close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

105. Фил сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 5.
Тартиб рақами: 105.
Сура маъноси: фил.
Ҳабашистон подшоҳи Яманни эгаллагач, у ерга Абраҳа исмли кишини ҳукмдор этиб тайинлайди. Абраҳа насроний бўлиб, Яманда бир черков қурдирган эди. У арабларни Каъбадан буриб ўз черковига жалб қилиш учун Каъбани бузишга аҳд қилади. Шу мақсадда катта қўшин тўплаб, Макка томон йўл олади. Улкан қўшин олдида катта бир фил йўлбошчилик қилиб борар эди. Шу сабаб ҳам бу қўшин “фил эгалари” деб номланади. Хуллас, Абраҳа ва қўшининг барча уринишлари зое кетади. Аллоҳ таоло уларни хору зор қилиб ҳалок этади. Ушбу сурада мана шу ҳодиса қисқа суратда зикр қилинган.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. (Эй Муҳаммад,) Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми?
Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг Байтини бузиш ҳаракатида бўлган лашкарлар Парвардигорингиз томонидан қай тарзда маҳв этилганини билдингизми?
Бундан “Сиз бу ҳодисани яхши биласиз” деган маъно келиб чиқади.

2. У (Зот) уларнинг макрини бекор кетказмадими?
Аллоҳ Каъбани вайрон қилмоқчи бўлганлар режаларини бузиб, барча уринишларини беҳуда кетказмадими? Буларнинг ҳаммаси Макка аҳли учун марҳаматдир. Нега энди улар Сизга имон келтириш ўрнига куфр йўлини танлаб, одамларни имон йўлидан қайтарадилар?!

3-4. У (Зот) устларига сополдан бўлган тош отувчи гала-гала қушларни юборди.
Аллоҳ Абраҳа қўшининг устига гала-гала қушларни юборди. Ҳар бир қушда учтадан тош бор эди. Икки оёғида иккита ва тумшуғида биттадан. Ўша тош кимга тегса, уни албатта ўлдирган. Сабаби у пишиқ ғиштга ўхшаш тош эди. Бу тош жуда ҳам катта эмас, бор-йўғи нўхот катталигида бўлса-да, Аллоҳнинг иродаси билан теккан кимсани ер тишлатаверган.

5. Бас, уларни чайнаб ташланган ҳашак каби қилиб қўйди.
Маккани бузиш мақсадида келаётган катта бир қўшин илоҳий даргоҳдан юборилган қўшин ёрдамида мағлуб этилди. Бу мағлубият уларга хору зорлик олиб келди. Устига беҳисоб тош ёғилган аскарлар худди ҳайвонлар чайнаб ташлаган ўсимлик ва баргларга ўхшаб қолди. Ислом динига, Байтуллоҳга тажовуз қиладиганларни Аллоҳ бу дунёда шундай жазолайди.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase