Ушбу ҳикматда инсоннинг жоҳиллигига аломат бўладиган уч сифат ҳақида сўз бормоқда. Агар мазкур уч сифат бир кишида топилса у ўта жоҳил одам бўлади. Агар мазкур мазкур уч сифатда иккитаси бир кишида топилса аввалгидан кўра бир учдан икки баровар жоҳил бўлади. Агар бир кишидан мазкур уч сифатдан бири топилса, биринчига нисбатан учдан бир бароварга жоҳил бўлади.
Энди мазкур жоҳиллик сифатларининг ҳар бири ҳақида алоҳида сўз юритайлик.
Жоҳилликнинг биринчи сифати.
- Кимни ҳар бир саволга жавоб берувчи... ҳолда кўрсанг, буни унда жаҳолат борлигига далил қил.
Бундай сифатга эга бўлган одам ўзидан нима сўралса, билиб - билмай жавоб бераверади. Дунёда нима кўп, номаълум нарсалар кўп. Кўриш, эшитиш, тушуниш ва ҳидлаш имкони бор ҳамма нарсаларни билиш иносоннинг имконида ташқари нарсадир. Дунёдаги барча нарсаларга нисбатан инсоннинг илми ўта чегаралангандир.
Аллоҳ таоло "Исро" сурасида марҳамат қилади:
Сизга жуда оз илм берилгандир», - (85-оят).
Инсоннинг ҳамма нарсаси чеклангандир. Жумладан, ақли, идроки ҳам маҳдуддир. У ақли, идроки доирасидаги ишлар ила шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак.
Инсон чегарасини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билайдиган борлиқнинг жуда ҳам кичик бир бўлагида яшайди, холос. Шу билан бирга ўша ўзи яшаб турган ўта тор доирадаги барча нарсалар ҳақида ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас. Шунинг учун ҳам, ўзига берилган ҳар бир саволга жавоб беришга уринишнинг ўзи чексиз жаҳолат ҳисобланади. Ўзига берилган ҳар бир саволга жавоб беришга уриниш ўта кетган мутакаббирлик ҳисобланади. Ўзининг билими озлигини беркитиш учун сохтакорона уриниш ҳисобланади.
Ҳар бир соҳада ўз билимдонлари бўлади. улар ўз соҳасини яхши билишади. Аммо ўша билимдонлар ҳам ўз соҳасидаги барча нарсани билишлари амри маҳол. Шундай экан барча соҳалар бўйича сўралган ҳар бир саволга жавоб беришга уриниш ўта жоҳиллик эканига ҳеч қандай шубҳа қолмайди.
Биз энг нозик ва ўта аҳамиятли соҳа диний соҳани олиб кўрайлик. Ўша ҳалол ва ҳаром, савоб ва гуноҳ, дунё ва охират, жаннат ва дўзахга боғлиқ бўлган ўта масъулиятли соҳада ҳам ўзининг илми бўлмаса ҳам саволларга жавоб беришга ишқибоз бўлганларни кўп учратамиз. Нафақат саволга жавоб, фатво берадиганларни кўп кўрамиз. Ҳолбуки бу ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматнинг аломатларидан деганлар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш ила суғуриб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади. Қачонки олим қолмаганда, одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар. Бас, ўшалардан сўралади. Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.
Билмаган нарсасини гапиришнинг ўзи залолат, адашув, улкан гуноҳдир. Шариат ҳукмини билмасдан туриб, бошқа бир кишига нотўғри нарсани «шу шариат ҳукми», деб айтиш эса тенги йўқ залолатдир. Чунки шариатдан бошқа ишларда билмасдан гапириб, йўл қўйилган хато туфайли бу дунёнинг баъзи бир ишларига зарар етиши мумкин. Аммо шариат бўйича жоҳиллик билан гапиришдан эса бу дунё ҳам, охират ҳам куяди. Чунки шариат масаласи ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасида айланадиган масаладир. Бу ишда билмасдан фатво бериш фатво берувчининг ўзини залолатга кетказади. Шу билан бирга, ўша илмсиз равишда фатво берган одам ўзгаларни ҳам залолатга кетказади. Унинг хато фатвоси ҳамма ёқни бузади. Одамлар фалончи айтди, деб, унинг гапини бир-бирларига етказадилар. Ўзаро тарқатадилар. Натижада залолат кенг тарқалади.
Шаръий илмни яхши ўзлаштирмаган кишидан бирор масала хусусида сўралганда унинг «Бу масалани мен билмайман» дейиши шарт. Зеро, шаръий масалаларда фатво бериш, турли саволларга жавоб қайтариш учун диний мансаб ёхуд чиройли салла-чопон восита бўла олмайди. Бундай мақомга шаръий илмларни ўқиган ва ўша илмнинг устозларидан ижозат олган, тақводор, ростгўй, илмига амал қилувчи киши лойиқ саналади. Мусулмонлар ана шундай кишиларни олим сифатида ҳурмат қилиб, эъзозлашлари, улардан фатво сўраб, турли ишларда иршодлар олишлари зарур.
Беш-олти сурани чала ёд олиб, икки-учта ҳадиснинг маъносини бировдан ўрганиб олган, ўзини «аллома» қилиб кўрсатишга уринаётганлардан эҳтиёт бўлиш керак. Шунингдек, араб тилини билиш ёки баъзи араб юртларига бориб келиш ҳам кишига шаръий масалада фатво айтиш ҳуқуқини бермайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларидан сўралган ҳар бир саволга жавоб беравермаганлар. Билмаганларини, билмайман, деб айтганлар.
Имом Муслим Аммор ибн ал-Қаъқоъдан ривоят қилишларича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида ўтириб:
«Мендан сўрайдиган нарсангизни сўраб олинг¬лар», дедилар. Одамларни ҳайбат босиб, бирор нарсани сўрай олмай қолдилар. Шунда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора, ўзида сафарнинг асари йўқ, ҳеч кимга таниш бўлмаган бир одам кириб келган ва ўтириб олиб, ҳамма учун ўта муҳим бўлган саволларни бера бошлаган.
У учта ўта муҳим саволдан кейин:
«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деган.
Унинг бу саволи қиёмат кунига бўлган иймон ҳам ғоятда зарур эканлигини кўрсатиб турибди. Шу билан бирга, одамлар орасида, айниқса, қиёматга ишонмовчилар орасида учрайдиган «қиёмат соати» ҳақидаги саволга узил-кесил жавоб беришни тақозо қилмоқда.
Дарҳақиқат, қиёмат соати қачон эканлиги ҳақидаги савол қадимда ҳам бериларди, ҳозирда ҳам тез-тез такрорланиб турибди. Айни вақтда ушбу савол сохта башоратчилар билан ҳақиқий Пайғамбарлар орасидаги фарқни аниқлаб берадиган савол ҳамдир. Сохта башоратчилар ўз атрофидаги жоҳилларнинг кўтар-кўтарига берилиб кетиб, кўпинча қиёмат куни ва соатини олдиндан белгилаб қўйиб, шарманда бўлганлар ва бўлмоқдалар.
«Қиёмат соати қачон бўлади?» деган саволга бирдан-бир тўғри жавоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда берган жавобларидир. Бу жавоб жуда содда ва ўта камтарона жавобдир.
«Сўралувчи у ҳақда сўровчидан билимдонроқ эмас».
Яъни, сен бу нарсани билмай, мендан сўраяпсан, аммо мен ҳам сен каби қиёмат соатини билмайман. Сўровчи аввалги саволларнинг жавобини билиб туриб сўраган. Шунинг учун ҳам жавобни эшитгандан сўнг «Тўғри айтдинг!» деб тасдиқлаган. Аммо, қиёмат соати қачон бўлишини билмай туриб сўраган. Сўралган одам ҳам жавоб бера олмаслигини билган.
Ушбу мақомда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғворликлари алоҳида намоён бўлмоқда. Ўзларига эргашган, у зотни инсониятнинг энг афзали деб билган ва Аллоҳнинг Расули, деб чин ихлос қилган кишилар ҳузурида бегона одамнинг саволига очиқчасига «билмайман», деб жавоб бермоқдалар. Ўзларининг ҳадларини очиқ тан олмоқдалар. Ҳозирги кунимизда баъзи бир кишилар ўзларининг билмаган нарсаларини биладигандек кўрсатиш учун турли ҳийла-найранглар қиладилар, ёлғон-яшиқ гапирадилар. Аслида эса бу ишлари ўз камчиликларининг боши эканлигини тушунишни ҳам хоҳламайдилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзларига тегишли нарсага очиқ-ойдин жавоб берганлар. Билмайдиган нарсаларини ҳам очиқ-ойдин «билмайман» деб айтганлар. Чунки мутлақ ҳамма нарсани билиш Аллоҳ таолога хос. Бир қанча нарсалар борки, уларни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Ўша нарсалардан бири қиёмат соатининг қачон бўлишидир.
Шунинг учун ҳам Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда юқоридаги саволга жавоб бера туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У (қиёмат соати) Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор...» оятини тиловат қилдилар.
Яъни, бу масала фақат Аллоҳнинг Ўзигина биладиган ишлардан бири эканлигини баён қилдилар ва унга оятдан далил келтирдилар. Ушбу нарса ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг ҳақиқий пайғамбари – элчиси эканликларига ёрқин далилдир. У киши Аллоҳ билдирган нарсаларни умматларига етказганлар, билдирмаган нарсаларни «Билмайман», деб айтганлар. Фақат сохта даъвогарларгина ҳамма нарсани биламан, деб чиранадилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшаклар ҳақида:
«Улардан закот чиқариладими?» деб сўралди.
Бас, у зот:
«Менга улар ҳақида ҳеч нарса келмади. Фақат ушбу ажойиб оят бор:
«Бас, ким зарра оғирлигича яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигича ёмонлик қилса ҳам кўрадир», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдаги ниҳоятда муҳим бир масалага эътибор бермоғимиз лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшаклар закоти ҳақидаги саволга «Менга улар ҳақида ҳеч нарса келмади», деб жавоб бермоқдалар.
Пайғамбар алайҳиссалом эшаклар закоти ҳақида ўзларига бирор нарса келмаганлигини айтиш билан улкан жасорат ва камтарлик кўрсатдилар – билмаган нарсаларини «билмайман», деб айтдилар. Бу ҳолат билиб-билмай фатво чиқарувчиларга сабоқ бўлиши керак.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳар бир сўралган нарсага жавоб беришга уринмас эдилар. Билмаган нарсаларини гапирмас эдилар.
Ҳазрати Умар олим сифатида ўзлари билмаган нарсани гапиришдан қаттиқ қўрқар эдилар. У киши илмни даъво қилиб, одамлар ичида турли масалаларни ўринсиз қўзғайдиган кимсаларга қарши эдилар. Уларни доимо таъқиб қилар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг Китобини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жуда яхши билар эдилар. Шу билан бирга, билмаган нарсаларини дарҳол тан олар ва ўз жойида «Билмайман», дейиш билан фахрланар эдилар.
Бир куни одамлардан бири келиб, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга савол берди. У киши «Билмайман», деб жавоб бердилар. Сўровчи ор¬қасига қайтиб кетди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дарҳол қўлларини бир-бирига ишқаб, хурсанд бўлган ҳолларида:
«Абдуллоҳ ибн Умардан у билмайдиган нарса сўралган эди, «Билмайман», деди!» деб айтдилар.
Ибн Абдул Барр «Жомиъул илм» китобида Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан сулбдан бўлганларнинг мероси ҳақида сўралди. Бас, у:
«Билмайман», деди.
«Унга жавоб беришдан сени нима тўсади?» дедилар.
«Ибн Умардан билмаган нарсаси сўралган эди, у «Билмайман», деб жавоб берди», деди Ибн Умар».
Ибн Абдул Барр «Жомиъул илм» китобида Уқба ибн Муслимдан ривоят қилади:
«Убн Умарга ўттиз тўрт ой ҳамсуҳбат бўлдим. Ундан савол сўралганда кўпинча «Билмайман», дер эди-да, сўнгра менга қараб:
«Анавилар нимани исташини билдингми? Улар бизнинг елкамизни жаҳаннамга кўприк қилиш¬моқ¬чи», дер эди».
Ибн Саъд Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Бир одам Ибн Умардан масала сўради. У киши бошини эгиб, жавоб бермай, жим қолди. Одамлар «Сўровни эшитмади шекилли», деб ўйлашди. Ҳалиги одам унга:
«Аллоҳ сенга раҳм қилсин, сўровимни эшитмадингми?» деди.
«Эшитдим. Аммо сизлар Аллоҳ бизни сиз сўраган нарса ҳақида сўроққа тутмайди, деб ўйлайсизлар, шекилли. Аллоҳ сенга раҳм қилсин, бизни тек қўйиб тур. Масалангни фаҳмлаб олайлик. Агар бизда унга жавоб бўлса, берамиз, бўлмаса, билмаслигимизни айтамиз», деди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий олим сифатида кишиларни бўлган-бўлмаган нарсаларни сўрайверишдан, илми ва изни йўқ кишиларни фатво беришдан қаттиқ қайтарар эдилар.
Имом Тобароний Шаъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Сиз «Менга айт-чи, менга айт-чи»дан эҳтиёт бўлинглар. Бир нарсани бошқасига қиёс қилаверманглар. Яна собит бўлган қадам тойиб кетмасин. Агар бирортангиз ўзи билмаган нарсадан сўралса, «Билмайман», деб айтсин. Шунинг ўзи илмнинг учдан биридир».
Имом Тобароний Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Ҳар бир йилдан кейин келган йил аввалгисидан ёмондир. Бир йил бошқасидан яхши эмас. Бир уммат бошқа умматдан яхши эмас. Лекин уламоларингизнинг ва яхшиларингизнинг кетишлари бор. Кейин янги қавмлар чиқиб, ишларни ўз фикрларича қиёс қилишлари бор. Ана шу сабабли Ислом йиқилади ва синади».
Ибн Абдулбарр «Жомиъу баёнил илм» номли китобларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Ким одамлар ундан сўраган барча нарсага фатво бераверса, у мажнундир».
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўзлари катта олима бўлишлари билан бирга, илм одобига қаттиқ риоя қилар эдилар. У киши бирор масалани ўзларидан яхши биладиган одамдан хабардор бўлсалар, мазкур масалани ўша кишига ҳавола қилар эдилар.
Муслим ва Насаийлар Шурайҳ ибн Ҳониъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Оишадан махсига масҳ тортиш ҳақида сўрадим. У киши:
«Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», дедилар.
Бас, ундан сўраган эдик:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилганлар», деди.
Саҳобаи киромларнинг одатларига амал қилиб, Шурайҳ ибн Ҳониъ розияллоҳу анҳу ҳам Оиша онамиздан фиқҳий масала – махсига масҳ тортишга оид масалани сўраган эканлар. Оиша онамиз у кишига:
«Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», деган эканлар.
Бу жавобдан энг аввало, Оиша онамизнинг омонатлари, инсофлари ва илмий омонатга хиёнат қилмасликлари зоҳир бўлмоқда. У киши ўзлари аниқ билмаган нарсага жавоб беришни ўзларига эп кўрмаганлар. Сўровчини ўша масалани яхши биладиган киши – ҳазрати Алига йўллаб қўйганлар.
Ҳа, диний масалаларда пухта таълим олмаган, маълумотларни ўр ўрнига қуймаган одамларнинг ўзи гап қилишлари ўта хатарлидир. Бу ҳақиқатни ҳамма яхши билиб олмоғи ва унга амал қилмоғи матлубдир.
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳнинг китобида ўз райи билан гапириб тўғри айтган бўлса ҳам хато қилган бўлади», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Агар одамларга Аллоҳнинг китобида ўз райи билан гапиришга изн берилса ҳамма ўз гапини гапиравериб бошқа динларнинг китобларига етган ҳалокатли зарар Қуръони Каримга ҳам етиши мумкин эди. Аллоҳнинг каломи ва дини ҳақида ҳар ким ўзича гапириши мутлақо мумкин эмас. Фақатгина махсус илмларни пухта ўрганган, шахс сифатида шаръий талабларнинг ҳаммасига тўлиқ жавоб бера оладиган кишиларгина бу ишни қилишлари мумкин.
Бошқа кишиларга агар гаплари тўғри бўлса ҳам бу ишни қилишга рухсат йўқ. Чунки унинг гапи тахминий бўлиб иттифоқо тўғри келиб қолган бўлади. Бир оят ҳақидаги тахмини иттифақо тўғри чиқиб қолган одамга Аллоҳнинг каломи ҳақида ўз ҳавои нафсига биноан гапиришга изн бериб бўлмайди, албатта.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Қуръонда илмсиз бир гапни айтган бўлса, дўзахдаги ўрнидан жой олаверсин», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бу жуда ҳам катта таҳдиддир. Ундан доимо қўрқиб турмоқ лозим.
- Имом Ғаззолий ўзининг “Эҳёу улумид дин” китобида, ўтган солиҳларнинг биридан маълум масала сўралса, иккинчисига ҳавола қилар эди, иккинчиси учинчисига ва шу тарийқа савол биринчи сўралган шахсга қайтиб келар эди, деб ёзган. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳидан ўттиз иккита савол сўралганда иккитасигагина жавоб берган. Қолганларини билмайман деган. Савол эгаси, одамларга нима деймиз, деганида, Молик, билмайман деди, деб айт, деганлар.
Ҳар бир сўровчига жавоб беравериш нинг ўзи яхшимас. Гоҳида сўровчи фитна қўзиш учун савол беради. Гоҳида сўровчи айтилган жавобни англашга ақли етмайди ва ҳоказо.
Жоҳилликнинг иккинчи сифати.
- “...ҳар бир шоҳид бўлган нарсани таъбир қилувчи”...ни кўрсанг, буни унда жаҳолат борлигига далил қил.
Албатта, нимани кўрса, кўрган нарсасини қўймай гапиравериш ҳеч бир бандага тўғри келмайди. Одам боласи бу дунё ҳаётида нималарни кўрмайди, дейсиз. Мўмин банда кўрган нарсаларидан бошқаларга гапириладигани ва гапирилмайдигани орасидаги фарқни яхши билиши керак. Чунки кўрган нарсасини фарқламай гапиравериш ўта жоҳилликдир. Зотан инсон кўрган нарсаларидан кўплари баъзи одамларнинг сирлари, ўзларига хос, бошқалар билиши исталмаган нарсаларидир. Бундай маълумотларни кўриши билан ҳаммага гапиравериш эса, омонатга хиёнат қилиш бўлади. Бу ҳолатда тарқатилган хабарнинг яхши ёки ёмонлигида фарқи йўқ. Баъзи яхши хабарларни ҳам тарқатмай туриш ҳикматлари бўлади. Фақат хабарнинг эгасининг рухсати билангина гапириш лозимдир.
Ҳозирда ўзи шоҳид бўлган барча нарсани орқа-олдига қарамай гапириш авжига чиқди. Балки фақат гапириш билан чегараланиб қолмай суратга олиб таркатиш, жонли суратга олиб тарқатиш, овозни ёзиб олиб тарқатиш каби балолар ҳам кенг тарқалди. Бу ишларни осонлаштирадиган турли асбоблар ва мосламалар кенг тарзда тарқалди. Одамлар қўл телефонлари ва бошқа мосламалар билан кўринган нарсани сувратга олиб ёки жонли суратга олиб, овозлари билан тарқатишга жуда ҳам ишқибоз бўлдилар.
...Масжидда маъруза қилмоққа тайёрланмоқдаман. Мендан олдин қўлларига телефонларини кўтариб олган ёшлар суратган олишга шайланишмоқда. Улардан баъзилари бошқа намозхонларнинг елкаларини туртиб олдинга ўтишмоқда. Бошқа бирлари эса, чўккалаб олганлар. Учинчилари ўтирган жойида бўйнини чўзиб, қўлидаги телефонини баланд кўтариб туришибди. Отахонлар ножам бўлишмоқда, баъзилари ҳалиги йигитларни ўтиришга чорламоқдалар. Энг асосийси, сурат ва овозни ёзмоқчи бўлаётган ёшлар на масжид имомидан, на мендан рухсат сўрашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Уларнинг фикрича, сувратга ёки овоз ёзишга шайланган киши ҳаммадан юқори унга биров халақит бермаслиги ҳам фарз, ҳам вожиб...
Мусулмон, номозхон кишиларга шу иш муносибми?
Йўқ! Мутлақо бу иш мусулмонларга мутлақо мумкин эмас! Мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг уйи бўлмиш масжидда суврат олиш, овоз ёзиш билан овора бўлмаслиги, одоб билан маъруза эшитиши керак. Бошқа намозхонларга, маърузачига халақит бермаслиги керак.
...Бировнинг маросимидамиз. Кенг жойга тўйга келганлар учун жой қилинган. Биз ўтирган чорпоя атрофини кўп сонли телефончилар ўраб туриб суврат олиб ва овоз ёзишмоқда. Бошқа меҳмонлар тўсилиб қолганлари сабабли тик туриб бўйин чўзмоқдалар ёки телефончиларни ўтир-ўтир деб тартибга чақирмоқдалар. Телефончилар эса, парво ҳам қилмасдан ўз фаолиятларини давом эттириб, бир-бирларини туртмоқдалар. Уларнинг фикри зикри тезроқ ўзлари беодоблик қилиб ёзган нарсаларни телефон орқали бошқаларга юбориб шуҳрат қозониш...
Мусулмон меҳмонларга шу иш муносибми?
Йўқ! Бу иш меҳмонларга мутлақо муносиб эмас. Меҳмон деган ўзи учун кўрсатилган жойда одоб билан ўтириш лозим. Изн сўрамасдан бировнинг сувратини олмаслиги ва овозини ёзмаслиги керак. Бошқа меҳмонларни безовта қилмаслиги зарур.
...Кимдир аёлларнинг ҳаммомидан суврат олиб, телефонда ҳаммага тарқатиб юборибди. Суврати хиёнаткорона туширилган аёллардан қай бирининг оиласи бузилибди, қай бири шарманда бўлиб кўпчиликка аралаша олмай қолибди...
Шу иш мусулмон инсонга тўғри келадими?
Йўқ! Бу иш мусулмон инсонга мутлақо тўғри келмайди. Мусулмон инсон бошқа инсонларни, хусусан, аёлларни яширинча сувратга олмайди. Ҳатто бировни ўзига билдириб бўлса ҳам, рухсатсиз сувратга олмайди. Мусулмон инсон аёл кишини сувратга олиш у ёқда турисин, кўчада тўсатдан кўриб қолса ҳам, кўзини бошқа тарафга буради.
...Бир одам эрталаб ишга кетаётиб, кичик автоулов каттасини остига кириб кетганни тамоша қилиб турган одамларни кўриб тўхтабди, сувратга олибди. Сўнгра ўзича ҳамкасбларига нодир сувратни кўрсатиб мақтанишни режалаб ишхонасига кирса, улар бошқалар қўл телефонларига аллақачон юбориб бўлган мазкур ҳалокатни томоша қилиб ўтиришганмиш.
Шу иш мусулмон инсонга тўғри келадими?
Йўқ! Бу иш мусулмон инсонга мутлақо тўғри келмайди. Мусулмон инсон бошқа инсонларнинг мусибатга учраганини кўрганда дарҳол ўша вазиятда ўтилиши керак бўлган дуони ўқийди. Мусибатга учраганларга ёрдам беришга шошилади. Ўзини ва бошқаларни бунга ўхшаш ҳолатлардан сақлашни Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилади.
Баъзи уламолар ўзи шоҳид бўлган ҳар бир нарсани тарқатмаслик ҳақидаги гапга кўрган туши ва Аллоҳ таоло берган каромат ва шунга ўхшаш фазлларни бошқалар айтмаслик ҳам киришини таъкидлаганлар. Бундай ҳолатларни сир сақлаш лозим бўлади.
Жоҳилликнинг учинчи сифати.
- “...ва ҳар бир билган нарсани зикр қилувчи ҳолда кўрсанг, буни унда жаҳолат борлигига далил қил”.
Албатта, ўзининг шахсига ва бошқаларга оид барча билган нарсаларини аралаш-қуралаш қилиб ким кўринганга гапиравериш инсоннинг жаҳолати белгисидир.
Банданинг ўз шахсига оид гаплари яхши гаплари бўлиши ҳам мумкин, ёмон гаплар бўлиши ҳам мумкин. Агар банда Аллоҳ таоло ўзига имкон берган солиҳ амаллар ва савобли фаолиятлар ҳақида гапирса, яхши ишлар ҳақида гапирган бўлади. Аммо ўзидан содир бўлган гуноҳлар, ёмонликлар ва кўнгилсизликлар ҳақида гапирса, ёмон ишлар тўғрисида гапирган бўлади.
Агар банда ўзига етган яхшиликлар ҳақида мақтаниб гапирадиган бўлса, жоиз эмас.
Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади:
«Албатта, Аллоҳ димоғдор ва мақтанчоқ кимсани суймас», - (36-оят).
Агар банда ўзига етган яхшиликлар ҳақида Аллоҳ таолонинг фазли экани ҳақида ибрат учун гапирса жоиз бўлади.
Аллоҳ таоло "Зуҳо" сурасида марҳамат қилади:
“Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзлагин”, - (11-оят).
Аммо бу борадаги гап ҳам ўзини кўрсатишга айланиб кетишидан қўрқса, гапирмай қўявергани маъқул.
Банда ўзидан содир бўлган гуноҳ ва ёмонликлардан ўзгаларга умуман гапирмагани маъқул. Чунки банда одамларга қилган гуноҳ ишларини мақтаниб гапирадиган бўлса, гуноҳи янада катталашиши, ҳатто куфрга айланиб кетиши хавфи бор. Бундайларни шариатда “мужоҳир” дейилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Мужоҳирлардан бошқа умматимнинг ҳаммаси авф қилингандир. Албатта, бир кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганда Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам «Эй фалончи, кечаси ундай қилдим, бундай қилдим», демоғи ҳам мужоҳарадандир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганда эса ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
«Мужоҳир» жаҳр сўзидан олинган бўлиб, луғатда «ошкора қилувчи» деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга қараганда, ўзи қилган гуноҳни одамларга мақтаниб юради. Демак, гуноҳни ошкора қилган, ўзидан содир бўлган гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг гуноҳи авф қилинмас экан.
- Агар гуноҳ ва маъсиятлардан шикоят маъносида гапирадиган бўлса, ўзига ўхшаган гуноҳкор одамларга гуноҳдан шикоят қилишдан не фойда?! Ундан кўра шикоятини ва тавбасини Аллоҳ таолонинг Ўзига қилсин.
Мўмин банда ўзининг дин қардошларининг гуноҳлари ва айбларини ўзгаларга тарқатмаслиги қандай зарур бўлса, ўзининг гуноҳлари ва айбларини тарқатмаслиги ҳам шунча зарурдир.
- Мўмин банда ўзга шахслар ҳақида гапирганда уларнинг айбларини орқаларидан гапирмаслиги керак бўлади. Чунки бу ғийбат бўлади. Ғийбат эса, қабира гуноҳдир. Агар одамларнинг йўқ айбларини бор деб гапирса бўҳтон бўлади. Бу эса, аввалигисидан ҳам каттароқ гуноҳдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ғийбат нималигини биласизларми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир», дейишди.
«Биродарингни у ёқтирмайдиган нарса ила зикр қилишинг», дедилар.
«Айтинг-чи, биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи?» дейилди.
«Агар унда сен айтган нарса бўлса, уни ғийбат қилган бўласан. Агар ўша нарса унда бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Демак, бир одам ўзи йўқ пайтида унинг орқасидан, ўша одамга ёқмайдиган гаплар билан эслаш ғийбат бўлади. Ғийбат гуноҳи кабира, катта гуноҳлар қаторига киради. Ғийбатчига тайин қилинган азобларни эшитган одамнинг вужуди титраб кетади.
Бўҳтон эса бир кишини унда йўқ иллатлар билан айблаш, ёмонлаш экан.
Энди бу нарса ғийбатдан кўра неча марта катта гуноҳ эканини тасаввур қилиб олиш мумкин.
- Энди умумий маълумотлар ҳақида сўз юритайлик. Албатта, кишилар орасида умумий маълумотларни алмашиш, бир-бирига айтиш, бир-биридан эштиш кенг тарқалган. Аммо бизнинг динимизда бу борада ҳам ўзига яраша кўрсатмалар, одоблар ва қилиниши лозим бўлган ишлар бор. Ўзига етган хабарни орқа-олдига қарамай гапиравериш, бошқаларга тарқатавериш мўмин бандага тўғри келмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Кишига гуноҳ учун эшитган ҳар нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади», дедилар».
Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.
Одамлардан ёки турли ахборот воситаларидан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ бўлади. Чунки кишилар ўртасида турли асоссиз гаплар юриши маълум ва машҳур. Уларнинг кўпи ёлғон бўлади. Эшитган гапини одамларга гапиравериш ёлғончиликка олиб бориши шундан.
Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор бўлишдан қўрққан банда эшитган гапини гап экан, деб гапиравермаслиги лозим. Бундай пайтда мўмин банда хабарни текшириб, аниқлаб олиши зарур бўлади. Бу ўта муҳим ишни арабчада «табайюн» дейилади.
«Табайюн» сўзи луғатда «очиқ-ойдин билмоқ», «равшанлаштирмоқ» ва «аниқламоқ» маъноларини ифода этади.
Бу сўзнинг «хабарнинг собит эканини текшириб кўриш», «қайта тасдиқлаб олиш» маънолари ҳам бор.
Уламолар бу сифатнинг таърифида «Табайюн илм етишининг даражаларидан бир даража бўлиб, унда ноаниқликдан кейин равшан илм ҳосил бўлади», деганлар.
Бир нарсани очиқ-ойдин билмай туриб тасарруф қилиш, сўз бўлсин, амал бўлсин, жуда ёмон оқибатларга олиб бориши турган гап. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар ҳаётида содир бўлган баъзи ҳодисаларни муолажа қилувчи, бу сифатнинг ҳар бир мўмин-мусулмонга лозим эканини англатувчи ояти карималар нозил бўлган.
Бу масалага оид оятлар сони ўн бештага етган. Шулардан баъзиларини ўрганамиз.
Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар. Бу дунё ҳаётининг ўткинчи ўлжасини истайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса, кўплаб ўлжалар бор. Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди. Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир», - (94-оят).
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди.
Саҳобалар: «Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса, бермас эди», дедилар-да, уни ўлдириб, қўйларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқадиган бўлсангиз, аниқлаб олинглар...» оятини нозил қилди.
Демак, ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларнинг шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин ёки мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб иш кўришини қораламоқда.
Мусулмонлар ҳеч қачон бу дунё матоҳини ҳисобга олиб иш кўрмасликлари лозим.
Шу билан бирга, яхши аниқламай туриб ҳам иш қилмасликлари керак. Қўй ҳайдаб ўтган одам уларга салом бердими, демак, бу билан у: мен ҳам мусулмонман, деди. Уни, сен мусулмон эмассан, деб ўлдириб, қўйини олиш мусулмоннинг иши эмас.
Уларнинг бу ишлари бу дунёнинг ўткинчи ўлжаси учун одам ўлдиришдир.
«Бу дунё ҳаётининг ўткинчи ўлжасини истайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса, кўплаб ўлжалар бор.»
Ҳолбуки, жиҳодга чиққан одам, Аллоҳ учун чиқади. Аллоҳ таолонинг ҳузурида эса, ўлжалар жуда кўп. Аллоҳ таоло бу номаъқул ишни қилган мусулмонларга ўзларининг яқин ўтмишини эслатиб:
«Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди», демоқда.
Яъни, Аллоҳ сизга иймон ва Ислом неъматини бермасдан аввалги ҳолингизни эсланг? Қандай эдингиз?! Шошқалоқлик қилиб, аниқламай иш қилар ва бу дунёнинг ўткинчи матоҳи учун ҳеч нарсадан қайт¬мас эдингиз. Энди бу иш сизга тўғри келмайди.
Бу жумлага иккинчи бир маъно берса ҳам бўлади, яъни, Аллоҳ сизга тинчлик-омонлик неъматини бермасдан олдин сиз ҳам ўша ўлдирилган одамга ўхшаб иймонингизни яшириб юрар эдингиз. Ўша ҳолатингизни унутманг.
«Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.»
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», - (6-оят).
Бу ояти карима мусулмонлар ҳаётидаги энг муҳим масалани муолажа қилади. У ҳам бўлса, хабарни қабул қилиш масаласи. Агар хабар Аллоҳдан ва Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар.
Энди, одамлардан хабар қабул қилишга келсак, бу бир неча турга бўлинади. Аввало, хабарчи дин¬да, сўзида ўта ишончли киши бўлса, унинг хабари қабул қилинади.
Хабарчи фосиқ бўлса, яъни, умрида бирор марта ёлғон гапирган, шариат ҳукмларидан бирортасига бирор марта амал қилмаган бўлса ва ҳоказо, унинг хабари текширилмай туриб қабул қилинмайди.
Бошқа ишончли манбаълардан хабарнинг тўғрилиги собит бўлсагина қабул қилинади. Яъни, хабар берувчининг ҳоли номаълум–ишончли ёки ишончсизлиги аниқ бўлмаса, мисол учун, хабарчи нотаниш ёки ҳозиргача хабари синаб кўрилмаган одам бўлса ва ҳоказо ҳолатларда нима қилиш кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга хитоб қилиб:
«Эй, иймон келтирганлар!» демоқда.
Демак, улар учун жуда ҳам муҳим бўлган бир хабарни етказмоқчи.
«Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...»
Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб...» дея хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожибдир. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусийбатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, бу иш ҳақийқатан афсус-надоматга сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло:
«Бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда.
Надомат афсусланишдир. Афсусланиш бўлганда ҳам, доимий, бардавом афсусланишдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳар бир саволга жавоб берувчи, ҳар бир шоҳид бўлган нарсани таъбир қилувчи ва ҳар бир билган нарсани зикр қилувчи жоҳиллардан бўлишимиздан Ўзи сақласин!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан