101. Қориъа сураси
- Душанба, Июл 15 2024
- 27 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 11.
Тартиб рақами: 101.
Сура маъноси: қоқувчи; зарба берувчи (қиёмат номларидан бири).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Қориъа!!!
“Қориаъ” сўзи луғатда “зарба берувчи”, “қоқувчи”, “даҳшатга солувчи”, “тўсатдан келувчи фожеа” каби маъноларни англатади. Бу сўз қиёмат номларидан биридир. Охират куни кутилмаганда келади ва инсонлар қалбига ваҳима солади.
2. Қориъа нима?!
Кишилар қалбига қўрқинч солувчи қиёматнинг қандай кун эканини бандалардан ҳеч ким тасаввурига сиғдира олмайди.
Бу ерда у куннинг улуғлигини ифодалаш учун савол билан мурожаат қилинмоқда.
3. Қориъа нима эканини сен қаердан билар эдинг?!
Эй инсон, сен Қориъа нима эканини ҳаргиз била олмайсан!
4. Ўша куни одамлар худди тўзитиб юборилган капалакка ўхшаб қоладилар.
Ўша куни одамлар ҳайрон бўладилар, қаерга кетаётганларию нима қиларларини билмай ўзларини ҳар ёнга уриб, тўс-тўпоплон кўтарадилар. Уларнинг бу ҳолати худди тўзғитиб юборилган капалакка ўхшайди.
5. Тоғлар худди титилган жун каби бўлиб қолади.
Қиёмат даҳшатидан дунёда энг мустаҳкам кўринган тоғлар ҳам чанг каби ҳавода учиб юради, улар худди титилган жун каби бўлиб қолади.
6-7. Бас, кимнинг тарозуси оғир келса, у рози бўладиган (фаровон) ҳаётда бўлади.
Қиёмат куни бандалар амаллари мезонда тортилади. Кимнинг солиҳ амаллари гуноҳларидан оғир келса, у рози бўладиган ҳаётда – жаннатда бўлади.
8-9. Кимнинг тарозуси енгил келса, бас, унинг онаси Ҳовия (жарлик)дир.
Энди кимнинг гуноҳи яхши амалларидан кўп бўлиб, солиҳ амаллари енгил келса, ундай банданинг борар жойи жаҳаннамдир. Она боласини бағрига босгани каби жаҳаннам ҳам уни ўзига тортади.
“Унинг онаси Ҳовиядир” ояти уламолар томонидан турлича таъвил қилинади:
– унинг оқибати жаҳаннамдир;
– унинг ҳолига вой;
– бундай банда боши билан судралиб жаҳаннамга улоқтирилади;
– жаҳаннам чуқурлиги унинг онаси ва борар жойидир.
10. Унинг нима эканини сен қаердан биласан?
Эй инсон, сен Ҳовия нима эканини қаердан ҳам билардинг!? Унинг даҳшатини хаёлингга ҳам келтира олмайсан!
11. У ловуллаб турган оловдир.
Ҳовия ўта қизиган жаҳаннам оловдир. Унга гуноҳкор бандалар кирадилар ва абадий ўша ерда қолиб кетадилар.