Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга Исломдаги шундай бир сўзни айтингки, сиздан кейин бирор кишидан (бошқа бир ривоятда «Сиздан бошқадан» дейилган) у ҳақида сўрамайин», дедим. Шунда у зот: «Аллоҳга иймон келтирдим» деб айтгинда, сўнг (шу иймонда) собит тур», дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган).
Ҳадис ровийси Суфён розияллоҳу анҳунинг куняси Абу Амр бўлиб, Сақиф қабиласидан бўлган. Тоифда ҳоким бўлгани учун Тоифий ҳам дейишган. Бани Сақифа билан бирга келиб мусулмон бўлган.
Ҳадиснинг мазмунига кўра, Суфён розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан барча ишларни тўлиқ қамраган ҳамда ёдда сақланиши осон бўлган мухтасар насиҳат қилишларини сўради. Шунингдек, кейинчалик бошқа бирор кишидан сўрашга эҳтиёж бўлмаслигига ишора қилиб, «сиздан кейин бирор кишидан у ҳақида сўрамайин», деди. Унга жавобан Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳга иймон келтирдим» деб айтгинда, сўнг (шу иймонда) собит тур», дедилар. «Бу сўз қандай қилиб барча ишларни тўлиқ қамрайди?» дейилса, унга қуйидагича жавоб берилади: Аллоҳ таолога иймон келтириш Расулуллоҳ алайҳис-салом олиб келган барча таълимотларни ўз ичига олади. Истиқомат эса таъкид учун келтирилган. Ёки яна бир маъноси шуки, Аллоҳ таолога иймон келтиришнинг остига барча ақоидлар, истиқоматнинг остига эса барча амр ва наҳийлар киради. Чунки истиқоматнинг маъноси «Лозим бўлган барча нарсаларга бўйсуниб, қайтарилаган барча ишлардан қайтишдир». Ушбу икки иборадан мана шу мухтасар ҳамда жомеъ бўлган мазмун келиб чиқади. Бундай ташқари истиқомат борасида сўфийларнинг қуйидаги сўзлари ҳам бор: «Кароматни эмас, балки истиқоматни талаб қилинглар. Чунки истиқомат минг кароматдан устундир». Яна бир сўзларида эса «Истиқомат энг олий кароматдир», дейишган.
Эътибор бериладиган бўлса, бу саҳобий «Эй Аллоҳнинг Расули» деб хитоб қилди ва лекин ортидан салавотни айтмади. Чунки қоида борки, Пайғамбар алайҳиссаломга хитоб қилинган ўринларда салавот айтиш шарт қилинмайди. Бундан бошқа ўринларда эса ёзишда ва оғзаки нуткда салавот айтиш зарур саналади.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг Суфён розияллоҳу анҳуга «Аллоҳга иймон келтирдим» деб айтгинда, сўнг (шу иймонда) собит тур», деган сўзлари жавомиуъл калим, яъни пурмаъно сўзлар сирасидандир. Чунки ҳадис тўлиқ иймон ва тўлиқ тоатни ўз ичига қамрайди. Иймоннинг зикри Аллоҳга иймон келтириш билан, тоатнинг зикри эса истиқоматда туриш билан ифодаланади. Қуръони Каримда ҳам ушбу мазмун баён қилинган:
«Албатта, «Роббимиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (тўғри йўлда) устувор бўлган зотлар учун хавф йўқдир ва улар қайғу ҳам чекмаслар».(Аҳқоф сураси, 13-оят.)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан нақл қилинган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳуд сураси менинг соч-соқолимни оқартирди (яъни қаритди)» деганлар.(Имом Термизий ривояти.) Чунки бу суранинг бир юз ўн иккинчи оятида ҳам истиқоматга буюриб шундай дейилган:
«Бас, (эй Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг!»
Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг
"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан