close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўлганларга дуо қилиш ва уларга савоб аташ

«Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир».

«Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир». Шарҳ: Аҳли сунна ва жамоа ўлганлар тирикларнинг қилган амалидан манфаат олишларига иттифоқ қилганлар.
Мусулмонларнинг унинг ҳақига қилган дуолари, айтган истиғфорлари ва унинг номидан қилинган садақалари ва ҳажлари бунга мисолдир.
Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етадими, йўқми, деган масалада ихтилоф бўлган.
Баданий ибодат рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаган нарсалардан иборат.
1. Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур (кўпчилик) баданий ибодат савоби ўлганга етади, деганлар.
2. Шофеъий ва Молик етмайди, дейдилар.
Ўлганга ўзидан бошқанинг амали савоби етишига далил Қуръонда, Суннатда, Ижмоъда ва Қиёсда бордир:
1. Қуръондан далил:
«Улардан кейин келганлар: «Эй, Роббимиз, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин», дерлар» (Ҳашр: 10).
Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса, ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.
2. Суннатдан далил:
Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиб бўлингандан кейин устида туриб «Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади», дер эдилар».
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабрларни зиёрат қилган вақтда ўлганларга дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган.
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида келган ҳадис бунга мисол:
«Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз нима дейсиз?» деб сўрадилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ассалому алайкум, эй, мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларни-ю, кейин қолганларни раҳим қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз», деб жавоб берганлар.
3. Ижмоъдан далил:
Ислом умматининг эътиборли асосий қисми жам бўлиб, ўлганга жаноза намозидаги дуони далил қилиб, ўлган тирикларнинг дуосидан манфаат олади, деганлар.
Жаноза намозидаги дуолар маълум ва маш-ҳурдир. Улар ўз аҳли биландир. Ўлган эркак, аёл ва гўдаклар учун алоҳида дуолар мавжудлигининг ўзи бу дуолардан вафот этганларга манфаат борлигини кўрсатади.
4. Қиёсдан далил:
Баданий ибодат бўлмиш дуо ўлганга манфаат бергандан кейин рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки, орада фарқ йўқ. Бунинг устига, бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор.

САДАҚАНИНГ САВОБИ ЕТИШИГА ДАЛИЛ

1. «Бир киши Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга ажри-савоб бўладими?»–деб сўради.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа!»–деб жавоб бердилар».
Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.
2. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, онам, менинг йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам, у кишига манфаат берадими?» деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа»,–деб жавоб бердилар.
Шунда Саъд розияллоҳу анҳу:
«Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим у кишининг номидан садақа»,–деди».
Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган.
Рўзанинг савоби етишига далил:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким вафот этса-ю, зиммасида рўза тутиш бўл-са, унинг номидан валийси рўза тутади», деганлар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.
Ҳажнинг савоби етишига далил:
Саҳиҳ Бухорийда Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Жуҳайна қабиласидан бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:
«Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилмасдан вафот этиб қолди. У кишининг номидан Ҳаж қилсам бўладими?»–деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унинг номидан ҳаж қил. Айт-чи, онангнинг қарзи бўлганида адо қилармидинг? Аллоҳнинг қарзини ҳам адо қилинглар. Аллоҳ вафо қилишга ҳақлидир»,–дедилар».
Шунингдек, мусулмонлар, ўлган одамнинг қарзини бошқа биров, ҳатто бегона одам ҳам, тўлаб қўйса, унинг зиммасидаги қарз соқит бўлишига ижмоъ қилишган.
Бунинг далили Абу Қатоданинг ҳадисидир.
Абу Қатода розияллоҳу анҳу бир ўликнинг икки динор қарзини ўз бўйнига олган. Кейин ўша икки динорни ҳақдорга берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Энди (ўлганнинг) териси совуди», деганлар.
Ал-Ҳоким ривоят қилган.
Худди рўза ва ҳажнинг савоби етганидек, ҳақ олмасдан, холисона Қуръон қироат қилиб, савоби ўлганга бағишланса, унинг савоби ҳам етади.
Агар: «Бу иш ўтганлар ичида маълум бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам буни қилишга иршод қилмаганлар-ку!» деган эътироз бўлса, жавоб шулки:
Агар эътироз қилувчи ҳаж, рўза ва дуонинг савоби етишини эътироф қиладиган бўлса, булар билан Қуръон қироати савобининг етиши орасида нима фарқ бор?
Ўтганларнинг бу ишни қилмагани савобнинг марҳумларга етмаслигига далил эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқанинг номидан рўза тутиш, ҳаж ва садақа адо қилишга иршод қилганлар, қироатга эса иршод қилмаганлар, деган эътироз бўлса, унга жавобимиз қуйидагича:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабсиз, аввал бошдан иршод қилганларида қироатнинг савоби етмаслигига далил бўлиши мумкин эди. Ҳақиқатда эса, ундоқ бўлмаган. Одамлар ўлган шахс номидан рўза тутиш, ҳаж қилиш ҳақида сўраб келишганда изн берганлар. Бу эса, бошқа нарсалар ман қилинган, дегани эмас. Агар бирон киши Қуръон қироати ҳақида сўраганида, изн берган бўлур эдилар».
Қироат савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлашга келсак. Мутааххир уламолардан баъзилари бу ишни мустаҳаб деганлар, баъзилари бидъат, деганлар. Чунки саҳобалар бундоқ қилмаганлар ва ўзи шундоқ ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг умматларидан ҳар бирининг яхши амалининг савоби–қироати Қуръонми, бошқами–етиб туради. Чунки у зот умматларини яхши ишларга далолат ва иршод қилганлар.
Ўлганнинг номидан рўза тутиш, ҳаж ва садақа қилишнинг маълум шакли бўлмаганидек, Қуръон қироатининг ҳам маълум шакли ёки шарт-шароити йўқ. Ўлган одамга савоб бўлишини хоҳлаган одам ўзи тиловат қилиб, дуо ила савобини бағишлаб қўяверади.
Аммо бировни Қуръон тиловат қилиб савобини маййитга бағишлаш учун ёллаб олишни ўтган азизлардан ҳеч ким қилмаган. Уламоларимиздан бирорталари бу ишга амр қилмаганлар, рухсат ҳам бермаганлар. Савобнинг етиши, амал Аллоҳ учун холис бўлгандагина бўлади. Ажр-ҳақ олиш учун ёлланган одамнинг қироати эса, холисона эмас. Ундан савоб ҳам ҳосил бўлмайдики, маййитга бағишласа.
Шунинг учун ҳам, имомлардан бирорталари рўза тутиб, намоз ўқиб савобини маййитга бағишлаш учун биров ёллаб олинади, демаганлар.

Савобни бағишлаш ҳақида аҳли бидъатнинг мазҳаби

Баъзи бир аҳли бидъатлар, ўтган одамга дуонинг ҳам ва бошқа бирор нарсанинг ҳам савоби етмайди, деганлар. Уларнинг бу гаплари юқорида Қуръон ва суннатдан келтирилган далиллар ила мардуддир.
Аҳли бидъатнинг далиллари:
1. «Ва инсон учун фақат ўзи саъй-(ҳаракат) қилганидан бошқа нарса йўқ» (Нажм: 39).
2. «Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз» (Ёсин: 54).
3. «У (жон) фойдасига касб қилган нарсаси ва У (жон) зарарига касб қилган нарсаси» (Бақара: 286).
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вақтики, одам боласи ўлса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади: Садақаи жория, унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд ва ундан кейин манфаат олиниб туриладиган илм!»–деганлар».
Муслим ривоят қилган.
Аҳли бидъатнинг далилларига жавоб:
Биринчидан, уларнинг «Ва инсон учун фақат ўзи саъй (ҳаракат) қилганидан бошқа нарса йўқ» (Нажм: 39) ояти ҳақида айтган гапларига жавоб шулки, аввало, инсон ўз саъйи-ҳаракати билан дўстлар орттиради, фарзанд орттиради, уйланиб хотинлик бўлади, яхшиликлар қилади. Ўшалар унинг ҳақига Аллоҳ таолодан раҳмат сўраб дуо қилсалар, бу унинг ўз саъй-ҳаракатидан бўлмай нимадан бўлади?
Иккинчидан, Қуръонда одам ўзидан бошқанинг саъйидан манфаат олмайди, дейилгани йўқ. Қуръон одам ўзидан бошқанинг саъйига эга бўлмайди, демоқда.
Бу икки иш орасида, яъни, инсоннинг ўзидан бошқанинг саъйидан манфаат олмаслиги билан эга бўлмаслиги орасидаги фарқ махфий эмас, очиқ-ойдиндир.
Аллоҳ таоло инсон фақат ўз саъйига эга эканлиги, бошқанинг саъйига ўша бошқанинг ўзи эга бўлиши ҳақида хабар берди. Ўзи эга бўлган нарсани эса, хоҳласа, ўзига олиб қолади, хоҳласа, бошқага беради.
Ушбу оятни ўзидан олдингиси билан боғлаш ҳам бизнинг жавобимизни қувватлайди. Чунки олдинги оятда:
«Бир жон бошқасининг оғирлигини кўтармайди», дейилган. Бу эса, Аллоҳ таоло ҳеч кимни бошқа бировнинг айби туфайли иқоб қилмаслигини, бировнинг маъсияти учун бошқани жазоламаслигини билдиради.
Иккинчидан, ҳар бир киши бировнинг амали билан эмас, фақат ўз амали ила нажот топишини тақозо қилади.
Шундоқ бўлгандагина инсоннинг ота-боболари, ўтганлари ва машойихларининг амали ила нажот топиш ҳақидаги хом хаёли кесилади.
2. «У (жон) фойдасига касб қилган нарсаси ва У (жон) зарарига касб қилган нарсаси» (Бақара: 286) оятининг маъноси ҳам аввалги оятнинг маъносига ўхшайди. Ҳар бир шахс ўз касбининг эгаси, бировнинг касби эгаси эмасдир. Ҳар бир шахс ўз маъсияти туфайли иқоб қилинур, бошқа-нинг маъсияти туфайли эмас.
3. Энди «Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз» (Ёсин: 54) ояти сиёқига тўлиқ қарайдиган бўлсак, унинг тўлиқ матнида «Бугунги кунда бирор жонга ҳеч зулм қилинмас. Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз», дейилган. (Ёсин: 54)
Яъни, бир банданинг бошқа бировнинг қилган амали туфайли жазога тортилмаслиги таъкидланмоқда. Бошқанинг амалидан манфаат олиши эмас.
4. Одам боласи ўлса, ундан амали кесилиши ҳақидаги ҳадисга келсак. Бу ҳадисни далил қилиб келтиришнинг ўзи нотўғридир. Чунки унда «амал кесилади» дейилган, «манфаатланиши кесилади» дейилмаган. Ҳар бир амалга уни қилувчиси эгадир. Хоҳласа, ўзига олади, хоҳласа, ўзгага бағишлайди». (Иқтибос тугади.)

ЭСЛАТМА

Аҳли сунна ва жамоа уламолари жумҳури, маййит ўзидан бошқанинг амалидан манфаат олади, деганлар. Мўътазила мазҳабидагилар, манфаат олмайди, деганлар.
Маййитнинг ортидан қилинадиган хайр-эҳсон, дуо ва бошқа ишлар шариатнинг асосини ташкил этмайди. Булар бир қўшимча нарсалар. Асос ҳар бир одамнинг ўзи қилган амали.
Шунинг учун, ўлгандан кейин бошқанинг амалидан манфаат тегар экан, деган ўй билан бу дунёда шариатга амал қилмай юравериш мутлақо нотўғридир. Ҳатто, баъзи жойларда йилига бир марта худойи қилиб қўйишни дин деб тушунадиганлар ҳам бор.
Жумҳур уламолар, маййитга ўзганинг амали манфаат беради, деган ҳукмни ўз хаёлларидан чиқариб айтган ҳам эмаслар. Балки, оят ва ҳадисларга суяниб, уларни далил-ҳужжат қилиб туриб айтганлар. Шунинг учун, бу нарсани тўғри тушуниш ва унга тўғри амал қилиш керак.

"Сунний ақидалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase