Куръон - Аллоҳ таолонинг каломи, мусҳафларда битилгандир, (мўминлар) қалблар(и)да ёддир, (мўминлар) тиллар(и)да ўқил(ади)гандир. Набий алайҳиссаломга нозил қилингандир, Қуръонни талаффуз қилишимиз махлуқдир. Уни қироат қилишимиз ва ёзишимиз махлуқдир. Куръон (Аллоҳ таолонинг каломи) махлуқ эмасдир.
Шарҳ: «Агар “Аллоҳ таолонинг каломи” (нафсий) қадим калом учун ҳақиқат (хақиқий атама), ҳарфлардан таркиб топган назм учун мажоз (мажозий атама) бўлса, сура ва оятларга бўлинган назмни Аллоҳ таолонинг каломи эмас, дейиш дуруст бўларди. Ваҳоланки, ижмо ундай дейиш мумкин эмас, дейди».
У саволга бундай жавоб берамиз: Каломуллоҳ, каломи нафсий қадим ва каломи лафзий ҳодис ўртасида муштарак исмдир. Каломи нафсий қадим (ҳарфдан, товушдан иборат бўлмаган қадим калом) Аллоҳ таолонинг сифати бўлгани учун Каломуллоҳ дейилади. Оят, суралардан иборат лафзий ҳодис калом Аллоҳ таолонинг махлуқи бўлгани учун, махлуқларнинг таълифи бўлмагани учун, Каломуллоҳ дейилади. Шунингучун оят ва суралардан иборат каломи лафзийни Каломуллоҳ эмас, деб айтиш асло мумкин бўлмайди. Шу боис, таҳорати бўлмаган кишилар, жунуб бўлганлар, ҳайз ва нифосдаги аёллар Қуръони каримни ушлашлари мумкин эмас. Эъжоз (лол қолдириш), тахадди (рақобатга чорлаб ғолиб бўлиш), фақат Аллоҳ таолонинг каломида бор.
Қуръони карим Пайғамбаримиз (с.а.в.)га турли ҳолатларда ҳарфлар ва сўзлар воситасида нозил бўлган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
“Уларга Парвардигорлари (томони)дан бирор янги эслатма (оят) келса, уни, албатта, ўйнаб (масхаралаб) туриб тинглайдилар” (Анбиё сураси, 2-оят).
Оятдаги “муҳдас” (янги) калимасидан мурод янги нозил бўлган оятдир. Аллоҳ таолонинг нафсий каломи қадим, бир жойдан бошқа жойга ўтмайди, кўчишдан муназзаҳдир.
Қуръон (Аллоҳ таолонинг нафсий каломи, сифати) махлуқ эмасдир, мусҳафларда ўрнашмагандир.
Абу Исҳоқ Исфироний, Шайх Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари Аллоҳ таолонинг нафсий каломини эшитиши мумкин
эмас, деганлар.
“Агар мушриклардан бирортаси Сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни хавфсиз жойига етказиб қўйинг!” (Тавба сураси, 6-оят).
“Аллоҳ таолонинг каломини эшитсин” оятининг маъноси Аллоҳ таолонинг нафсий каломига далолат этган сўзни эшитсин, демакдир.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг нафсий каломига далолат этган овозни эшитганлар. Аммо эшитишлари фаришта ва ёзув воситаси билан бўлмаган, ҳориқулода бўлган. Шунинг учун Мусо алайҳиссалом Калимуллоҳ (Аллоҳ билан сўзлашган) дейилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
«Бас, унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан - дарахтдан унга нидо қилинди: “Эй Мусо! Мен (барча) оламларнинг Парвардигори - Аллоҳдирман”» (Қасас сураси, 30-оят).
Имом Аъзамнинг бу китобларида кейинроқ яна шу мавзуда кенг маълумот берилади.
Имом Аъзам “ал-Васийя” номли китобида бундай дейдилар: “Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи, сифати, ваҳийси ва нозил қилгани, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам эмас, Ундан айри ҳам эмаслигига иқрормиз. Қуръони карим (калом) ҳақиқатан, Аллоҳ таолонинг сифатидир. Мусҳафларда ёзилган, тилларда ўқилган, қалбларда ёддир, лекин уларда ўрнашмаган. Ҳарфлар, ҳаракатлар, қоғоз, ёзув, уларнинг ҳаммаси яратилгандир, махлуқдир. Чунки улар бандаларнинг ишларидир. Аллоҳ таолонинг каломи эса махлуқ эмас. Чунки ёзув, ҳарфлар, калималар ва оятлар ҳаммаси, уларга бандаларнинг эҳтиёжи борлиги учун Қуръонни ўқиш, тушуниш воситасидир. Аллоҳ таолонинг каломи Унинг ўзида собитдир. “Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ, яратилган” деган киши кофирум биллаҳдир. Аллоҳ таоло маъбуддир, яъни ибодат фақат Унга қилинади. Аллоҳ таолонинг сифатлари ўзгармайди. Аллоҳ таолонинг каломи ўқилади, ёзилади, ёд олинади. Ундан бу сифат ажралмайди”. “Васият” китобидан олинган иқтибос шу ерда тугади.
Фахрул-Ислом бундай деган: Имом Абу Юсуфнинг бундай дегани саҳиҳ ривоят билан собитдир: “Қуръон масаласида Имом Аъзам Абу Ҳанифа билан мунозара этдим, иккимизнинг ҳам фикримиз бу нуқтада бирлашди: “Қуръонни махлуқ деган киши кофирдир”. Имом Муҳаммаддан ҳам ана шундай саҳиҳ ривоят собит бўлган.
Уламолар бундай дейишган: “Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи, махлуқ эмас”, дейилади. “Товуш ва ҳарфлардан ташкил топган китобнинг қадим экани” тушунилмаслиги учун, Қуръон махлуқ эмас”, дейилмайди. Аммо баъзи жоҳиллар ана шундай фикрга борган. “Шарҳул Ақоид” номли китобда бундай зикр этилади: “Пайғамбаримиз марҳамат этганлар: Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи, махлуқ эмасдир, ким уни махлуқ, яратилган деса, Аллоҳ таолони инкор қилган (кофир) бўлади”. Бу ҳадиснинг аслини топа олмадик.
Биз (аҳли сунна) билан мўътазила орасидаги келишмовчилик каломи нафсийнинг инкори ва исботи борасидадир. Биз ҳам сўзларни ва харфларни қадим демаймиз. Улар нафсий каломни ҳодис дейишмайди. Бизнинг далилимиз аввалроқ айтилгандай:
Аллоҳ таолонинг мутакаллим (сўзлагувчи) экани пайғамбарлар (алайҳимуссалом)дан тавотур (узлуксиз) тарзда нақл этилгандир ва ижмо билан собитдир. Аллоҳ таоло мутакаллим эканининг маъноси калом сифати билан сифатланган, демакдир. Ҳодис каломи лафзий Аллоҳтаолода бўлиши мумкин эмас. Демак, Аллоҳ таолонинг каломи нафсий, қадим каломдир.
Мўътазилаларнинг“Қуръон махлуқларнингсифати билан сифатланган, унинг таълифи, нозил бўлиши, арабча экани, эшитилиши, фасих ва муъжиз экани махлуқларнинг сифатидир”, дейишлари бизга қарши далил бўлмайди, балки баъзи ҳанбалийларга қарши далил бўлади. Чунки биз ҳам Қуръон назмини (мусҳафлардаги битикни) ҳодис деймиз. Гап, қадим маъно ҳақидадир. Мўътазилалар Аллоҳтаолонинг мутакаллим эканини инкор эта олишмаганидан, Аллоҳтаоло мутакаллимдир, яъни Аллоҳ таоло овоз ва ҳарфларни ўринларида, ёзув шаклларни Лавҳул маҳфузда пайдо қилувчидир, дейишади. Биласизки, ҳаракатланаётган нарса ҳаракатланяпти, дейилади. Уни ҳаракатлантираётган (киши ё нарса) ҳаракатланяпти дейилмайди. Агар бир оят икки хил қироат қилинса, у қироатлардан бирининг маъноси иккинчисига ўхшамаса, Аллоҳ таоло у иккисини нозил қилган, айтган ва у икки хил қироат икки оят ўрнида бўлади. Агар у икки қироатнинг маънолари бир хил бўлса, Аллоҳ таоло улардан бирини нозил қилган ва икки хил қироат қилишга рухсат берган бўлади. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий ана шундай деган.
Маълумингиз бўлсинки, саҳоба, тобеъин ва бошқа мужтаҳидлар (Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин) Аллоҳ таолонинг ҳар бир сифати У эмаслигига ва Ундан айри эмаслигига иттифоқ этганлар. Шориҳ (Шориҳ “Ал-Фиқҳ ул-акбар”ни шарҳлаган Абу Мансур Мотуридий бўлса керак) ҳам шундай деган. “У эмас, Ундан айри эмас” жумласининг маъноси будир: Аллоҳ таолонинг сифатлари, ақлий тушуниш жиҳатидан Аллоҳ таолонинг Ўзи эмас, ташқи борлиқжиҳатидан, Аллоҳтаолодан айри (ғойри) эмасдир.
Аллоҳ таолонинг Каломи Унинг сифатларидандир. Аллоҳ таоло Зоти ва сифатлари билан қадимдир.
Қадим бўлиш боқий бўлишни тақозо этади. Қадим экани собит бўлганнинг йўқ бўлиши (йўқ бўлиб кетиши) муҳолдир, мумкин эмасдир. Аллоҳтаоло бундай марҳамат этади:
“У Аввал, Охир, Зоҳир ва Ботиндир. У барча нарсани билувчидир” (Ҳадид сураси, 3-оят).
Яъни Аллоҳ таолонинг борлигининг аввали (бошланиши) ва ниҳояси (охири) йўқдир.
Калом олимлари Аллоҳ таолони қадим десалар-да, қидам (қадим) Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан эмасдир. Мукаррам салаф олимларининг кўпи ва баъзи улуғ халаф (кейинги) олимлар Аллоҳ таолони қадим дейиш мумкин эмас, деганлар. Улардан бири Ибн Ҳазмдир. Ибн Ҳазм бундай деган: «Қуръони карим араб тилида нозил бўлган. Арабчада бошқалардан олдин бўлган, эски нарса “қадим”, дейилади, янги нарса эса “ҳодис”, дейилади». Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:
“Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз” (Ёсин сураси, 39-оят).
Оятдаги “уржун ал-қадим”, яъни хурмонинг эски бутоғидан мурод, янги бутоқ шакллангунча турадиган бутоқдир. Янгиси ўсгач, эскиси қадим дейилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Кофир бўлганлар имон келтирганлар хдқида: “Агар (бу Қуръон) яхши бўлганида (анави ялангоёқлар) унга бизлардан илгари бормаган бўлур эдилар», - дедилар. Улар ўзлари у (Қуръон) билан хддоят топишмагач: «Бу эски уйдирмадир”, - дерлар» (Аҳқоф сураси, 11-оят).
Аллоҳ таолонинг исмлари У мадҳ этиладиган фазилатларга далолат этувчи Асмои ҳуснадир. Шунинг учун, “қадим” Аллоҳ таолонинг Асмои ҳуснасидан бўлмайди. Қуръонда Аллоҳ таолонинг “Аввал” исми зикр этилган. У исм қадимдан гўзалдир. Чунки “Аввал” исми кейингилар Унга қайтажагини, Унга тобелигини билдиради. Қадим сўзининг ундай маъноси йўқ. Лекин, қадим Аллоҳ таоло қадимликда танҳо Ўзи эканлигини ва “Аввал” маъносини ҳам қамрагани учун мутакаллимлар Аллоҳ таоло қадим дейишган.
Қойюм сифати “азалий ва абадийликни” далолат қилади. “Қадим”да эса у маънолар йўқ. Қойюм сифати, яна Аллоҳ таолонинг борлиги бошқага боғлиқ эмаслигини ҳам билдиради. Вожибул вужуднинг маъноси ҳам ана шундай. “Ҳайюл Қойюм” Исми Аъзам дейилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай марҳамат этадилар: «“Аллоҳу лаа илааҳа илла Ҳувал Ҳайюл Қойюм” ояти Қуръондаги энг улуғ оятдир» (Термизий, V ж., 160-а;. №2884).
“Ал-Ҳайюл Қойюм” исмлари ҳамма Асмои ҳуснанинг аслидир. Барча Асмои ҳуснанинг маънолари ана шу иккисининг маъноси бўлиб чиқади. Ҳаёт сифати ҳамма камол сифатларнинг бўлишини ҳам тақозо этади. Ҳаёт сифати бўлса барча камол сифатлари ҳам бўлади. Ҳаёт сифати бўлса, бошқа сифатлар ҳам бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳаёти энг комил ҳаёт бўлгани учун Аллоҳ таолонинг ҳаёт сифати Унинг барча сифатлари комил эканлигини билдиради.
Аллоҳ таолонинг Қойюм сифати Унинг мутлақо беҳожатлигини, қудрати комил эканини, ҳамма Унга, Унинг мададига муҳтожлигини, Унинг борлиги Ўзгага боғлиқ эмаслигини, Унинг ҳеч бир нарсага муҳтож эмаслигини билдиради. Барча нарсани бор қиладиган Удир. У бор қилмаса ҳеч нарса бўлмайди. У икки исм барча камол сифатларни қамрайди.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан