close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

104. Ҳумаза сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 9.
Тартиб рақами: 104.
Сура маъноси: ғийбат қилувчи.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Ғийбатчи ва масхара қилувчи ҳар бир (кимса)га вайл бўлсин!
Аллоҳ таоло ушбу оятда сўз ва имо-ишоралар билан одамларга азият берадиган, уларни камситадиган, ғийбат қиладиган кимсалар азобга ва Парвардигор ғазабига йўлиқишлари маълум қилинмоқда.

2. У бойлик йиғади ва уни (тез-тез) санайди.
Бундай кимса кўп мол-дунё йиғади. Инсон қадри фақат бойликда деб билади. Бойлигини пеш қилиб ўзини бошқалардан устун қўяди ва шу сабаб одамларни камситади.
        
3. Бойлиги уни мангу қолдиради, деб ўйлайди.
У қўлидаги бойлик инсонни ҳаётда боқий қолдиради, ўлимдан сақлаб қолади, деб нотўғри ўйлайди. Бу эса бойликка ўта ружуъ қўйганликдан келиб чиқади. Унинг эътиқоди бузуқ бўлгани боис худди ҳаётда абадий қоладигандек иш тутади, ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақида ўйламайди.
              
4. Йўқ! У Ҳутамага, албатта ташланади.
Йўқ! Иш у ўйлаганчалик эмас. Бойлик билан банда дунёда абадий қоломайди, мол-дунё бандадан Аллоҳнинг азобини ҳам қайтара олмайди. Балки, кишиларга озор берадиган, ўлимдан кейинги ҳаётни инкор қиладиган кимса Ҳутамага ташланади.
“Ҳутама” жаҳаннам номларидан бири бўлиб, луғатда “парчаловчи, чилпарчин қилувчи; йўқ қилувчи”, истилоҳда эса “қаттиқ қиздирувчи олов” маъносини англатади.
                      
5. Ҳутама нима эканини сен қаердан билардинг?
Ҳутама нима эканини сен қаердан ҳам билардинг?! Уни ақл идрок қилолмайди.
              
6. У Аллоҳнинг ёқиб қўйилган оловидир.
Ҳутама осий кофирларни Аллоҳнинг амри билан азоблаш учун ёқиб қўйилган оловдир.
                 
7. У қалбларга етиб боради.
Ўша оловнинг иссиғи ва азоби жаҳаннамийлар қалбигача етиб боради.
Бу ерда азоб тортишнинг қалбга – хосланишига сабаб қуйидагилар:
– қалб қинғир мақсадлар, чиркин ниятлар, ёмон ахлоқлар маконидир. Мана шу сабаб бу аъзо азобланишга муносиброқ;
– Қалб энг қаттиқ таъсирланувчи аъзо бўлиб, агар унга озор етса, бадан ҳар бир аъзосининг ҳар бир нуқтасигача азоб етиб боради. Валлоҳу аълам!
Муҳаммал ибн Каъб ушбу оят ҳақида: “Жаҳаннам олови инсоннинг ҳар бир аъзосини еб бориб, охири қалбига етиб боради. Шунда аъзолари яна ўз ҳолига қайтади”, деган (Ибн Абу Ҳотим  ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).
        
8. У (олов) уларнинг устига ёпилувчидир.
Жаҳаннамийлар у ерга кирганларидан сўнг устларидан эшик маҳкам ёпиб қўйилади. Улар у ердан чиқиб кета олмайди.
 
9. (Жаҳаннамийлар) узун устунларга (боғлаб қўйиладилар).
Улар қимирламасликлари учун темир занжирларга кишанбанд қилиниб, узун устунларга боғлаб қўйиладилар. Бу нарса уларнинг азобини янада кучайтиради.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase