close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Салафи солиҳлар ғулув ҳақида

Қуръон ва Суннат таълимотига энг яқин бўлган мусулмонлар авлоди–саҳобаи киромлар бошқа нарсалар қатори ғулувни энг яхши англаб етган авлод ҳисобланадилар. Қуйида баъзи саҳобалардан бу маъно ҳақида асар бўлиб қолган ривоятларни келтирамиз.

Умар розияллоҳу анҳу: «Модомики, ифторни тез қилар экансиз ва аҳли Ироқнинг чуқур кетишидек чуқур кетмасангиз, яхшиликда бардавом бўлурсиз» (Лисонул Араб, 7-жуз, 4461-бет).
Умар розияллоҳу анҳу: «Бир киши «Фокиҳатан ва Аббан»ни қироат қилиб туриб, «Аббан»нинг маъносини сўраганда, биз чуқур кетишдан ва ортиқча уринишдан қайтарилганмиз, дедилар (Фатхул Борий, 13-жуз, 271-бет).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Менинг кафанимда ғулувга кетма», деганлар (Абу Довуд ривоят қилган).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Менинг ҳақимда икки тур одам ҳалок бўлади. Ҳаддан ортиқ яхши кўриб, мени ўзимда йўқ сифатлар билан сифатловчи ва мени ортиқча ёмон кўриши уни менга бўҳтон қилишга олиб борувчи», деганлар (Аҳмад ривоят қилган).
Абу Воилдан ривоят қилинади: «Абу Мусо сийдикда қаттиқ турар эди. У шишага сияр ва «Бани Исроилдан бирининг терисига сийдик тегса, ўша ерини қайчи билан қийиб ташлар эдилар», дерди. Бас, Ҳузайфа уларга: «Соҳибингизнинг ўзи ҳам бунчалар қаттиқ тутмаса, яхши бўлар эди», деди» (Муслим ривоят қилган).
 Абу Солтдан ривоят қилинади: «Бир киши Умар ибн Абдулазизга мактуб ёзиб, қадар ҳақида сўради. Бас, у қуйидаги жавобни ёзди:
«Аммо баъду: Сенга Аллоҳга тақво қилишни, унинг амрида мўътадил бўлишни, Набийсининг суннатига эргашишни ва бидъатчилар янгитдан пайдо қилган нарсаларни тарк қилишни тавсия қиламан.
Ўзингга суннатни лозим тут. У Аллоҳнинг изни ила сен учун исматдир. Сўнг, билки, одамлар ҳар қандай бидъатни чиқарсалар ҳам, албатта унинг далили ёки ибрати ўзидан олдин келган бўлади. Суннатни эса, унга (яъни суннатга – муал.) хилоф қилиш хато, тойилиш, аҳмоқлик ва чуқур кетиш эканини яхши билган зот жорий қилгандир.
Бас, ўша қавм ўз нафсига рози бўлган нарсага сен ҳам рози бўлгин. Улар илмга асосланганлар, ўткир назар ила қараганлар. Улар ишларни кашф қилишда қувватли бўлганлар ва ўзлари доим бўлган фазлга ҳақлироқдирлар. Агар ҳидоят сиз турган нарсада бўлса, унга улардан олдин эришган бўласизлар. Агар «Бу улардан кейин пайдо бўлган», десангиз, албатта, уни уларнинг йўлига эргашмаган ва улардан юз ўгирганлар пайдо қилган бўлади.
Аслида эса, аввалгилар ўзувчилардир. Улар бу ҳақда кифоя бўладиган гапни айтиб ва шифо бўладиган васфни қилиб бўлганлар. Улардан паст бўлганлар камчиликка йўл қўйганлардир. Улардан устун бўлмоқчи бўлганлар ҳасратга учраганлардир. Батаҳқиқ, бир қавмлар улардан паст бўлдилар ва жафочи бўлдилар. Бошқа бирлари улардан юқори бўлишга тамаъ қилдилар ва ғулувга кетдилар. Улар эса иккисининг ўртасида, сиротул мустақиймда эдилар.
Қадарга иқрор бўлиш ҳақида сўраб мактуб ёзибсан. Аллоҳнинг изни ила, хабардор кишига тушибсан. Билишимча, одамлар янги пайдо қилган нарсалар ва ўйлаб чиқарган бидъатлар ичида қадарга иқрор бўлишдагича таъсири кучли ва иши собити бўлмаса керак. Унинг зикри қадимги жоҳилиятда ҳам бор эди. У ҳақида гапларида ва шеърларида сўз юритар эдилар. У билан ўзларидан ўтган нарсаларга тасалли топар эдилар. Ке-йинчалик Ислом буни янада кучайтирди. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бир эмас, икки эмас, кўп ҳадисларда зикр қилдилар. Ул зотдан буни мусулмонлар эшиттилар. Унинг ҳақида у зотнинг ҳаётликларида ҳам, мамотларида ҳам ишонч ила ҳамда Роббиларига таслим бўлган, ўзларини заиф кўрган ҳолларида гапирдилар. Унинг илми иҳота қилмаган, китоби битмаган, қадари ўтмаган нарса йўқлигига иймон келтирдилар. Шу билан бирга, у муҳкам китобидадир. Ундан иқтибос ва таълим олдилар.
«Аллоҳ нима учун мана бу оятни нозил қилди?» «Нима учун бундоқ деди?» дейдиган бўлмангиз, батаҳқиқ, улар ҳам ундан сиз ўқиган нарсаларни ўқиганлар ва унинг таъвийлидан сиз билмаган нарсаларни билганлар. Ва ундан кейин, барчаси китобда ва қадарда ёзилгандир, тақдир қилингани бўладир, Аллоҳ истагани бўлади, истамагани бўлмайди. Биз ўзимиз учун зарарга ҳам, фойдага ҳам молик эмасмиз, деганлар. Бундан кейин рағбат қилганлар ва қўрқувда бўлганлар» (Абу Довуд ривоят қилган).
Аббод ибн Аббод ал-Хаввос аш-Шомий раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

«Оқил бўлинглар. Ақл неъматдир. Баъзи ақл эгаларининг қалби чуқур кетиш ила машғул бўлиб, ўзига зарари бор нарсага уриниб, фойдадан бебаҳра қолган ва ўзининг ҳожати бор нарсаларни эсдан чиқарган. Назар қилиб бўлмайдиган нарсага назар солишни тарк қилиш ақлнинг фазлидандир. Гоҳида, ақлнинг ортиқчаси эгасининг бошига кулфат келтириши ҳам мумкин. Бунга ўзидан солиҳ амалларда мартабаси паст киши билан муноқаша қилишни тарк қилмаган одам мисол бўла олади. Шунингдек, қалби бидъат ила машғул бўлган киши ҳам. У ўз динида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бошқаларга тақлид қилади. Ёки ўз раъйига суяниш ила кифояланади. Ўзича, ҳар нарсани Қуръондан олганини даъво қилади. Аслида эса, у Қуръондан узоқ бўлишга чақираётган бўлади. Ундан ва унинг шерикларидан олдин Қуръонни ўрганган, унинг муҳкамига амал қилиб муташобиҳига иймон келтирганлар бўлмаганми?
Аввалгилар йўлни ёритувчи минора устида бўлганлар. Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имоми бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига имом бўлганлар. Саҳобалар ўзларидан кейингиларга имом бўлганлар. Уларнинг ҳаммалари ўзлари маълум ва машҳур, юртлари маъруф ва мансуб бўлганлар. Уларнинг ўзаро ихтилофлари бўлса ҳам, ҳавога учганлар (нафсига алданганлар – муал.)га иттифоқ ила раддия қилганлар. Уларнинг фикрлари зарбидан ҳаво соҳиблари турли йўлларда, гоҳида мақсаддан четлаган, гоҳида сиротул мустақиймдан ажраган йўлларда тентираб қолганлар.
Ҳаво соҳибларининг йўл кўрсатувчилари уларни адаштирувчи чўлу биёбонларда санқитганлар. Бас, улар ўзбошимчалик ила залолатда яна ҳам чуқур кетаверганлар. Қачон шайтон уларга залолатда янги бир бидъатни пайдо қилса, аввалгисини қўйиб, бунисига ўтаверганлар. Чунки, улар салафи солиҳнинг изини талаб қилмадилар. Муҳожирларга иқтидо қилмадилар.
Зикр қилинишича, Умар Зиёдга:
«Исломни нима бузишини биласанми? Олимнинг тойиши. Мунофиқнинг Қуръон ила тортишиши. Залолатга кетказувчи имомлар. Қориларингиз ва аҳли масжидларингизда пайдо бўлган ғийбат, чақимчилик ва одамлар ичида икки юзу икки тил билан юришликка Аллоҳдан қўрқингиз. Зикр қилинишича, бу дунёда икки юзламачи бўлган одам дўзахда ҳам икки юзли бўлар экан.
Ғийбатчи сенга йўлиққанда, сен ғийбат қилинишини истаган одамнинг ғийбатини қилади. Кейин унинг олдига бориб сенинг ҳақингда худди шундай ишни қилади. Шу тарзда иккингиздан ўз ҳожатини чиқаради. Ҳамда иккингиз учун ҳам бошқангиздаги нарса махфийлигича қолаверади. У кимнинг олдида ҳозир бўлса, унга худди биродардек кўринади. У кимдан ғойибда бўлса, унга худди душмандек кўринади. Ким унинг олдида бўлса, ўша устун бўлади. Ким унинг олдида бўлмаса, унинг ҳурмати бўлмайди. Олдида ҳозир бўлган унинг мақташига алданади. Олдида бўлмаганни ғийбат қилади.
Эй воҳ! Аллоҳнинг бандалари! Қавмнинг ичида бирор эслик ёки муслиҳ йўқми?! Шоядки, у мана бунинг ҳийласини чиппакка чиқарса ва мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилса.
Аллоҳдан қўрқинглар! Катталарингизнинг ҳурматини сақланглар! Улар ҳақида яхши гапиришдан бошқадан тилингизни тийинглар. Агар Қуръон ва Суннатнинг ходимлари бўлсангиз, умматингиз ҳақида ўзаро Аллоҳ учун насиҳат қилишинг. Қуръонни биров нутқ қилмагунча, унинг ўзи нутқ қилмайди. Суннатга биров амал қилмагунча, унинг ўзи амал қилмайди. Агар олим сукут сақласа, зоҳир бўлган нарсани инкор қилмаса ва тарк қилинган нарсага амр қилмаса, жоҳил қачон таълим олади? Батаҳқиқ, Аллоҳ китоб берилганлардан, албатта, уни одамларга баён қилурсиз ва беркитмассиз, дея мийсоқ олгандир.
Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, сизлар парҳезкорлик нозиклашган, хушуъ озайган замондасиз. Унинг фасодчилари илмга соҳиб бўлгандир. Улар илмнинг соҳиби бўлиш ила таниқли бўлишни яхши кўрадилар. Уни зое қилиш ила таниқли бўлишни ёқтирмайдилар. Унга ўзлари киритган хато туфайли, илмда ҳаво ила гап қилдилар. Ўзлари тарк қилган ҳақ тўғрисидаги гапни амал қилган ботилларига алмаштирдилар. Уларнинг қилган гуноҳлари истиғфор айтилса ҳам ювилмайди-        ган гуноҳлардир. Уларнинг камчиликлари эътироф қилиб бўлмайдиган камчиликлардир. Йўл кўрсатувчи ҳайрон ҳолда бўлса, йўл сўровчи қандай қилиб ҳидоятни топади?!
Улар дунёга муҳаббат қўйдилар ва унинг аҳлининг манзилини ёқтирмадилар. Маийшатда уларга шерик бўлдилар ва гапда улардан ажрадилар. Улар ўзларини наригиларнинг амалига нисбат берилишларидан гап ила ҳимоя қилдилар. Ўзлари инкор этган нарсадан ўзларини олиб қочмадилар. Ўзлари нисбат берган нарсага кирмадилар. Чунки, ҳаққа амал қилувчи ўзи жим турса ҳам гапирувчидир. Зикр қилинишича, Аллоҳ таоло «Ҳакимнинг ҳамма гапини ҳам қабул қилавермайман. Лекин унинг ташвишига ва ҳавосига назар соламан. Агар унинг ташвиши ва ҳавоси Мен учун бўлса, унинг жим туришини ҳамдга ва виқорга айлантираман, агар гапирмаган бўлса ҳам», деган» (Доримий ривоят қилган).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Муносабат
Калит сўзлар
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Қуддуси шариф Мутаассиблик балоси »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase