close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

102. Такосур сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 8.
Тартиб рақами: 102.
Сура маъноси: кўпайтиришда бир-биридан ўзишга ҳаракат қилиш.
Сабаби нузул: Қатода раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Такосур сураси яҳудийлар ҳақида нозил бўлган” (Ибн Абу Ҳотим  ривояти).
Сура фазилати: Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирон киши ҳар куни Қуръондан минг оят ўқишга қодир эмасми?” деб сўрадилар. Шунда саҳобалар: “Қайси биримиз бунга қодир бўлар эдик?!” дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаттоки, “ал-ҳаакумут-такаасур”ни ўқишга ҳам қодир эмасмисизлар?” деб айтдилар (Ҳоким ва Байҳақий ривояти. Албоний ҳадис санадини заиф, деган).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
   
1-2. Қабрларни зиёрат қилгунингизгача кўпайтириш(да мусобақалашиш) сизларни тўсиб қўйди.
Яъни, эй одамлар, бойлик, мансаб-мартаба ва бола-чақа кўпайтириш ва бу ишларда ўзаро кимўзарга ўйнаш сизларни Парвардигорингиз Аллоҳ таолога ибодат қилишдан тўсиб қўйди. Сизлар вақт борида ақлингизни йиғиб, тавба қилмадингиз, балки ўлиб қабрларга киргунингизгача мол-дунё тўплаш, бойликни мақтаниш ва кўз-кўз қилиш билан овора бўлдингиз.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман, балки такосур (яъни, мол-дунё тўплашда мусобақа қилишингиз)дан қўрқаман. Мен сизлар (бехосдан) хато қилишингиздан қўрқмайман, балки гуноҳни атайин содир этишингиздан қўрқаман”, деганлар” (Ҳоким ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

3. Йўқ! Сизлар яқинда биласизлар!
Бойлик йиғишда мусобақалашиш ва маъсиятлар содир этишни бас қилинг! Аниқки, қиёмат куни ҳозирда қилаётган ишларингиз оқибатини билиб оласиз!

4. Яна Йўқ! Сизлар яқин орада билиб оласизлар!
Энди сизлар бу қилмишингиз қандай оқибатларга олиб келишини яқин орада аниқ биласизлар.

5. Йўқ! Агар сизлар аниқ илм билан билганингизда эди...
Агар ҳаётлик чоғингизда қилаётган ишларингиз қандай якун топиб, қандай натижаларга сабаб бўлишини билганингизда эди, зинҳор бундай қилмасдингиз!
Бас, шундай экан, эй охиратдан умиди бор бандалар, бойлик тўплайман, мансабга эришаман, бола-чақа орттираман деб, уларга ружуъ қўйиб, асосий ишингиз, ҳақиқий вазифангиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилишни унутиб қўйманглар!

6. Сизлар жаҳаннамни, албатта кўрасизлар.
Агар шу ҳолатда давом этсангиз, Аллоҳга имон келтирмас, У Зотга ибодат қилмас экансиз, охиратда жаҳаннамга кириб, у ердаги азобларни ўз кўзингиз билан кўрасизлар.

7. Сўнгра уни ишонч кўзи билан, албатта кўрасизлар.
Уни кўришингизга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Уни ишонч кўзи билан кўрасизлар.

8. Кейин ўша куни неъматлар ҳақида, албатта сўраласизлар.
Эй бандалар, охират куни дунёда фойдаланган неъматлар ҳақида сўраласизлар. Агар уларнинг ҳаққини адо қилмаган бўлсангиз, у ҳолда ҳолингизга вой бўлади!
Оятдаги неъматлардан мурод барча моддий ва маънавий неъматлардир. Жумладан, қорин тўқлиги, муздек зилол сув, соя-салқин жойлар, тананинг гўзал суратда яратилиши, уйқудаги лаззат, бадан – қўл, оёқ, кўз, қулоқ каби аъзолар саломатлиги, хотиржамлик, тинчлик, фаровонлик ва ҳоказолар.
Икрима раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “ – Кейин  ўша куни неъматлар ҳақида, албатта сўраласизлар – ояти нозил бўлганида, саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, қайси неъматлар ҳақида сўраламиз. Ахир қорнимиз тўяр-тўймас бўлиб арпа нони билан овқатлансак?!” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ Пайғамбарига ваҳий қилиб, уларга: “Сизлар оёғингизга пойафзал киймайсизларми ёки муздек сувдан ичмайсизларми? Мана шу неъматлардандир”, деб айт”, деди” (Ибн Абу Ҳотим  ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase