097. Қадр сураси
- Душанба, Июл 15 2024
- 54 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 5.
Тартиб рақами: 97.
Сура маъноси: қадр, қиймат, ҳурмат; белгилаш; ўлчаш.
Сабаби нузул: Мужоҳиддан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ йўлида минг ой қилич кўтариб жанг қилган бани исроиллик бир кишини зикр қилганларида, мусулмонлар бундан ажабланишди. Шунда Аллоҳ таоло Қадр сурасини нозил қилди (Ибн Мунзир, Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Албатта Биз Уни қадр кечасида нозил қилдик.
Қадр кечаси Рамазон ойи кечаларидан бўлиб, унинг айнан қайси кеча экани борасида ихтилофлар бор. Саҳиҳ ривоятларга кўра, Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир.
Аллоҳ таоло Қадр кечаси Қуръони каримни Лавҳул маҳфуздан дунё осмонидаги байтул иззага бир жумла шаклида нозил қилди. Кейин йигирма уч йил давомида шароит ва сабабларга кўра Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлиб-бўлиб нозил қилинди.
2. Лайлатул қадр нима эканини Сиз қаердан билар эдингиз?
Бу кечанинг “Лайлатул қадр (Қадр кечаси)” деб аталишига икки сабаб бор:
– ўша кеча бандаларнинг бир йиллик тақдирлари белгиланади;
– Аллоҳ даргоҳида бу кечанинг қадри баланд, мартабаси улуғ.
Оятга кўра, Лайлатул қадр шундай улуғ кечаки, агар Аллоҳ у ҳақида бизларга маълумот бермаса, биз унинг ҳақиқати, фазилатини билолмаймиз.
3. Лайлатул қадр минг ойдан яхшироқдир.
Демак, Лайлатул қадрда бажариладиган амаллар минг ойда қилинган амаллардан афзалроқ экан. Бу Ислом умматига, мусулмонларга Аллоҳ тарафидан берилган ажойиб имконият ва раҳматдир.
Минг ой қамарий йил ҳисобида 83 йилдан кўпроқ муддатни ташкил қилади.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга аввал ўтган инсонлар умрлари ва Аллоҳ хоҳлаган нарсалар кўрсатилган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдин ўтган умматлар қилган яхши ишларни бажариш учун умматимнинг умри қисқалик қилади, деб ўйлаганлар. Шу сабаб Аллоҳ таоло у зотга Лайлатул қадрни минг ойдан яхши қилиб берди (Молик “Муваттоъ”да ва Байҳақий “Шуаъбул иймон”да ривоят қилган).
Анас розийаллоҳу анҳу айтади: “Қадр кечасида қилинган ҳар қандай солиҳ амал – намоз, садақа ва закот минг ойда қилинганидан кўра яхшироқдир” (Абд ибн Ҳумайд ривояти).
4. Унда фаришталар ва Руҳ Парвардигорилари изнига кўра барча иш билан тушадилар.
Лайлатул қадр кечаси Жаброил алайҳис салом бошличилигида фаришталар Аллоҳ таоло бандаларига тақдир қилган ишлар билан осмондан ерга тушадилар.
5. У (кеча) токи тонг отгунча омонликдир.
Бу тун Аллоҳнинг мухлис бандалари учун саломатлик, тинчлик, осойишталик ва хайр-барака тунидир. Бу нарса тонг отгунча давом этади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: “Бу кеча ўзбошимча (бебош) жин ва шайтонлар, жинларнинг энг ёмони ҳам озор етказа олмайди, осмон эшиклари очилади, Аллоҳ бу кеча ҳар бир тавба қилувчининг тавбасини қабул қилади. Шу сабаб У Зот: “У (кеча) токи тонг отгунча омонликдир”, деган. Бу қуёш ботгандан тонг отгунча давом этади” (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Шаъбий: “Кун ботгандан тонг отгунча фаришталар масжид аҳлига салом айтади”, деган.
Ушбу сурадан келиб чиқиб, Қадр кечасининг қуйидаги фазилатларини билиб олишимиз мумкин:
– бу тунда Қуръон нозил қилинган;
– лайлатул қадрда қилинган амаллар минг ойда бажарилганидан яхшироқ;
– ўша тунда фаришталар Аллоҳнинг амри билан осмондан Ерга тушадилар;
– лайлатул қадр саломатлик, барака ва яхшилик тунидир.