close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Иймони заифлиги учун иймонига хатар қилган кишининг қалбини исломга улфат қилиш

Изоҳ: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу бобда тўртта ҳадис келтирган.

Изоҳ: Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу бобда тўртта ҳадис келтирган.
Саъд ибн Абу Ваққос айтадики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ўлжани тақсим қилаётганларида мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Фалончи кишига ҳам беринг, у ҳам мўмин», дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёки мусулмондир», дедилар. Мен сўзимни уч марта такрорладим. Расулуллоҳ ҳам менга уч марта: «Ёки мусулмондир», деб жавоб бердилар. Сўнг: «Бир кишига бераман. Бошқаси ундан кўра менга суюклироқ бўлади. Аллоҳ уни дўзахга ташлашидан қўрқиб (суюклироқ бўлмаган одамга бераман)», дедилар.
Шарҳ:
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расули акрам алайҳиссаломнинг тоғаларидан бўлган. Расули акрам алайҳиссалом: «Саъд ибн Абу Ваққос борасида, у менинг тоғам. Менинг тоғамга ўхшашини кўрсата оласизларми?» дер эдилар. Расули акрам алай-ҳиссалом тоғалари ҳаққига дуо қилганларида, дуоси қабул қилинадиган кишилардан бирига айланган. У киши Куфада бир қарияни дуойи бад қилганида дуоси қабул бўлган. У киши Ироқни фатҳ қилганлар. Қодисиядаги жангда иштирок этиб, у ерда катта ишларни амалга оширганлар. Кисро ва Мадоинни фатҳ қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғанимат молини тақсим қилаётганларида, у: «Фалончи кучли мусулмон бўла туриб, заиф фалончи мусулмонга берасизми?» дедилар. Бу сўзини бир неча бор такрорладилар. Ҳадисда Расули акрам алайҳиссалом қалбларни Исломга мойил қилиш илинжида баъзи ўринларда шундай қилишларига ишора қилдилар. Яъни заиф мусулмонни Исломда ушлаб қолиш учун айрим вақтларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан уларга мол-давлат тақсим қилганлар. Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳикматларидан эди. Чунки иймони бақувват мусулмонлар жасади тилкапора қилинса ҳам, Исломдан воз кечмайди. Бироқ заиф иймонли кишилар арзимаган нарса сабабли иймондан воз кечиб кетишлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни риоясини қилиб, заиф иймонли кишиларга ўлжани тақсим қилдилар.
Келгуси сатрларда, бир ҳадиси шарифда бир жамоа зикр қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жамоага мол-давлат тақсим қилиб, бир кучли мусулмонга ўлжадан бермайдилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу юқоридаги саволни қайта-қайта берадилар. Расули акрам алайҳиссалом эса унга юқоридаги жавобни берганлар.
(ав муслимун) сўзидаги «вов» ҳарфини фатҳали қилиб ўқиш хатодир. Бу ердаги «ав» (ёки) сўзи нав учундир. Баъзилар уни «шак» маъносини ифодалайди, деганлар. Саъд ибн Ваққос розияллоҳу анҳу бир киши борасида: «У киши аниқ мўмин», дедилар. Шунда Расулуллоҳ: «Мўминми ёки мусулмонми?» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг сўзини гўзал суратда тузатиб қўймоқдалар. Зеро, иймон қалб иши бўлиб, уни фақат Аллоҳ таоло билади. Ҳа, албатта, инсонлар бир-бирини ўзаро қилган зоҳирий амалларига қараб мусулмон, дейишлари мумкин. Бу ерда Набий алайҳиссаломнинг гўзал тарздаги эътирозлари Саъд айтган кишига эмас, унинг қатъий айтган сўзига бўлган. Чунки Саъд уни қатъий тарзда: «Мўмин», деди. Бироқ Набий алайҳиссалом унинг иймони борасида ҳеч қандай сўз айтмадилар. Балки Саъднинг сўзини тузатиб қўйдилар. Чунки Саъд айтган одамнинг мўмин эканини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳбуб инсондан бўлганини ҳадиснинг давомидаги: «Бошқаси ундан кўра менга суюклирок бўлади», деган гапдан билиб олсак бўлади.
(кабба) феъли жаҳаннамга юзтубан ташланишга айтилади. Мазкур ҳадисдан кўзланган мақсад бундай: «Расули акрам алайҳис-салом заиф иймонли кишининг қалбини Исломга ошно қилиб, мўмин ҳолатда олиб қолиш учун унга ёрдам қўлини чўзмокдалар. Акс ҳолда, иймони заиф кишилар Исломни тарк килишиб, дўзахга ўзини улоқтиришади».
Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жамоага (ўлжадан) бердилар. Саъд ҳам уларнинг ичида ўтирган эди. Саъд айтадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан айримларига бермадилар. Ҳолбуки, уларнинг ичида менга энг яхшиси эди. Шунда, мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Фалончига нима учун бермадингиз? Аллоҳга қасамки, уни мўмин деб биламан», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёки мусулмондир», дедилар. Бироз жим туриб, сўнг у борада билганим мени ўз ҳолимга қўймай: «Эй Аллоҳнинг Расули! Фалончига нимага бермадингиз? Аллоҳга қасамки, уни чин мўмин деб биламан», дедим. «Ёки мусулмондир», дедилар. Бироз сукут қилдим. Кейин у борада билганим мени ўз ҳолимга қўймай:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Фалончига нимага бермадингиз? Аллоҳга қасамки, уни чин мўмин деб биламан», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёки мусулмондир. «Бир кишига бераман. Бошқаси ундан кўра менга суюклироқ бўлади. Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлашидан қўрқиб (суюклироқ бўлмаган одамга бераман)», дедилар».
Юқоридаги ҳадис мазкур санад билан бироз фарқ билан ривоят қилинган. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жамоага (ўлжадан) бердилар. Мен ҳам уларнинг ичида ўтирган эдим...» Ҳадиснинг қолган қисми Ибн Шиҳобнинг жияни амакисидан қилган ҳадиси каби. Фақат унда қуйидаги сўзлар қўшимча: «Саъд розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб оҳиста: «Фалончига нимага бермадингиз?» дедим».
Юқоридаги ҳадис мазкур санад билан бироз фарқлар билан ривоят қилинган. Саъд ҳадисда бундай деган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйним билан елкам орасига уриб: «Эй Саъд, (шунга ҳам) урушасанми? Кишига албатта бераман», дедилар».

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase