1. Мушкни ўлчаётганда Умар розияллоҳу анҳунинг хотини унга тегинишидан қилган вараъси.
Имом Аҳмад “Зуҳд” китобида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Умар розияллоҳу анҳуга Баҳрайндан мушк ва анбар келтирилди”. Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, мен бир яхши ўлчайдиган аёлни топсам, у менга ушбу хушбўйликларни ўлчаб берса, ҳатто уни мусулмонлар ўртасида тақсим қилишни хоҳладим”, деди.
Шунда хотини Отика: “Мен яхши ўлчайман, келинг сизга ўлчаб бераман”, деди.
- Йўқ.
- Нима учун?
- Албатта, мен сени уни олиб, (бармоқларини чаккасига қўйиб) мана шундай қилишингдан, уни бўйнингга суртишингдан ва мусулмонлардан ортиқча нарса олган бўлишимдан қўрқаман”.
2. Умар ибн Абдулазизнинг сўзловчига ўнг тарафи билан ишора қилишга кўрсатма бериши.
Ҳофиз Абу Нуайм “Ҳиля” китобида ва Имом Аҳмад “Зуҳд” китобида Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ таржимаи ҳолида қуйидагиларни келтирган: “Умар ибн Абдулазиз чап тарафига ишора қилган бир кишини кўрди ва: “Эй сен, агар сўзласанг, ўнг тарафингга ишора қил”, деди. Ҳалиги киши айтади: “Мен у кишининг энг азиз инсони - ёш ибодатгўй ўғли Абдулмаликни дафн қилаётган кундаги каби кунни кўрмадим. У менинг чап тарафимдан кўра ўнг тарафимдан ташвишланар эди. Умар ибн Абдулазиз: “Агар Аллоҳ сени бир нарсага эга қилса, уни шундай қолдир, фикрингни у билан машғул қилма”, деди. У киши: “Аллоҳ сизни Исломдан яхшилик билан мукофотласин”, деди. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Йўқ. Балки Аллоҳ мендан Исломни яхшилик билан мукофотласин”, деди”.
3. Ҳофиз Мунзирийнинг йўлда ётиши ва дўкон супачасига ўтирмагани.
Шайх Тожиддин Субкий роҳимаҳуллоҳ “Табақот аш-шофиъийя ал-кубро” асарида парҳезкор имом, зоҳид, “Ат-тарғиб ват-тарҳиб” китоби муаллифи Ҳофиз Закийюддин Абдулазим Мунзирий роҳимаҳуллоҳ таржимаи ҳолида қуйидагиларни келтирган: “Отамнинг ҳофиз Дамётийдан шундай ҳикоя қилганини эшитдим: “Шайх Мунзирий ҳаммомдан чиқиб, уни иссиқ олиб қолгани учун юра олмади ва дўконча олдида ерга чалчанча ётиб олди. Унга Ҳофиз Дамётий: “Ҳожам, мен сизнинг дўкон супачасига ўтқизаман”, деди. Дўкон берк эди. Шунда Шайх Мунзирий ўша қийин ҳолатда: “Эгаси рухсатисиз қандай бўлади?” деди ва рози бўлмади”.
4. Тақийюддин Субкийнинг ўғлини итни таҳқирлаб сўкишдан қайтариши.
Шайх Муртазо Зубайдий “Иҳё” китоби шарҳида фосиқни ғийбат қилиш жоизлиги ҳақидаги мавзуда қуйидагиларни ёзиб қолдирган:
“Фосиқни одамларни ундан огоҳлантириш учун зикр қилишда мағрурланишни йўқотиб, насиҳатни назарда тутиш шарт қилинган. Ким ушбу турдаги бирор кишини қўполлигини кўрсатиб қўйиш ёки ўзи учун интиқом олиш мақсадида ёки шунга ўхшаш нафсоний улушлар билан зикр қилса, у гуноҳкор бўлади. Буни бизга Тожиддин Субкий отаси Тақийюддин Субкийдан келтирилган ривоятда аниқ қилиб берган: “Мен уйимиз даҳлизида ўтирган эдим. Шунда бир ит келиб қолди. Мен: “Эй итнинг боласи ит, йўқол!” дедим. Отам уй ичкарисидан туриб мени койиди. “У итнинг боласи бўлган ит эмасми?” дедим. У: “Жоизликнинг шарти таҳқирлашни мақсад қилмасликдир”, деди. Мен: бу фойда, дедим”.
5. Ҳорун ар-Рашид қозиси Абу Юсуф ўлим чоғида ўзини ҳисоб-китоб қилгани.
Аллома Алоуддин Ҳисний “Ад-дуррул мухтор” асарида қозилик китобидан аввал ҳибс фаслида шундай деган: “Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шогирди, Ҳорун ар-Рашид замонида қозилар қозиси бўлган Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурида халифа Ҳорун ар-Рашид билан ўрталарида хусумат бўлган бир насроний ҳукм талаб қилди. Абу Юсуф халифанинг зарарига ва насронийнинг фойдасига ҳукм чиқарди. Вафоти яқинлашганда:“Аллоҳим,Ўзинг менинг ушбу ишга бош бўлганимни биласан. Мен ҳатто қалбимда бўлса-да, икки даъвогар томоннинг бирига майл қилмаганман. Фақат насроний билан Ҳорун ар-Рашид ўртасида қалбим мойил бўлиб кетишини тўғрилай олмаганман. Мен ўшанда қалбим билан ҳақиқат Рашид билан бўлишини орзу қилганман ва унинг зарарига ҳамда насроний фойдасига ҳукм қилганман”, деди. Сўнг йиғлаб юборди”.
6. Ибн Ҳомид Варроқ ўлимидан бир оз олдин сувнинг қаердан келганини билиш учун уни ичмагани.
Қози Абу Яъло Ҳанбалий “Табақот ал-ҳаноби-ла” китобида Ибн Ҳомид Варроқ - Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳомид Бағдодий роҳимаҳуллоҳ тар-жимаи ҳолида қуйидагиларни келтирган:
“У ўз қўли билан китобларни кўчирар ва унга берилган ҳақ эвазига кун кечирар эди. Шунинг учун Ибн Ҳомид Варроқ (нусха кўчирувчи) дейилган. У кўп ҳаж қилар, ёши катта бўлишига қарамай кўп ҳаж қилгани учун танбеҳ беришса: “Балки қалбаки дирҳам яхши дирҳамлар билан чиқиши мумкин”, дер эди.
204 ҳижрий санада ҳажга борди ва йўлнинг бир қисмида қаттиқ ташналик етди. Шунда ҳожилардан бир инсон озгина сув олиб келди. У ўлим ёқасида бир тошга суяниб турган эди. Шунда Ибн Ҳомид унга сув келтирган кишига: “Бу қаердан? Унинг кўриниши қандай?” деди. Уни олиб келган киши: “Ҳозир ушбу саволнинг мавридими?” деди. Ҳа, дея ишора қилди. “Бу (ҳозир) вақтидир. Роббим азза ва жаллага йўлиққанимда унинг кўриниши (қаердан келгани)ни билишга муҳтож бўламан”, деди. 403 йили ҳаждан қайтаётиб йўлда вафот этди. Аллоҳ таоло у зотни раҳматига олсин”.
Аллоҳ сизни асрасин! У улуғ зотларнинг нафсларини ҳисоб-китоб қилишларига назар солинг.
Умар Форуқ розияллоҳу анҳу хотини қўллари бармоғидаги мушк қолдиғи билан мусулмонлар молидан ортиқчасини олиб қўйишдан қўрқди-лар. У мушкни ўлчашдан ва тақсимлашдан хотинини ман қилганлар.
Халифа Умар ибн Абдулазиз маҳзунлик тўла бўлган куни - ўзи учун энг севимли кишиси, фарзанди ва қалб қўрини дафн қилган куни -уни бир кишига хатосини ўргатиш машғул қилиб қўймади.
Уни ҳалиги киши мақтаб, Исломга нисбатан фазлига ишора қилганда уни бу сўзидан қайтарди. Фазл Исломнинг ўзига тегишли эканини ўргатди.
Ҳофиз Мунзирий эса ҳаммомда иссиқ ўтиб қолиб, ҳеч нарса қила олмай қолди. Заифлиги ва қуввати кетиб қолгани учун йўлга чўзилиб қолди. Шериги уни ёпиқ дўкон супасига ўтқизиб қўймоқчи бўлганида - ўтирса ҳам ҳеч ким унинг ўтирганидан зарар кўрмас эди, аслида - Шайх эгасидан сўрамай қандай қилиб ўтириш мумкинлигини айтди. У даража ва илм жиҳатидан ўз даври устозларининг устози бўлишига қарамай дўкон супасига ўтиришдан кўра йўлда ётиб қолишни яхшироқ деб билди.
Тақийюддин Субкий итни ҳақоратлаган вақтда ўғлига танбеҳ берди. Бу иш ҳайвон билан бўлса ҳам, тўғри келмаслигини унга ўргатди.
Қози Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ қалбида бўлса ҳам ҳақиқат насроний тарафда эмас, мусулмонлар раҳбари Ҳорун ар-Рашид тарафида бўлганини орзу қилгани учун бу ишни Аллоҳ таоло азобига сабаб бўлувчи адашиш деб билди ва ҳаёт билан видолашаётган вақтида бу иши учун йиғлади.
Фақиҳ Ибн Ҳомид роҳимаҳуллоҳ охирги нафасларида қаердан келгани номаълум бўлган сувнинг қорнига киришидан ўлимни афзал кўрди. Чунки у зот Аллоҳ таолога ўзи сўраладиган нарсалари борасида ичи ва таши пок ҳолда йўлиқишни ирода қилган эди.
Улар қандай ҳам улуғ зотлар бўлган-а?
*** Агар сиз бир мажлисда бўлсангиз, у чўзилиб кетса ва ундан фориғ бўлиш сиз учун яхши бўлса, бас, саломат бўлишингиз учун туриб кетинг, унда кўп ўтирманг. Улуғ тобеин Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Агар мажлис узоққа чўзилиб кетса, шайтоннинг унда насибаси бўлади”.
**** Тавозеънинг маъноси ҳақида уламолар ихтилоф қилганлар. У ҳақида жуда кўп фикрлар билдирилган. Энг яхши тушунтириш Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳга тегишли. Имом Аҳмад “Зуҳд” китобида Ҳасан Басрий Абу Саид таржимаи ҳолида келтиради: “Ҳишом ибн Ҳассон айтди: “Ҳасан Басрийнинг ҳузурида тавозеъни зикр қилишди. У сукут қилиб турган эди. У ҳақида (гапни) кўпайтириб юборишгач, уларга: “Сизларнинг тавозеъ ҳақида (гапни) кўпайтириб юборганингизни кўрмоқдаман”, деди. Улар сўрашди: “Эй Абу Саид, тавозеъ нима нарса ўзи?” Шундай жавоб берди: “(Киши) уйидан чиқиб, бир мусулмонга йўлиқса, уни ўзидан яхши деб ўйлаши (тавозеъдир)”
Матн:
Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилган:
“Албатта, Роббимиз - Аллоҳ», - деб, сўнгра (тўғри йўлда) устувор бўлган зотлар учун хавф йўқдир ва улар қайғу ҳам чекмаслар”, (Аҳқоф сураси, 13-оят/
Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен уни маҳкам тутадиган бир ишни менга айтинг”, деганда у зот алайҳиссалом: “Аллоҳга имон келтирдим”, де, сўнг истиқоматда бўл”*, дедилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Истиқоматда бўлганлар Аллоҳ учун Унинг тоати билан мустақим бўлганлар ва тулкининг айёрлиги каби айёрлик қилмайдиганлардир” Абул Олия Риёҳий оятдаги “Истиқоматда бўлганлар” сўзи ҳақида: “Улар дин, даъват ва амални Аллоҳ учун холис қилганлардир”, деган.
Истиқоматнинг асли уч нарса: Китобга, Суннатга эргашиш ва жамоатни лозим тутишдадир**.
Шарҳ:
*Имом Муслим “Саҳиҳ” тўпламларида қуйидаги лафз билан ривоят қилган: “Менга Исломда бир сўз айтинг. Уни сиздан бошқа ҳеч кимдан сўрамайин”, деганда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги сўзларни айтганлар.
Имом Нававий “Шарҳ саҳиҳ Муслим” асарида ёзганлар: “Қози Иёз роҳимаҳуллоҳ айтган: “Бу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавомиул калималаридан бўлиб, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига мувофиқдир:
“Албатта, Роббимиз - Аллоҳ», - деб, сўнгра (тўғри йўлда) устувор бўлган зотлар”.
Яъни, Аллоҳни ягона деб билиб, Унга имон келтирганлар, сўнг мустақим бўлган, тавҳиддан четлашмаган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тоатини маҳкам тутиб, вафот этгунга қадар шу нарса устида бўлган зотлардир”.
Сиз уни лозим тутишингиз керак бўлган жамоат нима?
** Жамоатни лозим тутишдан мурод, ҳақни ва унинг аҳлини, гарчи кам бўлса-да, кўп одамларни эмас, маҳкам тутишдир. Бу инсон фаҳмига хато тушиши мумкин бўлган нарсадир. Бу унга эътибор бериши лозимдир. Имом Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ “Ал-иҳком фи усул ал-аҳком” китоби “Бўлинишлар ва жамоат” бобида қуйидагиларни айтган:
“Жамоат ва кўпчилик аҳли ҳақдир. Гарчи ер юзида улардан бир киши қолса ҳам, улар жамоат ва кўпчиликдир. (Дастлаб) Абу Бакр ва Хадийжа розияллоҳу анҳумогина мусулмон бўлишди. У икковлари жамоат эди. Ер юзидагиларнинг қолганлар - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам ва икковларидан ташқари - камчилик ва бўлинганлар эди. Биз айтган бу (фикр) борасида уламолар ўртасида ихтилоф йўқ”.
Абу Шома роҳимаҳуллоҳ “Ал-ҳаводис вал-би-даъ” китобида айтган ушбу сўзлар қандай ҳам гўзал: “Жамоатни лозим тутишга буйруқ келган. Ундан мурод ҳақ ва унга эргашганларни лозим тутишдир. Гарчи у (ҳақ)ни маҳкам тутганлар кам ва унга қаршилар кўп бўлса ҳам. Чунки ҳақ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари давридан бошлаб аввалги жамоат унга бўлган нарсадир. Бидъат аҳли кўплигининг эътибори йўқ.
Амр ибн Маймун Авдий айтади: “Яманда Муоз розияллоҳу анҳу билан бирга бўлдим. Уни Шомда тупроққа қўйгунимга қадар ундан ажрамадим. Ундан кейин одамларнинг энг фақиҳи Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу билан бирга бўлдим. Унинг шундай деяётганини эшитдим: “Сизлар жамоатни лозим тутинглар. Чунки Аллоҳнинг қўли жамоат устидадир”. Сўнг бир куни унинг: “Сизларнинг устингизга намозни ўз вақтидан кечиктирадиган бошлиқлар келади. Бас, намозни ўз вақтида ўқинглар. У фарздир. Улар (бошлиқлар) билан бирга намоз ўқинглар. Албатта, у сизлар учун нафлдир”, деяётганини эшитдим.
Мен: “Эй Муҳаммад асҳоблари, бизга айтаётга-нингизни англамаяпман”, дедим. “Нимага?” деб сўради. Айтдим: “Сиз мени жамоатга буюриб, унга қизиқтирмоқдасиз. Сўнг: “Намозни ёлғиз ўқи, у фарз. Жамоат билан намоз ўқи, у нафл”, дедингиз.
У айтди: “Эй Амр ибн Маймун. Мен сени ушбу қишлоқ аҳлининг энг фақиҳи деб ўйлар эдим.
Жамоат нималигини биласанми?” “Йўқ”, дедим. У: “Жамоат ҳаққа мувофиқ бўлгани, гарчи бир ўзинг бўлсанг ҳам”, деди.
Бошқа лафзда шундай дейилган: “Шунда сонимга уриб: “Ҳолингга вой бўлсин! Албатта, одамларнинг кўпчилиги жамоатдан ажраганлар. Албатта, жамоат Аллоҳ азза ва жалла тоатига мувофиқ бўлган нарсадир”, деди”.
Нуайм ибн Ҳаммод айтади: “Агар жамоат бузилса, ўзинг бузилиб кетмасидан олдин сен жамоат унда бўлган нарсани ўзингга лозим тут. Гарчи бир ўзинг бўлсанг ҳам. Ўшанда ўзинг жамоатдирсан. Буни Имом Байҳақий ва бошқалар ривоят қилганлар”.
Хатиб Бағдодий “Ал-фақиҳ вал-мутафаққиҳ” китобида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларини ривоят қилган: “Жамоат - Китоб ва Суннат, гарчи ёлғиз ўзинг бўлсанг ҳам”. Бир ривоятда “Жамоат аҳли ҳақдир, гарчи ўзинг бўлсанг ҳам” дейилган. Иброҳим Нахаий: “Жамоат ҳақдир, гарчи бир ўзинг бўлсанг ҳам”, деган.
Баъзи инсонлар суннатни бидъат ва маъруфни мункар қилишган. Сабаби, унинг аҳли камлиги, замон ва маконларда уларнинг ёлғизланиб қолганидир. Улар: “Ким якка бўлса, дўзахда якка ўзи бўлади”, дедилар. Лекин улар камчилик ҳаққа хилоф қилганлар эканини билмадилар. Агар барча одамлар биргина одамдан ташқари ҳаққа хилоф қилсалар, улар камчилик ва ўша якка одам жамоатдир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал замонида (ҳақ устида бўлган) одамлар жуда камчилик бўлган ва ўша камчилик жамоат бўлган. Қози, муфтийлар, халифа ва унга эргашганлар камчилик, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўзи жамоат бўлган. бу инсонлар ақллари буни кўтармагач, халифага: “Эй мўминлар амири, сиз, қозиларингиз, волийларингиз, фақиҳлар ва муфтийларнинг барчаси ботил узра, Аҳмаднинг ўзи ҳақда бўладими?” дейишган. Халифанинг илми бунга етмайди. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбални узоқ ҳибсдан кейин дарра уриб, жазога тутган. Сўнг ҳақ ва унинг аҳли ғолиб бўлиб, улар даъво қилаётган нарса ботил бўлган.
Ҳорис Муҳосибийнинг
"Рисолуатул Мустаршидийн" китобидан
Абдулфаттоҳ Ғудда шарҳи