close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманларига ва мухолифларига муомалалари

1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага кирганларида Зубайр ибн Аввом, Абу Убайда ибн Жарроҳ ва Холид ибн Валидларни отлиқларга раҳбар қилдилар.  Ва: «Ё Абу Ҳурайра, ансорларни чақир». Мана бу йўлдан юринглар. Ким устингиздан ҳамла қилса, албатта, уни «ухлатинг»лар», – дедилар.

Бас, жарчи: «Бугундан кейин Қурайш йўқ!» – деб жар чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ҳовлига кирса, омондир ва ким силоҳини ташласа, омондир!» – дедилар.
Қурайш каттаконлари бориб Каъбага киришди. Тўлдириб юборишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тавоф қилдилар ва мақомнинг ортида намоз ўқидилар. Сўнгра эшикнинг икки кесакисидан тутдилар. Бас, улар чиқиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ислом байъатини қилишди».
Бошқа ривоятда зиёда қилган:
«Сўнгра Каъбага келдилар. Эшикнинг икки кесакисидан ушладилар. Сўнгра:
«Нима дейсизлар ва нима гумон қиласизлар?» – дедилар.
«Биродаримизнинг ўғли. Ҳалийм ва раҳийм амакимизнинг ўғли», – деб уч марта айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сизларга Юсуф ўз акаларига айтган нарсани айтаман: «Бугунги кунда сизга гинахонлик йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилсин. У зот раҳимлиларнинг раҳимлисидир», – дедилар.
Улар худди қабрдан тирилгандек бўлиб чиқдилар ва Исломга кирдилар».
Байҳақий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб Байтни тавоф қилдилар ва мақомнинг ортида икки ракъат намоз ўқидилар. Сўнгра эшикнинг икки тарафидан тутдилар ва:
«Ё Қурайш! Нима дейсизлар ва гумон қиласизлар?» – дедилар.
«Албатта, сен биродаримизсан ва ҳалийм ва роҳийм амакимизнинг ўғлисан, деймиз ва гумон қиламиз», – дейишди.
«Нима дейсизлар ва нима гумон қиласизлар?» –  дедилар.
«Биродаримизсан ва ҳалийм ва роҳийм амакимизнинг ўғлисан», – дейишди.
«Мен сизларга Юсуф ўз акаларига айтган нарсани айтаман: «Бугунги кунда сизга гинахонлик йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилсин. У зот раҳимлиларнинг раҳимлисидир», – дедилар.
Бас, улар чиқиб у зотга Ислом байъатини қилдилар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо томондаги эшикдан чиқдилар. Берган нусрати ва ёрдами учун Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Ул зот бу ҳолда турганларида ансорларнинг баъзилар баъзиларига: «Аммо бу одамни қавмига меҳри тутди ва қариндошларига рағбати келди» – дейишди. Бас, Аллоҳ таоло ансорлар айтган гап ҳақида Набийси алайҳиссаломга Қуръон нозил қилди. Бас, у зот:
«Ҳой ансорлар! Сизлар: «Аммо бу одамни қавмига меҳри тутди ва қариндошларига рағбати келди» демоқдасизлар. Мен кимман бўлмаса? Йўқ! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳнинг ҳаққ Расулиман. Ҳаёт сизнинг ҳаётингиздир! Мамот сизнинг мамотингиздир!» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, ота-оналаримиз сизга фидо бўлсин! Биз ўша гапни фақатгина сизнинг фироқингиздан қўрқиб, бизни тарк қилишингиздан қўрқиб айтдик, холос», – дейишди.
«Сизлар Аллоҳнинг ҳузурида ва Унинг Расули ҳузурида содиқсизлар», – дедилар.
Аллоҳга қасамки, улардан икки кўзи ёши ила кўксини ҳўл қилмаган инсон қолмади.
Ибн Занжавайҳи, Насаий ва Тоҳавий ривоят қилишган. асли Саҳиҳи Муслимда.
Яна бошқа ривоятда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг эшигида туриб айтдилар:
«Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқдир. Унинг Ўзи ёлғиздир. Унинг шериги йўқдир. У зот ваъдасига содиқ қолди. У зот бандасига нусрат берди. У зот гуруҳларни ёлғиз Ўзи енгди. Билиб қўйинглар, барча ўч олиш, мол ёки қон менинг ушбу икки оёғим остидадир. Фақат Байтнинг мутасаддилиги ва ҳожиларни суғориш бундан мутаснодир.
Огоҳ бўлинг! Қамчи ва асо билан қасданга ўхшаш хато ила ўлдирилган одамда оғирлаштирилган дия бор. Юзта туя. Ундан қирқтасининг қорнида боласи бор.
Эй, Қурайш жамоаси! Албатта, Аллоҳ сизлардан жоҳилият кибрлигини ва ота-боболар билан фахрланишни кетказди. Инсонлар Одамдандир. Одам тупроқдандир», – деб туриб:
«Эй, одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир», оятини тиловат қилдилар. Кейин сўзларида давом этиб:
«Эй, Қурайш жамоаси! Нимани ўйлаяпсизлар? Мен сизларга нима қилмоқчиман?» – дедилар.
«Яхшилик! Карамли биродар! Карамли биродарнинг ўғли!» – дейишди улар. Шунда Ул зот:
«Кетаверинглар! Сизлар озодсизлар!» – дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирдилар. Али ибн Абу Толиб у зот томон турди. Унинг қўлида Каъбанинг калити бор эди. Бас, у:
«Ё Расулаллоҳ, бизга калитбонлик билан сув беришни жамлаб беринг, сизга Аллоҳнинг саловотлари бўлсин!» – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Усмон ибн Толҳа қани?» – дедилар. Ул зотга уни чақирилди. Бас, у зот:
«Ё Усмон, ма, калитларингни ол. Бугун яхшилик ва вафо кунидир», – дедилар».     
Ибн Исҳоқ зикр қилган. Тарихи тобарий. Бидоя ва Ниҳоя.

167. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши: «Ё Расулаллоҳ, бошингизга Уҳуд кунидан ҳам шиддатлироқ кун тушганми?» – деди. Бас, у зот айтдилар:
«Қавмингдан ҳар нарсага дучор бўлганман. Улардан кўрганларимнинг энг шиддатлиси Ақаба куни бўлган. Ўшанда ўзимни Ибн Абду Ялийл ибн Абду Куломга арз қилдим. У мен ирода қилган нарсага ижобат қилмади. Бас, ғамга тўлиб, бошим оққан тарафга юриб кетдим. Қорнис Саъолиб деган жойда ҳушимга келдим. Бошимни кўтардим. Қарасам, бир булут бошимда соя солиб турибди. Назар солсам, унда Жаброил бор экан. Бас, у: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла қавминг сенга айтган гапни ва сенга қайтарган раддияни эшитди. У сенга тоғлар фариштасини юборди. Улар ҳақида нима истасанг амр қилишинг учун», – деди.
Шунда тоғлар фариштаси менга нидо қилиб салом берди ва: «Ё Муҳаммад! «Албатта, Аллоҳ қавминг сенга айтган гапни эшитди. Мен тоғларнинг фариштасиман. Роббинг мени сенга нимани истасанг шуни амр қилишинг учун юборди. Агар истасанг, икки тоғни уларнинг устига ағдараман», – деди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Йўқ! Мен Аллоҳ уларнинг сулбидан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, У зотга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиганларни чиқаришини умид қиламан», – дедилар.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

168. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳ таборака ва таоло Зайд ибн Саънанинг ҳидоятини ирода қилганда Зайд ибн Саъна: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга назар солганимда у зотнинг юзларидан мен билган нубувват аломатларидан ҳеч нарса қолмай ҳаммасини билдим.  Фақат икки нарсани синаб кўрмадим: ҳилми жаҳлидан ўзиб кетишини ва жаҳлнинг шиддати унда ҳилмдан бошқани зиёда қилмаслигини», – деди.
Бас, унга аралашиб, ҳилми ва жаҳлини билишга пайт пойлар эдим. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидан чиқдилар. Ул зот билан Али ибн Абу Толиб ҳам бирга эди. Бир одам бадавийга ўхшаб улови устида келди ва:
«Ё Расулаллоҳ, Бани Фулон қишлоғи мусулмон бўлишди ва Исломга киришди. Мен уларга агар мусулмон бўлсалар, уларга сероб ризқ келишининг хабарини берган эдим. Уларга шиддат ва қаҳатчилик мусийбати етди.
Ё Расулаллоҳ, мен улар Исломга тамаъ қилиб кирганлари каби ундан тамаъ қилиб чиқмасалар эди деб қўрқаман. Агар лозим кўрсангиз, уларга ёрдам юборсангиз яхши бўларди», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнбошларидаги одамга, менимча, Умар эди шекилли, назар солган эдилар, у: «Ҳеч нарса қолмади, ё Расулаллоҳ» – деди.
Зайд ибн Саъна айтади:
«Мен у зотга яқинлашдим ва «Ё Муҳаммад! Бани Фулоннинг боғидан маълум хурмони менга мана бу муддатга сотасанми?» – дедим. Шунда у зот:
«Йўқ! Эй яҳудий! Лекин маълум хурмони сенга мана бу муддатга сотаман. Аммо Бани Фулон боғидан демайман», – дедилар.
«Хўп», – дедим.
У зот мен билан савдо қилдилар. Ҳамёнимни ечиб у зотга маълум хурмо учун бу бу муддатга саксон мисқол олтин бердим. Ул зот уни ҳалиги одамга бердилар ва:
«Уларнинг олдига тезда бор ва ёрдам бер!» – дедилар.
Зайд ибн Саъна айтади:
«Белгиланган муддатга икки ёки уч кун қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир кишининг жанозасига чиқдилар. Ул зот билан бирга Абу Бакр, Умар, Усмон ва бир неча саҳобалари бор эди.  Жаноза намозини ўқиб бўлганларидан кейин деворга яқин бориб, унга суяниб ўтирдилар.
Бас, мен бориб у зотнинг кўйлаклари ёқасидан олдим, важоҳат билан назар солдим ва:
«Ё Муҳаммад! Қарзингни тўлайсанми ёки йўқми?! Аллоҳга қасамки, сиз Бани Абдулмуттолибнинг қарзни бермай чўзиб юришингизни билмасдим. Лекин сизнинг муомалангиз ҳақида билардим», – дедим. Умар ибн Хаттобга назар солсам, юзида кўзлари фалак каби айланмоқда. Сўнг менга ўқрайиб қаради-да:
«Ҳой, Аллоҳнинг душмани, Расулуллоҳга мен эшитаётган нарсани айтмоқдамисан ва мен кўраётган нарсани қилмоқдамисан?! У зотни ҳаққ ила юборган Зотга қасамки, агар у зотга тегиб кетишидан қўрқмаганимда мана бу қиличим ила бўйнингга урардим», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Умарга сокинлик ва осойишталик ила назар солиб турдилар-да кейин:
«Ё Умар, биз сендан бундан кўра бошқа нарсага муҳтож эдик. Менга (қарзни) гўзал тарзда адо этишни амр қилишингни ва унга қисташни гўзал қилишни амр этишингни. Бор! Ё Умар! Унинг ҳаққини адо эт! Уни қўрқитганинг эвазига бошқачасидан йигирма соъ зиёда қилиб бер», – дедилар.   
 Зайд ибн Саъна айтади:
«Умар бориб менинг ҳаққимни берди ва менга йигирма соъ хурмони зиёда қилди. Бас, мен унга:
«Бу зиёда нима?» – дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга сени қўрқитганим учун зиёда беришни амр қилдилар», – деди.
«Мени танийсанми, ё Умар?» – дедим.
«Йўқ. Сен кимсан?» – деди.
«Зайд ибн Саънаман», – дедим.
«Ҳабр(диний олим)ми?» – деди.
«Ҳа, ҳабр», – дедим.
«Сенинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган гапларингни айтишга ва қилганларингни қилишга нима ундади?» – деди.
«Ё Умар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга назар солганимда мен билган нубувват аломатларидан ҳеч нарса қолмай ҳаммасини билдим.  Фақат икки нарсани синаб кўрмадим: ҳилми жаҳлидан ўзиб кетишини ва жаҳлнинг шиддати унда ҳилмдан бошқани зиёда қилмаслигини. Энди ўша иккисини ҳам синаб кўрдим. Ё Умар, сени гувоҳ қилиб айтаманки, Аллоҳни Робб деб, Исломни дийн деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Набий деб, рози бўлдим. Ё Умар, сени гувоҳ қилиб айтаманки, молимнинг ярми – мен шаҳарнинг энг моли кўп одамиман – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига садақа бўлсин!» – дедим.
«Ёки баъзиларигами? Сен уларнинг барчасига етказа олмайсан», – деди Умар.
«Ёки баъзиларига», – дедим.
Умар ва Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайтиб боришди. Бас, Зайд: «Ашҳаду аллаа илааҳа илла Аллоҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу соллаллоҳу алайҳи васаллам», – деди.
Бас, у зотга иймон келтирди ва тасдиқлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп воқеъаларда ҳозир бўлди. Сўнгра Табук ғазотида олдинга интилган ва ортга қочмаган ҳолида вафот қилди».
Ибн Абу Осим, Ибн Ҳиббон, Тобароний, Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилишган.

169. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бадр воқеъасидан сал олдинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фадакий чопонни солиб эшакка миндилар. Орқаларига Усома ибн Зайдни мингаштириб, Бани Ҳорис ибн Хазражга, Саъд ибн Убодани кўргани бордилар. Ул зот Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бор мажлисдан ўтдилар. Бу, Абдуллоҳ ибн Убай Исломга киришидан олдин бўлган эди. Мажлис мусулмонлар, мушриклар, бутпарастлар, яҳудийлардан иборат аралаш эди. Ўша мажлисда Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳам бор эди. Ҳайвон тўзитган чанг мажлисга етиб борганда Абдуллоҳ ибн Убай бурнини ридоси билан тўсди ва: «Чангитмасанглар-чи!» – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга салом бердилар. Тўхтаб, тушдилар ва уларни Аллоҳга чақириб, Қуръон ўқиб бердилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул:
«Ҳой одам! Агар айтаётганинг ҳаққ бўлганда ҳам яхшилиги йўқ. Бизга мажлисимизда озор берма. Юкинг олдига қайт. Ким олдингга борса, ўшанга қиссангни айт», – деди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа эса:
«Ё Расулуллоҳ, бизнинг мажлисларимизни у билан қуршаб олинг. Биз ўшани яхши кўрамиз», – деди.
Бас, мусулмонлар, мушриклар ва яҳудийлар сўкишиб кетишди. Уришиб кетишларига оз қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳай-ҳайлаб юриб зўрға тинчитдилар. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларини миниб юриб кетдилар. Ул зот бориб Саъд ибн Убоданинг олдига кирдилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Ё Саъд! Абу Ҳабобнинг Абдуллоҳ ибн Убайн нима деганини эшитдингми? – Бундай бундай деди», – дедилар.
Саъд ибн Убода:
«Ё Расулаллоҳ, уни авф этинг ва кечиринг. Сизга Китобни туширган Зот ила қасамки, Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳаққни келтирганда, ушбу ернинг аҳли унга тож кийдиришга ва салла ўратишга келишган эдилар. Аллоҳ Сизга берган ҳаққ ила буни истамагандан кейин у бунга ҳасад қилди. Шунинг учун, Сиз кўрган нарсани қилган», – деди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни афв қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари мушриклар ва аҳли китобни Аллоҳ уларга амр қилганидек афв қилар ва озорларига сабр қилар эдилар. Аллоҳ азза ва жалла айтган: «Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз». Ва Аллоҳ: «Аҳли китоблардан кўплари уларга ҳаққ равшан бўлганидан кейин, ўзларича ҳасад қилиб, сизларни иймонли бўлганингиздан кейин кофирликка қайтармоқчи бўладилар», деган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ у зотга амр қилганидек афв қилар эдилар. Бас, Аллоҳ Бадрда у зот ила Қурайшнинг кофир каттаконларини қатл этганда Ибн Убай ибн Салул ва у билан бирга бўлган мушриклар ва бутпарастлар – «Бу иш бўй кўрсатиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Ислом байъати қилинглар», – деб мусулмон бўлдилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

170. Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ўғли Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ, эшитишимча, Абдуллоҳ ибн Убайни қатл қилмоқчи экансиз. Агар шундай қилсангиз, уни менга амр қилинг. Сизга мен унинг бошини келтираман. Аллоҳга қасамки, Хазраж мендан кўра отасини ҳурмат қиладиган одам йўқлигини  яхши билади. Лекин сиз бир мусулмон кишига амр қилсангиз, уни қатл қилса, менинг нафсим Абдуллоҳнинг қотили ер юзида тирик юришини кўра олмасдан уни ўлдириб қўйишимдан қўрқаман. Кофирни деб мўъминни қатл қилиб, дўзахга тушмайин», – деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ. Биз унга гўзал суҳбат қиламиз ва мудом биз ила бўлса, унга мулойимлик қиламиз», – дедилар».
Ибн Ҳишом, Тобарий, Байҳақий, Ибн Жавзий ва бошқалар ривоят қилишган.

171. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул вафот қилганда унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб отасини кафанлаш учун кўйлакларини беришни сўради. Бас, У зот бердилар. Сўнгра унга жаноза намози ўқишни сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиш учун турган эдилар Умар туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан тутди ва:
«Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ Сизни унга намоз ўқишдан қайтарган бўлса ҳам, сиз унга намоз ўқийсизми?» – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ менга ихтиёрни берган. «Уларга истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам, агар етмиш марта айтсанг ҳам» деган. Мен етмишдан зиёда қиламан», – дедилар.   
«Ахир у мунофиқ-ку?!» – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга намоз ўқидилар. Ва Аллоҳ азза ва жалла: «Ва ҳеч қачон улардан ўлган бирортасига ҳам (жаноза) намоз ўқима, қабри устида турма»ни нозил қилди».
Бошқа ривоятда: «Бас, уларга намоз ўқишни тарк қилдилар»ни зиёда қилган.
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

172. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Убайни қабрига киритилганидан кейин келдилар. Амр қилган эдилар, уни чиқариб, у зотнинг тиззалари устига қўйилди. Бас, у зот дам урдилар ва унга кўйлакларини кийгаздилар. Аллоҳу аълам».
Бошқа ривоятда:
«Бадрда асирларни келтирилганда Аббосни ҳам олиб келинди. Унинг устида кийими йўқ эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг учун кўйлак қарадилар. Абдуллоҳ ибн Убайнинг кўйлаги унга тўғри келди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўшани кийдирдилар.
Шунинг учун, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз кўйлакларини ечиб, унга (Абдуллоҳ ибн Убайга) кийгаздилар.
Ибн Уяйна айтди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг ўтказиб қўйгани бор эди. Ўшани қайтардилар».

173. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига яҳудийларнинг бир гуруҳи келиб:
«Ассааму алайка» (Сенга ўлим бўлсин), – дейишди.
Оиша айтади:
«Мен уни фаҳмладим ва «Сизларга ҳам саам(ўлим) бўлсин! Сизларни Аллоҳ лаънатласин!» – дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошма! Эй Оиша! Аллоҳ барча ишларда мулойимликни ёқтиради» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ! Уларнинг нима деганларини эшитмадингизми?» – дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен ҳам «ва сизларга ҳам» – дедим», – дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

174. Мужоҳиддан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Амрнинг аҳлида қўйи сўйилди. У келиб:
«Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Жаброил менга қўшнининг ҳаққи ҳақида шу қадар тавсия қилдики, ҳатто уни мерос оладиган қилса керак, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», – деди».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

175. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир яҳудий бола хизмат қилиб юрар эди. У бемор бўлиб қолди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар ва:
«Мусулмон бўл», – дедилар.
Бас, у мусулмон бўлди».
Бухорий ривоят қилган.

176. Абдурроҳман ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади:
«Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳумо Қодисияда ўтиришган эди. Икковларининг олдидан бир жанозани олиб ўтишди. Шунда улар ўринларидан туришди. Бас, уларга: «У, ерлик аҳолидан», дейилди. Яъни, аҳли зиммадан. Шунда иккиси айтди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидан жаноза ўтганда ўринларидан турдилар. Бас, у зотга «Бу – яҳудийнинг жанозаси», дейилди. Шунда у зот:
«Жон эмасми?!» – дедилар».   
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

177. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Баъзи урушларда қатл қилинган аёл топилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни ва болаларни қатл қилишдан қайтардилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

178. Рабоҳ ибн Робийъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда эдик. Ул зот одамларнинг бир нарса устида жамланиб туришганини кўрдилар. Одам юбориб «Қара-чи, анавилар нимага жамланишибди?» – дедилар. У келиб: «Ўлдирилган аёлга» – деди. Шунда у зот:
«У жанг қилмас эди-ку!» – дедилар.
Олдинда Холид ибн Валид борар эди. Ул зот одам юбориб:
«Холидга айт: зинҳор аёл кишини ва мардикорни ўлдирманглар!» – дедилар».
Абу Довуд, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

179. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг исми ила, Аллоҳ ила ва Расулуллоҳ миллати ила олға боринглар! Қари чолни, кичкина болани ва аёл кишини ўлдирманглар! Ўлжани беркитиб олиб, ўз ўлжаларингизга қўшиб олманглар! Солиҳ амал қилинглар! Эҳсон қилинглар! Аллоҳ эҳсон қилувчиларга муҳаббат қиладир», – дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

180. Ирбоз ибн Сория Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Хайбарга тушдик. Ул зот билан бирга саҳобалари ҳам бор эди. Хайбарнинг соҳиби ўзбошимча мункар киши эди. У келиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Ё Муҳаммад! Сизлар эшакларимизни сўясизларми, меваларимизни ейсизларми, аёлларимизни урасизларми?» – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазаблари чиқди ва:
«Ё Ибн Авф, отингни мин! Сўнгра жар чақир: Албатта, фақат мўминга ҳалол бўлур! Намозга жамланинглар! дегин», – дедилар.
Бас, одамлар жамланишди. Набий алайҳиссалом улар билан намоз ўқидилар ва ўринларидан туриб:
«Бирингиз сўрисига ёнбошлаб олиб, Аллоҳ Қуръондагидан бошқа ҳеч нарсани ҳаром қилгани йўқ, деб гумон қиладими?! Огоҳ бўлинглар! Мен ваъз қилдим, амр қилдим, кўп нарсалардан қайтардим. Ана ўшалар Қуръон мислича ёки кўпроқдир. Агар сизга зиммаларидагини берсалар, албатта Аллоҳ азза ва жалла сизларга аҳли китобнинг уйига изнсиз киришни ҳам, аёлларини уришни ҳам, меваларини ейишни ҳам ҳалол қилган эмас», – дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

181. Амр ибн Авф Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сулҳ мусулмонлар орасида жоиздир. Магар, ҳаромни ҳалол қилган ёки ҳалолни ҳаром қилган мустасно. Мусулмонлар шартлари устидан чиқурлар. Магар, ҳалолни ҳаром қилган ёки ҳаромни ҳалол қилган шарт мустасно», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа, Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.
 
182. Сулайм ибн Амирдан ривоят қилинади:
«Муовия ва аҳли Рум орасида аҳднома бор эди. У уларнинг юртларида юрганида аҳднома ниҳоясига етди ва улар устига ғорат қилди. Бирдан бир от минган киши келиб:
«Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Яшасин вафодорлик! Йўқолсин вафосизлик!» – деди.
Қарашса, у Амр ибн Абаса экан. Муовия одам юбориб, ундан бу ҳақда сўради. Шунда у:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимнинг бир қавм ила аҳдномаси бўлса, ўша аҳдни вақти ўтмагунча ва уларга уруш эълон қилмагунча бузмасин ҳам, тузмасин ҳам», деганларини эшитганман», – деди.
Бас, Муовия одамларни олиб қайтди».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

183. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким муоҳидни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
«Муоҳид» – аҳдлашган, аҳдномаси бор шахс.

184. Сафвон ибн Сулаймдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг бир неча ўғилларидан, улар оталаридан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир аҳдлашган (ғайридийн) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигигиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», – дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

185. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қурайш мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганимда қалбимга Ислом тушди ва:
«Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга қасамки, уларнинг олдига ҳеч-ҳеч қайтмайман», – дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен аҳдимни бузмайман. Элчини тутиб қолмайман. Аммо сен қайтиб бор. Агар ҳозир ичингда бор нарса кейин ҳам бўлса, қайтиб кел», – дедилар.
Бордим. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб, мусулмон бўлдим».
Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

186. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Нажд тарафдаги ғазотда бўлдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Изоо дарахти кўп бўлган водийда етиб олдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир дарахт тагига тушиб, унинг шохларидан бирига қиличларини осиб қўйдилар. Одамлар водийга тарқалишди. Дарахтларла сояланишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ухлаб ётганимда манави қиличимни олибди. Уйғонсам, бошимда қилич яланғочлаб турибди ва менга: «Сени мендан ким қутқаради?» – деди, «Аллоҳ», – дедим. Кейин иккинчи марта яна: «Сени мендан ким қутқаради?» – деди, «Аллоҳ», – дедим», – дедилар ва қилични қинига солиб туриб:
«Ана у ўтирибди», – дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қайрилиб ҳам қўймадилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

187. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага Абу Бакрни мингаштирган ҳолларида кириб келдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш кўринар ва танилган эмасдилар. Абу Бакр шайх ва танилган эди. Унга учраган киши:
«Эй, Абу Бакр, олдингдаги одам ким?» – деб сўрарди.
Абу Бакр бўлса:
«Бу мени йўлга ҳидоят қиладиган», – дер эди. Эшитган йўлни тушунар эди. У эса яхшилик йўлини қасд қилар эди. Абу Бакр қайрилиб қараб, бирдан, уларга етай деб қолган отлиқни кўрди ва:
«Ё Расулаллоҳ! Ана отлиқ! Бизга етиб қолди!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайрилиб қарадилар ва:
«Аллоҳим, уни йиқитгин!» – дедилар. Бас, уни оти йиқитди ва туриб кишнай бошлади. У:
«Ё Набиййаллоҳ! Мени хоҳлаган нарсангизги амр қилинг!» – деди. Ул зот:
«Жойингда туриб бизга бировнинг етиб олишига йўл қўйма», – дедилар. У наҳорнинг аввалида Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душман эди. Наҳорнинг охирига келиб у зотга ёрдамчи бўлиб қолди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳарранинг бир томонига тушдилар. Бас, у зот ансорийларга одам юбордилар. Улар келиб, у зотга салом бердилар ва:
«Икковингиз омонлик-ла ва итоат қилинган ҳолда маркабга мининглар», – дедилар.
Набийюллоҳ ва Абу Бакр миндилар. Улар силоҳлар билан иккиларини ўраб олдилар. Мадийнада «Набийюллоҳ келдилар! Набийюллоҳ келдилар!» – дейилди. Улар интилиб назар солишар ва:
«Набийюллоҳ келдилар! Набийюллоҳ келдилар!» – дейишарди. Ул зот юриб бориб, Абу Айюбнинг ҳовлиси ёнига тушдилар.
Ул зот аҳлларига сўзлаётганларида Абдуллоҳ ибн Салом эшитиб қолди. У ўз аҳлининг хурмосини тераётган эди. Уларга тераётган нарсасини қўйишга ҳам шошилиб  етиб келди. Терган нарсаси қўлида эди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитди. Сўнг аҳлига қайтиб кетди.
Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳлимизнинг уйларидан қай бири энг яқин?» – дедилар. Абу Айюб:
«Меники, ё Набийюллоҳ! Манави ҳовлим, манави эшигим», – деди. Ул зот:
«Сен бориб биз учун кундузги уйқуга жой ҳозирла», – дедилар. У:
«Икковингиз Аллоҳнинг баракаси ила ўрнингиздан туринглар», – деди.
Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида Абдуллоҳ ибн Салом келиб:
«Албатта, Сиз Аллоҳнинг Расулисиз деб гувоҳлик бераман. Албатта, Сиз ҳаққ ила келгансиз. Яҳудийлар мен уларнинг улуғи эканимни, улуғларининг ўғли эканимни, илмликлари эканимни ва илмликларининг ўғли эканимни яхши биладилар. Мусулмон бўлганимни билишларидан олдин уларни чақириб: менинг ҳақимда сўранг. Агар улар мусулмон бўлганимни билиб қолсалар, менда йўқ нарсаларни айтадилар», – деди.
Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга одам юбордилар. Улар келиб олдиларига киришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
«Эй, яҳудлар жамоаси! Шўринг қурғурлар, Аллоҳга тақво қилинглар. Ундан бошқа ибодатга сазовар зот йўқ Аллоҳга қасамки, албатта, сизлар менинг Аллоҳнинг ҳаққ Расули эканимни яхши биласизлар. Мен сизларга ҳаққ ила келдим. Мусулмон бўлинглар!» – дедилар.
Улар: «Билмаймиз», – дейишди. Ул зот уч марта айтдилар. Кейин:
«Абдуллоҳ ибн Салом сизларнинг ичингизда қандай одам?» – дедилар.
«У улуғимиздир! Улуғимизнинг ўғлидир! У олимимиздир. У олимимизнинг ўғлидир!» – дейишди.
«Айтинглар-чи, агар у мусулмон бўлса-чи?» – дедилар.
«Худо сақласин! У мусулмон бўлиши мумкин эмас!» – дейишди.
«Айтинглар-чи, агар у мусулмон бўлса-чи?» – дедилар.
«Худо сақласин! У мусулмон бўлиши мумкин эмас!» – дейишди.
«Айтинглар-чи, агар у мусулмон бўлса-чи?» – дедилар.
«Худо сақласин! У мусулмон бўлиши мумкин эмас!» – дейишди.
«Ё Ибн Салом! Уларнинг олдига чиқ!» – дедилар.
Уларнинг олдига чиқди ва:
«Эй, яҳудийлар жамоаси! Ундан бошқа ибодатга сазовар зот йўқ Аллоҳга қасамки, албатта, сизлар унинг Аллоҳнинг Расули эканини ва ҳаққ ила қелганини биласизлар», – деди.
«Ёлғон айтасан!» – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни чиқариб юбордилар».
Бухорий ривоят қилган.

"Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase