103. Аср сураси
- Душанба, Июл 15 2024
- 31 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 3.
Тартиб рақами: 103.
Сура маъноси: аср вақти, аср намози; Асри саодат даври; аср (юз йиллик).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Асрга қасамки...
Аллоҳ таоло ушбу оятда аср вақти билан қасам ичмоқда. Сабаби тун ва кун алмашиниши, замон ўтиб бориши ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи белгилардан биридир.
2. Албатта инсон зиён кўрувчидир!
Инсонни қилган амали ҳалокатга олиб боради. Инсон зоти борки, зиён кўрувчи, ҳалокатга учровчидир. Илло...
3. Фақат имон келтирган, солиҳ амаллар қилган, бир-бирини ҳаққа ва сабрга ундаганларгина (бундан муснаснодирлар).
Қайси банда Аллоҳ ва қиёмат кунига имон келтирса, солиҳ амаллар қилса, мўмин бандаларни имонда мустаҳкам бўлиш, ҳақ устида қоим туриш, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан четлашиш ва У Зотга ибодат қилишда сабр этишга чақирса, мана шундай бандалар ҳалокатдан қутуладилар, нажот топадилар.
Оятда “ҳақ” ва “сабр” сўзлари кетма-кет келиши беҳикмат эмас. Одатда, ҳақ йўлда бўлганларга душманлик қилувчилар, қаршилик кўрсатувчилар етарлича топилади. Ана шундай пайтда банда сабрга муҳтож бўлади. Оятга кўра, ким ўзгаларга ҳаққа тарғиб қилса, ортидан сабр-тоқатга ҳам чақириши керак бўлади.