, шубҳасиз, мен зино қилдим, мени поклаб қўйинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Эҳтимол ўпгандирсан, қучоқлагандирсан ёки қарагандирсан?» дедилар. У:
«Йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У билан бирга ётдингми?» деб сўрадилар. У:
«Ҳа», деди. У зот:
«Унга яқинлик қилдингми?» дедилар. У:
«Ҳа», деб жавоб қайтарди. У зот:
«Уни ўзингга жамладингми?» деб сўрадилар. У яна:
«Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат жинсий яқинликка ишлатиладиган иборани қўлладилар. Бошқа ҳеч ерда, ҳеч қачон бу иборани ишлатмаган эдилар. Чунки бировнинг ўлимига ҳукм чиқариш осон эмас эди. У эса, ўша саволга ҳам:
«Ҳа», деб жавоб берди. У зот:
«Сурма чўпи сурмадонга кирганга ўхшаб-а?» дедилар. У:
«Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан:
«Зинони биласанми ўзинг?» деб сўрадилар. У:
«Ҳа, биланман, мен унга ҳаром алоқа қилдим, эркак ўз хотини билан қилса ҳалол бўладиган алоқани қилдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Никоҳда бўлганмисан?», дедилар. У:
«Ҳа», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофидаги саҳобалардан:
«Бу ўзи жинни эмасми?» деб сўрадилар. Улар унинг мажнун эмаслиги ҳақида хабар бердилар. Сўнгра:
«Ароқ ичганинг йўқми?» деб сўрадилар. Шунда бир одам туриб бориб, унинг оғзини ҳидлаб кўрди. Ундан ароқ ҳиди ҳам келмади. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳуззолга:
«Агар буни беркитганингда ўзингга яхши бўлар эди», дедилар. Сўнгра тошбўрон қилишга амр этдилар.
Ана ўша одамни ортидан ғийбат қилганларга ушбу ҳадисдаги гаплар айтилган.

Ғийбатнинг зарарлари:

1.    Ғийбатчи дўзахда сассиқ ва ифлос нарсаларни еб азобланади.
2.    Ғийбатчи қабрида Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлади.
3.    Ғийбатчидан иймон нури ва ислом асари кетади.
4.    Ғийбат қилинган шахс кечирмагунча ғийбатчининг гуноҳи кечирилмайди.
5.    Ғийбат бардавом ёмонликдир.
6.    Ғийбат озор, зарар, хусумат ва нафрат сабабчисидир.
7.    Ғийбатчи пасткаш шахсдир.
8.    Ғийбат одамлар орасидаги муҳаббат ришталарини узувчи омилдир.

Ғийбатнинг каффароти

Ғийбатчи бир йўла икки ҳаққа нисбатан жиноят қилади:

1.    Аллоҳ таолонинг ҳақига жиноят қилган бўлади. Чунки у Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилди. Бунинг каффороти тавба қилиш билан бўлади.
2.    Банданинг ҳақига жиноят қилган бўлади.

Агар ғийбат банданинг ўзига етган бўлса, ғийбатчи унинг олдига бориб, ҳақини ҳалол қилишни илтимос қилиши ва надоматини билдириши лозим бўлади.
Уламолар унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак, деганлар.
Агар гап ғийбат қилинган одамга етмаган бўлса, тавба қилган ғийбатчи унинг ҳақига истиғфор айтади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
Имоми Бухорийнинг "Ал-Адаб ал-муфрад" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase