close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

097. Қадр сураси

 

 

 

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 5.
Тартиб рақами: 97.
Сура маъноси: қадр, қиймат, ҳурмат; белгилаш; ўлчаш.
Сабаби нузул: Мужоҳиддан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ йўлида минг ой қилич кўтариб жанг қилган бани исроиллик бир кишини зикр қилганларида, мусулмонлар бундан ажабланишди. Шунда Аллоҳ таоло Қадр сурасини нозил қилди (Ибн Мунзир, Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотим  ривояти).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Албатта Биз Уни қадр кечасида нозил қилдик.
Қадр кечаси Рамазон ойи кечаларидан бўлиб, унинг айнан қайси кеча экани борасида ихтилофлар бор. Саҳиҳ ривоятларга кўра, Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир.
Аллоҳ таоло Қадр кечаси Қуръони каримни Лавҳул маҳфуздан дунё осмонидаги байтул иззага бир жумла шаклида нозил қилди. Кейин йигирма уч йил давомида шароит ва сабабларга кўра Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлиб-бўлиб нозил қилинди.

2. Лайлатул қадр нима эканини Сиз қаердан билар эдингиз?
Бу кечанинг “Лайлатул қадр (Қадр кечаси)” деб аталишига икки сабаб бор:
– ўша кеча бандаларнинг бир йиллик тақдирлари белгиланади;
– Аллоҳ даргоҳида бу кечанинг қадри баланд, мартабаси улуғ.
Оятга кўра, Лайлатул қадр шундай улуғ кечаки, агар Аллоҳ у ҳақида бизларга маълумот бермаса, биз унинг ҳақиқати, фазилатини билолмаймиз.

3. Лайлатул қадр минг ойдан яхшироқдир.
Демак, Лайлатул қадрда бажариладиган амаллар минг ойда қилинган амаллардан афзалроқ экан. Бу Ислом умматига, мусулмонларга Аллоҳ тарафидан берилган ажойиб имконият ва раҳматдир.
Минг ой қамарий йил ҳисобида 83 йилдан кўпроқ муддатни ташкил қилади.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга аввал ўтган инсонлар умрлари ва Аллоҳ хоҳлаган нарсалар кўрсатилган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдин ўтган умматлар қилган яхши ишларни бажариш учун умматимнинг умри қисқалик қилади, деб ўйлаганлар. Шу сабаб Аллоҳ таоло у зотга Лайлатул қадрни минг ойдан яхши қилиб берди (Молик “Муваттоъ”да ва Байҳақий “Шуаъбул иймон”да ривоят қилган).
Анас розийаллоҳу анҳу айтади: “Қадр кечасида қилинган ҳар қандай солиҳ амал – намоз, садақа ва закот минг ойда қилинганидан кўра яхшироқдир” (Абд ибн Ҳумайд ривояти).

4. Унда фаришталар ва Руҳ Парвардигорилари изнига кўра барча иш билан тушадилар.
Лайлатул қадр кечаси Жаброил алайҳис салом бошличилигида фаришталар Аллоҳ таоло бандаларига тақдир қилган ишлар билан осмондан ерга тушадилар.
                      
5. У (кеча) токи тонг отгунча омонликдир.
Бу тун Аллоҳнинг мухлис бандалари учун саломатлик, тинчлик, осойишталик ва хайр-барака тунидир. Бу нарса тонг отгунча давом этади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: “Бу кеча ўзбошимча (бебош) жин ва шайтонлар, жинларнинг энг ёмони ҳам озор етказа олмайди, осмон эшиклари очилади, Аллоҳ бу кеча ҳар бир тавба қилувчининг тавбасини қабул қилади. Шу сабаб У Зот: “У (кеча) токи тонг отгунча омонликдир”, деган. Бу қуёш ботгандан тонг отгунча давом этади” (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Шаъбий: “Кун ботгандан тонг отгунча фаришталар масжид аҳлига салом айтади”, деган.
Ушбу сурадан келиб чиқиб, Қадр кечасининг қуйидаги фазилатларини билиб олишимиз мумкин:
– бу тунда Қуръон нозил қилинган;
– лайлатул қадрда қилинган амаллар минг ойда бажарилганидан яхшироқ;
– ўша тунда фаришталар Аллоҳнинг амри билан осмондан Ерга тушадилар;
– лайлатул қадр саломатлик, барака ва яхшилик тунидир.

 

 

 

 

098. Баййина сураси

 

 

 

Нозил бўлган жойи: Мадина .
Оятлар сони: 8.
Тартиб рақами: 98.
Сура маъноси: очиқ ҳужжат.
Суранинг бошқа номи: лам йакуниллазийна кафарув, қоййима.
Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убай ибн Каъбга: “Аллоҳ мени сенга “лам йакуниллазийна кафарув...” сурасини ўқишга буюрди”, деганларида, Убай: “У Зот Сизга менинг исмимни айтдими?!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа”, деган эдилар, Убай йиғлаб юборди” (Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривояти).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
                                         
1. Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар, токи уларга очиқ ҳужжат келмагунича воз кечмадилар.
Яҳудий, насроний ва араб мушрикларидан иборат кофирларга Аллоҳ тарафидан ҳалол билан ҳаромни баён қилувчи очиқ ҳужжат келмагунича куфрдан воз кечмадилар.
Бу ердаги “очиқ ҳужжат”дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зот олиб келган Қуръондир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бандаларга ҳақ ва ботилни баён қилиб, уларни имонга чақирганларида насроний ва яҳудийлардан баъзилари тўғри йўлга кириб, мусулмон бўлдилар. Бошқалар эса Исломга адоватда бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан душманлик қила бошладилар.
                  
2. Аллоҳ (тарафи)дан (юборилган) Элчи покиза саҳифаларни тиловат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг одамларга покиза – хато-камчилик ва ўзгартиришлардан холи бир муқаддас калом оятларини тиловат қилдилар.
          
3. Унда тўғри ёзувлар бордир.
Аллоҳнинг Расули тиловат қилаётган ўша саҳифаларда тўғри битиклар бордир. Ким унга эргашса, тўғри йўлда бўлади.

4. Китоб берилган кимсалар уларга очиқ ҳужжат келганидан кейингина гуруҳларга бўлиниб кетдилар.
Уларнинг ўзаро ихтилофга тушиб, фирқа-фирқа бўлиб кетишларига очиқ ҳужжат келгани сабаб бўлди. Аллоҳ уларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборди. Баъзилар у зотга имон келтирди, бошқалар кофир бўлди. Аслида Ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган кишиларнинг қалби ҳам, ўй-фикрлари ва орзу-мақсадлари ҳам бир бўлиши лозим эди.

5. Ваҳоланки улар фақат Аллоҳга динни холис қилган тарзда, ҳаниф ҳолларида ибодат қилиш, намозни қоим қилиш ва закотни беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри диндир.
Аслида улар турли гуруҳларга бўлиниб, ихтилоф қилишга эмас, балки Аллоҳга имон келтириб, У Зотга ихлос қилиш, амалларини ширкдан поклаш, ҳаниф Иброҳим динига эргашиш, намозни ўз вақтида тўкис адо этиш ва закотни ҳақдорларга беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри дин, тўғри эътиқод ва амалдир.

6. Албатта аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар жаҳаннам оловидадирлар. Улар у ерда абадий қоладилар. Ана ўшалар башариятнинг энг ёмон (кимса)ларидир.
Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган, нафсларини ширк ва гуноҳлар билан кир қилган бу кофирлар жаҳаннамда оғир азобларни тортадилар. Сабаби улар Аллоҳнинг ҳақ дини қолиб, ўзларига оғир бир шариатни яратиб олдилар, имондан юз ўгирдилар. Айнан мана шулар инсониятнинг энг ёмон вакилидирлар.

7. Албатта имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – ана ўшалар башариятнинг энг яхши (инсон)ларидир.
Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган мўминлар башариятнинг энг яхши вакилидирлар. Чунки улар инсоннинг асл фитратига мос ҳолда ҳаёт кечирдилар, ҳақни тан олдилар, солиҳ амаллар билан ўз мартабаларини юқори кўтардилар. Энди уларга чексиз мукофотлар ато этилади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Сизлар фаришталарнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабасидан ҳайрон бўляпсизларми? Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, қиёмат куни мўмин банданинг Аллоҳ наздидига даражаси фаришталарникидан улуғ бўлади. Хоҳласангиз, “Албатта имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – ана ўшалар башариятнинг энг яхши (инсон)ларидир” оятини ўқиб кўринг” (Ибн Абу Ҳотим  ривояти).

8. Уларнинг Парвардигорилари даргоҳидаги мукофотлари тагидан ариқлар оқиб турадиган Адн жаннатларидир. Улар у ерда абадий қоладилар. Аллоҳ улардан, улар ҳам У (Зот)дан рози бўлдилар. Бу Парвардигоридан қўрққан (банда) учундир.
Аллоҳ таоло имон келтириб, солиҳ амаллар қилган бандаларни охиратда Адн жаннатига киргизади. У ерда дарахт ва хоналар остидан шариллаб ариқлар оқиб туради. Мўминлар жаннатда абадул-абад қоладилар, уларга берилган неъматлар ҳам давомийдир. Аллоҳ мўминлар дунёда қилган амалларидан рози бўлади, улар ҳам Парвардигори томонидан берилган мукофотларга рози бўладилар. Бу даражага дунёда Аллоҳдан қўрқиб, ҳаром ишлардан четланган бандаларгина эришадилар.

 

 

 

100. Одиёт сураси

 

 

 

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 11.
Тартиб рақами: 100.
Сура маъноси: пишқириб чопувчи отлар.
Сабаби нузул: Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жойга отлиқ аскарларни юборгандилар. Улардан бир ойгача дарака бўлмади. Шунда “вал-ъадийаат...” сураси нозил бўлди” (Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим  ва Баззор ривояти).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Пишқириб чопувчи (от)лар билан қасам...
Ушбу оятларда Аллоҳ йўлида жанг қилувчи чопағон отлар билан қасам ичилиб, мўмин-мусулмонлар жиҳодга тарғиб қилинмоқда.
    
2. Ўт чақнатиб чопувчи (от)лар билан қасам...
Одатда, от шиддат билан чопса ёки бирон нарсага кучли талпинса, унинг тезлиги ошади ва гўё туёқларидан учқун чақнагандек бўлади.
      
3. Тонг пайтида бостириб борувчи (от)лар билан қасам...
Исломда тонг чоғи қилинган амаллар хайрли ва баракали бўлиши таъкидланган. Бу оятда тонг чоғида душман устига бостириб борувчи отлар билан қасам ичилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатлари шундай бўлган. У зот тонг отишини кутиб, сўнгра ҳужумни бошлардилар. Агар душман томондан азон овози эшитилса, бу қавм мусулмонлар эканини билиб, ҳужумни тўхтатардилар.

4-5. (Ортидан) чанг қолдирувчи ва жамоанинг ўртасига (ёриб) кирувчи (от)лар билан қасамки...
Бу оятда отлар аҳамиятли ҳайвон экани айтилиб, улар билан қасам ичилмоқда. Айни пайтда мусулмонлар ғайратли бўлишга тарғиб қилинмоқда.

6. Албатта инсон Парвардигорига ўта ношукрдир!
Банда Аллоҳ томонидан беҳисоб неъматлар билан таъминлаб қўйилган бўлса ҳам, ношукр банда У Зотни, берган неъматларини эсламайди, балки кўрнамаклик қилади. Бу ҳар бир инсонга хос хусусиятдир.

7. Албатта унинг ўзи бунга гувоҳдир.
Ушбу оят икки хил таъвил қилинади:
– инсон Аллоҳ берган неъматларга ношукр эканини ўз билади;
– инсон (унинг аъзолари) қиёмат куни ўзига қарши гувоҳлик беради.

8. Албатта унинг бойликка бўлган муҳаббати жуда кучлидир.
Инсон мол-дунёни жуда яхши кўради, бойликка эришиш учун қаттиқ ҳаракат қилади. Унинг бойликка ҳирси кучли бўлганидан Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилади, бахил бўлиб, бойлик ҳаққини адо қилмайди.
 
9-10-11. Ахир у қабрлардаги нарсалар чиқарилганида, қалблардаги нарсалар ошкор бўлганида, ўша куни Парвардигорилари улардан, албатта ўта Хабардор бўлишини билмайдими?
Аллоҳга шукр қилмасдан бойлик йиғишга муккадан кетиш нима деган гап?! Ахир у қиёмат куни бандалар қабрларидан тирилтирилганларида, қалблардаги яхши-ёмон нарсалар ошкор бўлганида Аллоҳ таоло уларнинг ҳар бир сирларидан Хабардор бўлишини билмайдиларми?! Йўқ! Қиёмат ҳақ! Ҳисоб ҳақ! Бас, мол-дунё ҳаракати сизларни Аллоҳга ибодат қилиш, шукр қилиш ва солиҳ амаллардан тўсиб қўймасин!

 

 

 

099. Залзала сураси

 

 

 

Нозил бўлган жойи: Мадина.
Оятлар сони: 8.
Тартиб рақами: 99.
Сура маъноси: қаттиқ қимирлаш, зилзила.
Суранинг бошқа номи: иза зулзилат.
Сура фазилати: Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Залзала сураси Қуръоннинг ярмига тенг. Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тенг. Кафирун сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тенг” (Термизий, Ҳоким ва Байҳақий ривояти. Ҳоким ҳадис санадини саҳиҳ, деган).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Ер қаттиқ қимирлаганда...
Қиёмат куни Ер қаттиқ қимирлайди. Ҳозирдаги каби унинг маълум қисми бир оз силкинмайди, балки бутун Ер шиддат билан қимирлайди. Шунда Ер устидаги барча нарса остин-устин бўлиб кетади.
           
2. Ва Ер ўз юкларини чиқариб ташлаганда...
Ер қаттиқ силкинганидан кейин ичидаги ўлик ва хазиналардан иборат нарсаларни ташқарига чиқариб ташлайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ер олтин ва кумушдан иборат хазиналарини ташқарига отиб чиқаради ва қотил келиб, “Мен мана шу сабабдан одам ўлдирганман”, дейди. Кейин қариндошлари билан алоқани узган кимса келиб, “Мана шу сабаб бўлиб мен яқинларим билан риштани узганман”, дейди. Сўнгра ўғри келади ва: “Мана шу (нарсаларга эришиш) учун менинг қўлим кесилган”, дейди. Сўнгра улар чақириладилар, аммо у (тилло-кумушлар)дан ҳеч нарса оломайдилар” (Муслим ва Термизий ривояти).
             
3. Инсон: “Унга нима бўлди!?” деб қолганида...
Қиёматдаги воқеаларни тирик шоҳиди бўлиб турган инсонлар: “Ерга нима бўлди?! Нега у кучли силкиниб, ичидаги бор нарсани ташқарига чиқариб ташлади?!” деб ҳайрон бўладилар.
                          
4-5. Ана ўша кунда Парвардигори унга амр қилгани сабаб (Ер ўз) хабарини айтади.
Охиратда Ер Аллоҳнинг амри билан гапириб, бандалар қилган яхши ва ёмон амаллар ҳақида гувоҳлик беради.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ “Ана ўша кунда (Ер ўз) хабарини айтади!” оятини тиловат қилдилар ва: “Унинг хабари нима эканини биласизларми?” дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, дейишди. Шунда у зот: “Унинг хабари устида ҳар бир эркак ва аёл нима амал қилганини айтишидир. У: “Шу-шу кунларда фалон амални қилди”, деб айтади”, дедилар” (Термизий, Насоий, Ҳоким, Байҳақий, Ибн Жарир Табарий ривояти. Термизий ва Ҳоким ҳадис санадини саҳиҳ, дейишган).
Робийъа ал-Жароший розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ердан эҳтиёт бўлинглар! Чунки у онангиздир. У (Ер) устида бирон яхши ёки ёмон амал қилувчи ҳақида хабар беради” (Имом Табароний ривояти).
Ҳакам розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Абу Умайяни Масжидул ҳаромда фарз намози ўқиётганини кўрдим. У намозини адо қилиб бўлгач, нарироққа борди ва мана бу ҳамда мана бу ерларда намоз ўқиди. У намоздан чиққач: “Нима сабабдан бундай қиляпсан?” деб сўрадим. У “Ер қаттиқ қимирлаганда...” оятини “ана ўша кунда (Ер ўз) хабарини айтади!”гача ўқиди ва: “Мен ушбу оятни ўқиб, Ер қиёматда менинг фойдамга гувоҳлик беришини хоҳладим”, деди” (Абд ибн Ҳумайд ривояти).
                   
6. Ўша куни одамлар амаллари кўрсатилиши учун гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқиб келадилар.
Қиёмат куни бандалар ҳисоб қилиниши учун турли ҳолатда маҳшаргоҳ сари одимлайдилар. Мўминлар юз-қўлларидан нур таралган ҳолда хотиржамлик билан Аллоҳ ҳузурига келадилар. Кофирлар эса қўрқув ва саросима ичида бўладилар, уларнинг юз-қўлларини зулмат қоплаб олади. Шунингдек, турли диндаги бошқа тоифалар ҳам ўз амалларини кўриш ва оқибатларини билиш учун турфа қиёфа ва ҳолатда қабрларидан чиқиб келадилар.

7. Бас, кимки зарра миқдорича яхшилик қилса, уни кўради.
Ким дунёдалик чоғида зарра миқдорича, инсонлар наздида жуда кичик саналувчи бир яхшилик қилган бўлса ҳас, қиёмат куни уни номаи аъмолида кўради ва бундан хурсанд бўлади.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: “Қачонки “Бас, кимки зарра миқдорича яхшилик қилса, уни кўради” ояти нозил бўлганида, мусулмонлардан бири келиб, “Агар зарра миқдорича яхшилик ё ёмонлик қилсам, унинг натижасини кўрадиган бўлсам, бас, бу менга насиҳат ўрнида етарли”, деди” (Абдураззоқ ва Ибн Муборак ривояти).

8. Кимки зарра миқдорича ёмонлик қилса, ўшани кўради.
Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди, ҳаммаси қиёмат куни ҳисоб қилинади. Ким зарра миқдорида ёмонлик – гуноҳ қилган бўлса, охиратда уни кўради ва бундан маҳзун бўлади. Балки Аллоҳ унинг ўша гуноҳини кечириб юборар. Лекин охиратда нажот топишдан умиди бор банда ҳар қандай яхшиликни кичик санамай амалга ошириши, гуноҳларга бепарво бўлмаслиги лозим.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу мазкур икки оят ҳақида шундай деган: “Хоҳ мўмин, хоҳ кофир бўлсин, улар қилган яхши ва ёмон амаллар Аллоҳ тарафидан ўзларига кўрсатилади. Аллоҳ мўминларга савоб ва гуноҳларини кўрсатиб, гуноҳларини кечиради ва яхшиликлари учун мукофотлайди. Кофирларга ҳам қилган яхши ва ёмон ишлари кўрсатилади. Улар қилган яхши амаллар рад қилиниб, гуноҳлари учун азобланадилар” (Ибн Жарир, Байҳақий ва Ибн Мунзир ривояти).
Муқотил ривоят қилади: “Бу оятлар икки киши ҳақида нозил бўлган. Улардан бирининг олдига тиланчи келиб қолса, унга хурмо, нон ушоқ ва бир дона ёнғоқ беришни кам деб билар эди. Бошқаси эса ёлғон сўзлаш, ғийбат ва номаҳрамларга қарашни енгил гуноҳ деб ҳисоблар ва: “Аллоҳ гуноҳи кабира соҳибларинигина жаҳаннамга киргизади”, дерди. Шунда ушбу оятлар нозил қилиниб, улар озгина миқдордаги яхшилик бўлсин, уни қилишга тарғиб қилиндилар. Балки улар кичик санаётган амалларнинг савоби кўп бўлар. Улар, шунингдек, кичик гуноҳлардан ҳам қайтарилдилар. Кўзга кўринмас хатолар бориб-бориб катта гуноҳларга айланиши мумкин!” (Ушбу ривоятни Қуртубий тафсирида келтирган).

 

 

 

101. Қориъа сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 11.
Тартиб рақами: 101.
Сура маъноси: қоқувчи; зарба берувчи (қиёмат номларидан бири).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Қориъа!!!
“Қориаъ” сўзи луғатда “зарба берувчи”, “қоқувчи”, “даҳшатга солувчи”, “тўсатдан келувчи фожеа” каби маъноларни англатади. Бу сўз қиёмат номларидан биридир. Охират куни кутилмаганда келади ва инсонлар қалбига ваҳима солади.

2. Қориъа нима?!
Кишилар қалбига қўрқинч солувчи қиёматнинг қандай кун эканини бандалардан ҳеч ким тасаввурига сиғдира олмайди.
Бу ерда у куннинг улуғлигини ифодалаш учун савол билан мурожаат қилинмоқда.

3. Қориъа нима эканини сен қаердан билар эдинг?!
Эй инсон, сен Қориъа нима эканини ҳаргиз била олмайсан!

4. Ўша куни одамлар худди тўзитиб юборилган капалакка ўхшаб қоладилар.
Ўша куни одамлар ҳайрон бўладилар, қаерга кетаётганларию нима қиларларини билмай ўзларини ҳар ёнга уриб, тўс-тўпоплон кўтарадилар. Уларнинг бу ҳолати худди тўзғитиб юборилган капалакка ўхшайди.
          
5. Тоғлар худди титилган жун каби бўлиб қолади.
Қиёмат даҳшатидан дунёда энг мустаҳкам кўринган тоғлар ҳам чанг каби ҳавода учиб юради, улар худди титилган жун каби бўлиб қолади.
                              
6-7. Бас, кимнинг тарозуси оғир келса, у рози бўладиган (фаровон) ҳаётда бўлади.
Қиёмат куни бандалар амаллари мезонда тортилади. Кимнинг солиҳ амаллари гуноҳларидан оғир келса, у рози бўладиган ҳаётда – жаннатда бўлади.
                       
8-9. Кимнинг тарозуси енгил келса, бас, унинг онаси Ҳовия (жарлик)дир.
Энди кимнинг гуноҳи яхши амалларидан кўп бўлиб, солиҳ амаллари енгил келса, ундай банданинг борар жойи жаҳаннамдир. Она боласини бағрига босгани каби жаҳаннам ҳам уни ўзига тортади.
“Унинг онаси Ҳовиядир” ояти уламолар томонидан турлича таъвил қилинади:
– унинг оқибати жаҳаннамдир;
– унинг ҳолига вой;
– бундай банда боши билан судралиб жаҳаннамга улоқтирилади;
– жаҳаннам чуқурлиги унинг онаси ва борар жойидир.
           
10. Унинг нима эканини сен қаердан биласан?
Эй инсон, сен Ҳовия нима эканини қаердан ҳам билардинг!? Унинг даҳшатини хаёлингга ҳам келтира олмайсан!
    
11. У ловуллаб турган оловдир.
Ҳовия ўта қизиган жаҳаннам оловдир. Унга гуноҳкор бандалар кирадилар ва абадий ўша ерда қолиб кетадилар.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase